Наврўзова Гулчеҳра Нигматовна: Бухоро давлат техника университети “Ижтимоий фанлар ва жисмоний маданият” кафедраси профессори, фалсафа фанлари доктори
Аннотация. Мақолада Нақшбандия камолот йўлини асослаган Баҳоуддин Нақшбанд (1318-1389) нинг ҳалоллик тимсоли эканлиги, ҳалол луқмага риоя қилганлиги, ҳалол тушунчасини жуда кенг маънода тушунганлиги ва унинг ҳалоллик ғояларини ҳозирги Ўзбекистонда тарғиб этиш йўлларига оид тавсиялар баён этилган.
Таянч иборалар: ҳалоллик, ҳалол луқма, ибодат, ҳалол меҳнат, “Даст ба кору дил ба Ёр”, ҳалол инсон, мукаммал ҳаракат, вужуд, ижобий қувват, меҳнатсеварлик, инсонпарварлик.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев “ҳалоллик ваксина”си билан эмлаш орқали жамиятимизда ҳалол турмуш тарзини барқарор шакллантириш лозимлиги масаласини кўтариб, зиёлилар олдида буни вазифа қилиб қўйдилар. Ҳар бир зиёли билиши лозимки, ҳалол турмуш тарзини жорий этиш учун халқимизга “ҳалол” ва “ҳаром” тушунчасини тўғри англашига ёрдам бериш лозим. Бунинг учун болаларни жуда ёшликдан ҳалолни билиши ва унга амал қилишини ташкил этиш керак бўлади. Бу масалага доир жуда кўп манбалар мавжуд. Булар ичида жаҳоншумул Нақшбандия таълимоти ва тариқатини асослаган Баҳоуддин Нақшбанд (1318-1389)нинг ҳаёт йўли, пурмаъно ва жуда қимматли бўлган ҳикматли сўзларини ўрганиш ва тарғиб этишнинг аҳамяти каттадир.
“Ҳалол” араб тилидан олинган сўз бўлиб, рухсат этилган, йўл қўйилган, қонуний, асосли, виждонга мувофиқ маьноларни англатади.[6:641] Ҳадиси шарифда: “Ҳалол – очиқ, ойдиндир” дейилган. Аввало, ҳалол деганда очиқ, ойдин ҳалоллиги кўриниб турган сув, сут, мева сувлари каби ичимликлар, нон, мева, полиз экинлари, Аллоҳнинг исми айтиб сўйилган ҳалол ҳайвонлар гўшти каби таомлар, рухсат берилган кийимлар ва никоҳга олинган шахслар назарга олинади. Ҳалолликнинг асосий меъзони ҳалол касбу кор билан топиш бўлиб ҳисобланади. Ҳалол касб, ҳалол меҳнат, ҳалол йўл билан топилган, ҳадя, икки тараф розилиги билан бўлган тижорат туфайли қўлга киритилган мулк ҳам ҳалол бўлади. Ҳар бир ўзини Ҳазрати Инсон деб ўйлайдиган одам учун ҳалол нарсани талаб қилиш, ҳалолдан молу мулк топиш фарздир. Ҳалол бўлган нарсани ҳалол қилинган йўл билан топиб фойдаланиш керак. Масалан, нон ҳалол бўлсада, аммо уни ҳаром йўл билан топса у ҳаром ҳисобланади.
Баҳоуддин Нақшбанд таьлимотида ҳалол тушунчасига махсус эътибор берилган. Баҳоуддин Нақшбанд асослаган йўл тасаввуфнинг мўътадил, ҳушёрлик йўли бўлиб, баркамол инсонни тарбиялашга ёрдам беради.[7:153-226] Ҳар бир зиёли Баҳоуддин Нақшбанд ҳаёт йўлини манбалар асосида билиши ва унинг маънавий меъроси билан яқиндан таниш бўлиши керак. Истиқлол даврида нашр этилган Йўлдош Эшбек[2], Садриддин Салим Бухорий[5] ва манбалар тўпламини[3] ўрганиш Баҳоуддин Нақшбанд ҳаёт йўлини чуқур билишга ёрдам беради. Айниқса Баҳоуддин Нақшбанднинг билишга оид 20 маслаҳати[8:83-115], “Аврод” [4] рисоласи ва ҳикматли сўзларини ўрганиш ёшларни маънавий дунё қарашини ўсишига ёрдам беради.
