Мирзаев Насриддин Мухритдинович
Ўзбекистон Миллий архиви “Режалаштириш ва ташкилий-
методик ишлар” бўлими катта илмий ходими, PhD
Атоев Муҳаммаджон –Баҳоуддин
Нақшбанд илмий– тадқиқот
маркази илмий ходими.
Аннотация: Мақолада муаллиф исломий билимларни ўрганиш ва уларни нақл қилишнинг ўзига хос тартиби ва шартлари жорий қилингани очиб берилган. Мазкур амалиёт “изн бериш”, “ижоза бериш” ва “ижозатномлар” шаклида кенг тарқалгани амалий мисоллар билан аниқлик киритилган. Хусусан, ижозат бериш ва ижозатномалар масаласида Мовароуннаҳр олимларининг тажрибаси, уларнинг бу масалага алоҳида аҳамият берилганига урғу берилган. Исломий илмларнинг аҳамияти катта экани ва уларни нақл қилиш, уларни талқин қилиш ва бошқаларга ўргатиш масаласи жиддий экани айнан санад ва ижоза берилгандан кейин рухсат берилганини алоҳида қайд этилган.
Калит сўзлар: Исломий илмлар, Мовароуннаҳр диёри, Қуръон ва суннат манбалари, санад, силсила, изн бериш, ижозат бериш, “ижозатнома” васиқалари.
Annotation: In the article, the author has revealed that he has introduced a unique procedure and conditions for studying Islamic knowledge and transmitting it. It is clarified with practical examples that this practice is widespread in the form of «giving permission – izn«, «giving permission – ijaza» and «permits – ijazatnama«. In particular, the experience of Movarounnahr scholars in the issue of ijaza, and their special attentions to this issue, is emphasized. It was specially noted that the importance of Islamic sciences and the issue of transmitting them, interpreting them and teaching them to others is serious.
Key words: Islamic sciences, Movarounnahr land, sources of the Qur’an and Sunnah, sanad, silsila, granting permission, granting ijaza, «Ijozatnama» documents.
Аннотация: В статье автор выявил, что им введен уникальный порядок и условия изучения исламских знаний и их передачи. На практических примерах выяснено, что эта практика распространена в форме «изн», «иджаза» и «иджазатнама». В частности, подчеркивается опыт ученых Мовароуннахра в вопросе иджазы и их особое внимание к этому вопросу. Особо было отмечено серьезность важности исламских наук и вопроса их передачи, толкования и обучения им других.
Ключевые слова: исламские науки, Мовароуннахр, источники Корана и Сунны, санад, силсила, выдача разрешения, дарование иджаза, документы «иджозатнама».
Исломий илмлар асосан улумул масодир (Қуръон, суннат ва бошқа ҳукм олинадиган манбалар илми), улумул мақосид (ақида, фиқҳ ва тасаввуф илмлари) ва улумул мусоида (мазкур икки илмга ёрдамчи луғат, адабиёт, тарих ва маоний илмлари)ни ташкил этади. Ушбу зикр қилинган уч тоифадаги илмларнинг ҳар бирига мансуб олимларнинг гуруҳи ва силсиласи шаклланган. Шу уч йўналишда етакчи бўлган ва тан олинган олимларнинг ўзидан кеийнги шу йўналишда илму ижод қиладиган шогирдларига ижоза бериши тартиби жорий қилинган бўлиб, бу ижоза бериш ва унинг ҳужжати ижозатномалар сифатида расмийлаштирилган.
Ушбу мақолада қуйидаги саволларга жавоб беришга ва улар устида мулоҳаза юритишга ҳаракат қилинади: 1) ижозат бериш нима асосида шаклланди? Ижозат бериш фақат Қуръон ва ҳадис илмларига хос бўлганми? Ижозатномаларнинг асл мақсад ва муддаолари нималардан иборат?
