Мустамлий Бухорий «шарҳ ат-таъарруф» асарининг Ўзбекистон фондларидаги қўлёзма нусхалари ҳақида

Комилжон Раҳимов,
Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази бош илмий ходими, тарих фанлари доктори, профессор

Мустамлий Бухорийнинг ҳаёти ва фаолияти тўғрисида ёзма манбаларда яхлит ва тўлиқ маълумотлар учрамайди.

Бизгача етиб келган манбаларда Мустамлий Бухорийнинг фақатгина вафот этган йили – 1043 йил эслатилган бўлиб1, унинг туғилган йили тўғрисида бирор-бир маълумот қолмаган. Бироқ Самъонийнинг Абдулазиз ан-Нахшабийга таянган ҳолда, Мустамлийнинг кексалик чоғларида, яъни «етмиш ёшдан ошганидан сўнг Жайҳун [дарёси яқинидаги] Омул2 [шаҳри] шайхлари ҳузурида ҳам таълим олган»лиги3 тўғрисида келтирган маълумотидан унинг 70 йилдан ортиқ умр кўрганлиги аён бўлади. Самъоний келтирган маълумотга янада чуқурроқ эътибор берсак, жумладан, Мустамлий Бухорийнинг «етмиш ёшдан ошганидан» кейинги ҳаёти тўғрисида сўз бораётганини ҳисобга олсак, биринчидан, Мустамлий Бухорий етмиш ёшдан кейин тез орада, яъни бир-икки йил ичида вафот этмаган. Чунки Мустамлий Бухорий ушбу муддат давомида вафот этганида Самъоний бунга эътибор қаратган, жумладан, унинг етмиш ёшидан бир неча йил ўтиб вафот этганлигини айтган бўларди. Иккинчидан, бу ерда Мустамлий Бухорийнинг етмиш ёшдан кейин – тахминан 71 – 73 ёшларида Омул шайхларидан таълим олгани тўғрисида сўз юритилаётган бўлиб, Самъоний унинг таълим даврида ёки ундан бир оз ўтиб вафот этганлиги тўғрисида ҳам ҳеч нарса демайди. Буларнинг барчасидан Мустамлий Бухорийнинг 73 – 75 йил чамаси умр кўрганлигини, яъни 968 – 970 йиллар атрофида дунёга келганини тахмин қилиш мумкин.    

Мустамлий Бухорий Ўрта Осиё илк Уйғониш даврининг Абу-л-Қосим Фирдавсий (329/940 – 416/1025), Абу Райҳон Беруний (362/973 – 440/1048), Абу Али ибн Сино (370/980 – 427/1037), Хожа Абдуллоҳ Ансорий (396/1006 – 481/1089), Юсуф Хос Ҳожиб (410/1019 – 478/1085) каби улуғ мутафаккирлари билан замондош бўлган бўлса-да, манбаларда унинг буюк замондошлари билан учрашгани ёки қандайдир муносабатда бўлгани тўғрисида бирор-бир маълумот учрамайди. Шундай бўлса-да, Марказий Осиё тарихи, жумладан, ундаги илм-фан ва маданият тараққиётида чуқур из қолдирган сомонийлар (875 – 999) ва қорахонийлар (927 – 1211) сулолалари ҳукмронлиги замонида яшаб, ижод қилган Мустамлий Бухорийнинг ижодий камолоти ҳамда буюк олим ва мутафаккир бўлиб етишишида Марказий Осиёда илм-фан ва маданият гуллаб-яшнаган бу давр катта роль ўйнагани – шубҳасиз. Шу ўринда эслатиб ўтиш жоизки, Ўрта Осиё илк Уйғониш даври арабларнинг деярли бир ярим асрлик ҳукмронлигидан сўнг Марказий Осиёда маҳаллий халқларнинг сомонийлар (875 – 999), қорахонийлар (927 – 1211), ғазнавийлар (977 – 1050) ва хоразмшоҳлар (1097 – 1231) давлатларининг вужудга келиши билан бир замонда юз берган бўлиб, сомонийлар даври маданияти IX – XII асрлардаги ушбу буюк маданий жараённинг бошланиш нуқтаси бўлиб хизмат қилди4, қорахонийлар ва ундан кейинги сулолалар даврида эса бу жараён давом эттирилди5. Мустамлий Бухорийнинг ижодий фаолияти эса сомонийлар сулоласи ҳукмронлигининг охирги йиллари ва қорахонийлар сулоласининг Мовароуннаҳрдаги ҳукмронлик даврининг бошларига тўғри келди.

