ҚУРЪОНИ КАРИМДА ЖОНИВОРЛАР ТАЪРИФИ

Азизхўжа Хайруллаевич Иноятов

«Чор Бакр» масжиди имом-хатиби

Исломшунослик фанлари бўйича PhD, доцент,

Баҳоуддин Нақшбанд илмийтадқиқот маркази директори

Аннотация. Мақолада Қуръони Каримда зикр этилган жониворлар ва уларнинг маънавий, ахлоқий ва рамзий маънолари таҳлил қилинади. Қуръонда жониворлар турли мақсадларда – ибрат, ўргатиш, таҳдид ёки мисол сифатида келтирилган. Мақолада айниқса, анкабут (ўргимчак), фил, наҳл (асалари), сигир ва бошқа жониворларнинг Қуръоний таърифлари ва уларнинг инсон ҳаётидаги ўрни ҳақида сўз боради. Шунингдек, жониворлар орқали Аллоҳнинг қудрати, ҳикмати ва яратувчилик сири очиб берилади. Мақолада жониворларга бағишланган оятлар маъно жиҳатидан таҳлил этилиб, уларнинг илоҳий таълимотдаги ўрни ёритилади.

Калит сўзлар: жонивор, жонзот, ҳайвон, асалари, чумоли, туя, ит, маймун, бақа, кўршапалак, оят, ибрат, ҳикмат, эшак, хачир, от, ўргимчак, балиқ

Кириш. Қуръони Карим – фақат инсонлар учун эмас, балки барча махлуқотларнинг яратилиши, мақсади ва улар орқали ибрат олиш ҳақида маълумот берадиган Илоҳий китобдир. Унда жониворлар, қушлар, ҳайвонлар, ҳатто ҳашаротлар ҳақида турли сура ва оятларда эслатиб ўтилган. Жониворлар фақат ризқ манбаи ёки меҳнат воситаси сифатида эмас, балки илоҳий ҳикмат ва кучнинг белгиси сифатида баён қилинган. Жониворлар Аллоҳнинг куч-қудратига далилдир.

Таҳлил ва натижалар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда жониворларни ўзининг оятларидан бири сифатида зикр этади. Уларнинг хилма-хиллиги, ранги, тури ва табиатдаги вазифаси инсонни тафаккурга ундайди. Масалан, улар инсон манфаати учун яратилгани борасида шундай дейилади: «У яна сизлар учун иссиқ (кийим) ва (турли) манфаатлар бўлсин, деб, чорва молларини ҳам яратди ва улардан тановул ҳам қилурсиз. Яна сизлар учун уларда кечқурун (ўтлоқдан) қайтаётган ва тонгда (ўтлоққа) кетаётган пайтида гўзал манзара пайдо бўлур. Шунингдек, улар (мазкур ҳайвонлар) сизлар жонларингизни қийнаб етадиган юртларга юкларингизни кўтариб борур. Албатта, Раббингиз меҳрибон ва раҳмлидир. У яна минишингиз учун ва зийнат сифатида отлар, хачирлар ва эшакларни (яратди). Яна сизлар (ҳали) билмайдиган нарсаларни ҳам яратур»[1].

Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ бу оятларни ҳайвонлар инсонга хизмат қилиши Аллоҳнинг раҳмати ва инсониятга бўлган эҳтиёткорлиги сифатида баён қилади.

Қуръони каримда ҳатто жониворларнинг Аллоҳга тасбеҳ айтиши зикр этилганига гувоҳ бўламиз. Бу эса уларнинг ҳам маънавий ҳаёти борлигини кўрсатади: «(Эй, Муҳаммад!) Аллоҳга осмонлар ва Ердаги бор жонзот, саф тортган қушлар ҳам тасбеҳ айтишларини кўрмадингизми? Ҳар бири ўз дуо ва тасбеҳини билур. Аллоҳ эса, уларнинг қилаётган (барча) ишларини билувчидир»[2].

Тафсири Жалолайнда айтилишича, бу тасбеҳ инсонларга хос бўлган сўз билан эмас, балки уларнинг фитрати, ҳаракати ва табиий вазифаси орқали бўлади.

