Ахмедов Ахтам Баҳоудддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказмнинг бош илмий ходими
Аннотация: Мақолада Бухоро давлат музей-қўриқхонаси фондида сақланаётган “Равзат ус-соликин” номли қадимий қўлёзма ҳақида, унинг сарлавҳалар мундарижаси яъни қўлёзмадаги басмала, ҳамду сано, муножотдан бошлаб, колофондаги матнларгача қисмида нималар акс этганлиги ҳақида қисқача маълумот берилган. Шунингдек, мақолада тасаввуф ва баъзи мутасаввуфларга доир қимматли маълумотлар ривоят, ҳикоя тарзида назм ва насрда баён қилинганлиги, Нақшбандийлик тариқатини эътироф этиб, сохта тариқатчилик, ғояларига жуда кескин фикрлар қўллангани ҳақида ҳам баён қилинди. Мақолада нафақат матний жиҳатдан балки қўлёзмага хос кодикологик жиҳатдан ҳам маълумот беришга ҳаракат қилинди. Қўлёзманинг хос хусусияти ҳақида гап кетганда хаттотлар ва уларнинг матн кўчиришдаги услублари ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.
Аннотация:В статье предпринята попытка предоставить краткую информацию о древней рукописи «Равзатус Салыкин», хранящейся в Бухарском государственном музее-заповеднике, и о том, что отражено в её заголовках, то есть от басмалы, гимнов и молитв в рукописи до текстов в колофоне. Также отмечается, что ценные сведения о суфизме и некоторых суфиях изложены в стихах и прозе в форме повествований и рассказов, а также что орден Накшбанди признан, и его идеи подвергаются весьма суровой критике. В статье предпринята попытка предоставить информацию не только о тексте, но и о кодикологии, характерной для данной рукописи. Рассказывая об особенностях рукописи, автор также пытается предоставить информацию о каллиграфах и их методах копирования текста.
Abstract: This article provides a brief overview of the ancient manuscript titled «Rawzat al-Salikin» preserved in the collection of the Bukhara State Museum-Reserve. It discusses the structure of the manuscript, including its titles and content, starting from the basmala (), praises, and supplications, all the way to the colophon. The article highlights the presence of valuable information related to Sufism and certain Sufi figures, presented in both prose and poetic forms through stories and narratives. It also emphasizes the recognition of the Naqshbandi order while expressing strong criticism of false Sufi movements and ideologies.
In addition to textual analysis, the article attempts to present codicological features specific to the manuscript. When discussing the unique aspects of the manuscript, attention is given to the calligraphers and their stylistic approaches to copying texts. This publication is intended for researchers in the fields of history, Sufism, Islamic studies, philology, textual studies, and source studies.
Tayanch so‘zlar: Ёзма ёдгорлик, мақсадли свқлаш, тафсир, ҳадис, кодикологик жиҳатдан, Равзат ус–соликин, қўлёзма, манба, илоҳий ишқ, ожизлик,калимаи қудсия, таълиф этган, тариқат йўллари, яшнайди, яйрайди, қуруқ, қалби очиқ, колофон, челепо, қия, Мир Араб мадрасаси, қўлёзманинг муқоваси, сарлавҳалар, туркий жумлалар, манбашунослар, матншунослик
Klyuchevыe slova: Ключевые слова: Письменный памятник, целенаправленное чтение, комментарий, хадис, кодикологически, Равзат ус-салыкин, редкая рукопись, источник, божественная любовь, слабость, святое слово, автор, пути пути, века, развороты, сухой, открытое сердце, колофон, хелеп, кийа, медресе Мир Араб, обложка рукописи, заголовки, турецкие предложения, исследователи источников, текстология
Keywords: Manuscript monument, purposeful preservation, tafsir (Qur’anic exegesis), hadith, codicological aspect, Rawzat al-Salikin, rare manuscript, source, divine love, humility, kalimat al-qudsiyya (sacred phrase), authored by, Sufi paths, flourishes, spreads, barren, open-hearted, colophon, chelepo (binding string or knot), slanted (writing), Mir Arab Madrasa, manuscript cover, titles, Turkic phrases, source researchers, textual studies.
