ёхуд Нажмиддин Комилов ёққан илм чироғи
Филология фанлари доктори, профессор Нажмиддин Комилов (1937-2015) ўзбек илмига салмоқли ҳисса қўшган ҳассос олимдир. Дастлаб у илмий изланишларини таржима ва қиёсий адабиётшунослик, таржима тарихининг назарий масалаларига бағишлади. Матншунослик ва адабий жанрлар тараққиёти билан боғлиқ масалаларни ўрганди. Сўнгра олим ўз тадқиқотларини кам ўрганилган тасаввуф таълимотига йўналтирди.
Ўрта асрларда Марказий Осиёда тасаввуф, сўфийлик – инсонни руҳий ва ахлоқий жиҳатдан покловчи, жисмини ва руҳини тарбияловчи таълимот сифатида юзага келди. Тасаввуфнинг туб илдизлари Ислом дини арконларига тақалиб, у тариқат, маърифат ва ҳақиқат босқичларидан иборат бўлган. У Комил инсон шахсини шакллантириш йўлидаги ғоя ва саъй-ҳаракатларни ўз ичига қамрайди. Таълимотнинг назарий томонлари билан биргаликда, руҳий-психологик машқлари, ўз-ўзини тарбиялаш ва чиниқтириш каби амалий тадбир-усуллари шаклланган.
Айнан тасаввуф тарихи, унинг асосий йўналишлари ва тушунчалари Н.Комиловнинг диққат марказида бўлди. Бу йўналишда у Аҳмад Яссавий, Нажмиддин Кубро, Ибн Арабий, Азизиддин Насафий, Баҳоуддин Нақшбанд қарашларини ўрганди. Улар илгари сурган ғояларнинг моҳиятини очиб берди.
Бу изланишлари маҳсули сифатида «Нажмиддин Кубро» (1995), Тавҳид асрори” (1999), «Тафаккур карвонлари» (1999), «Ислом – маърифат дини» (2000), «Фақр нури порлаган қалб» (2001), «Комил инсон миллат келажаги» (2001), «Хизр чашмаси” (2006), «Тасаввуф» (2009) каби асарлар яралди.
Н.Комилов «Тасаввуф» китобида комил инсон концепциясини қайтадан кашф этади. Устоз «Тасаввуф – инсон камолоти, ахлоқий покланиш ҳақидаги илм»лигини уқдирар экан, инсондаги қарама-қаршиликлар, жаҳолат ва эзгуликнинг орасидаги курашларни шайтоний ва раҳмоний қувватларнинг мавжудлигига боғлайди.
«Инсон учун қайғуриш, унинг маънавий камолотини ўйлаш тасаввуфнинг доимий ўзак масаласи бўлиб келган. Айниқса, инсоннинг ботиний олами, ички зиддиятлари, руҳ ва жисм орасидаги кураш сўфийларни кўп қизиқтирган. Улар инсонда азалий икки қарама-қарши куч-раҳмоний ва шайтоний қувватлар борлигини, инсон Аллоҳнинг бандаси сифатида шайтон қутқусини енгиб, раҳмоний фазилатларга эга бўлиши лозимлигини таъкидлайдилар.» Яъниким, инсон ўзидаги шайтоний қувватларни енга олса, маънан ва руҳан покланиш йўлига тушади.
Тасаввуф олимлари жамиятдаги қарама-қаршиликлар, инсонларнинг ўзаро келишмовчиликлари замирида ҳам раҳмоний ва шайтоний қувватларнинг таъсирини кўради:
«Инсоннинг ҳаётдаги ўрни, жамият бўлиб яшаш тартибларига ҳам шу мавқедан туриб қаралган; чунончи, ижтимоий низолар, уруш-жанжаллар, мулкий тенгсизликнинг туб моҳияти, бош сабабини ҳам тасаввуф инсон табиати ва сийратидан қидиради, инсоннинг ахлоқини тузатишни унинг табиатидаги салбий, ҳайвоний кучларни мавҳ этишдан бошлаш керак, деб тушунтиради».
Олим таъкидлаганидек, сўфийлар қаноатли бўлиш, нафс хоҳишлари билан курашишни комиллик сари босилган қадам деб билишган:
“Тасаввуфчилар инсон табиатидаги салбий кучларни умумий ном билан «нафс» ёки «нафси аммора» деб атадилар ва унга қарши уруш эълон қилдилар. Мол-дунё тўплаш, нафс эҳтиёжига қараб юриш, ҳирсу ҳавас қатъий қораланди, инсонни (демакки, инсониятни ҳам) ноқислик ва фалокатлардан қутқаришнинг бирдан-бир тўғри йўли – нафсни ўлдириб, қаноат билан ҳалол яшаш, руҳ – иродани чиниқтира бориб, инсонда инсонийликни, яъни илоҳийликни тантана эттириш зарур, деб тарғиб қилинди”.
