Наврўзова Гулчеҳра Неъматовна
Бухоро техника университети “Ижтимоий фанлар ва жисмоний маданият” кафедраси профессор, фалсафа фанлари доктори
Ҳозирги куннинг глобал муаммоларидан бири атроф муҳитни асрашдир. Инсон табиатнинг бир бўлаги сифатида у билан алоқадорликда яшайди. Табиий муҳит қанча соғлом бўлса инсоният ҳам саломат бўлади. Табиатнинг саломатлиги инсоннинг унга бўлган муносабатига боғлиқдир. Сувимизнинг тозалиги, ҳавомизнинг мусаффолиги, тупроғимизнинг унумдорлиги, иқлимимизнинг меъёрида бўлиши инсонларнинг уларга муҳаббат билан қиладиган муносабатига боғлиқ.
Экологик муаммоларни ечишда тасаввуф фалсафасини маънавий меросини ўрганишнинг аҳамияти каттадир. Айнан шу таълимот бутун борлиққа муҳаббат ҳиссини тарбиялайди ва бирор бир мавжудотга озор бермаслик руҳини сингдиради. Хожагон таълимотини асослаган, Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Яссавия тариқати асосчиси Аҳмад Яссавийнинг устози Хожа Юсуф Ҳамадоний ва Бухорои Шарифнинг Етти Пирининг бу соҳадаги хизматлари каттадир.
Бухорои Шариф Етти Пирининг олтинчиси, Баҳоуддин Нақшбанднинг устози Ҳазрат Саййид Амир Кулолдир. Саййид Амир Кулол 1281 йили Бухоро яқинидаги Сухор қишлоғида дунёга келган. Бу улуғ манзил ҳозирги Бухоро вилояти Когон туманида жойлашган. Ҳазрат 1370 йили Сухор қишлоғида оламдан ўтганлар. Муборак қабрлари Сухор қишлоғида бўлиб, ҳозирги кунда обод зиёратгоҳдир. Саййид Амир Кулолнинг дунёга келишини Яссавия тариқатининг пири Саййид Ота башорат қилганлар. Ҳазратнинг тасаввуф таълимотига бўлган қизиқишлари ёшлигидан оила муҳитида шаклланган.
Амир Кулол ҳаётларига оид асосий манба “Мақомоти Амир Кулол” асари ҳисобланади. Бу асар муаллифи Саййид Амир Кулолнинг ўғли Амир Ҳамзанинг қизи Хотуни Калонни ўғли Шаҳобиддиндир. Бу асар Бухоро шаҳрида Хожа Аҳрор Валий авлодидан бўлган Орифхўжа ибн Муҳиддинхўжанинг оилавий китоб хазиналарида сақланмоқда. Шаҳобиддин ибн бинту Амир Ҳамза “Мақомоти Амир Кулол” да жуда қимматли маълумотларни ёзиб қолдирган.
Манбада ёзилишича, Ҳазрат ҳали онасининг ботиний вужудида энди дунёга келганидан бошлаб фақатгина ҳалол луқмани истеъмол қилган. Ҳаром ва шубҳали луқмани у кишининг пок вужудлари умуман қабул қилмаган. Поклик улуғ зотга берилган илоҳий файз бўлган. Манбада бу воқеа баёнидан кейин қуйидаги байтлар келтирилган:
Нишони он, ки ман фарзанди покам,
Падар ҳам пок, модар ҳам афифа.
Дилам ҳам поку доман пок дорам,
Тариқи рост роҳи Бу Ҳанифа.
Мазмуни:
Мени пок фарзанд эканлигимни нишонаси,
Отам ҳам пок, онам ҳам афифадир.
Қалбим пок, этагим ҳам пок,
Йўлим ҳам рост, Абу Ҳанифа тариқатидир.
