БАҲОУДДИН НАҚШБАНД

Марказий Осиёда XIV асрда пайдо бўлган йирик тасаввуфий тариқат — “Нақшбандия” тариқати Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд номи билан боғлиқдир. Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд милодий 1318 йилнинг март ойида Бухоро вилоятининг Когон туманидаги Қасри Ҳиндувон қишлоғида туғилган (сўнгра Ҳазрати Нақшбанд шарофати билан бу қишлоқ “қасри Орифон” деб атала бошланган). Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг асл исми Муҳаммаддир. Манбаларда у кишининг отаси ҳам бобоси ҳам Муҳаммад исмида бўлгани қайд этилади. Баҳоуддин Нақшбанднинг насаби ота тарафдан Ҳазрат Алига, она тарафдан ҳазрат Абу Бакр Сиддиққа бориб тақалади. Хожалар авлодидан бўлгани учун унинг номи олдига хожа сўзини ишлатиш расм бўлган. Ёшлигида отаси билан бирга кимхобга нақш солиш ҳунари билан машғул бўлгани учун Нақшбанд лақаби билан машҳур бўлган. Ўша даврда матоларга нақш ишлаган, нақш солинган кўйлаклар ёки нақшли гиламлар тўқиган касб эгалари нақшбанд дейилган.
Оталари Муҳаммад Жалолиддин ҳажга борган вақтларида Мадинада вафот этиб, ўша ерда дафн қилинганлар. Волидаларининг исмлари Орифа бўлиб, оталари вафот этганларидан сўнг, Баҳоуддин Нақшбанд тарбияларини ўз зиммаларига олганлар. Солиҳа, илмли аёл бўлганлар. Баҳоуддин Нақшбанд волидаларининг муборак қабрлари ҳам Қасри Орифондадир. Бу масканда Биби Орифа билан бирга яна бир неча номаълум улуғларимизнинг қабрлари жойлашган.
Хўжа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари Саййид Амир Кулолга шогирд тушган бўлсалар ҳамки, манбаларда у кишининг ўзларидан бир неча саналар илгари ўтиб кетган Хўжа Абдухолиқ Ғиждувоний ҳам устозлари эканликлари қайта-қайта таъкидланади. Бу хилдаги маънавий тарбияга тасаввуф оламида “увайсийлик йўли” деган ном берилган.
Хўжа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг олий мақомлари у кишининг ёшлик чоғлариданоқ зоҳир бўла бошлади. У зот ўта зеҳнли ва идрокли эдилар. Аллоҳ таоло бу кишига улуғ зотларга шогирд бўлиш бахтини берди. Хўжа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари гўдаклик чоғларида Муҳаммад Бобойи Самосий ҳазратларининг ҳузурларида тарбия олдилар.
Хўжа Баҳоуддин Муҳаммад Бобойи Самосий ҳузурларида шогирд сифатида келишлари билан дарҳол у кишининг суҳбатларига иштирок этганлар.
Муҳаммад Бобойи Самосийнинг вафотларидан кейин Хўжа Баҳоуддин Амир Кулол суҳбатларидан баҳраманд бўладилар ва у кишининг вафотидан сўнг яна етти йил Хўжа Ориф Деггаронийдан таълим оладилар. Сўнгра Хўжа Халил Ота ҳазратларининг ҳузурларида ҳам ўн икки йил хизмат қилдилар.
Баҳоуддин Нақшбанднинг умри асосан Бухоро ва унинг атрофидаги қишлоқларда ўтган. Ғарибона ҳаёт кечирган, фақат ўз меҳнати билан кун кўрган. Таълимоти асосида: “Дил – ба ёр-у, даст – ба кор” (“Кўнгил Аллоҳда бўлсин-у, қўл иш билан банд бўлаверсин”), – деган шиор ётади. Тасаввуфдаги ҳар қандай тариқат каби, хожагон-нақшбандия тариқати ҳам ўз ғоялари, тартиб-қоидалари, одоблари ва қатъиятларини шакллантиришда жуда қадим ришталардан сув ичган. Аммо тариқатнинг бутун моҳиятини унинг бош шиори бўлмиш: “Дил – ба ёр-у, даст – ба кор” ҳикмати ҳамда яна ўн бир қоида белгилаб беради. Бу қоидалар “рашҳалар”, яъни “томчилар” деб юритилган. Рашҳалар Юсуф Ҳамадоний, Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд тарафларидан асосланган
Юсуф Ҳамадоний тайин этган шиорлар:
Ҳуш дар дам.
Назар бар қадам.
Сафар дар ватан.
Хилват дар анжуман.
Абдулхолиқ Ғиждувоний тайин этган шиорлар:
Ёткард.
Бозгашт.
Нигоҳдошт.
Ёддошт.
Баҳоуддин Нақшбанд тайин этган шиорлар:
Вуқуфи замоний.
Вуқуфи ададий.
Вуқуфи қалбий.
Ҳазрат Баҳоуддин “Ҳаётнома”, “Далелул ошиқин” номли китоблар муаллифидир.
Баҳоуддин Нақшбанд оилали бўлиб, бир қиз ва бир ўғилнинг отаси бўлганлар. Ўғиллари ёш, вояга етмасдан вафот этган, қизлари эса вояга етганидан кейин ўзларининг хос шогирдлари бўлган Алоуддин Аттор ҳазратларига узатганлар.