Ижоза – арабчада рухсат ва гувоҳнома бериш маъносини англатади. Ижозатни 2017 йилда нашр этилган “Ислом энциклопедияси” да тасаввуф-тариқат илми, Қуръон қироати ва ҳадис илмларида устозларга шогирдларига берган ижозатномалар ҳақида хабар берилган [1: 205]. Булардан ташқари ислом динининг бошқа илмларини ривоят қилиш ва ўргатиш учун ҳам ижозатномаларни бериш амалиёти кенг тарқалган.
Ижозатнома бериш амалиёти ислом тарихида милодий IХ асрга келиб кенг тарқалгани маълумдир. Илк марта ҳадис соҳасида ишлатилган бўлса-да, кейинчалик асос солинган бошқа илм-фаннинг тайинли тараққиёти ва тарқалишида муҳим ўринга эга бўлган. Исломий таълимга хос бўлган бу анъана мусулмонлар жамоалари яшаган географик минтақаларда «ижозатнома» деб таърифланиб, машҳур бўлган.
1976 йилда аллома ва муҳаққиқ Абдулфаттоҳ Абу Ғудданинг “Санад диндандир” номли китоби нашр этилган [2: 1-23]. Муаллиф араб тилида ёзилган ушбу асарини Абдуллоҳ ибн Муборакнинг “Санад диндандир, агар санад бўлмаса, хоҳлаган одам хоҳлаган нарсасини айтган бўларди” деган қоидага айланган сўзини шарҳи ва унинг асосли эканига бағишланган. Ушбу рисолада жами 11 та мисол ва воқеликдан масалаларни зикр қилиш билан санад, устоз шогирдларнинг ўзаро илмни омонат билан нақл қилиш ва ҳар бир маъноси бор луғат ва лафзнинг ҳам асосини устоздан эшитган ва собит бўлганига алоҳида эътибор берилганига урғу берилган [3: 10-23].
1993 йилда Гарвард университети профессори Уилям Гремнинг “Исломда анъанавийлик: талқини ҳақида бир эссе” номли мақоласи ҳам исломдаги ижозатномаларга бағишланган. Муаллиф мақоласида ижозатномани қуйидагича тушунтирган: “Бу ҳадис илми талабалари томонидан илк шаклланган билимларни излаш йўлидаги сафарларининг асосий тизими бўлиб, оғиздан эшитиш учун маълум шахслар (шайхлар), хусусан, энг илғор ва машҳур муҳаддислардан ҳадис эшитиш учун уларга қараб йўлга чиққанлар. Ўз ҳадисларини ривоят қилиш ва бу ҳадисларни етказиш учун «изн» ёки «ижоза» олиш ва уларнинг номларини ривоят занжири (силсиласи)да зикр қилиш лозим бўлган. Ушбу “ижоза тизими” институт ва университетларнинг амалдаги сертификатлари каби муассасалар ўрнига шахс номидан берилган. Ижозалар нафақат ҳадис илмига хизмат қилган, балки ҳар қандай турдаги матнларни, масалан, тарих, ҳуқуқ, фиқҳ, тил, адабиёт, тасаввуф ва бошқа фанларни нақл қилиш ва ўргатуиш учун ҳам ижозе бериш ёки уни олиш оммалаштирилган [4: 497].
Имом Заҳабий ўзининг “Сияр аълом ан-нубало” асарида Аллома Зоҳид Бухорий ўзининг туғилиб ўсган юртида таълим олган ва Абу Наср Аҳмад ибн Абдураҳмон Реғзамуний [5] қўлида фиқҳ илмида етукликка эришгани ҳақида ёзиб Зоҳид Бухорийни қуйидаги қўшимча маълумотлар билан тавсифлаб ёзади: “У фақиҳ, фозил киши, машҳур муфтий, усулий ва мутакаллим олим эди. У умрининг охирида “Китоб ат-тафсир” асрини ёзган. Айтишларича, мазкур тафсир асари 1000 та жуздан иборат бўлган. У менга “ижоза” ёзиб берган, бироқ 546 ҳижрий сананинг 12 зулҳижжа ойи (1151 йил)да вафот этгани сабаб у билан Бухорода учрашолмаганман”.