Мустамлий Бухорий ўз даврининг Қуръон, тафсир, ҳадис, фиқҳ, калом, тасаввуф, фалсафа, тарих, тил ва адабиёт каби диний ва дунёвий билимларини чуқур ўрганган. Жумладан, тарихчи Самъоний Мустамлийнинг «фиқҳ ва ҳадис аҳлидан бўлгани, фиқҳ асосларида эса мутакаллимлар йўриғига эргашгани»6, яъни  унинг ҳадис, фиқҳ ва калом соҳаларнинг билимдони бўлгани тўғрисида эслатиб ўтади. Бундан ташқари, Мустамлий Бухорийнинг асарларидан унинг математика, астрономия, тиббиёт, кимё ва минералогия каби фанлардан ҳам хабардор эканлиги маълум бўлади7.

Манбаларда Мустамлий Бухорийнинг турли соҳалардаги устозлари тўғрисида маълумотлар ҳам қолган. Жумладан, бухоролик таниқли муҳаддислардан бўлган Абу-л-Аббос Жаъфар ибн Муҳаммад ан-Нақбуний ва Қози Абу Саид Халил ибн Аҳмад ас-Сижзийлар Мустамлий Бухорийнинг ҳадис илмидаги устозлари бўлишган. Бошқа бир машҳур ҳадисшунос олим Абу Ҳомид Муҳаммад ибн Муҳаммад ас-Соиғ эса унга ўша даврда Бухорода машҳур бўлган «Муснад ус-сирож ал-қадар» («Тақдир чироғи») ҳадислар тўпламидан дарс берган8. Тасаввуф илмини эса Мустамлий Калободий ҳузурида ўрганган9. Бундан ташқари, Мустамлий Бухорий кексалик чоғларида тасаввуф илми соҳасида Омул (Чоржўй) шайхларидан ҳам таълим олган10.

«Ал-Ансоб» ва «Фасл ул-хитоб»да Мустамлийнинг «Музаккир»11 унвони билан эслатилиши ҳам диққатни ўзига тортади. Ўрта асрларда музаккир деб халқ иштирокидаги йиғинларда ваъз қиладиган кишига – воизга айтилган12. Шундан келиб чиққан ҳолда, Мустамлий воизлик ҳам қилган, деган тахминга бориш мумкин.

Мустамлий Бухорийнинг вафоти санаси тўғрисида ҳам икки хил маълумот мавжуд. Жумладан, Самъоний Мустамлийнинг ҳижрий-қамарий 434 йил 16 зулқаъда (милодий 1043 йилнинг 26 июнь) душанба куни пешиндан кейин13, Хожа Муҳаммад Порсо эса унинг ҳижрий-қамарий 434 йил 26 зулқаъда (милодий 1043 йилнинг 6 июль) душанба куни пешиндан кейин14 ўзининг туғилиб ўсган шаҳрида оламдан ўтганини айтишган. Бироқ Порсо томонидан келтирилган сана тарихда ҳафтанинг душанба кунига эмас, балки пайшанба кунига тўғри келганини ҳисобга оладиган бўлсак, Мустамлийнинг вафоти санаси борасида Самъоний томонидан келтирилган маълумот ҳақиқатга яқинроқ кўринади. Порсонинг ёзишича, Мустамлий ушбу шаҳардаги Буғробек тепалиги номи билан машҳур бўлган қабристонда дафн этилган15. Бироқ Муин ул-фуқаро   Мустамлий Бухорийнинг қабри Буғробек қабристонининг шарқ томонида, ундан бир оз масофада жойлашган «Қуззоти сабъа» («Етти қози») қабристонида эканини ёзади16.

