Ахлоқ инсонни камолотга етакловчи восита

Гулямова Дилафруз

Ахлоқ инсон ва жамият ўртасидаги объектив аълоқадорлик туфайли келиб чиқадиган, шахсий ва умумий манфаатларни мувофиқлаштириб туриш асосида ҳар бир шахснинг хаёти ва фаолиятини бошқарадиган, тартибга соладиган муайян хулқ атвор, одоб, хатти – харакат принтсип ва нормаларнинг мажмуидир. “Ахлоқ” сўзи арабчадан олинган бўлиб, инсоннинг муомала ва руҳий хусусиятлари мажмуини, феълини, табиатини англатадиган «хулқ» сўзининг кўплик шаклидир.

 “Ахлоқ” ибораси икки хил маънога эга: умумий тушунча сифатида у фаннинг тадқиқот объектини англатса, муайян тушунча сифатида инсон феъл-атвори ва хатти-ҳаракатининг энг қамровли қисмини билдиради.

Одоб – инсон ҳақида ёқимли таассурот уйғотадиган, лекин жамоа, жамият ва инсоният ҳаётида бурилиш ясайдиган даражада муҳим аҳамиятга эга бўлмайдиган, миллий урф-одатларга асосланган чиройли хатти-ҳаракатларни ўз ичига олади.

Хулқ – оила, жамоа, маҳалла-кўй миқёсида аҳамиятли бўлган, аммо жамият ва инсоният ҳаётига сезиларли таъсир кўрсатмайдиган ёқимли инсоний хаттиҳаракатларнинг мажмуи.

 Ахлоқ – жамият, замон, баъзан умумбашарий аҳамиятга эга, инсоният тарихи учун намуна бўла оладиган ижобий хатти-ҳаракатлар йиғиндиси, инсоний камолот даражасини белгиловчи маънавий ҳодиса.

Ҳар қандай диний таълимотлар жамият тараққиётининг муайян босқичида объектив, субъектив эҳтиёжлар ва заруриятлар асосида келиб чиқади. Қуръон, ҳадислар, шариат қоидалари, ислом ҳуқуқи асосларида олдинга сурилган барча ғоялар заминида руҳий покланиш, иймон, виждон, эътиқод билан боғлиқ бўлган дунёвий муаммолар ўртага қўйилган. Жамият ҳаёти ва шахсий ҳаётдаги барча муаммоларни ҳал этиш учун инсон ўзи руҳан, виждонан пок, иймонли, ҳалол, эътиқодли бўлиши керак деган ғоя ислом динининг моҳиятда юксак ўрин эгаллайди. Чунончи, инсон энг олий қадрият сифатида қатъий муҳофаза этилади.

Шуни унутмаслик керакки, дин сиёсат эмас, балки маънавий ҳодисадир. Динни қурол қилиб, ўз сиёсий мақсадларига эришишга интилаётган “корчалонлар”нинг ёвуз қилмишларига ҳеч қайси давр ҳайрихох бўлган эмас. Дин инсонни ахлоқийлаштиришнинг воситаси тарзида иш кўради. Демак, диний тақво билан ахлоқий талабнинг илдизи бир. Ҳар икки ҳолатда ҳам виждон кўзга кўринмайдиган бошқарувчи мурувват сифатида намоён бўлади. Бу – ботиний кўриниш. Зоҳирий кўриниш эса шаръий ҳукмлар ва ҳуқуқий қонунларда ўз аксини топади. Биз комил инсон тарбияси деган ибораларни кўп учратамиз. Диний таълимотларда комиллик тимсоли сифатида Ҳақ назарда тутилади. Инсоннинг камолотга эришуви Ҳаққа талпинишидир, Ҳужжатул Ислом Имом Абу Ҳомид Ғаззолий «Кимёи саодат» асарида ёзадилар: «Инсон фаришта ва ҳайвон орасидаги махлуқдир. Ҳайвон ривожланмайди, чунки унинг камолот қуввати йўқ. Фаришта ҳам ривожланмайди, чунки унинг ўзи пок илоҳий нурдан иборат, Чунки инсонлардагина ривожланиш, руҳий камолот ҳислати мавжуд».

Шу тариқа, комил инсоннинг ўзига хос ахлоқ қоидаси ишлаб чиқилган бўлиб, бу сифатларга эга бўлиш ҳар бир одамнинг орзу – армони деб қаралган. Яна шуни таъкидлаш лозимки, ўрта асрлардаги яхши ахлоқ, комил инсон ҳақидаги тушунчалар нисбий хусусиятга эга. Аммо масала қандай қўйилишидан қатъий назар, комил инсон ҳақидаги ғоялар катта ижтимоий – ахлоқий аҳамиятга эга бўлади.

Scroll to Top