Устоз комилликка интилишни нафснинг салбий истакларидан воз кечиш, руҳий-маънавий юксалиш йўлидаги солиҳ ишларни кўпайтириш, илм ўрганиш ва Аллоҳга чин ибодатда кўради. Ўз нафсоний истаклари билан курашган инсон комиллик сари боради. Олим бундай сифатли (хусусиятли) инсонларга шундай таъриф беради: «Комил инсон инсонлар жамияти ичидан етишиб чиқадиган мўътабар зотдир. У азалдан мартабаси аниқ бўлган руҳ эмас, балки ахлоқий-маънавий покланиш жараёнида камолга эришгандир».
Олим комилликка интилган ва бу мақомга етишган инсондан давлатга ҳам, жамиятга ҳам фақат нафъ келишини қайта-қайта уқтиради: «Комилликнинг олий белгиси Ҳақ йўлидан бориб халққа фойда келтиришдир. Киши ўз сўзи, амалий ишлари, нияти билан қанчалик одамларга нафъ келтирса, ёмонларни туз йўлга солса, Ҳақ йўлида фидо бўлса, у шунча комилдир». Комилликка етишиш жуда машаққатлидир. Аммо, шу мақсадга интилиб яшашнинг ўзи ҳам маънан бой бўлишга, ҳам камолот йўлига тушишга сабабдир.
Н.Комилов ўз даврида сўфийларга руҳий раҳнамо бўлган, Шарқда донг таратган олиму уломоларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. У инсон руҳияти, маънавиятини тарбия қилишда жуда муҳим бўлган Фаридиддин Атторнинг “Илоҳийнома” ва ,,Мантиқ ут-тайр”, Султон Валаднинг “Маориф”, А. Насафийнинг “Зубайдат ул-ҳақойиқ” ва Ҳусайн Воиз Кошифийнинг ,,Футувватномаи Султоний ёхуд жавонмардлар тариқати”, Сайид Муҳаммад Хотамийнинг “Ислом тафаккури тарихидан” асарларини она тилимизга таржима қилди.
“Хизр чашмаси” (2006) асарида Н.Комилов Алишер Навоийнинг ижодини чуқур ўрганиб, тасаввуф ғоясини тадқиқ этди. Уларда тараннум этилган Комил инсон ғоясини таҳлил этади. А.Навоийнинг қатор асарларида комилликка интилганларнинг турли машақатларни енгиши турли образларда гавдалантирилган.
Н.Комилов Алишер Навоий асарларида баён этилган инсонийлик фазилатларини Қаноат, Саҳоват, Маърифат, Адолат тамойиллари асосида тадқиқ этади. Подшоҳлар, амалдорлар фаолиятининг концептуал тизимини яратади: 1) адолат тоат-ибодатдан устун; 2) кофир одил подшо мусулмон золим подшодан афзал; 3) одиллик – бу яхшига, мазлумга ҳамият, ҳимоя бўлса, ёмонга жабрдир; 4) шоҳ боғбон, раият боғ ёки шоҳ чўпон, раият гала, яъни шоҳ раият осойишталигининг посбони, ҳар бир фуқаро ҳаёти учун у Ҳақ олдида жавобгар; 5) шунинг учун шоҳ Ҳақдан қўрқмаса, у одил бўлолмайди, ўлимини ўйламаган подшо золимдир (оқибатни, охиратни ўйламайдиган подшо мамлакат учун фалокатдир, дейди Навоий); 6) зулмга қарши зулм бўлиши шарт, яъни золимга раҳм қилиб бўлмайди, золимга раҳм қилиш – мазлумга жабр қилиш демак; 7) халқ рози – Ҳақ рози.
Ушбу ҳар бир тамойил – аждодларимизнинг неча йиллик билими ва тажрибага асослангандир. Уларнинг ҳар бири бетиним мушоҳада лойиқ. Масалан, «зулмга қарши зулм бўлиши шарт, яъни золимга раҳм қилиб бўлмайди, золимга раҳм қилиш – мазлумга жабр қилиш демак» деганини ўзида қанча маъно-мазмун бор. Золимлик қилган кишига раҳм қилиш жамиятда жаҳолатнинг кўпайишига, мазкур золимликнинг урчишига замин яратади. Демак золим, жиноятчи ўз жазосини олиши керак. Бу тадорик билан аввало зулм кўрган томонга адолат қилинса, иккинчидан бу каби ноҳақликларнинг олди олинади.