Баҳоуддин ҳаёт йўлига оид энг муҳим манба бўлган Абул Муҳсин Муҳаммад Боқир ибн Муҳаммад Али томонидан ёзилган “Мақомоти Хожа Баҳоуддин Нақшбанд” китобининг иккинчи мақсадида Баҳоуддин Нақшбанднинг биринчи халифалари Алоуддин Атторнинг шундай нақли келтирилган: “Ҳазрати Эшоннинг қадамлари суннатга тобе бўлишликда мустаҳкам эди. Ҳалолга интилиш ва шубҳали нарсалардан қочиши, айниқса, ҳалол луқмани таъкидлаб гапирардилар. Суҳбатларида доимо қуйидаги ҳадис ўтар эди: “Ал-ибадату ашарати ажзоин тисъату минҳо талабу-л ҳалоли ва жузъун ваҳидун минҳо соиру-л ибодоти” – “Ибодат ўн қисм, ундан тўққиз қисми ҳалолни қидириш, бир қисми эса бошқа ибодатлардир”.[1:83]
Баҳоуддин Нақшбанднинг айтган бу ҳикматли сўзларини маъносини англаши халқимизга ҳалол тушунчасини тушунтиришга асос бўла олади. Чунки Баҳоуддин Нақшбанднинг шогирдлари билан суҳбатларда юқоридаги ҳадисни кўп такрорлашлари ҳалол тушунчасини жуда кенг тушунганларидан далолат беради. Баҳоуддин фикрича, инсон ўз ҳаёти давомида ҳалолни истаб, ҳалолни қидириб қилинган барча амал ва меҳнатлари ҳалол бўлиб, фарз қилинган бошқа ибодатлар ҳам унинг ўндан бир қисмидир. Баҳоуддин инсон фарз амалларини қилиб, ҳалол топиш, ҳалол ейиш йўлида меҳнат қилмаса ва бошқаларнинг топганига шерик бўлиб, уларга юк бўлса, ундай инсонларни амалларини ҳалол ҳисобламаганлар. Ҳалол инсон, Баҳоуддин Нақшбанднинг фикрича, ўзи, ўз оиласи, унинг қарамоғида бўлган ота-она ва қариндош уруғини ҳалол меҳнати билан боқиши ва шу билан бирга муҳтожларга ҳам мурувват қўлини чўзиб, уларни оғирини енгил қилишга интилиши лозим. Ибодат қиламан деб, оила аҳлини, ота-онасини ўйламаган инсон Баҳоуддин томонидан қораланган.
Баҳоуддин Нақшбанд асослаган Нақшбандия таълимотининг асосий шиори: “Даст ба кору дил ба Ёр” – “Қўл ишда ва қалб Ёр (Аллоҳ) билан”. Бу шиор инсонни мукаммал ҳаракатга ундайди. Бу шиор асосида инсон доимо ҳалол меҳнат қилиши, яъни унга берилган вужуд имкониятларидан эзгулик йўлида фойдаланиши лозим. “Даст ба кор”лик шундай ҳаракатни тақозо этадики, у холис, Аллоҳ ризолиги учун, розилик ва мамнуният билан қилинган бўлсин. Бундай меҳнат “Дил ба Ёр”лик ҳолати натижасида вужудга келади. Шунинг учун бу тариқат аҳли ҳалол мехнат қилиб, оила, маҳалла, эл-юрт ва ватанлари учун фойда келтирганлар ва халқни фаровон яшаши учун имконлари даражасида меҳнат қилганлар. Зиёлилар “Даст ба кору дил ба Ёр” шиорини моҳиятини англасалар ва халқимизга тарғиб эта олсалар Ўзбекистонимизда моддий ва маънавий юксалиш бўлишига ёрдам бера оладилар. Чунки бу шиор инсонни иймонли бўлиб, ҳалол меҳнат қилишга ундайди.
Алоуддин Атторнинг манбада келтирилган нақлидан маълум бўладики, Баҳоуддин Нақшбандни ўзлари ҳар йили бир оз арпа ва мош экканлар ва ўзлари ишлов берганлар. Ҳўкизлари бўлган ва уларга ўзлари қараганлар. Бу улуғ зотнинг таомлари ўз зироатларидан ҳосил бўлган. У кишининг шариф суҳбатларига келган уламолар ва акобирлар овқатларини табаррукона деб ер эдилар.