Шунингдек, мазкур Аллома Зоҳид Бухорий машҳур “Ҳидоя” асарининг муаллифи Бурҳониддин Марғиноний (1123-1197)нинг устоз-шайхларидан эди. Зеро, Бурҳониддин Марғиноний ўз шайхлари орасида уни ҳам зикр қилган бўлиб, уни хотирлаб шундай ёзган: “Менга (илмларини) ривоят қилиш учун тўлиқ ижозат берди. Ўзи эшитган саҳиҳ хабарларни, ўзи ижозат олган билимларини ва ёзган асарларини ривоят қилишим учун мушофаҳатан (юзма-юз туриб, оғзаки) тарзда тўлиқ ижозат берди ҳамда ўз қўллари билан “ижоза”ни ёзиб берди”. Ушбу маълумотларни Абдулқодир Қураший “Жавоҳир ал-музийя фи табақот ал-ҳанафийя” асарида ҳамда Имом Кафавий ўзининг “Иълом ал-ахёр фи фуқаҳои мазҳаби Аби Ҳанийфат ал-мухтор” асарида қайд қилган. Демак, ижоза бериш бизнинг аждодларимиз тарихида бошқа исломий ўлкалар каби кенг тарқалган ва ишончли устозлардан илм олишга тарғиб қилиш, ундаш, хусусан, диний илм олишдаги тайинли силсила ва санадларга эга бўлиш муҳим саналган.
XIV асрда яшаб ижод қилган Ҳанафий мазҳаби катта фақиҳи Саййид Жалолиддин ибн Шамсиддин ал-Гурлоний ал-Хоразмийнинг (ваф. 767/1365) шогирди Али ибн Ҳофиз Ҳасан ал-Фураймийга ёзган қўлёзмасидаги ижозатномасини ҳам мисол келтириш мумкин [6: 129].
Саййид Жалолиддин Гурлоний фиқҳ фанининг машҳур асари “Ҳидояи шариф” ва усул китобларидан энг мўътабари “Усули Паздавий”га шарҳ ёзгани билан ҳам шуҳрат қозонган. Саййид Жалолиддин Гурлонийнинг арабчада ёзган ижозатномасининг матни ва таржимаси қуйидагичадир:
بسم الله الرحمن الرحيم
الحمد لله الذي خصَّ طائفةً من الطلبة بإحاطة لطائف نكت المعقول والمنقول، وأكرمهم بإدراك غوامض دقائق أسرار العلوم في الفروع والأصول، ويسَّر لهم بكمال عنايته الوقوفَ على المآخذ والمدارك، وأوضح لهم بفضله في استنباط العقد المعالم والمسالك، يستفرغون جهدَهم في توضيح الاحكام وتقرير المسائل، ويستنفدون وسعَهم في تلقيح بنات الفكر وتنقيح الدلائل، فهم حُرَّاس الشريعة الغراء وسوامر الملة الحنيفية الزهراء، عصمهم الله عن بليات البدع والضلالة، وصانهم بلطفه عن بوائق فتن الزيغ والغواية.
والصلوة والسلام على خير من أوحي إليه حبيبِ الله أبي القاسم محمدٍ سيدِ الرسل والأنبياء أفضلِ بني هاشم، وعلى آله الأطهار، وخلفائه، وصحابته من المهاجرين والأنصار.
وبعد، فإن الله سبحانه لمَّا جعل شريعتنا هذه ناسخةً للشرائع والأديان، باقيةً الى آخر الدهور والأزمان؛ لم يُخْلِ – عزَّ اسمُه – عصرًا من الأعصار في عمر من الأعمار عن عالمٍ مُتقنٍ محقّقٍ مدركٍ لغوامض لطائف الاعتبار، مدققٍ راسخٍ في أنواع العلوم الدينية، مُلَجِّجٍ في بحار المعارف اليقينية، باذلٍ جهدَه في رفع منار الحق ونصبِ لواءِ الإسلام، مستنفِدٍ وسعَه في كسر شوكة الباطل وإظهار شعائر الشرع والأحكام.
