Мағоки Аттори масжиди

Ҳозирги кунда Бухоро бутун дунёга турли даврларга оид нодир меъморий ёдгорликларини асраб қолган ҳақиқий меъморий ва тарихий-маданий қўриқхона сифатида машҳур. Мағоки Аттори масжидиБухоро ёдгорликларининг бугунги кунгача сақланиб қолганлари орасидаги энг қадимийси ҳисобланади. Мағокда (чуқурликда) ҳамда аттор бозори яқинида жойлашгани сабабли Мағоки Аттори масжиди деб номланган. Ушбу масжид Ўрта Осиёда сақланиб қолган энг қадимий масжидлардан бири ва Бухорода мўғуллар истилосидан кейин ҳам сақланиб қолган саноқли бинолардан бири бўлгани билан ҳам эътиборли.

Шаҳристон марказида тўртта кўча ажралиб чиққан чорраҳа бўлган ва бу кўчалар шаҳристонни тўрт маҳаллага ажратиб турган. Жанубда, ҳозир “ер ости” Мағоки Аттори масжиди жойлашган ҳудудда, шаҳристон деворлари ташқарисида бозор бўлган. Бозорда бутлар, иксирлар ва зираворлар, атторлик моллари (атирлар) ва бошқа маҳсулотлар сотилган. Яна илгари бу жойга яқин ерда Ой ибодатхонаси (Моҳ) бўлиб (VI-VII асрларга оид иншоот қолдиқлари сақланиб қолган), кейинчалик, оташпарастлар (зардуштийлар) ибодатхонасига айлантирилган ва сўнг уни араблар томонидан масжид сифатида ишлатилган дея тахмин қилинади[1]. Халқ орасида биринчи синагога қурилишидан илгари яҳудийлар ҳам мазкур масжидда мусулмонлар билан бирга ибодат қилган деган ривоятлар мавжуд. Айрим маълумотларга кўра, бухоролик яҳудийлар ва мусулмонлар бир вақтда бир жойда бир-бири билан ёнма-ён ибодат қилганлар. Бошқа манбаларда эса яҳудийлар мусулмонлардан кейин ибодат қилгани келтирилади[2].

Наршахий масжид ҳақида қуйидаги маълумотларни келтиради: “Моҳ масжиди ўрнашган ерда катта ариқ бўйида бир сердарахт текислик жой бўлиб, шу дарахтлар соясида бозор бўлган. Подшоҳ, халқ бут сотиб олишга қизиқсин учун, шу бозорга келиб ҳозир Моҳ масжиди ўрнашган ерда тахтда ўтирар, ҳар ким ўзи учун бут сотиб олар ва уйига олиб кетар эди. Бу жой яна оташпарастлар ибодатхонаси (ҳам) бўлган. Бозор куни одамлар бу ерга йиғилганларида ҳаммалари ибодатхонага кириб оловга топинар эдилар. Бу ибодатхона то исломият давригача бор эди, мусулмонлар қувватланиб кетгач, мазкур (Моҳ) масжидини худди шу жойга бино қилдилар. Ҳозир у Бухоронинг мўътабар масжидларидандир”[3].

Яна Наршахий масжид ёнғин чиқиши натижасида икки кун давомида ёниб, одамлар учинчи куни зўрға ўчира олишгани, ҳатто ер остидаги ёғоч қопламалари бир ой давомида секин-секин ёнишда давом этгани ҳақида ҳам ёзган[4].

Шарқ меъморчилиги анъаналарини ўзида мужассам этган ушбу меъморий ёдгорлик “Чор” услубида, яъни тўртбурчак шаклда қурилган[5].

Мағоки Аттори жойлашган ҳудудларда маданий қатлам 12 метрга етади. Ернинг ҳозирги сатҳидан 3 метр чуқурликда юқорида зикр этилганидек, масжид пойдевор қатлами топилган. Ушбу пойдевор остида яна иккита ундан ҳам қадимийроқ пойдевор очилган бўлиб, улар бир-биридан унча катта бўлмаган чуқурликда жойлашган. Энг қадимги қатламдан эса масжид олдидаги майдончанинг бир пиллапояли қопламаси чиқади. Бу ерда энг қадимий пойдеворни ҳам кўриш мумкин, у оддийгина ғишт деворнинг тахминан бир метргача чуқурликка давом эттирилишидан иборат. Ушбу ҳолатда пойдевор тушунчаси ҳозирги замон конструкцияларидагидан бошқачароқ[6].

Биринчи масжидда тўртта ўймакор ва безатилган устун бўлган. 1970 йилларда эса бир гуруҳ бухоролик тадқиқотчилар томонидан меъморий ёдгорликни 7 метрлик тупроқ қатламидан тозаланган. Натижада ёдгорлик ўрнида турли вақтларда бир-бирининг устига учта бино қурилганлиги маълум бўлди. Зардуштийлар ибодатхонасининг энг тубида лой девор топилган[7].

Аммо бу фикрга археолог Г.А.Пугаченкова қўшилмайди. Олима масжид ҳақида қўйидаги хулосаларни берган: “В. А. Шишкин Мағоки Аттори масжиди жойлашуви жиҳатидан Наршахий тилга олган Моҳ масжидига тўғри келиши, ҳамда ўзи топган қолдиқларни Наршахий сўзлаган “икки Моҳ масжидидан бири” билан тенглаштиради. Аммо Наршахий матнида “икки масжид” ҳақида сўз йўқ, у фақат битта Моҳ масжидини зикр қилади. Айнан шу масжид 937 йилда ёнғин натижасида бутунлай ёниб кетган бўлиб, катта ҳажмли ёғоч сўрилар билан қурилгани айтилади. Лекин Мағоки Атторидаги қазишмалар давомида ёнғин излари топилмади. Пойдевор остидан очилган устунли-гумбазли иншоот қолдиқлари, шубҳасиз, Х асрга оид масжидга тааллуқли, аммо бу Моҳ масжиди эмас.  Бу масала юзасидан якуний хулоса фақат Мағоки Аттори атрофида кенг қамровли археологик қазишмалар ўтказилгандагина аниқланади”[8].