Баҳоуддинга касбу-корларига асосан Нақшбанд номи берилган. Манбада ёзилишича, Баҳоуддин Нақшбанд шундай деган эканлар: “Мен ва отам кимхоббофлик касби билан машғул эдик”.[1:36] Демак, Баҳоуддин Нақшбанд оталари билан бирга ўша даврда Бухородан чиқадиган ва чет элларда ҳам машхур бўлган энг сара мато кимхобга нақш боғлаш ҳунари билан машғул бўлганлар ва ҳалол йўл билан ризқу рўзларини топганлар. Шу касблари туфайли ҳалол меҳнат натижасида энг гўзал нақш Аллоҳни барча мавжудотларнинг зоҳирида тажаллийсини кўрганлар ҳамда Аллоҳни қалбда нақшлашни ўрганиб, бошқаларга ҳам ўргатиб, Шоҳ Нақшбанд номи билан машҳур бўлдилар. Жаҳоншумул Нақшбандия йўли ҳам Баҳоуддиннинг шу номларидан олинган.
Баҳоуддин Нақшбанд уйларида мол-мулк йўқ эди. Ғарибона яшар эдилар. У кишида хизматкорлар бўлмаган. У кишидан: “Нега хизматкор ёлламайсиз”?- деб сўраганларида: “Қуллик хўжайинлик билан мос келмайди!” – деб жавоб берганлар. Манбада бу табаррук инсон томонидан айтилган қуйидаги икки байт келтирилган:
На маро мафрашу на мафрашкаш,
На ғуломони турку тиркашкаш.
Ҳама шаб чун сагони каҳдони,
Сар ба дум оварам ба жисми хуш.[1:85]
Мазмуни:
Менда на гилам бору на гиламни тозаловчи,
На турк ғуломию на суянадиган киши.
Бошини думимга қўйган итлар каби,
Тун бўйи бутун жисмим хуш.
Бу мисралардан кўринадики, Баҳоуддин, биринчидан, мол-мулкни жамлаш, топишга меҳр қўймаганлар. Бу улуғ зот фақат эҳтиёжлари учун зарур бўлган нарсаларга эга бўлганлар ва шуларга қаноат қилганлар. Шунинг учун ҳам бу мол-мулкга қараш ва уни хизматини қиладиган кишиларга муҳтож ҳам бўлмаганлар. Итлар қандай ўз хўжайинига садоқатли бўлиб, бошини думига қўйиб хизмат қилса, у киши ҳам ҳақиқий бандалик мақомида бўлиб, яъни Аллоҳгагина бўйсуниб, Аллоҳнинг бошқа яратганларига муҳаббат билан қараб, Аллоҳга таваккал қилиб, тунни сокин, хотиржам ибодат билан ўтказганлар. Баҳоуддиннинг “Бирорта инсонни ҳам қул қилиш, хизматкор қилиш мумкин эмас” деган ғоялари инсонпарварлик руҳидаги жуда олий, инсон қадрини улуғловчи ҳикматли сўздир. Манбадаги бу далилларни ҳар бир инсоннинг билиши, ўзи амал қилиши, яъни мол-мулкка муҳаббат қўймаслиги ва бошқаларни ҳам ҳалол меҳнатга қаноат қилиб яшашга ундаши аҳолимиз ўртасида маънавий юксалишни олиб келади.
Халқнинг фаровон, баракали яшаши ва заковатли бўлишига ҳалол луқманинг ўрни катталигини ҳар бир шахс билиши, ўзи амал қилиши ва бошқаларга тарғиб этишда Баҳоуддин Нақшбанд ҳаётидан мисоллар келтириши яхши натижа беради. Чунки Баҳоуддин Нақшбанд ҳалол луқмага жуда катта эътибор берганлар. Бунга сабаб бу улуғ зот инсонга берилган энг қимматбаҳо илоҳий неъмат бўлган вужудни барча имкониятларидан эзгулик, ҳалоллик йўлида фойдаланиш учун, вужудда ҳалолу пок ва ижобий қувватлар жамланиши лозимлигини ҳис қилганлар, кўра олганлар ва устозларидан бу мазмунда сабоқлар олиб, ўрганганлар.
