Истамова Гавҳар Хайруллаевна, Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази бош илмий ходими, мустақил тадқиқотчи
Ўзбек халқи ва тили қанчадан – қанча уруш ва талотўплар, йўқотишлар, ажралиш-у қўшилишлардан, турли тўсиқ-у синовлардан омон чиқолган ва яшаб қолган миллат ва тилдир. Дарвоқе, бизнинг халқ бошқа кўпгина халқлар қатори халқ бўлиб, миллат бўлиб шакллангунча жуда мураккаб, чигал, узоқ тарихий тараққиёт йўлини босиб ўтган. Шоир Эркин Воҳидов ёзганидек,
Ўтдилар шўрлик бошингдан, ўйнатиб шамширларин
Неча қон, неча султон, неча минг хон, ўзбегим.
Қайсари Рум найзасидан бағрида доғ узра, доғ,
Чингиз-у Боту тиғига кўкси қалқон, ўзбегим.
Бинобарин, ўзбек халқи қадимги халқлардан бири бўлиб, унинг тили ва ёзуви ҳам ўзи каби қадимийдир. Маълумотларга кўра, аждодларимиз ён-атрофидаги турли уруғ, қабила, қавм билан бирга милоддан аввал III асрлардан милодимизнинг III – IV асрларигача миххат, оромий, сўғд, хоразм ёзувларидан фойдаланган. V – VIII асрларда Ўрхун ва Энасой этакларида яшаган миллатимиз аждоди VIII аср охирларида ташқи душманлар босқинидан деярли қирилиб кетган. Бироқ бу ёзув ва бу тил намуналари тошбитиклар кўринишида яшаб қолди. Бу тошбитиклар миллатдан нишона бўлиб энг нодир ёдгорлик сифатида табиатнинг турли ҳодисаларини писанд қилмай ўша табиат бағрида гўё шу миллат яшаб қолиши учун ўз тадқиқотчиларини кутиб (XIX асргача) яшириниб қолган. Шоир айтганидек,
Сўйласин Афросиёб-у, сўйласин Ўрхун хати
Кўҳна тарих шодасида битта маржон, ўзбегим
Дарҳақиқат, Ўрхун-Энасой битиктошлари қадим халқимиз ва унинг ёзуви ҳамда тилидан, тарихи ҳамда хусусиятларидан хабар берувчи дастлабки ёзма ёдгорлик сифатида қимматбаҳо манба ҳисобланади.
Ҳудудимиздаги навбатдаги босқин, энди араблар босқини (VIII аср) туфайли халқимиз ижтимоий, сиёсий ҳаётида, турмуш тарзида, маданияти, тили, ёзувида катта ўзгаришлар юз берди. Ҳар бир ҳодисанинг яхши ва ёмон томони бўлганидек, бу босқин туфайли энг охирги ва мукаммал, содда ва енгил, одилона ва оқилона дин – исломдан хабардор бўлдик. Гарчи араблар туфайли халқимиз арабий-форсий ёзувдан фойдаланишган бўлса-да, босқинчилар бу тил – туркий тилни йўқотишолмади.
“…Ҳозирги ўзбек миллати асосини Ўзбекистон ҳудудида туркий халқларнинг қарлуқ тоифасига мансуб бўлган Қорахонийлар (XI аср) давлатининг ўрнатилиши, бу давлатда расмий сарой тили сифатида, Маҳмуд Кошғарий таъбирича, “туркий хоқоний”нинг оммалашиш даврида кўриш мумкин” [1,10].