КИРИШ
Ҳукуматимизнинг ёзма ёдгорликларни бир жойга тўплаш, уларни мақсадли сақлаш ва илмий ўрганиб, кейинги авлодларга етказиш борасида қилаётган ғамхўрлиги туфайли Бухоро давлат музей-қўриқхонаси фондида турли даврлардаги турфа соҳаларни ўзида қамраб олган кўплаб қўлёзма ва тошбосма манбалар сақланиб келинмоқда.
АДАБИЁТЛАР ТАҲЛИЛИ ВА МЕТОДЛАР
Бухоро давлат музей-қўриқхона фондида тафсир, ҳадис, ақоид – калом, фиқҳ (ислом ҳуқуқшунослиги), табобат, тарих, адабиёт ва бошқа соҳалардаги асарлар сингари тасаввуф илмига оид ва шу илм билан шуғулланган мутасаввуфлар ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақида маълумот берувчи мўътабар асарлар ҳам мавжуд.
Ана шундай кўҳна ёзма ёдгорликлар орасида ўзининг қадимийлиги, унвонининг жуда бежиримлиги, хатининг гўзаллиги ва бошқа кодикологик жиҳатдан ўзга қўлёзмалардан ажралиб турувчи манбалардан бири Али ибн Маҳмуд ал Абивардий ал- Куроний (ХV–XVI аср) нинг тасаввуфга оид “Равзат ус-соликин” (“Соликлар боғи”) асари нодир қўлёзма манба сифатида аҳамиятлидир.
НАТИЖАЛАР
Қўлёзма 1.б варақдан бошланган бўлиб, айнан мана шу варақда бадиий безаклик гўзал унвони мавжуд. Қўлёзма қуйидаги жумлалар билан бошланган:
انجا كه كمال كبرياى تو بود. عالم هم از بحر عطاى تو بود.
مارا چه حد حمد و ثناى تو بود. هم حمد و ثناى تو سزاى تو بود
Онжо ки, камоли кибриёи ту буд, олам ҳам аз баҳри атойи ту буд.
Моро чи ҳад ҳамду санои ту буд, ҳам ҳамду санойи ту сазойи ту буд
Таржима:
Буюклик ва комиллик фақат Сенга хосдир, бутун олам Сенинг иноятинг ва фазлинг туфайли мавжуд бўлган.
Биз (инсонлар), бу қадар буюк илоҳий қудратинг олдида Сени мадҳ этишга қандай ҳаққа эгамиз?
Ҳамду санога фақат Сенинг ўзинггина лойиқсан.
Ушбу байтлар Аллоҳнинг илоҳий қудратини ва инсонни унинг олдидаги ожизлигини кўрсатади. Муаллиф бундай жумлалар билан аввал Аллоҳни улуғлаб, унинг қудрати олдида бутун борлиқу инсоният ожизлигини эътироф этиб, хокисорлик, ўзига хос услуб билан китобни ёзишга киришганлигини кўришимиз мумкин.
Бу жумлалардан сўнг китоб муаллифи Али бин Маҳмуд ал-Абивардий ал-Куроний Аллоҳ таъало уни суюкли пайғамбари ― ҳабибига итоатда бўлиб эргашувчилардан қилиб неъматлантирганидан, уни расулининг ҳурмати билан мана шу йўлда собитқадам қилиб қўйганидан Аллоҳга чексиз ҳамду саносини ва Расулуллоҳ с.а.в. га бениҳоя саловоту-саломларини айтиш билан давом эттиради.
Сўнгра ушбу асарда Хўжа Абдулхолиқ Ғиждувоний, Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд ва уларнинг издошларидан баъзиларнинг Калимайи қудсия (муқаддас калима) ларидан келтирилганлиги ҳақида сўз юритилиб, “Садоқатли толиблар ва ҳаққа эргашувчи муридлар ушбу Калимайи қудсиялардан баҳраманд бўлсинлар. Чунки, толиблар ва соликлар ушбу асардаги Калимайи қудсияларни мутолаа қилсалар жуда фойдали ва самаралари беҳисобдир”,- дейилади.