Мустамлий Бухорий ўзидан иккита асар қолдирган бўлиб, улардан бири Қуръоннинг форсча тафсиридир. Бизнинг давримизгача етиб келмаган бу тафсир замонасида ўзининг аниқлиги ва мукаммаллиги билан машҳур бўлган.

Мустамлий Бухорийнинг бизнинг давримизгача етиб келган иккинчи асари форсча-тожикча «Шарҳ ат-Таъарруф ли-мазҳаб ат-тасаввуф» («Тасаввуф йўли билан танишув» асарига шарҳ») китоби бўлиб, унинг тасаввуф илмидаги устози Абу Бакр Калободийнинг арабча «Ат-Таъарруф ли-мазҳаб аҳл ат-тасаввуф» («Тасаввуф аҳли йўли билан танишув») номли ҳажман кичик китобига шарҳ сифатида ёзилган. Айтиб ўтиш лозимки, Мустамлий Калободийнинг ушбу асари номини «Ат-Таъарруф ли-мазҳаб ат-тасаввуф» («Тасаввуф йўли билан танишув») кўринишида эслатган бўлиб, шунга кўра ўз асарини ҳам «Шарҳ ат-Таъарруф ли-мазҳаб ат-тасаввуф» («Тасаввуф йўли билан танишув» асарига шарҳ») деб номлаган. Тасаввуф, калом ҳамда бошқа исломий ва ижтимоий фанларга оид муҳим манба ҳисобланган ушбу асарда Мустамлий Бухорийнинг тасаввуфий, каломий ва фалсафий қарашлари ўз аксини топган.

«Шарҳ ат-Таъарруф»нинг
қўлёзма нусхалари

Хорижий манбашуносларнинг қайд этишларича, бугунги кунга қадар дунёнинг турли мамлакатларида «Шарҳ ат-Таъарруф» асарининг 16 та қўлёзма нусхаси топилган бўлиб, улар Покистон, Туркия, Эрон, Россия, Германия, Франция, Миср ва Ҳиндистондаги қўлёзмалар хазиналарида сақланмоқда. Бундан ташқари, биз ушбу тадқиқотимиз давомида «Шарҳ ат-Таъарруф»нинг Ўзбекистонда ҳам 11 та қўлёзма нусхаси мавжудлигини аниқладик. Шундай қилиб, бугунги кунда «Шарҳ ат-Таъарруф» асарининг ҳаммаси бўлиб 27 та қўлёзма нусхаси мавжудлиги маълум бўлди.

Асарнинг қўлёзма нусхалари тўғрисида сўз юритишдан олдин шуни айтиб ўтишни лозим деб биламизки, Мустамлий Бухорий ҳажман йирик бўлган «Шарҳ ат-Таъарруф» асарини ҳар бири йирик бир жилдга баробар бўлган тўрт қисмга бўлиб, ушбу қисмлардан ҳар бирини «рубъ» деб атаган. «Рубъ» (ربع) сўзи араб тилида «тўртдан бир» маъносини билдириб, муаллифнинг ушбу сўзни қўллашдан мақсади асарнинг 4 қисмдан иборатлигини, унинг «рубъ» деб аталаётган ҳар бир қисми унинг 4 дан бири эканлигини билдириш бўлган. «Шарҳ ат-Таъарруф»нинг деярли барча қўлёзма нусхаларида асарда ёритилган мавзулар тартиби бир хил келган. Бироқ «Шарҳ ат-Таъарруф»нинг турли қўлёзмаларида асарнинг рубъларга ва бобларга бўлиниши, жумладан, рубълардаги боблар сони ва номланиши турлича кўрсатилган. Шу сабабли «Шарҳ ат-Таъарруф»нинг Теҳрон нашрини тайёрлаган эронлик манбашунос Муҳаммад Равшан асарнинг турли қўлёзмаларини таққослаш орқали унинг 4 рубъга бўлиниши жиҳатидан аксарият қўлёзмаларга мос келувчи ягона вариантини яратиб, ушбу тўрт рубъ асосида асарни 4 жилд ва 68 бобдан иборат ҳолда нашрга тайёрлаган17.