Нақшбандия тариқати дунёда кенг тарқалган энг халқчил ва инсонпарвар сулук ҳисобланади. Бу фикрни жуда кўплаб улуғларимиз эътироф этишган. Хожа Абдуҳолиқ Ғиждувоний ва Хожа Баҳовуддин Нақшбанд ҳазратлари асос солган мазкур тариқат, тўғрироғи, унинг шайхлари одамларнинг маънавий-руҳий камолотида катта ўрин тутишган. Ҳатто буюк ҳукмдорлар ҳам уларга ихлос ва иқтидо қилишиб, ҳимматларидан файз олишган. Соҳибқирон Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва вазири аъзам Алишер Навоий ҳам ана ўшал зотлар жумласидандир.
XV асрнинг кўп олим-фозиллари, давлат арбоблари Нақшбандия таълимотидан кенг фойдаландилар, унга ўта ижобий муносабатда бўлдилар. Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1483-1530) даврида, ундан кейинги XVI – XVII асрларда бу жараён анча тезлашади. Нақшбандия тариқати XVI асрда Хожа Муҳаммад ал-Боқий Кобулий (вафоти 1605) Ҳиндистонга боргандан сўнг Ҳинд тупроғида ҳам авж олади. Бу машҳур мутасаввуф олим Афғон ва Ҳинд юртларида Хожа Боқибилло номи билан машҳурдир. Унинг шогирди Хожа Аҳмад Форуқ Сирҳиндий (1563-1624) эса Нақшбандия таълимотининг XVII асрда Ҳиндистонда ёйилишида катта роль ўйнаган.
Шундай қилиб, бизнинг улуғ юртдошимиз Ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанд томонидан асосланган Нақшбандия таълимоти Марказий Осиё, Ўрта ва Яқин Шарқ халқларининг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маданий ҳаётида жуда катта ўрин эгаллади. Бу таълимот бошқалар меҳнати билан кун кечиришни, текинхўрликни, ижтимоий зулм-истибдодни қатьиян қоралайди. Бу таълимот тарафдорлари таркидунёчиликка қарши, бой-зодагонларнинг зулм ва истибдодига қарши бўлганлар, фақат ўз қўл кучи, пешона тери билан ҳалол меҳнат қилиб кун кечиришга чақирганлар. Нақшбандийлар савдо-сотиқ, деҳқончилик, ҳунармандчилик, бадиий адабиёт, мусиқа, илм-маърифат, хаттотлик, наққошлик, миниатюрасозлик, қурувчилик каби барча фойдали ва хайрли юмушлар билан шуғулланишга даъват этганлар. Шунинг учун ҳам ўз давридаги илм-маърифатнинг, адабиётнинг йирик намояндалари бўлмиш Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Хушҳолхон Хатак, Маҳтумқули Фироғий сингари юзлаб улкан тараққийпарвар, инсонпарвар шоирлар ва мутафаккирлар Нақшбандия йўлини танлаганлар. Улар ижодида нақшбандия ғоялари кенг ва атрофлича тарғиб этилган.
Замонасининг улуғларидан бўлган Мавлоно Муҳаммад Мискиннинг айтишича, Ҳазрат Баҳоуддин вафотидан бир кун олдин муридларининг ҳаммасини Хожа Муҳаммад Порсога тобеъ бўлишини васият қилган. 1389 йили Баҳоуддин Бухоро яқинидаги Қасри Орифонда вафот этган.
Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд қабрлари Абдулазизхон томонидан тартибга солиниб, кўркам шаклга киритилган. Бу муборак қадамжони ободонлаштиришда Темурийлардан тортиб манғит амирларигача ўз ҳиссаларини қўшганлар. Хонақоҳ Шайбонийлар сулоласига мансуб Убайдуллохоннинг ўғли Абдулазизхон (1540-1549 йилларда ҳукмронлик қилган) томонидан 1544 – 1545 йилда қурилган Мақбара атрофида масжид, ҳовуз, қудуқ, минора, дарвозахона бор. Баҳоуддин Нақшбанднинг қабри азалдан машҳур зиёратгоҳ ҳисобланади.
Баҳоуддин Нақшбанд тасаввуфдаги илгарилари амалда бўлган қаттиқ талабларни бир қадар юмшатди, мўътадиллаштирди, кундалик турмушга мослади. Унингча, Аллоҳга интилиш кўнгил билан амалга ошиши керак. Қўл эса иш – меҳнат билан банд бўлаверсин. Баҳоуддин Нақшбанднинг таркидунёчилик қилмай, демакки, бу дунё ишларидан очиқ-ошкор қўл силтамай туриб ҳам Аллоҳга етишиш мумкинлиги ҳақидаги ғояси мусулмон оламида тасаввуфнинг жуда кенг аҳоли қатламлари ичига кириб боришини таъминлади.

Муҳаммади ҚОРАЕВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги етакчи мутахассиси,

Қарши шаҳар “Қум қишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби.

Scroll to Top