Муаллиф сўзининг давомида: “Ушбу асарни мутолаа қилувчи яхши хулқ эгалари (хушхулқ инсонлар) дан илтимосимиз шулки, асарни мутолаа қилганларидан сўнг ушбу асар (маълумотлари) ни жамланишига сабабчи бўлган ва китобни таълиф этган (ёзган) кишини ҳақига ҳам дуойи хайр қилишларини умид қиламиз”,-дея асарни ўқиган кишилардан дуо умидида эканликларини ёзадилар. Қўлёзмалар билан ишлаш асносида одатда дуодан умидворлик истакларини кўпгина қўлёзмаларнинг колофон қисмларида акс этганлигига гувоҳ бўлганмиз. Аммо, ушбу қўлёзмада асарнинг бошида қўлланилиши бу ҳам муаллифнинг ўзига хос ёндошуви ва услуби мавжудлигидан дарак беради.
МУҲОКАМА
Асарнинг асосий қисми қизил сиёҳда ажратиб кўчирилган қуйидаги сарлавҳалар остидаги қисмлардан иборат:
- Абдулхолиқ Ғиждувоний (қаддасаллоҳу рувҳаҳул азиз) ҳақларида, ул зотнинг сийратлари, устозлари ҳақида маълумотлар берилиб, қудсий калимотларидан намуналар келтирилади;
- Хожа Бобойи Самосий (қаддасаллоҳу таъала рувҳаҳу ал–азиз) ҳақларида;
- Ҳазрат Амир Саййид Кулол (қаддасаллоҳу таъала сирраҳул азиз) ҳақларида;
- Хожа Баҳоуддин Нақшбанд (қаддасаллоҳу таъала сирраҳул азиз) ҳақларида ва у киши билан боғлиқ ҳаётларидан вафотларига қадар бўлган баъзи воқеа ва ҳодисалар;
- Ҳазрат Хожа Алоуддин Аттор (қаддасаллоҳу таъала рувҳаҳу) ҳаётлари ва сийратлари ҳақида;
- Хизмати Хожа Муҳаммад Порсо (қаддасаллоҳу таъала рувҳаҳу) яъни Хожа Муҳаммад Порсонинг ҳаёти ва фаолиятлари, укишининг устозлар хизматида бўлишлари;
- Мавлоно Низомиддин Хомуш (қаддасаллоҳу сирраҳул азиз) нинг ҳаёти ва илмий мероси ҳақида;
- Хожа Абдуллоҳ Амомий Исфаҳоний (қаддасаллоҳу таъала рувҳаҳул азиз) ҳақларида;
- Мавлоно Саъдуддин Кошғарий (қаддасаллоҳу таъала рувҳаҳул азиз) ҳақларида;
- Хожа Убайдуллоҳ (қаддасаллоҳу таъала сирраҳул азиз) ҳақларида;
- Ҳазрат Мавлоно Алоуддин ал Абсари (ал-Абрези) ал Қўҳистони[1] (қаддасаллоҳу таъала рувҳаҳул азиз) нинг мақомотлари ҳақида муҳим маълумотлар берилган. Мазкур “Мақомот” нинг ичида “Дар баёни фазилати ишқу муҳаббат” сарловҳаси остида илоҳий ишқ ва унинг фазилати ҳақида назмий ва насрий усулда муҳим маълумотлар;
- Адашганлар ва уларнинг йўлбошчилари ҳақида маълумотлар (Ушбу мақомотда нафақат баъзи шайхлар, пирлар, уларнинг тариқат йўллари, сулуклари, ҳаётлари ва илмий мерослари, кароматлари каби ижобий маълумотлар балки, уларга қарши фикр билдирувчи адашган-залолат аҳли ва уларнинг ёмонликлари ҳақида ҳам маълумотлар берилади);
- Дар зикри баъзи аҳвол ва ҳикоёт ва каромот ва хавориқи одот ки, баъдаз вафоти аз ҳазрати эшон (Ҳазрати Эшоннинг вафотларидан кейинги баъзи ғайри оддий воқеалар, ҳолатлар, кароматлар ва улар ҳақидаги ҳикоялар) хақида маълумот;
- “Тарихи вафоти ҳазрати Махдуми Мавлоно Алоуддин. (Махдуми Мавлоно Алоуддин Муҳаммад бин Муҳаммад бин Мўъмин ал- Қўҳистонийнинг вафотлари тарихи);
- “Дар фазилати ин силсилайи шариф мин соири туруқин ва салосила (Бу улуғвор силсиланинг бошқа силсила ва тариқатлардан фазилатли жиҳатлари ҳақида), “Дар зикри баъзи аҳвол ва ақволи хонаводеи Хожагон ва баёни равиши тариқати эшон қаддасаллоҳу таъала арвоҳаҳум (Хожагон хонадонидаги (силсиласидаги) азизларнинг ҳоллари, сўзлари, равишлари ва уларнинг тариқатлари, хусусан Хожа Баҳоуддин ва у кишининг ёрон (асҳоб) лари, уларнинг юриш туришлари ҳақидаги баъзи ҳолатлар хусусида қимматли маълумотлар;
- Яратганга муножот-дуолар наср ва назмда ифодаланган. Муаллиф Муножотлар сўнгида “Жомиъи мақомот” да келтирилган қуйидаги муножотни ҳам баён қилади: “Худовандо, шундан жуда қўрқаманки, агар бу рисолада Сенинг розилигинг учун эмас, инсониятнинг талаби (эҳтиёжлари) йўлида (уларни розилиги учун) бирор нарса (матн) ёзилган бўлса, бу заифу бемадор бандангни ушбу иши учун азобга олмагин (азобга грифтор қилмагин) ва бандангни ўзингнинг фазлу караминг билан гуноҳини авф эт”.
