Биз динимизда “авлиёлик тушунчаси” ва “валий инсон” ҳақида изланиш олиб борар эканмиз, уни турли методологик асослар ёрдамида батафсил тадқиқ этишимиз керак бўлади. Зотан биз авлиё сўзини кўп манбаларда учратамиз. Ҳар бир манбада бу сўз ўзига хос услубда ифодаланган ва муайян маъноларни англатади. Шу жумладан Тасаввуфда ҳам. “Авлиёлик”ни тадқиқ этиш жараёнида аввало Ислом динининг асосий манбаи ва илмий-назарий асос бўлган Қуръони Каримга мурожаъат этамиз. Негаки биз ўрганаётган мавзу Ислом дини доирасида бўлиб, бу доиранинг марказида турувчи манба Қуръондир. Шу билан бирга тилшунослик нуқтаи назаридан ҳам бу тушунчани кўриб чиқиш лозим бўлади. Хусусан араб тили грамматикасида, луғатшунослик илмида бу сўзнинг қандай маънолар англатишини ўрганиш, кейинчалик авлиёликни изоҳлаш ва уни тўғри тушунишда бирламчи асос бўлади.
“Авлиё” сўзи араб тилидан олинган бўлиб, “валия” феълидан ясалгандир. Бу феъл: 1) яқин бўлмоқ; 2) қўшилмоқ; 3) бошқармоқ, волийлик қилмоқ; 4) мудирлик қилмоқ, идора қилмоқ каби маъноларни англатади1. Авлиё сўзи “валий” сўзининг кўплик шаклидир. “Валий” сўзи ҳам ўз ўрнида: 1) яқин; 2) туғишган; 3) қариндош; 4) мулкдор, мулк эгаси; 6)васий, ҳомий; 7) валий, авлиё (Аллоҳнинг дўсти) деган маъноларни беради. Биз ўрганаётган “авлиё” тушунчаси мана шу 6-7-маънолардан олинган бўлиб, уни қуйида янада батафсилроқ шарҳлаймиз2.
Юқорида кўриб ўтганимиздек, “авлиё” сўзи ўзига хос маъноларга эга ва яна ҳам хосроқ маънода Қуръони Каримда ҳам келган. Хусусан Анъом сурасининг 121-оятида Аллоҳ шундай дейди: “Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган нарсаларни еманглар. Албатта, бу иш фисқдир. Албатта, шайтонлар ўз дўстларига сизлар билан тортишишни васваса қилурлар. Агар уларга итоат қилсангиз, сизлар ҳам мушриклардан бўлурсизлар”1.
“Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган нарсаларни еманглар”.
Шунингдек, аввал ўтган оятларнинг ҳукмига биноан, аҳли китобларнинг сўйиши ҳам ҳалолдир. Бошқаларини эса, ейиш мутлақо мумкин эмас.
“Албатта, бу иш фисқдир”.
Яъни, Аллоҳнинг номи зикр қилинмай сўйилган ҳайвоннинг гўштини ейиш фисқ, яъни, дин амридан чиқишдир.
“Албатта, шайтонлар ўз дўстларига сизлар билан тортишишни васваса қилурлар”.
Шайтоннинг дўстлари бўлмиш кофир ва мушриклар имконлари борича сизлар билан тортишадилар. Турли масалаларда, жумладан, Аллоҳнинг номи зикр этилмай сўйилган ҳайвонлар гўшти ҳақида ҳам тортишадилар. Сизлар уларнинг гапларига, тортишувларига ҳеч эътибор бермасликларинг керак.
“Агар уларга итоат қилсангиз, сизлар ҳам мушриклардан бўлурсизлар”.
Мана шу оятда “Авлиё” сўзи “дўст” маъносида келган. Яъни “шайтонлар ўз дўстларига” бўлиб келган. Бу ерда Аллоҳ таоло мушрик кимсаларни шайтонларнинг дўстлари деб атамоқда. Ҳудди шу суранинг 128-оятида Аллоҳ шундай дейди: “Уларнинг ҳаммасини тўплайдиган кунда: “Эй жинлар жамоаси, инсдан (адаштирганларингизни) кўпайтирвордингиз?!» дер. Уларнинг инсдан бўлган дўстлари: “Эй Роббимиз, биз бир-биримиздан ҳузур топдик ва бизга белгилаган ажалингга етиб келдик”, дерлар. У Зот: “Қайтар жойингиз дўзахдир. Магар Аллоҳ хоҳласа (қолмайсиз)”, дер. Албатта, Роббинг ҳикматли ва билимли зотдир”1.