Хуллас, археологлар масжиддаги топилмаларни ўйма ганч услуби ва техникаси X асрга тааллуқли дея баҳолаган. Уларнинг бундай хулосага келгани сабабларидан бири сифатида учта ёйсимон ғишт устун-қаторларининг пастки қисмлари эканини кўрсатишган.

XII асрда ўша лойиҳа асосида янги бино қурилган бўлиб, ундан ҳозиргача жанубий томонда жойлашган ноёб бир рангли том сақланиб қолган.

Масжид XIV асрда таъмирланган, XV асрда пештоқининг юқори қисми бузилган. XVI асрда масжидга шарқий томонидан портал (пештоқ) қўшилган[9]. Яъни, Шайбоний Абдулазизхон даврида (1541-1542 йиллар) бинонинг юқори қисми, гумбазлари қайта қурилган. Шарқий қисмидаги ёзувга кўра, олтита устунли тўсиққа туташ қисмда, 1546/47 йилда қурилган. Масжид тарҳи (13,35×17,6 м) содда ечимга эга, ичкариси 6 устунли, 12 гумбазли, ўрта гумбази баландроқ бўлиб, унинг асосидаги дарчалар орқали бино ичига ёруғлик тушади. Жанубий тарафдаги қадимий арка ушбу обиданинг энг муҳим санъат асари ҳисобланади. Унинг гулдор устунлари учли ғиштлардан ишланган ленталар билан ўралган. Айвон гумбази ўртасидан кенг кириш йўлаги ўтиб кетади, у нафис безаклар билан ишланган. Гулдор устунларнинг ёнида жуфт яримустунлар жойлашиб, улар “бантик” шаклидаги нақшли кашаклар билан қопланган. Бу услуб мўғул истилосидан аввалги меъморий анъаналар учун хос ҳисобланади.

Масжиднинг умумий ҳажмий тузилиши кўп устунли зал типида бўлиб, кейинчалик марказий гумбазли ва айвонли ечимлар билан бойитилган. Гумбаз қисми масжиднинг марказида жойлашиб, тўрт таянч устунга суянган. Бу услуб салжуқий архитектурага хос бўлиб, Исфаҳон Жоме масжиди билан қиёслаш мумкин.

Портал (пештоқ) марказда юқорига чиқиб кетувчи айвонсимон дарвоза қисми ҳамда икки йирик гумбаз мавжуд. Улар ички намозхоналар устидан кўтарилган бўлиб, гумбаз тузилиш салжуқийлар давридаги жомеъ масжидларнинг асосий белгиларидан ҳисобланади.

XX аср бошларига келиб, масжид деярли томигача тупроқ билан қопланган, фақат ярим вайрон қилинган гумбазлар ва XVI аср порталининг бир қисми қолган. Меъморий обиданинг 1939-1949 йилларда пештоқи мустаҳкамланиб таъмирланган, атрофи ободонлаштирилган. Бу ишлар 1970-1980 йилларда ҳам давом этган.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг, юртимиздаги бошқа меъморий иншоотлар қаторида ушбу иншоот ҳам таъмирланди.
1997 йилда Бухоро шаҳрининг 2500 йиллиги муносабати билан Бухородаги барча обидалар қаторида Мағоки Аттори масжиди ҳам қайта таъмирдан чиқди. ЮНEСКО ташкилотининг Бутун Жаҳон ёдгорликлари рўйхатига киритилди. 1991 йилдан Мағоки Атторида гилам музейи фаолият кўрсатмоқда.

Лобар Асророва,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Манбалар хазинаси,

Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот

маркази бош илмий ходими,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)


[1] В.А.Шишкин. Города Узбекистана (Самарканд, Бухара, Ташкент). – Т.: Фан, 1943. – Б. 6.

[2] https://wikibin.ir

[3] Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар Наршахий. Бухоро тарихи. Форс-тожик тилидан тарж. А. Расулевники. Масъул муҳаррир А. Ўринбоев. – Т.: Фан, 1966. – Б. 14.

[4] Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар Наршахий. Бухоро тарихи. Форс-тожик тилидан тарж. А. Расулевники. Масъул муҳаррир А. Ўринбоев. – Т.: Фан, 1966. – Б. 52.

[5] Кадыров Д.Х., Гадоев Д.Х. История мечети Магоки Аттар. Вестник науки и образования. № 6(84). Часть 1. 2020. – С. 25.

[6] Л.Н. Воронин. Устройство оснований в памятниках архитектуры Средней Азии. Материалы

по истори и итеори и архитектуры Узбекистана. Выпуск 1. Издательство академии архитектуры СССР, 1950. 17-б.

[7] Кадыров Д.Х., Гадоев Д.Х. История мечети Магоки Аттар. Вестник науки и образования. № 6(84). Часть 1. 2020. – С. 25-26.

[8] Г.А.Пугаченкова. Искусство Зодчих Узбекистана. Мавзолей Араб-Ата (из истории архитектуры Мавераннахра IX-X вв.). – Т.: Zamon-Press-Info, 2021. – С. 64.

[9] П.Захидов. Архитектурные памятники Зарафшанской долины. – Т.: Узбекистан, 1985. – С. 41-42.

Scroll to Top