Ахтам Ахмедов – Баҳоуддин Нақшбанд илмий тадқиқот маркази бош илмий ходими
Бухородаги тарихий обидалар мил.ав. IV асрдан то ХХ асрнинг бошларига қадар даврларда қурилган. Шуни таъкидлаш жоизки, Бухорода ўтмишдаги деярли ҳар бир давр (аср) да бунёд этилган тарихий обидалар сақланиб қолинган. Лекин ҳозирги кунда сақланиб қолган тарихий обидаларнинг аксарияти ХV-ХХ асргача бўлган даврлар оралиғида бунёд этилган маданий ёдгорликлардир. Бу даврдаги хонлик ва амирликларда ислом динининг таъсири ва мамлакатни бошқаришда эса, ислом пешволарининг роли катта бўлган. Таъкидлаш жоизки, ўтмишда исломий билмларга эътибор жуда кучли бўлган, барча диний ва дунёвий масалалар фиқҳ (Ислом ҳуқуқшунослиги) фани асосида ечиб берилган. Ибодат масалалари, давлат бошкаруви, қозиларнинг ҳукм чиқариш жараёнлари, ҳаётда учрайдиган турли масалалар исломий қонун-қоидалар асосида ҳал килинган. Давлат бошқарувида исломнинг таъсири кучли бўлганидан кейин инсонлар ўртасида ташвиқот-тарғибот турли йўллар билан бўлган. Мисол учун бинолар пештоқида ва инсон ҳаётида учрайдиган ҳар бир нарсада- уй-рўзғор буюмлари бўладими, заргарлик буюмларими, аёлларнинг ипак кийимларида-ю, эркакларнинг тўнларида, танга-пуллар ёинки маданий меросимиз бўлган биноларнинг деярли барчасида эзгуликка чорловчи оятлар, яхши амаллар қилишга ундовчи ҳадислар, кишиларни ёмон йўллардан қайтарувчи, ибратли ҳикоялару-ҳикматли сўзларни гувоҳи бўламиз.

Аждодларимиз томонидан бунёд этилган ва бизнинг давримизгача ёдгорлик сифатида сақланиб қолган ҳашаматли нақшинкор саройлар, масжидлар, мадрасалар, мақбаралар ва бир-биридан гўзал миноралар ўзбек меъморчилигининг қадим замонлардаёқ юксак даражада ривожланганидан далолат беради.
Ота-боболаримизнинг юксак санъат намуналари бўлган анашу ёдгорликларга диққат билан қаралса, улардаги ранг-баранг, нафис нақшлар орасида жуда моҳирлик билан битилган арабий-форсий ва туркий тилдаги битикларни кўриш мумкин. Биноларнинг улкан пештоқи, девори, шиплари ва эшикларига ўйиб битилган йилномалар, Қуръони карим сураларидан маълум бир сура ёки оятлар, пайғамбар алайҳис саломнинг ҳадислари, ривоятлар ва ҳикматли сўзларни ўша даврнинг қўли гул истеъдодли хаттотлари, сангтарош усталари ёзиб қолдирганлар. Уларнинг аксарияти бугунгача сақланиб қолган ва улар бебаҳо маданий мерос сифатида авайлаб, асраб келинмоқда. Мисол учун Бухоро Аркидаги амир тахтхонаси пештоқида ёзилган ёзувларга бир назар ташланса, унда кишини яхшиликка етакловчи маънодор, пурҳикмат жумлалар ва яратганга қилинган муножотлар ёзилганлигига гувоҳ бўламиз.
Кўринишхонанинг кириш пештоқи XVII асрда қурилган ва оқ, сариқ, кўк тошлар билан безатилган[1]. 1920 йилда бухорода монархияга қарши тўнтариш муносабати билан Аркда ёнғин бошланган, ёнғин 4 кун давом этган, натижада саройнинг кўпчилик қурилмалари кулга айланган. Мазкур пештоқлар бугунги кунга қадар бир неча марта таъмирланган. Охирги марта пештоқлардаги ёзувлар хаттот Ҳабибуллоҳ Солиҳ томонидан кўчирилган.
Мазкур пештоқнинг юқори икки қисмида, кўфий хат услубида араб тилида кўк ва оқ тошлардан фойдаланиб, “Ад-дуня саъатун фажъалҳа тоъатан” мазмуни: Дунё (ҳаёт) бир лаҳзалик умрдир. Шундай экан бу умрни тоат- ибодат ва хайрли ишлар билан ўтказ.
