Ахтам Ахмедов – Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказининг бўлим бошлиғи
Халқ турмушининг ҳар қандай соҳаси каби ўзбек миллий кийимини ўрганиш этник тарихи ва маданиятини, унинг бошқа халқлар билан ўзаро алоқаларини тадқиқ этиш билан чамбарчас боғлиқдир. У моддий-маданий ёдгорликлар ичида халқларнинг миллий ўзига хослигини акс эттириб, этник белгилари билан ажралиб туради.
Кийим-кечаклар ўзбек халқи тарихи билан узвий боғлиқ бўлиб, кийимларда бирор бир миллат (элат) тарихига бориб тақаладиган анъаналар, ижтимоий муносабатлар, маърифий, диний ва эстетик шаклларнинг айрим унсурлари ифодаланади. Жамият турмуши, иқтисодиёти ва сиёсатида ўзгаришлар бўлиб туриши билан бир вақтда кийим шакллари ҳам ўзгариб боради, унда халқнинг моддий аҳволи, кишиларнинг диди, гўзаллик тўғрисидаги ғоялари, хўжалик юритишнинг ўзига хос жиҳатлари ҳамда оилавий турмушнинг баъзи томонлари ҳам кўзга яққол ташланади[1].
Бувиларимиз томонидан юксак дид ва санъат билан тикилган ва ҳозирги кунда музейларимиз кўргазма залларини безаб турган эркак ва аёллар кийимлари каби инсонлар ҳаётида жуда муҳим бўлган ёдгорликларга диққат билан назар ташланса, улардаги ранг-баранг нафис нақшлар, гулли безаклар орасида жуда моҳирлик билан оддий ва зар ипларда тикилган арабий, форсий ва туркий битикларни ҳам кўриш мумкин. Ҳозирги кунда Бухоро музей-қўриқхонаси фондларида сақланаётган юқорида зикр қилинган элементларни ўзида акс эттирувчи кийимларнинг баъзилари ва улардаги эпиграфик ёзувлар ҳақида бироз маълумот беришга ҳаракат қиламиз.
Бухоро музейи фондларидаги кийимлар ХIХ-ХХ асрларга тааллуқли бўлиб, қадимги даврларга оидлари сақланмаган, чунки кийим ва матолар моддий ёдгорликлар ичида доимий истеъмолда бўлган ва охиригача фойдаланилган. Кийимларда турли мақсадлар билан турфа маъноларни ифодаловчи маънодор жумлалар битилган. Мисол учун баъзи эркаклар кийимларида диний ва эътиқодий аҳамиятга эга бўлган Қуръон оятлари битилган бўлиб, устозларимизнинг фикрларича, бундай турдаги тўн ва халатларни тасаввуф йўлидаги шахслар кийишган ва бундай кийимлар ҳозирга қадар авлоддан-авлодга табаррук кийимлар сифатида етиб келган. Анашундай эркаклар кийимларидан бири ҳозирги кунда “Баҳоуддин Нақшбанд тариқати тарихи” музейида сақланибкелинаётган халат бўлиб, унда қуйидаги битиклар битилган. Халатдаги жадвал ичида Қуръони Каримнинг 112- “Ихлос” сураси битилган. Жадвалнинг пастки катакларида “Ё Раҳмон” (Бу дунёда мўъмину кофирларни неъматлантирувчи), “Ё Раҳим” (охиратда фақат мўъминларгагина раҳм қилувчи зот), “Ё Воҳид”( ибодат қилишга лойиқ ягона зот) каби Аллоҳнинг сифатлари ва дуо ҳам мавжуд.
2 Халатнинг икки томон елкаларининг пастки қисмлари билан бирга Қуръони Каримнинг 73-сураси “Муззаммил” сурасининг 1-20 оятлари ёзилган.
3 Халатнинг ёқаси тик ҳолда бўлиб, бўйин қисмидан пастга қараб (кўкрак қисмигача)Қуръони Каримнинг 2- сураси “Бақара” сурасининг 255-ояти “Оят ал-курси” ёзилган. Унинг давомидан яъни кўкрак қисмидан пастга қараб: “Ҳазрато, бул давлатингиз Тангри афзун айласин, дўстингиз хурсанд, душманларни маҳзун айласин. Иззат жавид ато айлаб эл ичра сарафроз, даҳр аро толеи кавокибини афзун айласун” каби эзгу тилаклардан иборат мисралар ёзилган.