Қуръони каримда баъзи суралар жониворлар номи билан аталган. Бу эса уларнинг муҳимлиги ва ибрат учун келтирилганини кўрсатади. Бақара (сигир), Наҳл (Асалари), Анкабут (ўргимчак), Намл (чумоли) ва Фил суралари шулар жумласидандир.

Қуръони каримда бир қанча жониворлар зикр этилган бўлиб, биз бу ўринда уларнинг айримлари тўғрисида тўхтаб ўтамиз:

Ҳудҳуд ҳақида шундай дейилган: “У (Сулаймон а.с.)қушларни кўздан кечириб: «Нега мен ҳудҳудни кўрмаяпман, балки у (берухсат) ғойиб бўлувчилардандир?! деди”[3];

Бедана ҳақида шундай дейилган: “Аллоҳ: «Эй, Исроил авлоди! Биз сизларга душманингиздан нажот бердик ва сизларга (Мусога Таврот нозил қилиш учун) Тур (тоғи)нинг ўнг томонини ваъдалашдик ва сизларга ширинлик ва беданалар ёғдирдик”, деди”[4];

Қарға ҳақида шундай дейилган: “Шундан сўнг, Аллоҳ унга биродари мурдасини қандай кўмишни кўрсатиш учун ерни кавловчи бир қарғани юборди. «Ҳолимга вой! Наҳот шу қарғачалик бўлишдан ожиз бўлсам? (Мен ҳам) биродарим жасадини (тупроққа) кўма қолай», деди. Шундай қилиб (у) пушаймон қилувчилардан бўлиб қолди[5];

Асалари ҳақида шундай дейилган: (Эй, Муҳаммад!) Раббингиз асалариларга ваҳий (буйруқ)қилди: «Тоғларга, дарахтларга ва (одамлар) барпо қиладиган нарсаларга ин қурингиз[6];

Кўршапалак ҳақида шундай дейилган: “У куни одамлар тўзитиб юборилган кўршапалаклар каби бўлурлар”[7];

Чивин ҳақида шундай дейилган: “Аллоҳ чивин, балки ундан ҳам «юқори» нарсалар ҳақида зарбулмасал айтишдан уялмайди. Иймонли кишилар-ку, уни (масални)ҳақиқатан ўзларининг Рабби томонидан (юборилган) ҳақ нарса деб биладилар”[8];

Пашша ҳақида шундай дейилган: “Эй, инсонлар! (Сизларга) зарбулмасал қилинди. Бас, унга қулоқ тутингиз! Аниқки, сизлар Аллоҳни қўйиб, сиғинаётган нарсаларингизнинг барчаси бирлашганда ҳам, бир пашшани ярата олмаслар, агар пашша улардан бирор нарсани тортиб олса, уни ундан айириб ололмаслар. Талаб қилувчи ҳам, талаб этилувчи (бутлар)ҳам заифлик қилурлар[9];

Чигиртка ҳақида шундай дейилган: “(Улар) кўзлари   (қўрқувдан)қуйига боққан ҳолларида, гўё тўзиган чигирткалар каби қабрларидан чиқиб келурлар[10];

Бит ва бақа ҳақида шундай дейилган: “Шундан кейин улар устига тўфон, чигиртка, бит, бақалар ва қон (балолари)ни аниқ мўъжизалар сифатида юбордик. (Шундан) сўнг (ҳам улар) кибр қилдилар. (Улар олдиндан) жиноятчилар қавми эди[11];

Чумоли ҳақида шундай дейилган: “То улар чумолилар водийсига етганларида, бир чумоли: «Эй, чумолилар! Уяларингизга кирингиз, яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни эзиб кетмасинлар!» деди”[12];

Ўргимчак ҳақида шундай дейилган: “Аллоҳдан ўзгаларни дўст тутган кимсаларнинг мисоли худди ин қуриб олган ўргимчакка ўхшайди. Зотан, инларнинг энг нимжони, албатта, ўргимчак инидир, агар билсалар”[13];

Наҳанг балиқ ҳақида шундай дейилган: “Бас, маломатга қолган ҳолида уни бир наҳанг балиқ ютиб юборди. Бас, агар у (Аллоҳга доимо) тасбеҳ айтувчилардан бўлмаганида, албатта, у (балиқ)қорнида, то (одамлар)қайта тириладиган кунларигача (қиёматгача), қолиб кетган бўлур эди[14];

