Билибми зиёрат қиламиз? Кўпчилик Бухоро вилоятида етти пирнинг муқаддас зиёратгоҳи борлигини яхши билади. Ҳатто, баъзилар бу ерларни бир неча каррадан зиёрат ҳам қилган бўлиши мумкин. Лекин, очиғини айтганда, ҳамма ҳам бу улуғ зотлар асрлар оша нимаси билан бунча қадрланиши, уларнинг бир-бирига алоқасини унчалар англаб етавермайди. Узоқ тарих Бунинг тагига етиш учун гапни узоқроқдан бошлаш керак. Муҳаммад(с. а. в.)ни Яратган одамзодга ҳақ динни етказиш учун охирзамон пайғамбари сифатида танлаб, 23 йил (милодий 610 – 632 йиллар) мобайнида у кишига ваҳй орқали “Қуръон” оятларини жўнатиб турди. Пайғамбар (с. а. в.) уларни саҳобаларга оғзаки айта бошладилар. Дини ислом шу тариқа кенг ёйила бошлади. Саҳобалардан бир қисми аҳли суффа эди. Аҳли суффа ким бўлган? Тасаввуф пайғамбар (с. а. в.) даврларидан, аҳли суффадан бошланганини биламиз. Хўш, айнан аҳли суффа қандай тоифа эди? Улар неча кишидан иборат бўлган? Номлари – маълумми? Нега, тасаввуф айнан шулардан бошланади, деб қараймиз? Ҳақиқатни англаш учун интилавергангиз сари шу каби кўплаб саволлар келиб чиқаверади.
Ислом тарихи билан боғлиқ турли манбалар асосида бу саволларга батафсил, кетма-кетлигини таъминлаган ҳолда жавоб бериш орқали масалани ойдинлаштириш мумкин. Бу тасаввуф моҳиятини тушуниш учун жуда асқотади. Кайковус(1021 – 1088)нинг машҳур “Қобуснома”сидаги маълумотга кўра, аҳли суффа 12 кишидан иборат бўлган1 . Аҳли суффа ҳақида турк олими Закои Кўнрапанинг “Ҳазрати пайғамбаримиз ва ислом дини” асарида бундан ҳам аниқроқ маълумотларга дуч келамиз. Муҳаммад (с. а. в.) Мадинага кирганларида туялари чўккан бўш майдонда масжид қурдирдилар. Бу Зайд ўғли Холиднинг (Абу Айюб Ансорийнинг) ҳовлиси қаршисида эди. Муаллифнинг мана бу ёзганлари аҳли суффани тасаввур қилишга ёрдамлашади: “Масжиднинг ҳовлисида, унинг бир бурчагига битишган жойда “Софа суффа” деб аталувчи жой тайёрланди. / “Софа суффа” – усти хурмо толлари (дарахт лари – С. О.) билан ёпилган бир чордоқ, соя жой эди. Уйи, оиласи бўлмаган асҳобнинг фақирларига (камбағалларига – С. О.) берилгани учун бу ерда ётиб қоладиганлар “Асҳоби суффа” деб атала бошлади. Асҳоби суффа жуда фақир эди. Абу Ҳурайранинг ривоятига кўра, софа асҳоби етмишдан ортиқ кишини ташкил этар эди. Бирортасининг, ҳатто, ридоси (белидан юқорини беркитувчи кийими) йўқ эди. Кечқурун ейишга ҳеч вақоси топилмасди. Расули акрам ҳар оқшом буларнинг бир қисмини уйларига олардилар, қолганларини асҳобдан бойларининг уйларига юбориб, овқатлантирардилар. Ансордан (мадиналиклардан мусулмонларга ёрдам беришга ўтганлар “ёрдамчилар” маъносида “ансорлар” дейилган – С. О.) Убода ўғли Саъд анча бой эди. Дастурхонида саксон киши тановул қилган пайтлар бўларди.
