Ахтам Ахмедов – Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказининг бўлим бошлиғи
Тарихий ёзма манбалар халқларнинг ўтмишини билиш, ўзлигини англаш, ҳар бир миллатнинг жаҳон тараққиётидаги ўрнини аниқлашга имкон берадиган бебаҳо маънавий меросдир.
Юртимиз юз йиллар давомида орзу қилиб келинган мустақилликни қўлга киритгунига қадар Чор Россияси сиёсатининг қурбони бўлиб келди. Юртимиздан олиб кетилган минглаб қўлёзма ва тошбосма китоблар Россия музейлари фондини безади. Сўзимизнинг исботи сифатида Р.Бойтуллаев ва Г. Остоноваларнинг “Мозий дафтаридан саҳифалар” номли китобида келтирилган баъзи фактларни келтириб ўтамиз.
ХIХ асрнинг охири ХХ аср бошларида Ўрта Осиё темир йўли ишга туширилгандан кейин Россиянинг турли шаҳарларидан Бухорога келадиган “Эски китоб ишқибозлари” сони орта бошлади. Улар ҳамма жойни хусусан китоб бозори, масжид ва мадрасадаги шунингдек шахсий кутубхоналарни ҳам кўздан кечириб, керакли китобларни арзон нархда сотиб олганлар.
Шарқшунос И.А Беляев 1907 йилда Ўрта ва Шарқий Осиёни ўрганиш комитети томонидан ноёб қўлёзма асарлар излашга Бухорога жўнатилади. Бу ерда у Амир Темур ҳукумронлиги билан боғлиқ қимматбаҳо қўлёзмалар, жумладан ХV асрга доир “Темур Кўрагоний”номли асарни қўлга киритган. Бундан ташқари Беляев ХV ва ХVII асрларга оид 28 та қўлёзма асарларни олиб кетган[1].
Бухородаги рус сиёсий агенти Я. Лютш 1908 йилда Бухородаги эски асарлар бозоридан 42 та турли қўлёзма китобларнинг ҳар бирини жуда арзон нархда сотиб олган.
В. А Иванов деган кимса 1915 йили Бухородаги қўлёзма асарлар ва эски китоблар бозоридан 1057 та форс, турк ва араб тилидаги китобларни сотиб олган. У 1916 йили яна Бухорога келиб, шарқ тилларидаги 68 та қўлёзма асарларни олиб кетган (биргина Ивановнинг ўзи 1125та қўлёзмани олиб кетган)[2].
Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Энг ачинарлиси шундаки, ўлкамизнинг бой тарихи ва маданиятига оид нодир қўлёзмаларнинг кўпи турли йўллар билан четга олиб кетилган эди ва ҳозирги кунда ҳам бундай ҳолатлар онда-сонда учраб туради. Ваҳоланки, буларнинг ўрни бизнинг миллий кутубхоналаримиз, музейларимиз ёинки илмий марказларнинг китоб жавонларида бўлиши керак эди.
Шукурлар бўлсинким, давлатимиз мустақиллигининг дастлабки кунларидан бошлаб, маънавий меросимиз бўлмиш қўлёзма асарларни борини авайлаб- асраш, йўқолиб кетганларини қидириб топиш, уларни ҳақиқий ватанига қайтариш борасида давлатимиз томонидан ғамхўрликлар қилинмоқда. Бундай ғамхўрликлар натижасида, қидириб топилган ёзма мерослар олимлар томонидан таржима ва табдиллар қилиниб, изчил ўрганилиб, юртимиз тараққиёти, халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги йўлида катта мувоффақият бўлиб хизмат қилмоқда.
Ҳар бир даврда бўлгани каби халқимизнинг ватанпарвар, фидойи фарзандлари ҳозирги кунимизда ҳам мавжуд. Чунки бундай фидойи инсонлар халқимизнинг маълум тоифали кишилари сингари уйларидаги қимматли ёзма манбаларини сотиб, кунлик эҳтиёжлари учун фойдаланишлари ҳам мумкин эди. Аммо, улар бундай йўлни танламадилар, холисона беғараз савоб умидида Баҳоуддин Нақшбанд илмий тадқиқот марказига китобларини топширдилар. Бундай инсонлардан бирлари Бухоро шаҳрида яшовчи Шодиева Лутфия Тешақуловна ва яна бирлари Халилова Азиза Рауповна бўлиб, улар томонларидан қуйидаги номдаги тошбосма ва қўлёзма асарлар топширилди:
1 Ҳамойили шарифи Субҳоний акси. (Фотиҳа, Ёсин сурасидан “Нос” сурасигача бўлган баъзи танланган сураларнинг копияси). Мунбайдаги “Муҳаммади” матбаасида чоп этилган китобнинг нусхаси. Араб тили.