Баҳоуддин Нақшбандга руҳий таълим берган устозлари Бухорои Шарифнинг биринчи пири Хожаи Жаҳон номи билан машҳур Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ўз шогирдлари Авлиёи Кабирга ёзган “Васиятнома” асарида “ҳалол” масаласига махсус эътибор берганлар. Бу асар “Одоби тариқат”, “Рисолаи васоё” номлари билан ҳам маълум. Хожаи Жаҳон ўз асарларида шогирдларига ўгит бериб, ҳалол ризқ топишга ва меҳнатсевар бўлишга ундайди. Рисолада бу маънида қуйидаги ўгит ёзилган: “Ҳалол егинки, ҳалол яхшиликларнинг калитидир. Ҳаромдан қочгинки, Ҳақ таолодан узоқ тушмагайсан”, “Эртага дўзах олови куйдирмайдиган ишни қил ва ибодатдан ҳаловат топиш учун ҳололдан кийин”. Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг бу рисоласини Фазлуллоҳ ибн Рўзбехон Исфахоний 1509 йилда ёзган “Маноқиби Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний” асарида шарҳлаган. Юқоридаги ўгитларни шарҳ этиб, Ибн Рўзбехон қуйидаги рубоийни келтиради:
Зинҳор, ки дур бош аз ризқи ҳаром,
То ту дур наафти зи Худованди жаҳон.
Рўзии ҳалол қулфи дил бикушояд,
Мифтоҳи ҳамае чиз ҳалол аст мудом.[11:33]
Мазмуни:
Албатта, ҳаром ризқдан узоқда бўл,
Шунда Худодан узоқлашмайсан.
Ҳалол ризқ қалб қулфини очади,
Чунки доимо барча нарсаларнинг калити ҳалолдир.
Ҳазрат Азизон номи билан машҳур Бухорои Шарифнинг тўртинчи пири Хожа Али Ромитаний Баҳоуддин Нақшбанднинг устозлари эдилар Баҳоуддин: “Биз Ҳазрат Азизонни муридимиз”, дер эдилар. Хожа Али Ромитанийдан “Рисолаи ҳазрат Азизон” асари сақланган. Бу рисолада ҳазрат Азизон инсон камолотининг ўн шартини кўрсатиб берган. Камолотнинг ўничи шарти сифатида луқмани сақлаш ёзилган. Ҳазрат Азизон луқмани сақлашнинг қуйидаги асосларини кўрсатган:
- Ҳалол ризқ-рўзи насиб этишини ният қилиш.
- Ҳалол луқма огоҳлик билан қилинган меҳнат ила топилган бўлиши керак. “Даст ба кору, дил ба Ёр“ – “Қўл меҳнат билан, қалб Ёр – Аллоҳ билан” шиорининг моҳияти ҳам шудир.
- Луқмани истеъмол этишдан мақсад ибодатнинг мукаммал бўлиши, яъни ҳалол ризқ-рўз топиш учун меҳнат қилишга куч-қувват йиғиш, жамлаш бўлиши керак. Нафсга қул бўлиб, луқмани истеъмол этиш инсонни ғафлатга етаклайди ва у ҳалол бўлмайди.
- Ҳалол –пок луқма исроф қилинмайди.
- Луқмани огоҳ ҳолатда, берилган неъматларга шукр этиб истеъмол қилиш лозим.
- Луқмани яхши кишилар билан бирга истеъмол этиш. Ёмон кишилар билан ҳамтовоқ бўлмаслик керак.
- Таом пишираётганда огоҳлик, ҳушёрлик ҳамда Аллоҳ зикри ва шукрига, неъматларнинг тафаккурида бўлсин. Бўлмаса ўзини ва бошқаларни ҳам ғафлатда қолдиради.