Мазкур ёзувларнинг икки пастки қисмида саккиз бурчак шаклда сариқ тошлардан фойдаланиб, араб тили, кўфи хатида “Тавҳид” калимаси (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ)жумлалари ёзилган. Тавҳид калимасининг пастки қисмида араб тили, кўфи ёзувида “Шифа ул қулуб лиқа-ул маҳбуб” (Суюкли (ёрга) етишиш қалблар шифосидир) ( бу ўша давр руҳиятидан келиб чиқиб ёзилган, бундаги сўзлар замирида Аллоҳга иймон келтириб, умрни беҳуда-бесамар ўтказмай, тоат-ибодатда бардавом бўлиб, ҳамиша хайр-саховат, эзгу ишларга машғул бўлган ҳолда яхшиликка интилиб яшашга ундаш чақириғи ётади.
Кўринишхонадаги мазкур пештоқнинг марказий қисмида Сўфи Аллаёрнинг эътиқодга оид қуйдаги муножотларини ҳам учратиш мумкин.

Илоҳи эътиқоди пок бирлан, мани оғишта қилғил хок бирлан.
Дилим содиқ тилимга бўлди қойил, бу сўздин қилмағил бир зарра мойил.
Худовандо ўзингнинг ҳурматингдин, Кариму, Ғофиру, Саттор отингдин.
Бу мискинларга мўмин исм қилдинг, жамоату аҳли суннат қисм қилдинг
Муножот этди Оллоёри мискин, қабул этгайсен, эй дорандайи дин.
Мазмуни: Аллоҳим, ўзингнинг кенг раҳматинг билан мени тупроққа қориштириб, тупроқ каби тавозуъли қил ва (охиратдаги) мартабамни юксакларга кўтар.
Менинг кўнгил эътиқодим аҳли суннат вал жамоа биландир ва тўғридир. Тилим билан чин дея иқрор бўламан. Аммо, ё Раббим, ўзингнинг чексиз раҳматинг билан ҳақ эътиқоддан заррача четга бурмагил, адаштирмагил.
Биноларни чидамли ва узоқ вақтгача сақланиши учун унинг пойдеворини мустаҳкам эканлиги нечоғлик аҳамиятли бўлса, инсоннинг ҳаётда ўз йўлини топишида ва тўғри йўлдан тоймаслигида унинг эътиқодини мустаҳкамлиги муҳим ва зарурдир. Чунки, эътиқоди сус бўлган инсонлар бошқаларнинг таъсири остида ўз йўлларидан адашиб, ҳатто, бошқа қўғирчоқ қилувчи оқимларга адашиб кириб, хиёнат ботқоғига ботадилар. Сўфи Оллоёр ҳазратларининг мазкур жумлаларидан манашундай ҳоллардан ҳамиша ҳушёр бўлишга чақираётганларини тушуниш қийин эмас.
Муножотдаги Аллоҳнинг исмларини ўртага қўйиб (Кариму, Ғофиру, Саттор номлари билан) сўрашлик усули дуонинг ижобат бўлишини тезлатади. Сўфи Оллоёр ҳам шу усулни қўллаб: “Аллоҳим, ўзингнинг ҳурматинг билан бу мискин бандаларингни гуноҳларини кечирарсан, чунки ўзинг айбларни яширгувчи, гуноҳларни кечиргувчи, саховатли-меҳрибон зотсан” деб илтижо қилган.
Ё раб, бу бандаларга мўмину мусулмон, дея исм қўйдинг, яна аҳли суннат вал жамоат гуруҳидан қилиб, уларнинг бир қисми қилдинг.
Темурёр ўғли Оллоёр илтижо қилиб дуо қилди, уни қабул қилгил, эй дини исломни ушлаб турган подшоҳ (Парвардигор) деган ёзувлар настаълиқ хатида кўчирилган.
Юқоридаги маълумотлардан тарихий обидаларнинг қурилишидан тортиб, улардаги кишини лол қолдирувчи ёзувлар ва жуда маҳорат билан ишланган гўзал нақшларни кўриб, ўзбек бинокорлик санъатининг кўп асрлик тарихи борлигига ва аждодларимизнинг нечоғлик юксак маданиятга, маънавий салоҳиятга эга бўлганликларини гувоҳи бўламиз. Шундай экан, шу заминда яшовчи ҳар биримиз ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолган моддий-маданий, маънавий бойликларга ҳурмат назари билан қараб, уларни кейинги авлодга кўз қорачиғимиздек асраб-авайлаб етказишга масъулмиз.
Адабиётлар:
1. “Рисолайи Азиза”- “Саботул ожизин” шарҳи. Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти Ислом Университети. Тошкент-2000. Б. 76-78.;
4. Ўзбекистон обидаларидаги битиклар Бухоро.3 қисм. А. Раззоқов, К. Раҳимов, Елизавета Некрасова. Тошкент. 2023й.
[1] Ҳозирги кўриниши кейинги даврда қайта таъмирланган шакли. Гарчи кейинги даврдаги шакли бўлсада, кечаги кунимизни ўзи тарихга айланишини ҳисобга олиб, ушбу пештоқдаги ёзувларни имконқадар ўрганишга ҳаракат қилинди.