2 “Ақдул жавҳари фи мавлидин набиййил азҳари”. Муаллиф: Саййид Жаъфар Барзанжий. Ноширлар: Ҳусайнов варасалари. В. В. Вароксиннинг тошбосмахонасида чоп этилган. Қозон. ХХ аср китобидан нусха. Араб тили.
3 Мажмуа. Унда: “Машраб қиссаси” (тўлиқ эмас), “Султон Иброҳим Адҳам” қиссаси, Қиссаи вафоти Иброҳим бин расул алайҳис салом” каби қиссалар ўрин олган. Ўзбек тили. Тошбосма. Кўпгина варақ ва саҳифалари номувофиқ жойлаштирилган, фойдаланилган. Матбааси мавжуд эмас.
4 “Гулустон бо тасвир” (Гулистон асарининг расмлик тошбосма нусхаси). Муаллиф: Шайх Муслиҳуддин Саъдий Шерозий. Форс тилида. Тошбосма. Лакнав – Ҳиндистон. “Мунши навалкишур” матбаасида 1867 йилда чоп этилган. Китоб тўлиқ.
5 “Девони Ҳофиз”. Муаллиф: Ҳофиз Шерозий. Тошбосма. Форс тили. Чоп этилган жойи, йили ва матбааси мавжуд эмас. Тахминан ХIХ асрнинг охири.
6 “Дурратул воизин”. Тошбосма -нусха. Форс тили. Бу номли китобнинг асли араб тилида бўлиб, Муҳаммад Салим ибн Муҳаммад Раҳим Бухорий томонидан 1325ҳ/1907 йилда форс тилига таржима қилинган ва Мулло Султон бин Мулло Собир китобчи-савдогарнинг саъйи иҳтимоми билан Бухорои шариф матбаасида чоп этилган. ХХ аср. Форс тили.
7 “Дуррул мажолис”. Муаллиф: Имом Абу Шужоъ Самарқандий. Тошбосма. Конпурдаги “Муҳаммадий” матбаасида чоп этилган. Форс тили.
8 Қуръони каримнинг “Нажм” сурасидан “Наба” сурасигача бўлган қисми. Қозон босма. Араб тили. Кўпгина варақлари йиртилиб, шикастланган. Муқоваси ҳам ўзиники эмас, таъмирдан сўнг тайёрланган.
9 “Мунтахабот”. (танланган шеърлар) Муаллиф: Абдураҳмон Мушфиқий. Босма. Нашриёти: Исталинободдаги “Тожикистон давлат нашриёти” 1959й. Муқаддима, тартиб берувчи: З. Аҳроров. Масъул муҳаррир: Мирсаййид Миршакар. Тожик тили. Ҳолати қониқарли.
10 “Чироғи абадий”. Муаллиф: Мирзо Турсунзода. Босма. Нашриёти: Исталинободдаги “Тожикистон давлат нашриёти” 1958й. Муҳаррир: Ҳ. Неъматуллоев. Тожик тили. Ҳолати қониқарли
11 “Вафоти Иброҳим Адҳам” қиссаси. Ўзбек тили. Тошбосма. Муқоваси мавжуд эмас. “Бухорои нав” матбаасида чоп этилган. Бухоро. Тахминан ХIХ асрга оид.
12 “Сад ҳикоёт”. Форс тили. Тошбосма. Банбейдаги “Каримий” матбаасида 1321ҳ/ 1903 йилда Қози Муҳаммад Абдул Каримнинг саъйи ҳаракати билан чоп этилган.. Умумий ҳолатда қониқарли.
13 “Мифтоҳул жинон”. Тошбосма. Ўзбек, араб тили. Тахминан ХIХ асрга оид.
14 Мажмуа. Тошбосма. Унда қуйидаги рисолалар мавжуд.
А) “Малика ва донишманд” рисоласи. Ўзбек тили
Б) Муаллифи Сўфи Оллоёр “Маслакул муттақин”. Ўзбек тили. Тошбосма.