وممن رفعه الله تعالى لإحراز قصب السبق في أنواع العلوم وأكرمه بإدراك دقائق كل منطوق ومفهوم، الإمامُ العالم العامل والهمام الفاضل الكامل، زينةُ المحافل والمجالس، رَوْنَقُ المساجد والمدارس، مَنبَعُ المناقب والمآثر، مجمع الفضائل والمفاخر، الأخُ في الله، علاء الملة والدين شرف الإسلام والمسلمين علي بن حافظ حسن الفريمي، أبقاه الله تعالى لتجديد مراسم الشرع وتمهيد قواعد الأصل والفرع، فإنه – سلمه الله – شرَّفني بحضوره مجالسَ الدرس وقرأ عليَّ كتابَ «التنقيح» من أوله الى قريب من آخره، قراءةَ عالمٍ بحقائقه واقفٍ على غوامضه ودقائقه، فأجزت له أنْ يرويَ عني هذا الكتابَ وجميعَ مقروءاته ومسموعاته المتقنة في كل باب، بالشرائط المعتبرة عند علماء الإسلام – أعلى الله درجاتهم في دار السلام – والمرجوُّ من عميم كرمِهِ والمأمولُ: أن لا ينساني في صالح أدعيته في مظانِّ الإجابة والقبول.
وكَتَب هذه الأسطرَ الفقيرُ الى اللهِ الغَنِيِّ جلالُ بن شمس الكرلاني، يومَ الخميسِ الثاني عشر من صفر ختم بالخير والظفر، سنة سبعٍ وثلاثين وسبعمائة (737)، حامدًا لله تعالى ومصليًّا على سيد الانبياء والمرسلين، وعلى آله وصحبه ومن تابعهم إلى يوم الدين.
яъни: Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан, Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсинки, бир гуруҳ толиби илм (олим)ларни ақлий ва нақлий билимларнинг нукта ва дақиқ жойларини билишда бошқалардан ажратиб қўйди. Усул (қоидалар) ва фуруъ (муайян қоидалар асосида аниқланган масалалар) илмларнинг нозик сир-асрорларини билишда уларни мукаррам қилди. Аллоҳ Ўз фазлу инояти билан бу тоифа олимларга ҳар бир илмнинг манба ва булоқларини янглашга осон қилди. Ўз фазлу карами билан бу тоифа олимларга дин илми ва йўлини белгиловчи ҳукмлардаги тугунларни ечишда мадад берди. Бу олимлар ҳукмларни аниқлашда, масалаларга ойдинлик киритишда, чуқур тафаккурга боришда, далилларни гумонлардан холи қилишда бор куч-ғайратларини сарфлашди. Зеро, улар олийжаноб шариат қўриқчилари, пок ва тўғри йўлдаги миллатнинг дарғаларидирлар. Раббимиз уларни турли бидъат ва адашишлардан сақлаб, лутфу карами билан турли фитна ва оғишлардан паноҳида асарасин!
Раббимизнинг салом ва дурудлари юборилган пайғамбарлар ичида энг афзали, суюклиси, пайғамбарлар саййиди, анбиёарнинг афзали, Бани Ҳошиминг энг сараси – Абулқосим Муҳаммадга, унинг покдомон аҳли оиласи, халифалари, муҳожир ва ансорлардан бўлган саҳобаларига бўлсин!
Аммо баъд, Аллоҳ таоло бу шариатимизни юбориш орқали бошқа шариат ва динларни йўққа чиқарди, ушбу шариатни охирги замонларгача боқий қолишни хоҳлади. Шу билан бирга бирор замон, бирор муддат, пайт ва онларда ҳам ушбу шариат ва дин илмларини пухта эгаллаган ва уларни чуқур ўрганган олимлардан (ер юзини) холи қилмади. Бу каби олимлар аниқ-яқиний илмлар денгизида шўнғувчи, чуқур тадқиқотлар олиб борувчи, ҳақ минораларини кўкка кўтарувчи, ислом байроғини тикловчи, шу қатори, ботил қаддини бўкувчи ҳамда шариат шиорлари ва ҳукмларини изҳор қилувчи олимларнинг бўлишини тақозо қилди.