Биз асарнинг турли қўлёзма нусхаларидаги рубълар ва боблар таркиби ва тартибини кўриб чиқишда асар рубълари ва бобларининг Муҳаммад Равшан томонидан тайёрланган ягона вариантини асос қилиб оламиз.

«Шарҳ ат-Таъарруф»нинг хориждаги қўлёзма нусхалари ҳалигача тўла ва ягона тизим доирасида ўрганилмаган. Жумладан, биринчидан, асарнинг хориждаги қўлёзма нусхаларидан ҳаммаси ҳам тавсиф қилинмаган, иккинчидан, айримлари турли манбашунослар томонидан турли даражада тавсиф қилинган, учинчидан, ушбу қўлёзмаларнинг барчаси тавсифи ёки улар тўғрисидаги ҳар қандай маълумотлар бир жойда берилмаган. Биз, шундан келиб чиққан ҳолда, хорижлик манбашуносларнинг турли даврларда турли жойларда чоп этилган каталоглари ва мақолалари ҳамда бошқа материалларга таяниб, «Шарҳ ат-Таъарруф» асарининг хорижий мамлакатлардаги 9та қўлёзма нусхасининг ягона тизимга солинган тавсифини тайёрладик. «Шарҳ ат-Таъарруф»нинг хориждаги қўлёзма нусхаларининг тўлиқ тавсифи монографиянинг «Иловалар» қисмида келтирилади.

Хорижлик манбашунослар ўз тадқиқотларида асарнинг хорижда мавжуд бўлган 16 та қўлёзма нусхасидан Покистон, Туркия, Эрон ва Россия қўлёзмалар хазиналарида сақланаётган қуйидаги 9 таси тўғрисида у ёки бу даражада маълумот бериб ўтишган:

Покистондаги икки қўлёзма нусхаси: Карачи шаҳридаги Покистон Миллий музейи (№N.M.1959.207, 473/1081)18 ва Ганжбахш кутубхонаси (№290-890/302, XV аср)19 нусхалари;

Туркиядаги тўрт қўлёзма нусхаси: Амосиё шаҳридаги Султон Боязид II кутубхонаси (№ 720, 567/1172)20, Кўниё шаҳридаги Юсуф Оғо кутубхонаси (№5467, 616/1219)21, Истанбул шаҳридаги Қиличали пошшо (№604, 714/1314)22 ва Бурса шаҳридаги Хирожчи ўғли кутубхонаси (№780,  XV–XVI аср)23 нусхалари;

Эрондаги икки қўлёзма нусхаси: Эрон Мажлиси (парламенти) кутубхонаси (№137, 667/1269)24 ва Эрон Миллий кутубхонаси (№1731, 715/1315)25 нусхалари;

Россиядаги бир қўлёзма нусхаси: Қозон шаҳридаги Қозон (Волгабўйи) федерал университети Н. И. Лобачевский номидаги илмий кутубхонаси (XIX аср)26 нусхаси.

Кўриб ўтганимиздек, «Шарҳ ат-Таъарруф»нинг хорижда сақланаётган ушбу 9 қўлёзма нусхасидан 8 таси қадимий ва мўътабар бўлиб, XI – XVI асрларда кўчирилган. Жумладан, ушбу қўлёзма нусхалар орасида энг қадимгиси Покистон миллий музейи нусхаси бўлиб, у 473/1081 йили, яъни муаллиф вафотидан 38 йил ўтиб кўчирилган. Шунингдек, «Шарҳ ат-Таъарруф»нинг Туркиядаги Султон Боязид II (567/1172), Юсуф Оғо (616/1219) ва Қиличали пошшо (714/1314) ҳамда Эрондаги Мажлис (667/1269) ва Миллий кутубхона (715/1315) нусхалари ҳам асарнинг қадимги нусхаларидан ҳисобланади. «Шарҳ ат-Таъарруф»нинг Покистондаги Ганжбахш (XV аср) ва Туркиядаги Хирожчи ўғли (XV – XVI асрлар) нусхалари нисбатан кейинги даврларда кўчирилган. «Шарҳ ат-Таъарруф»нинг хорижда мавжуд бўлган нусхалари орасида Қозон (XIX аср) нусхаси энг охирги кўчирилгани бўлиб, ўзининг яхши сақланганлиги билан ажралиб туради.

