Гавҳар Истамова Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази бош илмий ходими, БухДТУ мустақил тадқиқотчиси
Инсон ўз моҳиятини тушуниши, ўзлигини англаш жараёнида хато ва камчиликларга йўл қўяди, хислат ва фазилатларга эга бўлади, шу тариқа у ахлоқий, маънавий, руҳий камолотга эришади.
Имом Ғаззолийнинг “Уйланиш одоби” рисоласида: “Кўк юзидан ер юзига эндирилган барча яхшиликларнинг боши очликдир. Ер-кўк орасидаги барча ёмонликларнинг боши эса тўқликдир”[1] дейилган. Дарҳақиқат, кам ейиш соғлиқ гарови, қаноат белгиси, пулу молнинг исроф бўлмаслиги, ғафлатдан қутулиш, барча яхшиликлар боши, тану жоннинг саломатлиги боисидир. Яъни кам емоқнинг ўзи шифодир, чунки давонинг асли парҳездир.
Тариқатда кўрсатиб ўтилган ҳол ва мақомлар ичида бевосита “кам е, кам гапир, кам ухла” ҳадисидан келиб чиққан алоҳида босқич мавжудки, бунинг сабаби яна тасаввуфнинг, аввало, нафс тарбияси эканлиги билан изоҳланади. Тариқат тавбадан бошланади ва албатта, мўмин билан орифнинг тавбаси фарқ қилади. Ҳазрати Яҳё бин Муозга кўра, “орифларга хос насух тавбасининг нишони учтадир: оз емоқ, рўза учун; оз ухламоқ, намоз учун; оз демоқ, Аллоҳ зикри учун”[2]. Шу ўринда энг катта жиҳод нафсга қарши қаратилган жиҳод эканлигини эсласак, тавбанинг моҳияти ойдинлашади.
Тасаввуф илмида мужоҳаданинг тўрт рукни кўрсатилган бўлиб, бунда ўз нафсига қарши жиҳод қилаётган солик иймонда, фарзларни вақтида адо этиш, нафл амалларни бажариши ва ниҳоят “узлат”, “жимлик”, “очлик”, “бедорлик” каби босқичларни ўташи лозим. Бошқа амаллар қатори очлик ҳам нафс тарбиясида ниҳоятда муҳим вазифани адо этади. Исломдаги умумий қоидага кўра таом одоби: ибодат қилиш учун кучи етадиган даражада еб-ичиш – фарз; тўйгунча таом ейиш – мубоҳ; керагидан ортиқ миқдорда ейиш – ҳаромдир.
Имом Табароний ривоят қилган қуйидаги ҳадисда очлик орқали ҳосил бўладиган фойдалар баён этилган. Пайғамбаримиз “Нафсингизни очлик ила ибодатга ўргатинг ва уни чанқатинг” дедилар. Бундан очлик баъзи ҳолларда инсоннинг нафсини даволашда таъсирли бўлишини билиб оламиз[3]. Ана шу кўрсатмага амал қилиш билан инсон ўз табиатидаги нафснинг турли кўринишларидан халос бўлади, қалби покланиши баробарида руҳи камол топади. Саҳл бин Абдуллоҳ ат-Тустарийнинг кунда бир марта емоқ сиддиқлар иши, икки марта емоқ улуфи хорликдандир, ҳайвонлар ишидир, ҳазрати шайх Ҳамдуни Қассорнинг барча касалликларнинг асли (манбайи) ва диннинг офати кўп емоқдандир[4], дейишлари ва илк сўфий Увайс Қаранийнинг “Илоҳи, кўп ухлар кўздан ва кўп еяр қориндан ўзингдан паноҳ тилайман” деб Аллоҳга ёлвориб муножот қилиши очликнинг ориф учун нақадар фойдали ва нечоғли муҳим аҳамиятга эга эканлигидан ташқари, тўқликнинг жуда катта зарарлигини англатади. Кўп ейишнинг зарари фақат танани оғирлаштиришдан иборат бўлиб қолмай, инсон қалбини ўлимга маҳкум қилади, ақл-идрокни ва зеҳнни ўтмаслаштиради, тоат-ибодатдан чалғитади, инсонни эринчоқ қилиб қўяди.