“Равзат ус-соликин” асарининг колофони келтирилган сўнги варағида муножотдан кейинги ўринда муаллиф:
الحمدُ لله على ذلک فلعنةُ الله على من تصرف في هذه الرسالة و غيرها بحرمة محمد (صعو) و على اله و اصحبه و سلم تسليما كثيرا كثيرا.
“Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин деб шукроналар айтиб, сўнг ушбу рисолани (китобни) ўзиники қилиб (ўзлаштириб), нотўғри талқин қилиб, унга ўзгартириш киритган кимсага Расулуллоҳ[2] ҳурматлари билан[3] Аллоҳнинг лаънати бўлсин”,- деб ушбу асарни нотўғри талқин қилиб, кейинги давр инсонларига ҳам тасаввуфни нотўғри етказиб, кўпгина фитналарга сабаб бўлмасин дея жуда таъсирли сўзлардан фойдаланиб, ўзининг ташвишли омонатли фикрларини ёзиб қолдирган.
Кейинги матнларда муаллиф назм ва насрда қуйидаги ички кечинмаларини ҳам ёзади:
نظم: لك الحمدُ و الشكرُ يا ذا الجلال . كه وصف تمامى گرفت اين مقال
جَعَلَنا اللهُ و اياكُم ممن سعد بطاعته وفازَ بمحبَته انه قريب مجيب والحمدُ لله وحده و السلام على من اتبع الهُدى. و صلى عليه و سلم و على محمد و على اله و اصحابه اجمعين الطيبين و الطاهرين.
Таржимаси:
Эй гўзаллик соҳиби бўлган Парвардигор, Сенга чексиз мақтовлар бўлсинки, ушбу сўз барча сифатларни эгаллаб олди.
Аллоҳ сизу бизни ўзининг тоати билан бахту саодатга эриштириб, ўзининг муҳаббатига ноил қилди. Албатта у (Аллоҳ) бандаларига яқин, уларни дуоларини қабул қилгувчи зотдир. Аллоҳнинг ўзига ҳамду санолар ва ҳидоятга – тўғри йўлга эргашганларга саломлар бўлсин. Расулуллоҳ (с.а.в.), у кишининг оила аъзолари, саҳобалари, яхши ва покиза зотларнинг барчаларига саловот ва саломлар бўлсин.
Қўлёзма колофонини пастки қисмида муаллиф томонидан асл қўлёзма ёзилган санаси сўзларда (матнда) қуйидагича ифодаланган:
“Равзат ус-соликин” номли ушбу шарафли ва табаррук рисола 941ҳ.(1535 йил) шаввол ойининг ўнинчисида ёзиб тугатилди.
Қўлёзманинг юқоридаги колофон яъни тарихча қисмидан сўнг муаллиф бошқа тасаввуфга оид қўлёзмаларда учрамайдиган ноодатий жумлаларни қўллаганини ҳам гувоҳи бўлиш мумкин. Ушбу назмий мисралар колофон қисмидаги уч бурчак кўринишдаги матнларнинг атрофида юқоридан пастга томон кўчирилган ва ушбу мисралар қизил ғуж нуқталар билан ўралган.