Ушбу қўлёзмалардан бирортасининг ҳам кўчирилган жойи тўғрисида маълумот мавжуд эмас. Бироқ «Шарҳ ат-Таъарруф» қўлёзмасининг Туркиядаги Султон Боязид II (№720, 567/1172) нусхасининг котиби – Муҳаммад ибн Али ибн Зиёд ибн Маликон ас-Совийнинг исмидаги «Совий» нисбаси унинг Эроннинг қадимий Сова шаҳридан эканлигини кўрсатади. Шунга кўра мазкур қўлёзманинг Эрондаги Сова шаҳрида кўчирилган бўлиши мумкинлиги эҳтимолдан холи эмас. Бундан ташқари, асар қўлёзмасининг Эрон Мажлиси (№137, 667/1269) нусхасининг Маҳмуд ибн Ҳабаш ибн Юсуф Румий номли котиб томонидан кўчирилганлиги тўғрисидаги маълумот ҳам ушбу нусханинг бугунги Туркия ҳудудида кўчирилгани тўғрисида тахмин қилиш имконини беради.

«Шарҳ ат-Таъарруф»нинг хорижий мамлакатлардаги қўлёзма нусхалари орасида Покистондаги Ганжбахш, Туркиядаги Хирожчи ўғли ва Россиядаги Қозон нусхалари нисбатан тўлиқ нусхалар бўлиб, улардан асарнинг барча қисми – 4 рубънинг ҳамма боблари ўрин олган27. «Шарҳ ат-Таъарруф»нинг тўлиқ бўлмаган 3-рубъи (20 – 42-боблар) жой олган Эрон Мажлиси28, 1- (1 – 8-боблар) ва 2- (9 – 18-боблар) рубълар тўла жой олган Султон Боязид II29, 1-рубъ тўлалигича (1 – 8-боблар) ва 2-рубънинг аксарият қисми (9 – 16-боблар) жой олган Юсуф Оғо30 ҳамда 2-рубънинг 1 боби (18-боб) ва 24 бобдан иборат бўлган 3-рубънинг 17 боби (19 – 35-боблари) жой олган Эрон Миллий кутубхонаси31 нусхалари 4 рубъдан иборат асарнинг 1 рубъидан 2 рубъигача, яъни ярмигача бўлган қисмини ўз ичига олган ноқис нусхалари ҳисобланади. «Шарҳ ат-Таъарруф»нинг асарнинг 1-рубъи (1 – 8 боблар) жой олган Қиличали пошшо32 ҳамда 2-рубъдаги 18-бобнинг 2-ярми, 3-рубъдаги 19-бобнинг 1-ярми ва 40-бобнинг охирги 1 саҳифаси жой олган Покистон миллий музейи33 нусхалари асарнинг энг ноқис нусхалари ҳисобланади.

Бундан ташқари, манбашунослар «Шарҳ ат-Таъарруф» асарининг Германиядаги Берлин давлат кутубхонаси, Париждаги Франция Миллий кутубхонаси, Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Шаҳидали пошшо, Жоруллоҳ ва Ризо пошшо, Мисрдаги Қоҳира ҳамда Ҳиндистондаги Ҳайдаробод кутубхоналари қўлёзмалар хазиналарида ҳам ушбу асарнинг 1 тадан нусхаси мавжудлиги тўғрисида ёзишган. Бироқ қўлимизда «Шарҳ ат-Таъарруф»нинг ушбу қўлёзма нусхалари тўғрисида мавжуд бўлган маълумотлар турли манбашуносларнинг бу нусхалар тўғрисидаги умумий эслатмаларидангина иборат. Жумладан, Париждаги Франция Миллий кутубхонаси қўлёзмалар хазинасида сақланаётган форсча қўлёзмалар каталогини тузувчилар ҳамда манбашунослардан К. Броккелман ва Ф. Сезгинлар фақатгина «Шарҳ ат-Таъарруф» асарининг Франция Миллий кутубхонасида №80, Берлин давлат кутубхонасида №246, Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Шаҳидали пошшо кутубхонасида №1231, Жоруллоҳ кутубхонасида №1627 ва Ризо пошшо кутубхонасида №875 инвентарь рақамлари остида сақланаётган қўлёзма нусхалари мавжудлигини эслатиб ўтган бўлсалар34, эронлик манбашунос Мужтабо Минувий «Шарҳ ат-Таъарруф» асари қўлёзмаларидан бири «Нур ул-муридин ва фазиҳат ул-муддаъин» номи остида Мисрдаги Қоҳира кутубхонасида сақланаётганлигини эслатиб, унинг инвентарь рақами ёки бошқа маълумотларини келтирмаган35. Бошқа бир манбашунос Муҳаммад Ҳусайн Тасбиҳий ҳам Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод шаҳридаги Осафия кутубхонасида «Шарҳ ат-Таъарруф» асарининг яна 1 қўлёзма нусхаси мавжудлигини қайд қилар экан, ушбу нусханинг инвентарь рақами ёки бошқа хусусиятлари тўғрисида ҳеч нарса демаган36.

