БАҲОУДДИННИНГ ЗУҲУРГА КЕЛИШИГА ОИД БАШОРАТЛАР

Фалсафа фанлари доктори,
профессор, Наврўзова Гулчеҳра Неъматовна

 Илмий асарларда инсон туғилиши ва буюк инсонларнинг яратилиши масаласига оид кўпгина тадқиқотлар қилинган бўлса-да, лекин кўпгина муаммолар ечилмай қолмоқда. Одатда шўролар даврида ёзилган асарларда буюк шахс ҳақида маълумот унинг туғилганлиги ҳақидаги маълумотлар билан бошланар эди. Бизнинг валийлар ҳаётига оид тадқиқотларимиз бу масала анча чуқурроқ мулоҳазани талаб этишини кўрсатди. Уларнинг таналари бизларга зоҳир бўлишдан анча илгари уларнинг туғилишини ғайб олами сирларидан огоҳ бўлган кишилар башорат берганлар. Демакки, руҳий оламда уларнинг зуҳурротига тайёргарлик жараёни узоқ муддатда борган.

Комил инсон даражасида юксалган, валийлик рутбасига эришган Баҳоуддин Нақшбанд номи билан машҳур бўлган Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Бухорийнинг зуҳур этишини ҳам башорат этганларига оид манбаларда маълумотлар мавжуд.

 XIX асрда яшаб, ижод этган шоир ва таржимон, мутасаввиф олим ва тилшунос Муҳаммад Сиддиқ Рушдийнинг XII асрда яшаб “Шайхи Машриқ” номи билан машҳур бўлган Саййид Абдулқодир Гилоний ҳаёт ва кароматларига оид “Ғавсул Аъзам” асарида бу ҳақда маълумот мавжуддир. Муҳаммад Сиддиқ Рушдий “Маноқиби қодирия” манбасига таяниб шундай ёзади: “Бир кун ҳазрати Ғавсус сақалайн разияллоҳу анҳу ўгзада (томда) ўлтуриб эрдилар. Ногоҳ назарлари Бухоро тарафига тушиб амр қилдилар: “Фалон вақтда Баҳоуддин Нақшбанд отлиғ бир зот зуҳурға келгувсидур ки, бизнинг файзи-хосиятимиз бирла мумтоз бўлғувсидур”, 2 дедилар.

Ғавсул Аъзам номи билан машҳур Абдулқодир Гилонийнинг Баҳоуддин Нақшбанд туғилиши ҳақидаги башорати бошқа манбаларда ҳам кўрсатилган. У зот 157 йилдан сўнг Бухоро тарафида машрабнамо Баҳоуддин дунёга келади, деганлар.1

Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд зуҳур этишларини Муҳаммад /с.а.в./ томонидан айтилган деган нақл ва ривоятлар мавжуддир. Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд ҳақида шундай ривоят бор. “Пайғамбаримиз Муҳаммад /с.а.в./ Меърож тунида Аршга кўтарилдилар. Бир жон, руҳ етмиш минг пардадан ўтиб Тангри билан сирдош бўлиб, Арш кўнгурасига қўниб ўтирди. Пайғамбаримиз Тангрига дедилар: “Ё Парвардигор! Бу не синоат? Ўзинг айтган эдингки, сендан кейин пайғамбар бўлмайди”, деб. Анави руҳ сенинг билан набийлар каби сирлашади-ку!!”. Тангри бу иштибоҳга жавоб берди: “Ё Муҳаммад! Огоҳ бўл ва англа! Сендан кейин бир валий келадики, унинг исми ҳам Муҳаммаддир, лақаби Баҳоуддиндир. Сенинг умматларингдан 70 минг кишига жаннатдан хабар беради. Шунинг учун унинг исми бизнинг даргоҳимизга етишганлар”3

 Шоир Мухлис Намангоний томонидан жамланган ва 1329 ҳижрий йилда Бухорои Шариф матбаасида чоп этилган “Туҳфат-ул обидин ва анис-ул мушфиқин” шеърий тўпламда Машрабнинг “Бухоро ҳақида” номли шеъри келтирилган. Унда баён этилишича, рўза ойида Муҳаммад пайғамбар ҳар тонг бомдод намозини ижросидан кейин “Бухоро” деб дуо қилганлар. Бунинг сабабини сўраганларида шундай жавоб берганлар:

 Шаби меърож кўрдим кўкка ғабродин чиқар уч нур,

 Дедим Жибрилга “Бу қайси нурдир, эй аҳий гапур”

. “Иккиси Ясрибу Батхо бири нури Бухородур,

Бу нурдин то қиёмат олами боло эрур маъмур”.