Мазкур мисраларда нақшбандийликнинг қадрини эътироф этиб, ушбу таълимотга нописандлик билан ёндашадиган нохолис (ғайр) кимсаларга раддия бериб, қуйидаги жумлаларни ҳам келтириб ўтади:
تو نقش نقشبندانرا چه دانى. تو شكل پيكرجانرا چه دانى
درخت سبز داند قدر باران. تو خُشكى قدر بارانرا چه دانى
Ту нақши нақшбандонро чи дони, ту шакли пайкари жонро чи дони?
Дарахти сабз донад қадри борон, ту хушки, қадри боронро чи дони?
Маъноси:
Сен нақшбандийларнинг нақшини (қадрини) қаердан (ҳам) биласан? Сен бир шаклсан, сувратсан, жон, руҳ қаерда эканлигини қаердан биласан? Улар (нақшбандийлар) Аллоҳни қалбида нақш қилган зотлардир. Яшнаб турган дарахт ёмғирнинг қадрини билади. Чунки ёмғир ёққанда бу дарахт баҳра олади, яшнайди, яйрайди. Сен қуп–қуруқ (кунда) сан, ёмғирни қадрини қаердан биласан? Ҳазрати Нақшбандни ва нақшбандийликни қалби кўр фосиқ инсонлар билмайди, англай олмайди балки, қалби очиқ, қалбида Аллоҳни нақш қилган зотларгина билади ва англайди, деб нақшбандийларни эътироф этган жумлалар ўрин олган.
Колофон қисмининг чап томонида челепо (қия) усулида пастдан юқорига томон кўчирилган матнларда юқоридаги мисраларга ҳамоҳанг қуйидаги матнлар кўчирилган:
سِر غم عشق دردمندان دانند.
نى خوش منشان و خود بسندان دانند.
از نقش تو ان بسوي بى نقش شُدَن
اين نقش غريب نقشبندان دانند
Сири ғами ишқ дардмандон донанд
Не хушманешон ва худ писандон донанд
Аз нақши ту он басуйи бенақш шудан
Ин нақши ғариб Нақшбандон донанд
Маъноси:
Ишқ ғамининг сиру асрорини унинг дардига чалинганларгина биладилар. Ишқ ғамининг сирини шодонлар ва худбинлар ҳаргиз билмаслар. Нақшдан ўша нақшсиз бўлган томонга йўналганлар нақшбандийликнинг бу ғариб (ажойиб) нақшини биладилар[4].
Юқоридаги “Нақш” ва “Нақшсизлик” сўзларини мазмун-моҳятини кўпчилик инсонларнинг тушунишлари қийинлигини инобатга олган ҳолда Гулчеҳра Наврўзованинг “Нақшбанд рубоийлари фалсафаси” номли моногафияларида Абдураҳмон Жомий томонидан “Нақш” ва “Нақшсизлик” сўзларига берилган таърифни келтириш билан кифояландик:
Абдураҳмон Жомийни фикрига кўра, “Нақш” сўзи Аллоҳ томонидан яратилган турли нарсаларни англатувчи нарсадир[5].
Жомий турли бут ва санам-маъбудларга боғланишдан узилиш лозимлигини ва фақатгина нақшсиз бўлган Аллоҳга томон юзланиб, ўшанга томон бориш кераклигини таъкидлайди. У инсонни кўз билан кўрадиган шакллар суратларга боғланишни қоралаб, асл моҳият бўлган Аллоҳга юзланиш кераклигини уқтиради[6].
Колофон қисмининг нақшбандийликни эътироф этиб ёзилган жумлаларнинг пастки қисмида рамка ичида қуйидаги мисралар ёзилган:
اي كه اندر چشمهء شور است جات. تو چه دانى قدر و جيخون و فُرات
Эй ки андар чашмаи шўр аст жот. Ту че дони қадри Жайҳуну Фурот?
Маъноси:
Эй, шўр чашма ичида жойи бўлган киши, (яъни чучук сувдан бебаҳра, илмдан бенасиб қолган, залолатдаги киши, сен Жайҳун ва Фурот дарёсининг қадрини нима биласан.