Ҳазрат Саййид Амир Кулолдан табиатни асрашга оид қуйидаги ҳикматли сўз сақланган:
Маёзор мўру, маёзор кас,
Раҳи роскори ҳамин асту бас.
Мазмуни:
Чумолига ҳам, кишига ҳам озор бермагин,
Тўғри йўл аслида мана шудир.
Амир Кулол юқоридаги назмий парчалар орқали оламда яратилган барча нарсалар, хоҳ у чумоли бўлсин, яъни кичик ҳашарот бўлса ҳам, хоҳ инсон, Аллоҳ томонидан яратилган неъматлар эканлигини таъкидлаб ва уларга озор бермасликка ҳаммани ундайди. Рост, тўғри йўл бировга озор бермасликда эканлигини таъкидлаган ва ўзи ҳам бунга тўла риоя этган.
“Мақомот”да Амир Кулолнинг табиатга муносабатини ёритувчи қуйидаги нақл келтирилади:
“Кунлардан бир кун Амир Кулол доимий иш жараёнида бир жамоа билан тўнларини ювишга аҳд қилган. Ромитан боғларининг бирида тўнларини ювдилар ва энди қуритишга жазм етганларида, Амир Кулол айтадилар:
Эй ёрон, тўнингизни асло деворга османг, то тиканлари синмасин, уни дарахтга османг то унинг шохлари эгилмасин, уни ерга ҳам ёйманг токи тўрт оёқлиларнинг ўтлари хароб бўлмасин.
Дўстлар айтди:
Эй Амир, сиз унда тўнингизни қандай қуритасиз?
Амир жавоб беради:
-Мен тўнимни елкамга ёйиб қўяман ва қуёшга томон қилиб тураман, шу ҳолатда қуригунча сақлайман.
Бундан сўнг яна Амир Кулол айтди:
Агар деворнинг бир парчаси тушса, ё дарахтнинг бир шохаси синса, ё ўтлар хароб бўлса Аллоҳга бу гуноҳ учун нима жавоб берамиз? Қандай узр кўрсатамиз? Шунинг учун асло шариатга зид бўлган амалларни қилманг. Кичик бўлса ҳам ҳеч бир нарсани хор қилманг. Кичик гуноҳ ҳам гуноҳ эканлигини билинг. [5]
Ўз навбатида бу ғоя табиатни авайлаб асрашга қаратилгандир.
Амир Кулол ибратли ҳаёт йўлини кечирганлар. Вафотларидан олдин хилватга кириб уч кечаю кундуз ҳеч ким билан гаплашмаганлар. Шундан сўнг бош кўтариб шукроналар деганлар. “Мақомот”да ёзилишича, буни сабабини сўраганда шундай жавоб берганлар: “Ғойибдан бир овоз келиб, шундай деди: “Эй Амир Кулол, биз сенга ва сенинг дўстларингга, ҳаммасига раҳмат қилдик”. Манбада шу сўзлардан кейин қуйидаги байтлар ёзилган:
Шодам, ки зи ман бар дили кас боре нест,
Касро зи ману, кори ман озоре нест.
Гар нек шуморанду, гар бад гўянд,
Бо неку бади ҳеч кас коре нест.
Мазмуни: Мен жуда хурсандманки, менинг туфайли бирор кишининг қалбида оғирлик йўқ. Мен ва менинг ишларимдан ҳеч ким озор чекмаган. Мени ёмон ёки яхши десаларда, мен уларнинг яхши ва ёмонлари билан ҳеч ишим ёқ.
Бу назмий парча Саййид Амир Кулолнинг ҳалол ва покликлари туфайли бутун борлиқ ва коинотга беозор ҳаёт йўлларини босиб ўтганликларидан гувоҳлик беради.
Юқорида келтирилган тасаввуфий манбалардаги фикрларни чуқур ўрганиш ва ёшлар онгига сингдириш экологик муаммоларни ечишга ёрдам берадиган йўллардан бири бўлиб ҳисобланади.