Тилим васфига қосир гўиё жаннат Бухородир,

К-эй хайрул башар шундоқ эшитдим Ҳақ Таолодин.

Деди пайғамбаре пайдо қилай гулзори Батходин,

Суриб даврин неча йил юз ўгирса фоний дунёдин.

Ки то машҳаргача равнақ топар шарҳи Бухородин,

Бу нур андин чиқар, ки маъдани раҳмат Бухородур.4

Машраб бу назмий мисралари орқали Бухорода Маҳшаргача Муҳаммад пайғамбар ишларини давом эттира оладиган буюк зот зуҳур топишини Оллоҳ каломи деб Жаброил орқали айтмоқчи. Машрабнинг:

Бухороро Бухоро метавон гуфт,

Бахораш аз зимистон метавон гуфт,

Баҳоуддин набошад дар Бухоро,

Фарангу кофиристон метавон гуфт5

Мазмуни:

Бухорони Бухоро дейиш мумкин,

Баҳорни қишдан дейиш мумкин.

Баҳоуддин бўлмаса Бухорода,

Фарангу кофиристон дейиш мумкин,  – деган таърифи билан маъдани раҳмат Бухоро бўлган дейилиши, Баҳоуддин Нақшбанддек комил инсонни пайдо қилганига ишоратдир. Машраб бошқа жойда шундай таъкидлайди:

Ул Балогардон олим ҳам писархонди расул,

 Кимки ихлос ила борди мақсади бўлди ҳусул.6

Машраб бу ерда Баҳоуддинни Муҳаммаднинг писархонди деб у кишининг ишларини давомчиси эканлигини таъкидламоқда. Бу билан Оллоҳ Жаброилга айтган ва Меърож куни Муҳаммад туғилажагини билган инсон бу Баҳоуддин эканлигига Машраб шак шубҳа қилмай баён этаётганини кўриш мумкин.

Нақл қилинишича, Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий ўз муридлари Амир Кулол билан Бухоро яқинидаги Қасри Ҳиндувондан ўтиб кетаётганда: «Бу тупроқдан бир эр иси келмоқдадир, шу зот барокотидан Қасри Ҳиндувон Қасри Орифонга айлангай, дебди. Ўша пайтда ҳали Ҳазрат Баҳоуддин туғилмаган, балки онасининг қорнида экан. Бир неча вақтдан кейин эса: «Ҳалиги эрнинг иси ортиқроқ бўлибди», деди. Дарҳақиқат, бу вақтда Ҳазрат Баҳоуддин туғилган экан.

1 Муҳаммад Сиддиқ Рушдий. Турку тожик суянчи. (Авлиёлар султони). Туронлик валийлар Башорати. Табдил қилиб нашрга тайёрловчи Икромиддин Остонақул ўғли – Тошкент. Камалак нашриёти, 1995. 146-бет.

2Ба-ул мулк Ваххоб – 1303 ҳижрий йил Мулло Паҳлавон хўжа ибн Абодулло хўжа Маҳкум Бухорий томонидан ёзилган. Бу манба Бухоро вилояти Бухоро ноҳиясида яшовчи Ҳайитов Қурбон шахсий кутубхоналарида сақланади. Бу манбани топишда холисона ёрдам берганлари учун ф.ф.н.Файзуллаев Р.Ф.-га миннатдорлик билдирамиз.

3 Асрор Самад. Тангри Каломи. // Қалб кўзи. 1994 май. №5.

Машраб. Бухоро ҳақида. /Туҳфат-ул обидин/. Араб имлосидан Фатилло Абдулло ўғли ўгирди. //Сусамбил – 1992. №4

5Қиссаи Машраб. Тошкент. Ёзувчи. 1992. 132 бет, Шох Машраб қиссаси. Тошкент. Шарқ. 1991. 36 бет. 6Туҳфат ул обидин ва анису ошиқин. Бухорои шариф. Хийрийф 1329. 87 бет

Scroll to Top