Қўй ҳақида шундай дейилган: (Уларнинг бири:) «Дарвоқе, мана бу менинг биродарим, унинг тўқсон тўққиз совлиқ қўйи бор, менинг эса биргина совлиғим бордир», (деди)[15];

Эчки ҳақида шундай дейилган: “Саккиз жуфт (ҳайвонлар)қўйдан икки (жинс) ва эчкидан (икки жинс)ни (яратди)[16];

Сигир ҳақида шундай дейилган: “Эсланг, Мусо ўз қавмига: «Аллоҳ сизларни (бирор) сигир сўйишга буюрди», – деганида, улар: «Бизни истеҳзога тутяпсанми?» дедилар. (Мусо:) «Жоҳиллардан бўлиб қолишимдан мени Аллоҳ асрасин!» (деди)[17];

Туя ҳақида шундай дейилган: “Ахир, улар туяларнинг қандай яратилганига қарамайдиларми?![18];

От ҳақида шундай дейилган: Қасамёд этаман пишқириб чопадиган, (чопганда туёқларидан) чақмоқ чақнатадиган, тонг пайтида (ёв сари) бостириб борадиган, бас, ўша пайтда (ортида) чанг қолдирадиган, шу (чанг) билан (душман) жамоасининг ўртасига кириб борадиган (от)лар биланки, ҳақиқатан, (кофир бўлган) инсон Парвардигори (ато этган неъматлар)га ношукурдир!”[19];

Хачир ва эшак ҳақида шундай дейилган: “У яна минишингиз учун ва зийнат сифатида отлар, хачирлар ва эшакларни (яратди). Яна, сизлар (ҳали) билмайдиган нарсаларни ҳам яратур[20];

Чўчқа ҳақида шундай дейилган: “У сизларга ўлимтик, қон, чўчқа гўшти ва Аллоҳдан ўзгага атаб сўйилган нарсаларни (истеъмол қилишни қатъий) ҳаром қилди. Аммо, зулмкор ва тажовузкор бўлмаган ҳолда, заруратан, мажбур бўлса (очликтанглиги юзасидан тановул қилса), унга гуноҳ йўқдир. Дарҳақиқат, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир[21];

Фил ҳақида шундай дейилган: (Эй, Муҳаммад!) Раббингиз «фил эгалари»ни не қилганини кўрмадингизми?[22];

Бўри ҳақида шундай дейилган: (Яъқуб:) «Уни олиб кетишингиз мени жуда ташвишлантираяпти, сизлар ундан ғафлатда бўлган чоғингизда (ногоҳ) уни бўри еб кетишидан қўрқаман», деди”[23];

Ит ҳақида шундай дейилган: Уларнинг ити эса, остонада икки олд оёқларини узатиб ётур. Агар уларни кўриб қолсангиз, даҳшатга тушиб, улардан юз ўгириб қочиб кетган бўлур эдингиз[24];

Маймун ҳақида шундай дейилган: Шанба (куни)да сизлардан тажовуз қилганларни билдингиз. Биз уларга: «Қадрсиз маймунларга айланингиз!» – дедик[25];

Аждаҳо ҳақида шундай дейилган: (Мусо) асосини ташлаган эди, бирданига у чин аждаҳога айланди[26].

Буларнинг барида ҳикмат мужассам, бирортаси бекорга зикр қилинмаган. Биргина Ҳудҳуд воқеасига назар ташлайдиган бўлсак, унда бу қушнинг ақллилиги ва вазифаси орқали Қуръондаги жониворлар оддий ҳайвон эмас, балки вазифа бажарувчи жонзотлар сифатида кўрилади. Унда Сулаймон алайҳиссалом қушларни кўздан кечириб, Ҳудҳудни топа олмагани, уни берухсат ғоиб бўлибди деб ўйлагани, аниқ ҳужжат-исбот келтирмаса, уни қаттиқ азоб билан жазолаши ёки сўйиб юборишини айтгани, сўнг Ҳудҳуд келиб Сабаъ шаҳри маликаси ва унинг қавми Аллоҳни қўйиб, қуёшга сажда қилаётганини кўрганини айтгани, Сулаймон алайҳиссалом унинг ростгўй ёки ёлғончи эканини аниқлаш мақсадида битта мактуб ёзиб бергани, буни маликага олиб бориб бериб, уларни четдан кузатиш ҳақида топшириқ юклагани, Ҳудҳуд мактубни айтилганидек малика Билқисни қўлига топширгани, Билқис уни ўқиб кўргани тўғрисидаги ажойиб, ибратли воқеага гувоҳ бўламиз.