Ҳазрат Алишер Навоий 770 нафар авлиёлар зикр этилган “Насойим ул-муҳаббат” тазкирасида авлиё аёл Муъозайи Адавия ҳақида шундай ёзади: “Робиайи Адавиянинг ақронидиндур ва анинг била суҳбат тутубдур. Қирқ йил юзин юқори осмонға қилмади. Ва ҳаргиз кундуз нима емади ва кеча уюқламади. Анга дедиларки, нафсингға кўп зарар еткурасен. Дедики, ҳеч зарар еткурмайдурмен, кеча уйқусун кундузга солибмен ва кундуз емакин кечага!”[5]. Буни шундай шарҳлаш мумкин: кечқурунги уйқуни кундузга кўчирдим, яъни уйқудаликда овқатланилмайди, шу сабаб кунни рўзадор ҳолда ўтказаман. Кундузининг вазифасини кечага ўтказдим, яъни кундузи уйқу вақти бўлмаганидан, кечни бедор – ибодат билан ўтказаман, дейди орифа аёл.
[Луғат: ақрон –тенгдош, тенг, яқин; ёндошлар, бир-бирига яқинлар]
Муъозайи Адавиянинг “қирқ йил юзин юқори осмонға қилмади”, яъни саждадан бош кўтармай, тўхтовсиз тоат-ибодат билан машғул бўлиши ва бардавом рўза тутиши уни Аллоҳга яқинлаштиради. Нафс – инсониятнинг аввал ва охир фожиаси, очлик – уни забун қилишда жуда яхши ҳимоя воситаси: ҳам қурол, ҳам қалқондир.
“Ҳз. Абу Бакр Сиддиқ: – Мусулмон бўлганимдан бери Роббимга ибодат завқини олиш учун тўйгунча овқат емадим. Яна Роббимга етишиш иштиёқида қонгунча сув ичмадим. Чунки кўп еган одам кўп ибодат қилолмайди. Инсон бўғзига тиқилгунча овқат еса вужуди оғирлашади, кўзини уйқу босади! Аъзолари овора бўлиб қолади, кўп ибодат қилишни ният қилса ҳам бажаролмайди, қўлидан келадигани фақат уйқу бўлади”[6] .
Инсон токи ўзини, ўзлигини англамас экан, ўзининг яратилишидан мақсад нималигини тушуниб етмас экан, унинг ҳолига вой. Нега шундай? Чунки ҳар бир зарра, ҳар бир жонли ва жонсиз мавжудотнинг азалдан вазифаси аниқ. Улар худди белгилаб қўйилганидек доимий ҳаракатда. Ердан кўкка қадар ва ҳатто ер остидаги неки мавжуд ашё бор улар инсонга, инсон манфаатига хизмат қилиш учун яратилган. Оёқ остидаги тупроқ, оқаётган сув, порлаб турадиган қуёш, ҳаво ва шу ҳавони муттасил тозалаб турган дов-дарахтлар… барча-барчаси мукаммал тартибга кўра ўз хизмат вазифасини сидқидилдан бажаради.
Борлиқдаги мавжудот ва махлуқотлар каби Инсоннинг ҳам вазифаси аниқ белгилаб қўйилган, аммо у ўз зиммасига юкланган юмушдан ташқари ҳамма ишни қилади. Бандалик бандлик экан, нега ақл ва тафаккур соҳиби бўлган инсон ўзига номуносиб иш тутади? Гарчи қотиллик, ўғирлик, бузуқлик, таъмагирлик, ҳасадгўйлик, ёлғончилик… унинг вазифаси ҳисобланмаса ҳам, инсонийликка номувофиқ бўлса ҳам, инсон “Ҳақ қолиб, Ҳаққон қолиб ёлғон билан оввора”. Табиийки, ўзи билан ўралашиб қолган киши кўнгилдан узоқлашади, ўз ташвиш ва муаммолари гирдобидан ташқаридаги илоҳий неъмат – ҳаёт мазмунини идрок қилолмайди. Аслида излаётган нарсаси ўзида, ўз ичидалигини англашдан маҳрум бўлади. Демак, очлик, бедорлик – риёзат, нажот ва шараф инсонни адашишдан сақлайдиган, ҳидоятга бошлайдиган гўзал амал экан, унга жидду жаҳд қилиш мақсадга мувофиқ. Тўқлик дунё муҳаббатига сабаб бўлади. Тўқ инсонга зикр қилиш оғир келади. Зикр эса калб зангини кетказади. Тўқ инсон ибодат завқини тополмайди. “Яқийн” деб аталмиш буюк неъматдан маҳрум бўлади. Тўқлик инсонни ғафлат сари етаклайди ва унинг сармояси бўлган умрини бекорчи нарсаларга сарфлашга сабабчи бўлади.