- Таомни пишираётган киши таҳоратли бўлиши лозим. Хожа Хизр бир таомни емабдилар ва айтибдиларким, “Хамир қорган киши таҳоратсиз бўлган, бундай луқма бизга лойиқ эмас”.[9:39]
Манбада шундай нақл келтириладики, Баҳоуддин Нақшбанд бир куни Ғадиютга борганлар. Бир дарвеш таом келтиради Баҳоуддин: “Бу таомни ейиш бизга тўғри келмайди, негаки у ғазаб устида пиширилибди, унни элашда ва хамир қоришда кимдир ғазабда экан”, дедилар. Баҳоуддин кимки капкирни қозонга қаттиқ урса ўша қазондаги овқатни емас эдилар ва айтар эдиларки: “Ғазаб, иштиёқсизлик ва ғафлат билан қилинган ҳар бир ишда хайру барака бўлмайди, унга шайтон ва нафси аммора йўл топган бўлади. Демак, ундан қандай яхши натижа кутиш мумкин?!. Яхши амаллар ва гўзал ишлар биносининг юзага келиши ҳалол таомга боғлиқдир. Агар у таом воқиф ҳолда ейилса, барча ишларда, хусусан, намозда яхши натижа ҳосил бўлади”.[1:87]
Манбада келтирилган юқоридаги маълумотлар гувоҳлик берадики, Муҳаммад исми билан туғилган бу инсоннинг Баҳоуддин, Шоҳ Нақшбанд, Балогардон номлари билан танилишига асосий сабаб унинг вужуди, қалби ва руҳининг илоҳий шаффоф ва мусаффолигидир. Бу даражага етишувнинг асоси эса ҳалол луқмага эътибор берганликларидир. У киши ғазаб, иштиёқсизлик ва ғафлат билан пиширилган таомни ўзлари ҳам емас, шогирдларига ҳам ейишни таъқиқлаб қўйган эдилар.
Баҳоуддин ҳаётидаги бу ҳолатларни тадқиқ этганимизда инсоннинг ҳолати ботинидаги, яъни ичидаги қувватларнинг сифатига боғлиқ экани маълум бўлади. Инсон ўз меҳнати билан ҳалол топган нарсасини шукроналик билан истеъмол қилганида ичидаги қувватларда сифат ўзгариши бўлиб, ижобийлик хусусиятини эгаллайди. Ботиндаги ижобий сифатлар таъсирида ижобий ният, ижобий фикр ва ҳиссиётлар туғилади. Бу ижобий қувватлар инсонни ижобий амалларга томон ғайрат ва иштиёқни ҳосил қилади. Ғазаб, нафрат, ишёқмаслик, ғафлат билан пиширилган нарсалар эса инсон ботинида ўзига уйғун салбий ҳолатларни ҳосил қилиб, салбий ўй-хаёлларни туғдиради. Бундай салбий фикрлар салбий иштиёқ ва ғайратни туғдириб, жамиятга зарар келтиради. Айниқса ғафлат ҳолати инсонни тубанлик ва таназзулга етаклайди.
1909 йилда Нобель мукофотига сазовор бўлган физик, химик ва файласуф олим Вильгельм Оствальд энергетизм назариясини асослади. 1908 йилда “Натурфилософия” номли монографиясини чоп этган. Энергетизм назариясида қувватни вақт ва маконда мавжуд бўлган энг умумий субстанция деб қарайди. Унинг фикрича, моддий оламдаги барча нарсалар турли хил қувватларнинг бирлашувининг натижасидир. Бу таълимотга асослансак, инсон жисми турли қувватлардан ташкил топган. Пок ният, ҳалол луқма истеъмоли нияти, ҳалол луқма, ҳалол либос, ҳалол макон, ҳалол ҳамсуҳбат ижобий энергия бўлиб, инсон вужудини ижобий қувват билан кучли қилади. Чунки ҳалол ризқ, ҳалол маҳнат асосида вужудга келади. Ҳаром луқма эса турли ҳаром йўллар билан ҳосил этилганлиги сабабли ғазаб, нафрат, жаҳл каби салбий қувватларга тўла бўлади. Ижобий қувватлар ижобий фазилатларни ҳосил қилади, салбий қувватлар эса иллатларни туғдиради. Энергетизм таълимоти валийларнинг камолотида ҳалол луқма ижобий таъсирга эга эканлигини исботловчи илмий асосдир.