Расули акрам садақа олмас эдилар. Ўзларига юборилган бутун садақаларни қўл тегизмасдан софа асҳобига тарқатар, келган ҳадялардан ҳам уларга ҳисса ажратар эдилар… Асҳобнинг бир қанчаси деҳқон ва тужжор эди. Улар Расули акрам билан фақат намоз вақтларидагина кўриша олишарди. Софа аҳли эса доимо масжидда эдилар, Расули акрамнинг ёнларидан айрилмасдилар. Абу Ҳурайра ҳам булардан бири эди. Бу жой ўзига хос мактаб ҳам эди. Исломдаги илк муаллим мактаби шу тариқа вужудга келди. Бу мактабнинг дарсхонаси Масжиди набий, ётоқхонаси софа, муаллими Расули акрам, ётиб дарс олувчи талабалари эса софа асҳоби эди. Улар ҳаётларини дин ва илмга бағишлашган эди. Кечалари ибодат қилишар ва мусулмончиликни бутун нозикликларигача ўрганишар эди. Расули акрам Мадинадан ташқарига бирор муаллим ёхуд воиз юбормоқчи бўлсалар, софа асҳоби ичидан бирисини танлаб, йўллардилар. Расули акрам ваъз ўқирдилар, бутун саҳобалари билан кўришардилар, уларнинг диний ва ижтимоий мушкулларини ҳал қилардилар. Мусулмонликдан олдин арабларнинг маданий ҳаётлари, илмий савиялари анча паст эди. Улар ҳар нарсани ислом динидан кутишар, Расули акрамнинг мавъизаларидан ўрганишар эди. Шу боис Масжиди набавий фақатгина ибодатгоҳ эмас, балки айни пайтда мусулмонлар йиғилишадиган жой, бир машваратгоҳ, адлия маҳкамаси мақомидаги дарсхона, бир маданият маркази вазифасини ҳам бажараётган эди”2 . Бу маълумотлар тасаввуфнинг илк тарихи билан боғлиқ кўп масалаларни ойдинлаштиради. Б и р и н ч и д а н, сўфийлик ана шу суффа аҳлидан бошланган.
И к к и н ч и д а н, бошқа саҳобаларга қараганда, суффа аҳли пайғамбар (с. а. в.) билан кўпроқ мулоқотда бўлган, кечаю кундуз дин билан машғуллик қилган, исломнинг нозикликларигача ўрганган, шунинг учун улар илман бошқалардан юқорилаб кетган. У ч и н ч и д а н, тасаввуфда фақирлик тарғиби шундан бошланган. Чунки ҳамма нарсадан, дунё неъматларидан кечмай туриб, дин илмида бу қадар юксак даражаларга етиб бўлмайди. Т ў р т и н ч и д а н, хонақоҳ масжиддан алоҳида бўлиши ҳам шундан бошланган. Суфа аҳли масжиддан ташқарида яшаган. Хонақоҳ – ҳам ибодат жойи, ҳам яшаш жойи. Шуниси билан масжиддан фарқ қилади. Масжид – фақат ибодатхона. Силсиланинг шажарадан фарқ – бор Кўплар силсила билан шажарани бир-бирига аралаштириб юборади. Чунки иккаласининг ўхшаш жойи – бор: силсилада ҳам, шажарада ҳам одамларнинг муборак номлари кетма-кет саналади, яъни шу кетма-кетлик асосида рўйхат шакллантирилади. “Шажара” – арабчада “дарахтнинг шохлари” деган маънони англатади. Шох, албатта, бевосита бир дарахтнинг ўзидан ўсиб чиқиши – шарт. Шунинг учун шажара муайян шахсдан тарқалган кишилар рўйхатини билдиради. Масалан, саййидлар – Муҳаммад пайғамбар авлодлари. Биламизки, пайғамбаримиз (c.а.в.)нинг фақат Фотима исмли қизларидан авлод тарқалган. Фотима – ҳазрат Алининг завжияси эди. Ҳазрат Али билан Фотиманинг Ҳасан-Ҳусан ўғиллари бўлган. Саййидлар ана шу Ҳасан ёки Ҳусандан тарқалган фарзандлар ҳисобланади. Тарихимизда Амир Темур шажараси ҳам – машҳур. Бу шажара 1370 йилдан то 1507 йилларгача Марказий Осиёда, кейин эса 1526 йилдан то XIX аср ўрталарида Ҳиндистон инглиз босқинчилари томонидан забт этилган 1858 йилга қадар Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистонда ҳукм сурди. “Силсила” – араб тилида “занжир” маъносида келади. Занжирнинг ҳалқалари эса-эса бири иккинчисидан ўсиб чиқиши шарт эмас. Шунинг учун тасаввуфдаги силсилада фақат пир-муридлик инобатга олинади. Ҳар қандай силсиланинг бошида, албатта, Муҳаммад пайғамбар (с. а. в.) турадилар. Иккинчи ҳалқа – у кишидан руҳий тарбия олган киши. У, ўз навбатида, яна кимнидир тарбиялайди. Силсила шу тариқа давом этади. Агар ота пир сифатида ўз фарзандига тасаввуфдан тарбия бериб, уни ўзига мурид қилган бўлсагина шу ўғил силсилага кириши – мумкин, холос. Яна бир муҳим жиҳати – бор. Силсилага ҳар қандай мурид эмас, тариқатга раҳнамолик қилиш ҳуқуқини қўлга киритган, пир мақомига етган муридгина киради.
Муаллифлар: Ғафуржон РАЗЗОҚОВ,
Султонмурод ОЛИМ, Комилжон РАҲИМОВ