4 Халатни иккинчи томонининг кўкрак қисмида (жадвал қисмида эмас нариги қисмида) Қуръони Каримнинг 39- сураси “Зумар” сурасининг 53-ояти ёзилган. Айнан ана ўша қисмининг пастида Пайғамбаримиз с.а.в , Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али.р.а. ларни восита қилиб Аллоҳдан ёрдам сўраш, дуо қилишлар кўрсатилган. (яъни юқоридаги табаррук шахсларни восита қилиб, барча ишларига ва барча ғам-ташвишларини бартараф этишда Аллоҳдан ёрдам беришини сўраб дуо қилиш).
5 Халатнинг орқа томон қисмида Қуръони Каримдаги “Ёсин” сурасининг биринчи мубини 1-12 оятлари битилган.
Яна шундай эркаклар кийимларидан бири ҳозирда Бухоро музей-қўриқхона ҳузуридаги “Хаттотлик тарихи” музейида намойишга қўйилиб келинаётган экспонат ҳам мавжудки, унда Қуръони Каримнинг “Фатҳ”(Ғалаба) сураси битилган бўлиб, мазкур халатларни одатда уруш ва ғазотларга чиқишдан олдин ғалаба ёр бўлиши учун, барча ёмонликлар ва балолардан омонда бўлиш мақсадларида кийилган. Халат ХХ-асрга оид бўлиб, Бухорода тикилган. Халат оқ бўздан тикилган бўлиб, Қуръон оятлари ёзилган қисми тилло-зар ипларда тикилган. знаки биласовых цветным шёлком, обшит джияком. Швы расшиты в рисунок. Подкладка из бязи. Дл.129 см, дл.рук 87,5 см. Подкладка местами порвана, з/шв нити потемнели Бухара нач. ХХ в)
“Хаттотлик тарихи” музейида эркаклар тўни ва халатлари билан бирга аёлларнинг эпиграфик ёзувли жуда бежирим кўйлаклари ҳам намойишга қўйилган. Бундай кўйлакларни кўриб ўша даврдаги кишиларнинг диди, гўзаллик ҳақидаги ғоялари,аёлларни эъзозлаб, ҳатто уларнинг шаънига мақтовли гўзал байтларни битиб, улар киядиган кўйлакларга зар иплар билан тикиб ҳар кўрганда қалблари қувончга тўлиши учун гўзалликни турли усулларидан фойдалана олганликларини гувоҳи бўлиш мумкин. мисол учун кўйлакнинг ёқасидан пастга қараб ва енгининг остин қисмларида ҳам зар иплар билан тикилган эпиграфик ёзувлари мавжуд. Кўйлакнинг остинида қуйидаги битиклар битилган: “Офтоби чун Али дар сойе пайғамбараст” мазмуни: Ҳатто Алидек қуёш ҳам Пайғамбар соясидадир”.
Мазкур аёллар кўйлагининг бош қисмидан пастга қараб ва пастдан юқорига қараб икки қаторда қуйидаги мисралар зар иплар билан тикилган:
باستقبال قدت سرورا رفتار بايستى
سر زلف لبت غنچه را گُفتار بايستى
Боистиқболи қадат сарвро рафтор боясти,
сару зулфу лабат ғунчаро гуфтор боясти.
Мазмуни: Қаддинг истиқболи сарвга ўхшайди, сочу, зулфингу лабинг ғунча гуфторига ўхшайди.
Юқорида зикр қилинган аёллар кўйлаги 1970 йил 12 январда Бухоро шаҳар Менделеев кўчасида яшовчи Шукурова Баридан Бухоро музей-қўриқхона фондига сотиб олинган.
Ушбу аёллар кўйлаги ингичка толали ипакдан тикилган. Кўйлакда 72 та 7Х9 см ўлчамда зар иплар билан серфарзанлик рамзи бўлган анор гуллари акс эттирилган. Бундан ташқари тўкинлик (фаравонлик) рамзи бўлмиш қор парчаси кўринишидаги нақшчалари ҳам мавжуд. Унинг узунлиги 1,07см, эни 83см, қўл енгларининг кенглиги 33 смдан иборат. Кўйлак бир неча бор кийилган. Баъзи жойларида хусусан олдинги қисмларида доғлари кўзга ташланади. Умумий ҳолати яхши.
[1] Нафиса Содиқова “Ўзбек миллий кийимлари ХIХ-ХХ асрлар ”. “Шарқ” нашриёт- матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти. Тошкент. 2003й.