Шунингдек, шундай олимлар борки, Аллоҳ таоло уларга турли илмларнинг нозик жиҳатларини фаҳмлашга ўткир зеҳн берган, уларни айтилган ва барча тушунчаларнинг туб маъноларида яширин моҳиятини ҳам англашга қодир қилган. Шундай улуғ олимлар қаторида имом, боамал олим, фазилатли, комил, давра ва мажлислар зийнати, масжид ва мактаблар кўрки, фазилат ва мардонаворлар манбаи бўлган Алоуддин Али бин Ҳофиз Ҳасан ал-Фураймий, менинг дарсларимга ҳозир бўлиб, мени шарафлантирди ва менга “ат-Танқиҳ” [7] китобини бошидан охирроғигача ўқиб берди. Ушбу “ат-Танқиҳ” китобини тўлиқ тушунган, барча нозик ва мушкул жойларини ҳал қила олган олимдек ўқиб берди. Шу жиҳатдан, мен унга ушбу “ат-Танқиҳ” китобини ва бошқа барча эшитиб, моҳирлик билан тушунган илмларини мендан ривоят қилишига уламолар наздидаги мақбул шартларни инобатга олган ҳолда ижозат бердим, Аллоҳ таоло ўтган барча олимларнинг даражотларини жаннатларда юксак қилсин. Ундан умид ва орзуим шуки, яхши дуолари қабул бўладиган вақтда мени ҳам эсдан чиқармасин.
Ушбу сатрларни ёзувчи Жалолиддин Гурлоний пайшанба куни ўн иккинчи сафар ойи етти юз ўттиз еттинчи ҳижрий сана (1336 йил 19 сентябрь)да Аллоҳга ҳамдлар, саловот ва дурудлар айтган ҳолда битдим”.
Шунингдек, Имом Қозихоннинг бухоролик фақиҳ Жамолиддин Маҳмуд ибн Абдусаййидга ҳанафий фиқҳий асарига берган ижозаси ҳам аҳамиятлидир (батафсил кўриш учун: https://t.me/akramlsmail/650).
Ўтган асрнинг машҳур ҳанафий олими Имом Кавсарий “Манор ул-анвор”асарини нақл қилиш ва ўргатиш учун ўзидан бошлаб то мазкур асарнинг муаллифи Ҳофизиддин Насафийгача уланган ижоса санадини ҳам мисол келтириш мумкин. Мазкур санад васиқаси интернетдаги кутубхоналар ва телеграм каналида тарқалган (батафсил кўриш учун: https://t.me/hanafiw/1435).
Жорий 2023 йилнинг бошида асли Бухорий бўлган Мадинаи мунавварада яшаётган Мансур Абдулбоқий Бухорий ўзининг “Кашфул муаммо ан рижали Фарғона ва Бухоро” (Фарғона ва Бухоро олимлари ҳақидаги мавҳумликларга аниқлик киритиш) номли китобини Кувайтда нашр этилди ва илк бор Мисрдаги Қоҳира халқаро китоблар сайлида сотувга чиқди. Мазкур асарнинг охирги бандида муаллиф ўзининг Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий” асарини нақл қилиш ва ўргатишда айнан Бухородан етишиб чиққан олимлар силсиласи билан ижозалар олинган санадини эълон қилган (батафсил кўриш учун: https://darannor.com/product/).