Юқорида эслатиб ўтганимиздек, ушбу тадқиқот давомида «Шарҳ ат-Таъарруф» асарининг хорижий мамлакатлардаги қўл-
ёзма нусхаларидан ташқари, Ўзбекистон қўлёзмалар хазиналарида ҳам 11 та қўлёзма нусхаси сақланаётганини аниқланди. Бироқ асарнинг мазкур қўлёзма нусхалари ҳалигача тавсиф қилинмаган бўлиб, шу пайтгача нашр этилган қўлёзмалар каталогларида, жумладан, 1952 – 1987 йиллар давомида 11 жилдда нашр этилган «Ўзбекистон Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари тўплами»да ҳам улар тўғрисида бирор бир маълумот учрамайди. Шу сабабли «Шарҳ ат-Таъарруф»нинг ушбу 11 қўлёзма нусхаси биринчи марта тўлиқ тавсиф қилиниб, уларнинг матншунослик хусусиятлари тўғрисида маълумотлар тайёрланди. «Шарҳ ат-Таъарруф»нинг Ўзбекистондаги қўлёзма нусхалари тўлиқ тавсифи билан монографиянинг «Иловалар» қисмида танишиш мумкин.

«Шарҳ ат-Таъарруф» асарининг Ўзбекистонда мавжуд бўлган 11 та қўлёзма нусхасидан 9 таси (№4980, 1234/1819 йил; №583, 1237/1821-22 йил; №10980, 1240/1825 йил; №2703, 1241/1825-26 йил; №11001, 1246/1830-31 йил; №4979, 1252/1836-37 йил; №9467, 1276/1860 йил; №4914, XIX аср; №11987, XIX аср) Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, 1 таси (№189, 1273/1856 йил) Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва яна 1 таси (№ПВ-16, 1289/1872-73 йил) Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси Қўлёзмалар, нодир ва алоҳида қимматга эга нашрлар фондида сақланмоқда. Биз асарнинг ушбу хазиналарда сақланаётган қўлёзма нусхаларини, қисқароқ қилиб, Ўзбекистон Республикаси  Фанлар академияси Шарқшунослик институти нусхалари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси нусхаси ва Ўзбекистон миллий кутубхонаси нусхаси деб атаймиз.

Ушбу қўлёзма нусхаларнинг барчаси XIX асрнинг турли йилларида кўчирилган. 11 қўл-
ёзмадан 9 тасида (№4980, 1234/1819 йил; №583, 1237/1821-22 йил; №10980, 1240/1825 йил; №2703, 1241/1825-26 йил; №11001, 1246/1830-31 йил; №4979, 1252/1836-37 йил; №9467, 1276/1860 йил) уларнинг кўчирилган саналари аниқ кўрсатилган. Қолган 2 қўлёзманинг (№4914, №11987) ёзув хусусиятлари уларнинг ҳам XIX асрда кўчирилганлиги тўғрисида тахмин қилиш имкониятини беради.