Мазкур матнларнинг пастки қисмида олдинги матнларга тескари усулда котиб томонидан: Ушбу асарнинг аслига яқин нусхасига таяниб, имконқадар унга муқобил ҳолда (яъни айнан ўшандай кўринишда) ёзиб тугатилди, деган жумлалар ёзилган.
Китобнинг пастки ҳошия қисмида ушбу қўлёзма нусханинг ким томонидан қачон ва қаерда кўчирилгани маълумоти акс этган:
قد تمت كتابة هذه الرسالة الميمونة المباركة على يد اضعف العباد و افقرهم المُحتاج الى رحمة الله الغنى رحمةُ الله ابن امر الله الهروى غفر اللهُ ذُنوبهما و ستر عيوبهما في الشهر المخصوص بعناية الرحمان شهر رمضان في اليوم السَبت الثامن عشر لسنة خمس و اربعين و تسعماية (945ه 1539) في الهجرة النبوية ببلدة فاخرة بخارا صَانَها اللهُ تعالى عن الافات و البليات في مدرسة مير عرب قُدسَ سره
Ушбу муборак рисола (китоб) бандаларнинг энг заифи ва уларнинг энг фақири, ал Ғаний — жуда бой сифатига эга Аллоҳнинг раҳматига муҳтож, (унинг раҳматидан умидвор) Раҳматуллоҳ ибн Амруллоҳ ал Ҳиравийнинг[7] қўли билан Аллоҳнинг хос ойи бўлмиш Рамазон ойининг ўн саккинчиси шанба куни тўққиз юз қирқ бешинчи ҳижрий сана (945ҳ 1539 йил)да Бухоро шаҳридаги[8] Мир Араб[9] мадрасасида Аллоҳнинг инояти билан ёзиб тугатилди.
Китобнинг ўнг томон ҳошиясида: 948ҳ (1541й) сана шаъбон ойининг учинчисида бошқа бир киши томонидан китобга эгалик қилганлигини маълумотини берувчи матн акс этган.
Мазкур қўлёзманинг муқоваси пишиқ картондан бўлиб, яшил рангда, олд ва орқа муқовани бириктирувчи қисми чармдан тайёрланган бўлиб қизил рангда. Муқованинг олд ва орқа томонида 1,8х2,5см катталикда жами тўртта ёзувсиз, безакли кичик турунжи ва 4,3х6 см катталикда жами иккита катта, безакли ўрта нишони мавжуд. Безакли турунж қисми тилларангда. Китобнинг аввали ва охирида кейинги даврларда бир варақдан ялтироқ, шиқилдоқ маҳаллий қоғоз қўшиб елимланган. Матнлар настаълиқ хатида кўчирилган. Асар форс тилида бўлса-да, аммо, оят, ҳадислардан иборат матнлар араб тилида ифодаланган.
Қўлёзманинг 1б варағидан матнлар бошланган. Айнан ана шу варағида гўзал, бадиий безакли унвони ҳам мавжуд.
Қўлёзманинг ҳар бир варағидаги матнлар қизил, кўк ва тиллврангли ингичка чизиқлар билан чегараланган. Қўлёзманинг 1б варағидаги матнлар 10 қаторни ташкил этса, қўлёзманинг асосий қисмидаги матнлар эса, 17 қаторда кўчирилган. Асар матнлари назмий ва насрий услубда бўлиб, назмда ёзилган матнлар икки устунда кўчирилган. Шеър, қитъа ва шу каби назмий шаклда ёзилган матнлар ораси қизил тиғиз (ғуж) нуқталар билан ажратилган. Қўлёзманинг ҳар бир “б” варағидаги энг пастки қисми, чап томонида пойгири ҳам мавжуд[10].
Асосий матнлар қора сиёҳда, сарлавҳалар ва шу каби баъзи муҳим маълумотлар қизил сиёҳда кўчирилган. Назмий қисмларда қаторларни қўшилиб кетмаслиги учун 3 тадан қизил сиёҳли вергулли нуқталар қўйилган.