Таълим олганда ижозатномалар олиш анъанасини давом эттирган
XX аср бошида яшаган Олимжон Барудий номи билан машҳур татар олими (1857-1921) Россия империяси Қозон вилоятида туғилган, сўнг 1875 йилда Бухорога келиб мадрасаларда таълим олиб қайтган. 1920 йилда Уфа шаҳрида қози ва муфтий бўлиб ишлаётган вақтида ўзининг устозлари шажараси ва улардан олган ижозатномалар тўпламини жамлаб, “Мажмуаи шарифа” [8] деб номлагани ҳам айни шу анъана ва қадриятнинг мавжудлигига далолат қилади.
Жумладан, Олимжон Барудийнинг мазкур тўпламида жами 88 та ижозатнома ҳужжатлари ва уларнинг матнини киритган бўлиб, барчаларининг исм-шарифлари ва саналарини алоҳида қайд қилган. Зеро, ҳар бир ижлзатнома ичида: устознинг тўлиқ исм-шарифи, ижозат берган фан номи, тўлиқ ёки қисман ижозаси, бир ёки бир нечта фанга оид ижозаси, санаси, ижозат берилаётган шогирд (талабгор)нинг тўлиқ исм-шарифи каби бирламчи ва зарур маълумотлар қайд қилиниши лозим бўлган. Бу тўплам ичида ҳам мазкур маълумотлар берилган. Шу жумладан, фиқҳ, ақида ва ҳадис фанлари устозлари қаторида Бухорий, Мотурий, Насафий, Самарқандий ва шу каби Марказий Осиёда етишиб чиқиб, устозлик қилган кўплаб олимларнинг исм-шарифлари Олимжон Барудийнинг устозлари қатроида зикр қилинган.
Демак, юқоридагилардан келиб чиқиб шуни айтиш мумкинки, исломий илмларни асрлар давомида нақл қилиш ва бошқаларга ўргатишнинг муайян тизими ва тартиби жорий қилинган. Хусусан, Мовароуннаҳрда кенг тарқалган таълим беришда, хусусан, диний таълим бериш жуда муҳим ва аҳамиятли масала бўлиб, у илмларни фақат ишончли устозлардан олиш зарур саналган. Ҳар қандай китобни ёзмаслик, машҳур ва мўътабар устозлар номидан ижозат берилмагунча масала айтмаслик ёки дарс бермаслик Шарқ халқалри ва мусулмон олимлар ичида турли фитна ва тушунмовчиликларнинг олдини олишда муҳим хизмат қилиб келган.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ
- Ислом. Энциклопедия: А – Ҳ / Шайх Абдулазиз Мансур таҳрири остида. – Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2017. – Б. 205 (672 б.).
- Абу Ғудда, Абдулфаттоҳ. Ал-Иснод мин ад-дин (санад диндандир). Дорул манзума, 1976. – Б. 1-23.
- Абу Ғудда, Абдулфаттоҳ. Ал-Иснод мин ад-дин (санад диндандир). Дорул манзума, 1976. – Б. 10-23.
- Graham, William H., 1993. “Traditionalism in Islam: An Essay on Interpretation”, Journal of Interdisciplinary History, 23 (3), pp. 495-522.
- Ибн Асир ўзининг “Ал-Лубоб фи ал-ансоб” асарида “Реғзамуний” жойи Бухоро қишлоқларидан бири бўлганини ёзади. Имом Заҳабий ўзининг “Сияр аълом ан-нубало”да: الريغذموني “Ар-Реғзамуний” шаклда берилган.
- Ушбу ижозатнома айни пайтда қайси қўлёзмалар фонди ёки кутубхонада сақланаётгаани аниқ бўлмаса-да, онлайн кутубхоналарда тарқалган нусхаси қуйидаги телеграм каналида мавжуд: https://t.me/margilaniyyun/129 (26.06.2021 й.).
- Ушбу китоб муаллифи Убайдуллоҳ бин Масъуд садри шариа бўлиб, машҳур “Мухтасар” китобининг соҳибидир.
- Батафсил қаранг: Мажмуаи шарифа (ижозатномалар мажмуаси), https://darul-kutub.com/books/1379/.