“Девони луғотит турк” (XI аср) асари билан илк туркий луғат китобини яратишга муваффақ бўлган, ўша даврда биринчи бўлиб туркий халқ ва унинг тили, урф-одатлари, хусусиятларини атрофлича, қиёсий ўрганган биринчи тилшунос олим Маҳмуд Кошғарий шарҳлаб берган тил Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”, Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибат ул-ҳақойиқ”, Хоразмийнинг “Муҳаббатнома” каби асарларда ўз аксини топган. Мазкур асарлар арабий ва уйғур ёзувида битилган. Гарчи, Ўрта Осиё халқлари XIII асрдан XIV aсрнинг иккинчи ярмигача мўғуллар асоратида бўлган бўлса-да, гарчи, халқимиз неча минг йил араб ёзувидан фойдаланган бўлса-да, бу миллатни, бу тилни, бу халқни ҳеч ким, ҳеч қандай куч енголмади, йўқотолмади.
Бинобарин, ўн икки аср араб ёзуви истеъмолда бўлиб, бизнинг энг сара мумтоз асарларимиз, маданиятимизнинг, маънавиятимизнинг нодир манбалари шу ёзувда яратилган. Ибн Сино, Форобий, Беруний, ал-Хоразмий, Саккокий, Атоий, Лутфий, миллат қуёши – Навоий, Бобур, Машраб, Сўфи Оллоёр, Увайсий-ю Нодира, Мунис, Огаҳий, Муқимий, Фурқат каби аллома-ю ижодкорларимиз араб ёзувида, бироқ туркий тилда қалам тебратган. Навоийгача ва Навоий даврида ҳам кўпгина шарқ мамлакатлари орасида араб тили илм-фан тили сифатида, шу қаторда, форс-тожик тили расмий давлат тили, туркий тил эса сўзлашув тили сифатида қўлланди [ 2, 12-13-б]. Хуросон ва Мовароуннаҳрда, асосан, форс тили шеър тили, умуман, адабиёт тили сифатида ишлатилди. Ижод аҳлига эса зуллисонайн – икки тилда қалам тебратишга тўғри келди.
Туркий халқ учун, маданиятимиз ва маънавиятимиз учун буюк мутафаккир ва беназир зот ҳазрат Алишер Навоийнинг шу даврда адабиёт майдонига келиши бу миллат учун яратганнинг инояти бўлди. Аллома тилимизни оддий сўзлашув тилидан адабий тил мақомига кўтарди. Туркий тилнинг бошқа тиллардан лексик-грамматик жиҳатдан қолишмаслигини форсий ва туркий тил ўзаро чоғиштирилган “Муҳокамат ул-луғатайн”да назарий жиҳатдан, “Хамса”, “Хазойин ул-маоний” каби назмий, “Тарихи мулки ажам”, “Мезон ул-авзон” сингари тарихий, илмий асарларида амалий жиҳатдан асослаб берди. Навоий ўзи эътироф этганидек, шоирнинг туркий тилимиз учун қилган беназир хизматини қуйидаги мисралар англатган мазмун ҳам тасдиқлаб турибди:
Турк назмида чу мен тортиб алам,
Айладим ул мамлакатни якқалам.
Агар бир қавм, гар юз, йўқса мингдур,
Муайян турк улуси худ менингдур…
Олибмен тахти фармонимға осон,
Черик тортмай Хитодин то Хуросон.
Дарҳақиқат улуғ Навоий туркий тил, маданиятимиз, маънавиятимиз учун, миллатимиз учун ҳам илмий, ҳам амалий қалқон вазифасини ўтаб берди.