Ушбу қўлёзмада манашундай ______ матн устида узун чизиқларни ҳам кўп учратамиз. “Равзат ус-соликин” номли ушбу қўлёзма асарнинг асосий матнлари форсий тилида бўлиб, унга қўшимча сифатида арабий ёки туркий жумлалар учраганда, асосий матн тилидан бошқа тилда кўчирилган жумла қўлланганини билдириш учун мана шундай жумла устига қизил (ёки қора) сиёҳда узун чизиқ тортиб қўйиш услуби қўлланилгани кўзга ташланади.
Албатта, ушбу ўрганишдан матншунослик ва манбашунослик соҳаларининг ўша (ХVI аср) даврда ҳам маълум даражада ривожланганини кўришимиз мумкин.
ХУЛОСА
“Равзат ус-соликин” асарининг Бухоро нусхасини ўрганиш жараёнида Республикамиздаги бошқа қўлёзма фондларида ҳам шу номли қўлёзма асарлар борлигини аниқладик. Бу Ўзбекистондаги етакчи фондлардан бири Абу Райхон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида бўлиб, унда № 5417 ашёвий рақам остида сақланаётган 936 ҳ/1530 йилда кўчирилган 235 варақдан иборат 17х11,5 см ўлчамга эга бирта тўлиқ қўлёзмаси ва яна бири № 9316 ашёвий рақам остида сақланаётган нуқсонли нусхаси мавжудлиги аниқланди[11]. Ушбу нуқсонли қўлёзманинг аввалги ва охирги варақлари сақлаб қолинмаган. 216 варақ 16,5х10 см.[12]
5417ашёвий рақам остида сақланаётган мазкур қўлёзма 936 ҳ/1530 йилда кўчирилган. Унинг муқоваси қизил (анор) рангда. Муқованинг турунж қисмида “Амали Абдулқодир Саҳҳоф 1277ҳ (1860-1861йй)” деб ўйиб ёзилган[13]. Бундан шу нарса маълум бўладики, қўлёзманинг муқоваси мавжуд бўлмаганлиги сабабли кейинги даврларда мазкур муқова тайёрланиб, қўлёзманинг кейинги авлодга яхши сақлаган ҳолатда етиб бориши учун замин яратилган.
Абу Райхон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондидаги ушбу қўлёзма билан Бухоро давлат музей қўриқхона фондида сақланаётган қўлёзмани қиёслаганимизда баъзи матний ва кодикологик фарқлар кўзга ташланди. Улар қуйидагилар:
1 Шарқшунослик қўлёзмалар фондидаги қўлёзмада асар қуйидаги арабий жумлалар билан бошланган
الحمدُ لله رب العالمين والعاقبةُ للمتقين و الصلوة والسلام على رسوله محمد وعلى اله واصحابه اجمعين
Бухоро музейи қўлёзма нусхасида эса қуйидаги форсий жумлалар билан бошланган:
انجا كه كمال كبرياى تو بود. عالم هم از بحر عطاى تو بود.
مارا چه حد حمد و ثناى تو بود. هم حمد و ثناى تو سزاى تو بود
2 Шарқшуносликдаги қўлёзманинг турунжида гарчи кейинги даврда бўлсада муқовасоз саҳҳофнинг номи ва муқова қилинган санаси қуйидагича келтирилган:
عمل عبد القادر صحاف. 1277ه“
Амали Абдулқодир Саҳҳоф 1277ҳ(1860 йил)”
Бухоро музейи қўлёзмасининг турунжи эса ёзувлардан холи шаклда шарқона бадиий базак билан безатилган
3. Гарчи қиёсланаётган икки қўлёзманинг кўчирилишида 11 йилга фарқ бўлсада ёзувининг чиройлилиги, ўқиш қулайлиги ва бадиий безакли унвонининг мавжудлиги, қоғозининг сифатлилиги жиҳатидан Бухоро музейи қўлёзмаси ажралиб туради.
Шарқшунослик қўлёзмалар фондида яна шу номли қўлёзма ҳам мавжуд бўлиб, аввалги ва охирги варақлари нуқсонли, муқоваси яшил рангда[14].
Кодикологик таҳлил ушбу қўлёзма асарнинг ўзига хос жиҳатларини очиб беришга имкон берди. Жумладан, асарнинг бир неча қўлёзма нусхалари мавжудлиги ва уларнинг ҳар бирида кодикологик ўзига хослик ва умумийлик мавжудлиги, хаттотлар услуби, ҳар бир нусха алоҳида белгилар билан ва қоғознинг сифати бир-биридан фарқ қилиши кабилар аниқланди. Умуман ушбу қўлёзма асар маънавий мерос ва ёзма ёдгорлик намунаси сифатида баҳоланишга ҳар жиҳатдан лойиқ.
АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ
- Али ибн Маҳмуд ал Абивардий ал Куроний. “Равзат ус соликин”. Бухоро давлат музей-қўриқхонаси қўлёзмалар фонди. 27777/11 инвентар рақамли қўлёзма.
- Али ибн Маҳмуд ал Абивардий ал Куроний. “Равзат ус соликин”. Ўз. ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фонди. 5417 ашёвий рақамли қўлёзма.
- Али ибн Маҳмуд ал Абивардий ал Куроний. “Равзат ус соликин”. Ўз. ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фонди. 9316 ашёвий рақамли қўлёзма.
- Муаллифлар: Шамсуддинхон Зиёуддинхон ўғли Бобохонов, Абдулазиз Мансур.Нақшбандийя тариқатига оид қўлёзмалар фиҳристи. Ўз. ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти Ўзбекистон Республикаси ислом ҳамкорлик фонди. “Мовароуннаҳр” нашриёти. Тошкент. 1993. Б. 60.
- Наврўзова Г.Н. “Нақшбанд рубоийлари фалсафаси”. “Фан” нашриёти. Тошкент. 2025. Б 116, 117
- Тузувчилар: О. Носиров, М. Юсупов, М. Муҳиддинов, Ю. Раҳматуллаев, А. Нишонов. Ан–На’им. Арабча-ўзбекча луғат. Т.: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2003.
- Ҳабибуллаев А. Адабий манбашунослик ва матншунослик. Қисқача курс. Тошкент. 2000.
[1] Тўлиқ номлари Муҳаммад бин Муҳаммад бин Мўмин (ваф. 892ҳ 1487й)
[2] Расулуллоҳ с.а.в, укишининг оила аъзолари ва саҳобаларига кўпдан кўп саломлар бўлсин
[3] Расулуллоҳ с.а.в. ҳақи унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин
[4] “Равзат ус соликин”. Али ибн Маҳмуд ал Абивардий ал Куроний. Бухоро давлат музей-қўриқхонаси қўлёзмалар фонди. 27777/11 инвентар рақамли қўлёзма.
[5] Наврўзова Г.Н. “Нақшбанд рубоийлари фалсафаси”. “Фан” нашриёти. Тошкент. 2025. Б 116, 117
[6] Ўша асар.
[7] غفر الله ذنوبهما و ستر عيوبهما Ғафараллоҳу зунувбаҳума ва сатара ъуйувбаҳума – Аллоҳ у иковларини гуноҳларини кечириб, айбларини яширсин)
[8] صانها الله تعالى Саанаҳаллоҳу таъала – Аллоҳ таъало бу шаҳарни офату балолардан ўзи асрасин
[9] قُدس سره Қуддиса сирруҳу – сирлари муқаддас бўлсин.
[10] Пойгир- ўзидан кейинги саҳифанинг шу сўз билан бошланишини билдириб келувчи сўз бўлиб, ўнг саҳифанинг энг остига, чап томонга жойлаштирилади. (пойгир саҳифаларни дасталаш учун бет рақамлари ўрнига ишлатилади). Манба: А. Ҳабибуллаев. Адабий манбашунослик ва матншунослик. Қисқача курс. Тошкент. 2000.
[11] Нақшбандийя тариқатига оид қўлёзмалар фиҳристи. Муаллифлар: Шамсуддинхон Зиёуддинхон ўғли Бобохонов, Абдулазиз Мансур. Ўз. ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти Ўзбекистон Республикаси ислом ҳамкорлик фонди. “Мовароуннаҳр” нашриёти. Тошкент. 1993. Б. 60.
[12] Ўша асар.
[13] “Равзат ус соликин”. Али ибн Маҳмуд ал Абивардий ал Куроний. Ўз. ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фонди. 5417 ашёвий рақамли қўлёзма.
[14] “Равзат ус соликин”. Али ибн Маҳмуд ал Абивардий ал Куроний. Ўз. ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фонди. 9316 ашёвий рақамли қўлёзма.


