Тасаввуф ва илм

Очилова Комила

Тасаввуф таълимоти вужудга келган илк даврлардан бошлаб халқни ягона мақсад атрофида бирлаштириш, жамиятнинг турли табақалари ўртасида дўстлик, ҳамжиҳатлик ва биродарлик ришталарини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутган. У инсонни нафақат руҳий покланишга, балки ҳалоллик, меҳнатсеварлик, адолат, сабр-қаноат ва ростгўйлик каби умуминсоний фазилатларга тарбиялаган. Шу маънода тасаввуф жамият маънавий барқарорлигининг муҳим устунларидан бири ҳисобланади.

Ислом уммати тарихида энг оғир синовлар, фитналар ва инқирозлар даврида динимизни, Ислом илмларини ва маънавий меросни асраб қолишда айнан буюк тасаввуф шайхлари ва тариқат пирларининг хизмати беқиёс бўлган. Улар фақат зикр ва риёзат билан чекланиб қолмасдан, илм-маърифатни асраш, уни авлоддан авлодга етказишда жонбозлик кўрсатганлар.

Бироқ ҳижрий еттинчи асрдан кейин исломий илмлар билан бир қаторда тасаввуф соҳасида ҳам маълум даражада таназзул ҳолатлари кузатила бошлади. Замон ўтиши билан айрим жойларда тасаввуфнинг асл моҳияти бузилиб, у шариат қоидаларидан узоқлашган ҳолда талқин этила бошлади. Бунинг асосий сабабларидан бири таълим-тарбия тизимининг заифлашиши, саводсизлик ва юзаки тасаввурларнинг оммалашиб кетиши эди.

Илм-маърифат нурга, жаҳолат эса зулматга қиёсланади. Қаерда илм нури ёриса, у жойдан жаҳолат зулмати чекинади. Буюк алломалар илмни ширин мевага, уни эса мусаффо ҳавога қиёс қилганлар. Инсон илм билан нафас олганида, қалбидаги ғам-андуҳлар енгиллашади, руҳи юксалади. Ана шу маънавий озуқа билан яшаш ҳаётнинг энг катта баракасидир.

Ҳадисларда: “Бир соатлик илм етмиш йиллик ибодатдан афзал”, деб таъкидланган. Шу боис ўзини маълум бир тариқатга мансуб деб билиб, таълим ва илмнинг зарур эмаслиги ҳақида айтиладиган айрим фикрлар мутлақо нотўғри ва ачинарли ҳолдир. Чунки ҳеч бир мусулмон илмсиз камолотга ета олмайди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
“Албатта, Аллоҳдан бандалари ичида фақат олимларгина қўрқарлар” (Фотир сураси, 28-оят),
яна бир оятда эса:
“Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?” (Зумар сураси, 9-оят), деб марҳамат қилади.

Расулуллоҳ ﷺ:
“Ким илм талаб қилиш йўлига кирса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилади”,
деганлар. Бошқа бир ҳадисда эса:
“Ким илм талаб қилса, ўтган гуноҳларига каффорот бўлади”, дейилган.

Бу ўринда таъкидлаш лозимки, мазкур оят ва ҳадисларда фақат диний илмларгина эмас, балки инсон ва жамиятга фойда келтирадиган барча илм турлари назарда тутилган.

Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Юсуф Ҳамадоний, Хўжа Аҳрор Валий, Аҳмад Яссавий, Имом Раббоний каби буюк тасаввуф пешволари ҳам илм-маърифатни камолотнинг асоси деб билганлар. Улар тасаввуфни илмсиз тасаввур қилмаган, аксинча, уни шариат ва илм билан уйғун ҳолда ривожлантирганлар.

Имом Раббоний ҳазратлари:
“Шариат уч қисмдан иборат: илм, амал ва ихлос. Бу уч қисмдан бири кам бўлса, шариат мукаммал бўлмайди”, деб таъкидлаганлар.

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг “Васиятнома” асарида ҳам илмга алоҳида эътибор қаратилиб:
“Эй фарзанд! Барча ҳолатларда илм, адаб ва тақвода бўл”, дея васият қилинган.

Тасаввуф намояндаларининг барчаси шариат илмларини пухта ўзлаштиришни биринчи ўринга қўйганлар. Чунки шариат асосларини билмаган инсон ибодатни ҳам, тасаввуфни ҳам тўғри англай олмайди.

Абу Ҳомид Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ:
“Шариат қоидаларини билмасдан туриб, бу йўлда юриш мумкин эмас”, деганлар.

Абу Язид Бистомий эса:
“Агар кимдир каромат кўрсатса ҳам, унинг шариатга амал қилишини кўрмагунча унга алданманг”, деб огоҳлантирган.

Хулоса қилиб айтганда, ҳақиқий тасаввуф — илм, амал ва ихлоснинг уйғунлигидир. Илмсиз тасаввуф — адашишга, тасаввуфсиз илм эса қуруқ назарияга айланиб қолади. Шунинг учун ҳам бугунги кунда илм ўрганиш, ҳар бир инсоннинг ўз соҳасида етук мутахассис бўлиб етишиши жамият тараққиётининг энг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.

Scroll to Top