Мазкур қўлёзмаларда улардан 5 тасининг (№583, №10980, №11001, №9467 ва №2703) Бухорода37 ва 1 тасининг (№ПВ-16) Хивада38 кўчирилганлиги эслатилган. Бундан ташқари, 4979 рақамли қўлёзманинг Авазмуҳаммад ибн Қурбонмуҳаммад номли котиб томонидан кўчирилганлиги39 унинг Хоразмда, №189 рақамли қўлёзманинг котибларидан бири Мулло Абдураҳмон Самарқандий деган киши бўлганлиги40 эса унинг Самарқандда кўчирилган бўлиши мумкинлиги тўғрисида тахмин қилиш имкониятини беради. 

Шу ўринда асар қўлёзмаларидан 4 тасининг (№4980, №583, №10980, №2703) Бухоро амири Амир Ҳайдар (1800 – 1826) ва 2 тасининг (№11001, №9467) Бухоро амири Амир Насруллоҳ (1827 – 1860) ҳукмронлиги даврида, жумладан, улардан 1 тасининг (№10980) бевосита Амир Ҳайдарнинг ва яна 1 тасининг (№9467) Амир Насруллоҳнинг буйруғи билан кўчирилгани тўғрисидаги маълумот диққатни ўзига тортади. Тарихчиларнинг эътироф этишларича, Бухоро амирлигининг манғитлар сулоласидан бўлган ҳукмдорлари Амир Шоҳмурод (1785 – 1800) ва унинг ўғли Амир Ҳайдар (1800 – 1826) ҳукмронлиги даврида илм-фан ва маданият тараққий топади. Жумладан, Амир Ҳайдар мамлакатдаги мадрасаларда ўқитилиши учун бошқа мамлакатлар, жумладан, Туркия ва Афғонистондан кўплаб китоблар олиб келтирган41. Шунга кўра, Амир Ҳайдар буйруғи билан «Шарҳ ат-Таъарруф» асарининг кўчирилиши ўша даврда Бухоро амирлигида юз бераётган маданий жараён билан бевосита боғлиқ экани маълум бўлади. Бундан ташқари, шарқшунос-манбашунос Масъудхон Исмоилов Амир Ҳайдарнинг отаси Амир Шоҳмурод шахси билан боғлиқ бир воқеага эътибор қаратади. Унинг тарихий манбалар, жумладан, «Тарихи Хумулий»га таянган ҳолда аниқлашича, нақшбандия-мужаддидия тариқати аъзоси бўлган Амир Шоҳмурод имомлигида ўқилган намозлардан сўнг «Шарҳ ат-Таъарруф» асаридан парчалар мутолаа қилиниб, шарҳланган42. Швейцариялик нақшбандийшунос Анке фон Кюгельген эса Амир Шоҳмуроддан кейин Бухоро амирлиги тахтига ўтирган ўғли Амир Ҳайдар ҳам ушбу тасаввуф тариқатини қўллаб-қувватлаш ишини давом эттиргани тўғрисида ёзади43. Буларнинг барчаси, биринчидан, «Шарҳ ат-Таъарруф» қўлёзма нусхаларидан 2 тасининг Амир Ҳайдар ва Амир Насруллоҳлар буйруғи билан кўчирилишидан олдин ҳам ушбу асарнинг Бухорода, жумладан, ушбу амирликдаги сўфийлар доираларида машҳур бўлганлиги, иккинчидан, Амир Ҳайдар ва Амир Насруллоҳларнинг «Шарҳ ат-Таъарруф» асарини нақшбандия-мужаддидия тариқатини қўллаб-қувватлаш доирасида кўчиртирган бўлишлари мумкинлигини кўрсатади. 

Амир Ҳайдардан кейин унинг ўғли Амир Насруллоҳ (1827 – 1860) ҳам маълум маънода бобоси ва отасининг уламолар ва тасаввуф шайхлари, жумладан, нақшбандия-мужаддидия тариқати шайхларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ҳаракатларини давом эттирди44. Кюгельгеннинг манбаларга таяниб ёзишича, ҳатто, Амир Насруллоҳ ушбу тариқат раҳбари Шайх Лутфуллоҳнинг (1750 – 1841) халифаларидан бири бўлишга истак билдирган45. Шунга кўра, «Шарҳ ат-Таъарруф»нинг бизгача етиб келган нусхаларидан бири – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасидаги 9467 рақамли қўлёзманинг 1276/1860 йили Амир Насруллоҳ буйруғи билан Бухорода кўчирилганлиги бу ҳукмдорнинг ҳам тасаввуф, хусусан, нақшбандия-мужаддидия  тариқатига бўлган эътиборидан далолат беради.