Фахриддин Розий бу оятни: “Бу ерда жонзотлар орасида ақл, ҳис ва Аллоҳнинг буйруғини бажариш қобилияти бор экани исбот бўлади”, деб тафсир қилган.

Жониворлар инсон каби умматлиги борасида шундай дейилади: «Ердаги бирор жонивор ва бирор икки қаноти билан учадиган парранда йўқки, (улар ҳам) сизлар каби умматлар бўлмасалар…»[27]

Имом Қуртубий тафсирида таъкидланишича, жонзотлар ҳам бир-бири билан уюшган ҳолда яшайди, уларнинг ҳам ўз ҳуқуқлари, феълу одатлари бор. Инсон буни ўрганиши, ҳурмат қилиши лозим.

Хулоса ва таклифлар. Албатта, Қуръонда жониворлар ҳақидаги маълумотлар ниҳоятда бисёр. Жониворлар Қуръонда турли мақсадларда зикр қилинган: ибрат, ҳикмат, сабоқ, ўрнак, таълим, қиёс, одоб, Аллоҳнинг қудрати ва ҳикматини кўрсатиш ёки муайян тарихий воқеалар билан боғлиқ тарзда. Қуръони Каримда жониворлар нафақат дунёвий фойда учун, балки Аллоҳнинг куч-қудратини англатувчи оятлар сифатида тилга олинади. Улар Аллоҳга тасбеҳ айтади, баъзилари пайғамбарларга ёрдамчи бўлади, баъзилари эса инсоният учун ибратдир. Қуръон инсон зотини жониворларга нисбатан шафқатли, одил ва ғамхўр бўлишга, бундан ибрат олишган, ўзига тегишли сабоқ чиқаришга чақиради.

Фойдаланилган адабиётлар

1. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. «Тафсири Ҳилол». Тошкент, 2008.

2. Шайх Абдулазиз Мансур. «Қуръони карим маънолари таржимаси». Тошкент, 2004.

3. Қуръони карим оятлари мазмун-маъносининг ўзбекча изоҳли таржимаси. Таржимонлар: Азизхўжа Иноятов, Ғани Зикриллаев. – Т.: “Hilol-nashr” нашриёти, 2022.

4. Қуръони азим мухтасар тафсири. Шайх Алоуддин Мансур. – Т.: “O‘zbekiston”, 2019.

5. Файзул-Фурқон. Қуръони карим маъноларининг изоҳли таржимаси. Таржимон: Мирзо Кенжабек. – Т.: “Irfonnashr” нашриёти, 2024.


[1] Наҳл сураси, 5–8-оятлар.

[2] Нур сураси, 41-оят.

[3] Намл сураси, 20-оят.

[4] Тоҳо сураси, 80-оят.

[5] Намл сураси, 31-оят.

[6] Наҳл сураси, 68-оят.

[7] Қориа сураси, 4-оят.

[8] Бақара сураси, 26-оят.

[9] Ҳаж сураси, 73-оят.

[10] Қамар сураси, 7-оят.

[11] Аъроф сураси, 133-оят.

[12] Намл сураси, 18-оят.

[13] Анкабут сураси, 41-оят.

[14] Соффот сураси, 142-144-оятлар.

[15] Сод сураси, 23-оят.

[16] Аъном сураси, 143-оят.

[17] Бақара сураси, 67-оят.

[18] Ғошия сураси, 17-оят.

[19] Одиёт сураси, 1-6-оят.

[20] Наҳл сураси, 8-оят.

[21] Бақара сураси, 173-оят.

[22] Фил сураси, 1-оят.

[23] Юсуф сураси, 13-оят.

[24] Каҳф сураси, 18-оят.

[25] Бақара сураси, 65-оят.

[26] Шуаро сураси, 32-оят.

[27] Анъом сураси, 38-оят.

Scroll to Top