Ушбу ояти каримада таъриф этилаётган саҳна қиёмат куни саҳнасидир. У кун оятда:
“Уларнинг ҳаммасини тўплайдиган кун”, деб таърифланяпти. Яъни, Аллоҳ инсу жинларнинг ҳаммасини жамлайдиган кун. Демак, қиёмат куни. Аллоҳ таоло инсларни – одамларни жамлаганидек, жинларни ҳам жамлайди. Шунда кофир жинларга Аллоҳ:
“Эй жинлар жамоаси, инсдан (адаштирганларингизни) кўпайтирвордингиз?!” дер”.
Бу гап жинларга қилган ишлари ҳақида хабар бериш эмас, балки қилган амалларини танқид қилиш, қоралаш учун айтилади. Чунки ўзларининг васвасаси ва иғволарига учган одам болалари кўп эканини жинлар яхши биладилар. Аллоҳ таоло бу гапни жинларга айтган бўлса ҳам, жавобини ўша жинларга эргашган, уларга валий-дўст бўлган одамлар беради:
“Уларнинг инсдан бўлган дўстлари: “Эй Роббимиз, биз бир-биримиздан ҳузур топдик ва бизга белгилаган ажалингга етиб келдик”, дерлар”. Бу ерда ҳам “авлиё” сўзи дўст маъносида келган. “Уларнинг инсдан бўлган дўстлари” шаклида келган. Демак, бу ерда ифодаланган “авлиё” сўзининг “дўст” маъносини бериши икки инсон ўртасидаги муносабатни эмас, балки эргашган ва эргашилганнинг дўст бўлишини назарда тутади. Бундан маълум бўладики, биз бу ерда “авлиё” сўзини икки одам ўртасидаги дўстликка нисбатан ишлатишимиз мумкин эмас. Бу ҳол ва воқелик нуқати назаридан нотўғри бўлади. Дўст деб таржима қилинган сўзни ҳам инсонлараро тушуниладиган дўстлик деб эмас, балки хосроқ маънодаги дўстлик, бир зотнинг иккинчи зотга эргашишидан ҳосил бўладиган дўстлик деб тушунишимиз лозим бўлади. Негаки аслида шайтоннинг одамларга очиқ душман эканлигини Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бот-бот таъкидлаган. Жуда кўп ерларда огоҳлантиришлар келган. Энди бу сўзнинг инсонлар орасидаги муносабатларни ифодалайдиган мисолларга ҳам бир назар таҳшлайлик! Тавба сурасининг 23-оятида шундай дейилган: “Эй иймон келтирганлар! Агар куфрни иймондан устун кўрсалар, ота-онангиз ва ака-укаларингизни дўст тутманг. Сиздан ким уларни дўст тутса, бас, ана ўшалар ўзлари золимлардир”. Ҳатто ота-она ва ака-ука каби дунёдаги энг яқин кишилар бошқа диёнатни танлаган бўлсалар, уларни ҳам дўст тутиб бўлмайди. Яъни, қалбдан яхши кўриш мумкин эмас. Улар билан алоқа, муомалалар бўлаверади, аммо қалб фақат ақида учун холис қолади. Куфрни ихтиёр этган қариндошларни дўст-валий тутиш ширкнинг бир кўринишидир. Шунинг учун бу ишни қилганлар оятда золимлар деб аталмоқдалар. Бу оятда Аллоҳ таоло кофир ҳолдаги ота-оналарни дўст тутиб бўлмаслигини билдирмоқда. Биз юқорида кўриб ўтган оятда авлиё сўзи жинлар ва инсонлар ўртасида эргашиш нуқтаи назаридан ҳосил бўлувчи дўстликни ифодалар эди. Бу оятда эса одамлар ўртасидаги дўстликни ифодаламоқда. Келаси оятда эса баъзи тоифаларнинг баъзи кишиларга дўст бўлишларини ифодалаган ҳолда “авлиё” сўзи қўлланган. Тавба сурасининг 71-оятида шундай дейилган: “Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрурлар, ёмонликдан қайтарурлар, намозни тўкис адо этурлар, закотни берурлар ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилурлар. Ана ўшаларга Аллоҳ тезда раҳм қилур. Албатта, Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли зотдир.
Бу васфлардан аввалги оятларда мунофиқлар ҳақида маълумотлар келган. Ўша оятларда мунофиқларнинг бир хил эканликлари, улар доимо бир-бирларига ўхшашлари таъкидланган бўлса, бу оятда мўминларнинг ўзаро дўст-валий эканликлари айтилмоқда.