15 Бобораҳим Машраб қиссаси. Ўзбек тили. Тошбосма. Наср ва назмда ёзилган.
Қўлёзма китоблар рўйхати
1 Қуръони каримнинг баъзи суралари (Моида сурасининг 83-оятидан Аъроф сурасининг 86 – оятигача қисми). Китобнинг бир неча жойида муҳрлари мавжуд бўлиб, унда “Вақфун фи сабийлиллаҳ” яъни Аллоҳни йўлида вақф қилинган, 1314ҳ сана (1896й ) деган ёзувлари мавжуд. Матнлар араб тили, насх хатида ёзилган. Асосий матнлар қора сиёҳда.
2 Ҳусайн ибн Али р.а. ҳаётлари ва Карбало воқеалари ҳақида маълумот берувчи мўжаз китоб. Қўлёзма. Ислом тарихига доир. Форс тили. Настаълиқ хатида кўчирилган. Тахминан ХIХ асрга оид. Котиби мавжуд эмас.
Юқорида номлари зикр қилинган китобларни миллий кутубхоналаримизни бойитишимизда ўзларининг самимий, беғараз ёрдамларини аямаган Лутфия опа Шодиевага ҳамда Азиза опа Халиловаларга Баҳоуддин Нақшбанд илмий тадқиқот маркази раҳбарияти ўзининг чуқур миннатдорлигини билдириб қолади.
Илмий тадқиқот маркази раҳбарияти умид қилиб қоладики, ушбу мақолани ўқиган қалбида ватанга нисбатан юксак муҳаббатли ҳар бир инсон юқорида номлари зикр қилинган фидойи юртдошларимиз сингари ватанини севувчи, фидойи фарзандларнинг саховатларидан ибрат олиб, илмий муассасаларга китоблар тақдим этсалар кутубхоналар фондларини янада зиёда бўлишига ва бу билан халқимизнинг илмий салоҳиятини, тиббий маданиятини, ёшларимизнинг одоб-ахлоқларини юксалишига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшган бўлар эдилар.
Тарихий манбалар халқ мулкидир. Баъзида туманларда, чекка-чекка қишлоқларда бебаҳо асарларни учратамиз. Аммо, китоб эгалари бундай китобларни ўқиш имкониятига эга эмаслар. Манашундай юртдошларимизга мурожаат қилиб айтмоқчимизки, агар шундай асарларни Илмий марказлар ва шу сингари илмий муассасалар хазинасига топширсалар, олимларимиз томонидан аждодларимиз тарихини ўрганишда ва бунинг натижасида халқимизнинг, хусусан ёшларимизнинг тафаккури, илмий салоҳиятини ривожлантиришда ўзларининг беқиёс ҳиссаларини қўшган бўлар эдилар. Агар улар бу китоблар бизга ота-бобомиздан мерос бўлиб қолган уларни ҳеч кимга бермаймиз десалар, илмий аҳамиятга эга китобларини ҳеч бўлмаганда электрон нусха (сканер) олишга рози бўлсалар, улар юрт тараққиёти ҳамда халқнинг маънавий юксалиши йўлида ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшган бўлар эдилар. Уларнинг китоблари электрон нусха (сканер) қилингандан сўнг ўз эгаларига яна қайтарилади.
Инсонлар томонидан тақдим этилган қўлёзма ёки тошбосма китобларнинг ўзи юқорида тилга олинган илмий муассасаларда сақланмаган тақдирда ҳам унинг электрон нусхаси бўлса уларни илмий тадқиқотчи олимларимиз илмий ўрганиб, келажакда илм-фаннинг қайсидир соҳасига қандайдир янгиликлар киритиши ёки шу соҳаларнинг ривожида бироз ижобий таъсир кўрсатишига хизмат қилади. Бу эса, албатта бутун ўзбек халқининг ютуғидир.
Хулоса қилиб айтганда ўзбек халқи яратган ва миллий бойлик бўлган бебаҳо ёзма меросни излаб топиш ва уларни ўрганиш маънавият дастуримизнинг муҳим бўлагини ташкил этади.
[1] Р.Бойтуллаев , Г Остонова “Мозий дафтаридан саҳифалар” ахборотлар,тадқиқотлар, мақолалар. Тошкент-“Ўзбекистон”-2010
[2] Ўша асар.