Тарихдаги энг буюк 100 инсон ҳақида Майкл Харт асарида ёзилишича, буюклардан буюк Муҳаммад с.а.в. дан кейин иккинчи ўринда турган машҳур олим Исаак Ньютондир. У кашф этган бутун олам тортишиш қонуни асосида ҳам ижобий қувватлар ижобийликни, салбий қувватлар салбийликни тортишини илмий далиллар асосида исботлаган. Ҳалоллик розилик асосида вужудга келганлиги туфайли ижобий ҳолатдир. Ҳалол ризқ бараканинг манбаидир. Яхши тупроққа яхши уруғ сепилганда баракали ҳосил чиққани каби ҳалол амаллар натижасида фаровон ҳаёт вужудга келади. Ронда Берн деган олим ҳам шу қонуниятларни таҳлил этиб, Нютоннинг фикрларини асосли эканлигини ёзган.[10]
Баҳоуддин Нақшбанд ҳаёти ва у кишининг ҳалол луқмага оид фикрларидан ҳалол турмуш тарзини жорий этишда кенг фойдаланиш жуда яхши самара беради. Баҳоуддин Нақшбанд каби улуғ валийларнинг ҳаёт йўлларидан мисол келтириш ва ибрат қилиб кўрсатишнинг таъсири катта. Чунки халқимиз бу улуғ инсонларни севади, эъзозлайди ва фарзандларини бу табаррук инсонлар каби камолга етишини жуда-жуда истайди.
Умумий хулоса қилиб айтганда, Баҳоуддин Нақшбанд каби валийсифат инсонларни дунёга келишида ҳалол турмуш тарзининг ўрни жуда катта. Ҳалол луқма, ҳалол вужуд, ҳалол либос, ҳалол макон, покиза наслимизни асосидир ва мўжизалар ярата олади. Бунга барча комилу баркамол инсонларнинг турмуш тарзлари далилдир. Халқимиз Баҳоуддин Нақшбанд ҳаётини чуқур англаб ўзлари ҳалоликка амал қилиб ҳалол турмуш тарзини тарғиб этишса Ўзбекистон халқига барака келтиради ва фаровон яшашига имкон яратади.
Фойдаланилган адабиётлар:
- Абул Муҳсин Муҳаммад Боқир ибн Муҳаммад Али. Мақомоти Хожа Баҳоуддин Нақшбанд./Форсийдан таржимон, сўз боши, изоҳ ва луғат муаллифи Маҳмуд Ҳасаний. Тошкент: “O’zbekiston” НМИУ, 2019. 335 б.
- Баҳоуддин Нақшбанд Бухорий. Нашрга тайёрловчи ва изоҳлар муаллифи Йўлдош Эшбек. Қарши: “Насаф” нашриёти, 2010. 240 б.
- Баҳоуддин Нақшбанд (Манбалар таҳлили). Тўплаб нашрга тайёрловчи мақола изоҳ ва шарҳлар муаллифи. Г.Н.Наврўзова. Тошкент: “Sano-standart” нашриёти, 2019. 256 б.
- Баҳоуддин Нақшбанд. Аврод (тўлдирилган қайта нашр). Мақола, изоҳ ва шарҳлар муаллифи ва таржимон Г.Н.Наврўзова. Тошкент: “Sano-standart” нашриёти, 2019. 112 б.
- Бухорий С.С. Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд (Дилда ёр). Тошкент: “Бухоро”, “O’qtuvchi” нашриёт мабаа ижодий уйи, 2007. 120 б.
- Ислом. Энциклопедияси: А-Ҳ/Шайх Абдулазиз Мансур таҳрири И-80 остида. Тошкент: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси“ Давлат илмий нашриёти, 2017. 672 б.
- Наврўзова Г. Нақшбандия тасаввуфий таълимоти ва баркамол инсон тарбияси. Тошкент: “Фан”, 2005. 233 б.
- Наврўзова Г.Н. Нақшбандия – камолот йўли. Тошкент: “Фан”, 2007. 189 б.
- Наврўзова Г., Зоиров Э. Бухорои шарифнинг етти пири. Тошкент: Muharrir nashriyoti 2018 й. 72 б.
- Ронда Берн: таржимон: М. Убайдуллаева. Куч. Тошкент: “DAVR PRESS” НМУ, 2018. 192 б.
- Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний. Сўз боши, таржима луғат ва изоҳлар муаллифи Маҳмуд Ҳасаний. Тошкент: “Ўзбекистон”, 2003. 128 б.