Нафснинг тарбияси бўйича Пайғамбаримиз(с.а.в.)дан шундай ҳадис келтиришади: Аллоҳ таоло нафсни яратганидан сўнг нафсдан:
– Мен кимман? – деб сўради.
– Мен кимман? – деб жавоб берди нафс. Бу жавобни эшитган Аллоҳ таоло фаришталарга амр қилди, улар нафсга бир йил азоб бердилар. Нафс шундан кейин ҳам айни саволга айни жавобни берганидан кейин Аллоҳ таоло нафсни бир йил оч қўйди[7]. Ундан сўнг нафсдан:
– Мен кимман? – деб сўраганда нафс:
– Сен Сендан бошқа илоҳ бўлмаган зотсан, – деб жавоб берди. Шундай қилиб, нафс очликка чидай олмаганидан Роббини таниди[8]. Демак, банданинг Аллоҳни таниши, яъни аслиятини, ўзини англаши, нима учун яратилганлигини идрок қилиши, ўз вазифасини аниқлаши мақсадидаги риёзат-синовлардан бири очлик экан. Шунда орифа аёлларнинг деярли умр бўйи очлик машаққатига кўнишлари сабаби ойдинлашади.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло фаришталарни яратиб уларга ақл берди, лекин ихтиёр бермади, нафсдан беҳожат қилди. Демак, малакларда гуноҳ қилишга мойиллик йўқ. Ҳайвонларга эса нафсни ва ихтиёрни берди, лекин ақл бермади. Инсонга эса нафс ҳам, ақл ҳам, ихтиёр ҳам берди. Нафсига қул бўлиб, кўнглига келган ишни қилганларни ҳайвонларга тенглаштирди. Ақлни ишлатиб ўзини тийиб нафсини поклаганлар фаришталар мақомига, балки улардан-да олийроқ мақомга кўтарилади. Шунинг учун оламга ибрат назари билан боқиш, мулоҳаза ва мушоҳада қилиш, ўз моҳиятини идрок этиш орқали инсон ботинини поклаши шарт, Аллоҳга яқинлашишни истаганлар “қалбни фосид (ифлос) қиладиган икки нарса: кўп емоқ ва кўп ухламоқ” дан тийилишлари керак. Чунки “инсон зоти учун энг катта хатар меъдадан ва ейиш-ичиш ҳирсидан келади. Одам ила Ҳаво меъданинг ҳирси туфайли жаннатдан қувилиб, хорлик ва йўқлик майдонига отилгандилар. Чунки Аллоҳ уларга мева ейишни тақиқлаганди”[9] .
Алишер Навоий “Насойим ул-муҳаббат” тазкирасида орифа аёл Имраъатун Мисрия ҳақида ёзади: “Имом Ёфиъий тарихида машойихиннг биридин нақл қилурки, Миср навоҳийсида бир заифа ўттуз йил бир ерда иқомат қилдики, иссиғ ва совуғда андин бормади. Ва ўттиз йилда ҳеч нима емади ва ичмади. Валлоҳу аълам”[10] . Бу орифа аёл Жомийнинг “Силсилат уз-заҳаб” достонида ҳам тилга олинган.
Тарихдан маълумки, жаҳоннинг маданий маркази Мисрнинг Александрия шаҳрида устоз таълимини олиш имконияти тақдим этилишидан олдин талабалар 40 кун оч қолишлари зарур бўлган. Ёки Исо пайғамбарнинг 40 кун оч қолганлиги, Мусо алайҳиссалом, Довуд алайҳиссалом ёки Будданинг оч қолиши, Муҳаммад (с.а.в)нинг очликдан қоринларига тош боғлаб юриши тасодиф эмас. Хусрав Деҳлавий ва ҳазрат Шоҳ Шужо Кирмонийнинг қирқ йил даҳр рўзасини тутишлари каби кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Ар-Роззақ, ал-Ваҳҳаб бўлган Зотнинг ўзи суйган бандаларини оч қолдириши замирида, албатта, ҳикмат мавжуд. Қуръони каримда оти айтиб ўтилган буюк зотлардан бири, ўгитлари ва ахлоқи, тиббий насиҳат сўзлари билан танилган Луқмони Ҳаким ўғлига шундай ўгит беради: “Кўп ухлама, кўп ема! Ким кўп ухлаб, кўп еса, қиёмат куни сўроққа орқаси булғанган ҳолатда келади, ҳеч бир гўзал амали бўлмайди”[11] .