Яна бир талотўп – ХХ аср бошида русларнинг босқини сабаб миллатимиз тарихи, ҳаётида яна эврилишлар бошланди. Тақдир тақозоси билан ёзувимиз ўзгарди, урф-одатларимиз, кийинишимиз, давлат бошқаруви ва ҳ. Ўша аср бошларида жамиятни ислоҳ қилиш дастури билан майдонга чиққан миллатпарвар, ватанпарвар алломаларимиз, маърифатли зиёлилар, қалби уйғоқ элимиз вакиллари, моҳир сиёсий арбоблардан ташкил топган жадидлар ва улар томонидан миллат мустақиллиги, тилимиз, ёзувимиз каби масалаларни ҳал қилиш учун тузилган “Чиғатой гурунги” ташкилоти саъй-ҳаракатлари зое кетди, улар ўшанда жонини қурбон қилди, Ватан учун, миллат учун фидо бўлишди. Бироқ, қарийб 90 йиллик мутеликда ҳам биз миллий руҳониятимиз – менталитетимизни, қадриятларимиз, тилимизни, ўзбеклигимизни сақлаб қолишга муваффақ бўлдик, анчагина йўқотишлар ҳисобига бўлса-да. Мана, жадид ҳаракати ва жадид адабиёти вакилларидан бири Абдулла Авлоний тилимиз тўғрисида куйиниб: “Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур. Ҳайҳот! Биз туркистонлилар миллий тилни сақламак бир тарафда турсун кундан-кун унутмак ва йўқотмакдадурмиз. Тилимизнинг ярмига арабий, форсий улангани камлик қилуб, бир четига рус тилини ҳам ёпишдурмакдадурмиз. Дуруст, бизларга ҳукуматимиз бўлғон рус лисонини билмак ҳаёт ва саодатимиз учун ош ва нон каби кераклик нарсадур. Лекин ўз йеринда ишлатмак ва сўзламак лозимдур. Зиғир ёғи солуб мошкичири каби қилуб, аралаш-қуралаш қилмак тилнинг руҳини бузадур” [ 3, 32-б.], деб ёзганида тўла ҳақ эди.
Катта қувонч билан айтиш мумкинки, жадидлар орзу қилган истиқлолга ХХ аср охирида катта йўқотишларсиз, қон тўкишларсиз ҳозирги авлод эришди. Ўз-ўзидан бу биздан қадриятларимизни, жумладан тилимизни қайта тиклаш, чуқур англаш, тараққий қилдириш ҳамда келажакка бутунича етказиш масъулиятини оширади. Асрлар оша босқинлардан, камситишлардан ўтиб омон қололган она тилимизни асраш буюк шараф. Сабаби, “ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғин кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур” (А.Авлоний). Адабиётшунос олим Иброҳим Ғофуров ёзганидек, тил миллатнинг биринчи ҳаққидир. Шу ҳақ ўкситилган бўлса, демак, миллат ўзини ўзи ўкситиб келгандир. Рус олими К.Д. Ушинский таъкидлаганидек, тилдаги ҳар бир сўз, унинг ҳар бир шакли инсон тафаккури ва туйғусининг натижасидир, ўша тафаккур ва туйғулар орқали сўз ёрдамида мамлакат табиати ва халқ тарихи ифода этилган. Дарҳақиқат, тил халқ ҳаёти, тарихи, истак интилишлари билан узвий боғлиқ. Бу улкан хазина ҳар бир халқ, ҳар бир миллат маданиятининг муҳим бир қисмини ташкил этади. Халқнинг донишмандлиги, орзу-умидлари, маънавий даражаси, дунёқараши, руҳий-эстетик олами ўз она тилида, шу тилда яратилган бебаҳо дурдона асарларда акс этади, бадиий адабиёт қалбимизга она тилига меҳр-муҳаббат ва миллий руҳ олиб кириши табиий. Шуни унутмаслик керакки, ёшларимизга энг аввало, она тилимизни пухта ўргатишимиз шарт ва зарур, негаки, ўз миллий тилини қадрламаган, севмаган шахсда ҳеч қачон миллатпарварлик, ватанпарварлик руҳи бўлмайди.
Фойдаланилган адабиётлар:
1. R.Sayfullayeva, B.Mengliyev va b. Hozirgi o’zbek adabiy tili. O’quv qo’llanma. Toshkent – 2009. 10-b.
2. G’.Abdurahmonov va b. O‘zbek tilining tarixiy grammatikasi. Fonetika, morfologiya va sintaksis. T.: O‘zbekiston faylasuflari milliy jamiyati nashriyoti, 2008. 12-13-b.
3. А.Авлоний. Туркий гулистон ёхуд ахлоқ. Тошкент “Ўқитувчи” 1992, 32-б.



