Устозларга эътироф ва табрик

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламга мукаммал салавоту дурудлар бўлсин.

Азиз Устозим!
Бугун яна сиз ҳақингизда ўйладим… Аслида, сизни эсламай ўтган бир кун ҳам бўлмади. Ҳаётимнинг ҳар бир кунида, ҳар бир қадамимда сизнинг ўгит ва таълимларингиз менга йўлдош бўлиб келмоқда. Берган насиҳатларингиздан ҳар дам фойдаланамиз. Аммо сизга миннатдорлик сўзларини айтиш, сизнинг меҳнатингиз ҳаётимизда қандай тараққиёт берганини билдиришга доим бир баҳона топилади.

Баъзан вақт етишмайди, баъзан эътиборимиз бўлинган бўлади. Энди биз ҳам улғайдик, масъулиятлар кўпайди, режаларимиз кўп. Сизнинг ўргатган нурингиз билан фарзандларимизга ҳам йўл кўрсатяпмиз. Лекин сизга шунча миннатдор бўлсак-да, ҳали бу сўзларни ўзингизга айта олмадик. Гоҳо шижоат етишмайди, баъзан телефон қилишга, ҳол сўраб боришга ийманамиз: «Танирмиканлар? Безовта қилмайманми? Вақтларини олмайманми?» – деб ўйлаймиз.

Аслида эса, биз сиз ҳақда ўйлаганимизнинг ўзи дилларингизни шод этади. Агар бир қўнғироқ қилсак, севинчингиз янада ортади. Агар бориб кўриб келсак, юзингиздаги нур яна ёрқинлашади.

Лекин негадир ҳар гал бир нарса кам бўлиб қолаверади – вақтми, ғайратми, тайёргарликми… Шунга қарамай, шуни билдиргим келарди: мен сизни ҳар доим эслайман. Сизга бўлган миннатдорлигим чексиз. Сизнинг таълимларингиз сабаб бугун мен ҳаётда ўз ўрнимни топдим. Сиздан олган билимлар туфайли шахсан ҳурматга сазовор бўлдим. Сизнинг меҳнатингиз билан оқ билан қорони ажрата оламан, яхшини ёмондан фарқлай оламан.

Муҳтарам Устозим!


Бугунги байрамингиз муборак бўлсин! Аслида эса сиз учун ҳар куни байрам — чунки сиз ҳар куни бировга илм бериб, унинг йўлини ёритасиз. Сиз туфайли минглаб инсонлар ўз тақдирини тўғри танлайди. Ҳар куни ҳаққингизга дуолар янграйди. Балки ҳозир сизга ҳадя беролмасмиз, аммо тилимиздаги дуоларда сиз доим борсиз!

Яна бир бор байрамингиз муборак бўлсин, азиз ва улуғ Устозим!

Scroll to Top