Исломда фарз қилинган беш устундан бири рўза. Нега? Сабаби, рўза жисмнинг закоти, тугал рўза тутган одам танаси ва руҳидаги ижобий ўзгаришларни ҳис этади. У нафс ва руҳни поклайди, муҳтожларга меҳр кўрсатишни ўргатади. Рўза билан қалбни ислоҳ қилсак, бутун жасадимизни ислоҳ қилган бўламиз. Қалб фақат Аллоҳга бўлган муҳаббат билангина тирик. Рўза ширк амаллар, нотўғри эътиқод, ёмон ниятдан узоқ бўлишдир. Касални даволаш учун муолажа қанчалик зарур бўлса, парҳез ҳам шунчалик зарур. Гуноҳлардан парҳез қилиб, Аллоҳнинг буйруқларига итоат этиш орқали мақсадимиз ҳосил бўлади. Барча яхшиликларнинг асоси нафсни тарбия қилиш, барча ёмонликларнинг асоси эса, нафсга тобе бўлиш. Нафсини таниганлар шариатдаги овқатланиш одобига кўра “(ошқозонининг) учдан бирини таомига, учдан бирини ичимлигига, учдан бирини нафасига (ҳавога) ажратсин”, деган ҳадисга риоя қилишади.
Фикрларни умумлаштириш қуйидаги хулосаларга олиб келади: тўқлик – ҳар хил хасталикларни келтириб чиқаради, вужудни оғирлаштиради, уйқуни кўпайтиради, дангасаликка олиб келади, қалбни кўр қилади ва руҳни заифлаштиради. Тўқ киши таҳоратини кўп тутолмайди, кўп ухлайди ва қиёмул лайл каби буюк неъматдан маҳрум бўлади. Тўқлик инсонни гуноҳлардан қўрқмасликка, ёмонликларни тап тортмасдан қилишга олиб келади.
Очлик эса саломатликнинг калитидир, илмнинг шартидир, у инсонни Аллоҳдан узоқлашишига сабабчи бўлувчи ҳою-ҳавасларни камайтиради. Очлик қалбни мунаввар қилади, руҳни тетиклаштиради, вақтни ибодат билан ўтказиш имкониятини беради. Моддий ва маънавий тарбия воситаси – очлик очларнинг аҳволини ҳис қилиб, уларга ёрдам беришга ундайди. Ойлар гултожи ва шарифи ҳисобланмиш рамазон ойи – бу Яратувчи зотнинг оламнинг гултожи – бандаларига чексиз ғамхўрлиги намунасидир.
[1] Имом Ғаззолий. Уйланиш одоби. Масъул муҳаррир: А.Мансур.Т.: “Тошкент ислом университети” НМБ, 2009, 50-б.
[2] Шайх Фаридуддин Аттор. Тазкират ул-авлиё. Мирза Кенжабек таржимаси. “Ўз.МЭ”, 1997. 78-б.
[3] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тасаввуф ҳақида тасаввур. «HILOL-NASHR». Тошкент, 2016. 186-187-б.
[4] Шайх Фаридуддин Аттор. Тазкират ул-авлиё. Мирза Кенжабек таржимаси. “Ўз.МЭ”, 1997. 87-б.
[5] Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. Мукаммал асарлар тўплами. 20 томлик. 17-том. Т.: «Фан», 200, 480-б.
[6] Абу Ҳомид Ғаззолий.Мукошафат ул-қулуб.Т.: “Янги аср авлоди”, 2004. 23-б.
[7] Бу ерда очликнинг маъноси: нафснинг истаганларини қилмаслик, истамаганларини қилиш, нафсни мағлуб этишнинг энг қулай йўли эса суннатга уйғун яшамоқ ва қалбни мосуводан (махлуқот севгисидан) пок тутмоқдир
[8] Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади. ЎМИ Матбуот хизмати. 2018. http://old.muslim.uz/index.php/rus/ maqolalar/item/6950
[9] Абу Ҳомид Ғаззолий.Мукошафат ул-қулуб.Тошкент. “Янги аср авлоди”, 2004. 24-б.
[10] Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. Мукаммал асарлар тўплами. 20 томлик. 17-том. Т.: «Фан», 2001, 491-б
[11] Абу Ҳомид Ғаззолий.Мукошафат ул-қулуб.Тошкент. “Янги аср авлоди”, 2004. 23-б.