Н.Комилов “Жамиятни тузатиш учун, давлатни маънавият нури билан порлатиш учун ҳам аввало шахсни камол топтириш керак”лигини таъкидлар экан, тараққий этган жамиятни маънавиятли, маданиятли кишилар ташкил этишига урғу беради. Ҳақиқатан, маданиятли жамият ўзга юртдан кўчирилмайди ёки уни сохта ғоялар билан ясаб бўлмайди. Уни мамлакатнинг ҳар бир фуқароси ўз ҳаракатлари, ўйлари ва орзулари билан яратади. Ҳа, жамият маънавиятли бўлиши учун ҳар бир инсон маънавиятга, комилликка интилиши керак. Бу биз мақсад қилган фуқаролик жамиятининг унсурларидан бири ҳамдир. Яъни илмли, билимли ва маърифатли инсонларгина тараққий этган жамиятни тузади, унинг онгли аъзоси сифатида яшайди, мавжуд бўлади.
Устоз назмда ҳам қалам тебратиб, туйғуларини оқ қоғозга дурдек сочган. Нажмиддин Комил тахаллуси билан битилган шеърлар сўфиёна тарзда чуқур мазмун-маъноларда йўғрилган. Аксар рубоийлар ўтмишдаги буюк шоирларга назира (татаббуъ) тарзида ёзилган. Шеърий мисралар асосан форсий тилда битилган.
Бир қатраман, ичимда минг тўфоним бор,
Бир зарраману унда ниҳон жаҳоним бор.
Жаннат нуридан бошда қуёшим порлоқ,
Руҳул Қудсдан қалбимда иймоним бор. (Зариф Султон таржимаси)
Ўта камтарлигидан ўзини томчига қиёслаган олим ичида минглаган тўфон борлигини уқтиради. Томчида тўфоннинг кучи… Аслида тўфонлар томчилардан яралади. «Жаннат нуридан порлоқ қуёши бор» олимнинг «руҳул Қудсдан иймони бор»лиги томчидаги тўфоннинг қудратидир.
Инсон ҳаётида ғам ва шодлик баравар яшайди. Қалб шодликка қанчалик тўйинса-да, дилининг бир четида ғам яширин. Бу ғамлар туғилажак шеърларда, ёзилажак ғояларга туркидир. Устоз буни шундай ифодалайди:
Бир менму, бу олам аламин чеккан,
Озурда дили ғам тиғига тегган?
Шодлик гули унган ҳар инсон дилига,
Бу чарх минг ғусса уруғин эккан. (Зариф Султон таржимаси)
Беназир шеърий сатрларидан муаллифнинг қанчалик ориф, маърифатли ва қалбан сўфий бўлганини англаш қийинмас.
Бу оламда не камим бор?
Адоғи йўқ бир ғамим бор.
Агар бир лаҳза шодлансам,
Дағи юз бор аламим бор.
Туним маҳзун кунимдан ҳам,
Тонгла оқшом ситамим бор.
Агар бор давлатим шудир,
Нечун бу кўзда намим бор?
Устоз ўз илмига амал қилган нодир ва бетакрор шахс бўлган. Қуйидаги шеърлар буни такрор исбот қилади:
…Руҳим топсин ором, ҳаловат,
Иймонимни сақлаб саломат,
Аллоҳим деб умрим ўтказсам,
Омонатни Сенга етказсам… (Зариф Султон таржимаси)
Ўз илмий ва ижодий фаолиятида доим покликка интилган, устозлари, яқинлари, шогирду дўстларига софдил муносабатда бўлган олим ўз тақдиридан рози бўлиб ёзади:
Тақдир, сендан розиман ақл-ҳуш берганинг учун,
Ҳаётда муносиб тенг-тўш берганинг учун.
Имонли, идрокли одамлар раҳнамо бўлиб,
Серғулу юрак, кўп юмуш берганинг учун.
Профессор Н.Комилов қатор нуфусли ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатган. Ўзбекистон Миллий университети(ТошДУ), Тошкент давлат шарқшунослик институтида талабаларга сабоқ берган. Президент девонида консултант, Давлат ва жамият қурилиши Академиясида проректор, Марказий сайлов комиссияси раиси каби масъул лавозимларда ишлаган.
Ҳамиша эзгу юмушлар бошида юрган, юзлаган шогирдларнинг устози бўлган Нажмиддин ака ёзган китоблари, таржималари, илмий тадқиқотларининг маънавий, илмий салоҳияти шунчалик залворлики, булар яна юзлаган илмий изланишларга, диссертацияларга мавзу бўла олади.
Умида ХУДОЙБЕРГАНОВА,
журналист
МАНБА: «Hurriyat» газетаси, 23 сентябр, 2025 йил