Табиийки, тасаввуф асосларига бағишланган мўътабар манба бўлмиш «Шарҳ ат-Таъарруф» асари нусхаларини кўпайтиришга сўфийлик тариқатлари вакиллари ҳам алоҳида эътибор беришган. Асарнинг 1241/1825-26 йили Бухорода кўчирилган қўлёзма нусхасида (№2703) унинг «тасаввуф шайхи Муҳаммад Саййидхожа Саййид Атоий» буюртмаси билан кўчирилганлиги эслатилган.

«Шарҳ ат-Таъарруф» қўлёзма нусхаларидан камида 5 нусхасининг Бухорода, камида 1 нусхасининг Хивада кўчирилганлиги, шунингдек, яна 2 нусхасининг Хоразм ва Самарқандда кўчирилган бўлиши мумкинлиги эса шу даврда юртимизда илм-фан ва маданиятга бўлган эътиборни, шунингдек, тасаввуфнинг катта нуфузга эга бўлганлигини кўрсатади.

«Шарҳ ат-Таъарруф»нинг Ўзбекистондаги қўлёзма нусхаларидан катта қисми – 6 таси, яъни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси  Шарқшунослик институтидаги тўрт (№4980, №4979, №9467 ва №583)46 нусхаси ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси (№189)47 ва Ўзбекистон миллий кутубхонаси (№ПВ-16)48 нусхалари тўлиқ бўлиб, улардан асарнинг барча 4 рубъи ўрин олган. Қолган 5 қўлёзма ноқис бўлиб, улардан ҳар бири асарнинг тўлиқ бўлмаган 1 рубъидан тортиб тўлиқ 2 рубъигача бўлган қисмини ўз ичига олган. Жумладан, 10980 рақамли қўл-
ёзмада асарнинг тўлиқ 1- ва 2-рубълари49, 11001 рақамли қўлёзмада эса асарнинг тўлиқ 3- ва 4-рубълари50, яъни ушбу икки қўлёзмадан ҳар бирида асарнинг ярми жой олган бўлса, 4914 рақамли қўлёзмада асарнинг тўлиқ 1- ва тўлиқ бўлмаган 2-рубъи51, 2703 рақамли қўлёзмада асарнинг тўлиқ 1-рубъи ва 2-рубъининг 1 боби52, 11987 рақамли қўлёзмада эса асарнинг бор-йўғи тўлиқ бўлмаган 1-рубъи53 ўрин олган.

«Шарҳ ат-Таъарруф» қўлёзмалари тўғрисида аниқланган маълумотлар ҳамда амалга оширилган таҳлиллар мазкур қўлёзмаларнинг қуйидаги хусусиятлари ушбу асарнинг тасаввуф ва бошқа фанларга оид муҳим манба сифатидаги аҳамиятини белгилайдиган, шунингдек, уни тўлақонли тадқиқ этишга имкон берадиган омиллардан бўлиб хизмат қилиши тўғрисида хулоса чиқаришимизга асос бўлади:

1. Асарнинг бизгача етиб келган қўлёзма нусхалари. Бундан тахминан минг йил олдин – XI аср бошларида яратилган «Шарҳ ат-Таъарруф» асарининг 27 та қўлёзма нусхасининг бизнинг давримизгача етиб келганлиги асрлар давомида ушбу асарга бўлган қизиқиш ва эътибор сусаймаганлигини кўрсатади.

2. Қўлёзмаларнинг кўчирилган даврлари. Асарнинг бизгача етиб келган қўлёзма нусхалари муайян бир даврда эмас, балки турли даврларда – XI, XII, XIII, XIV, XV, XVI ва XIX асрларда кўчирилганлиги унинг яратилган замонидан бошлаб ХХ асрга қадар бўлган даврда илмий ва тасаввуфий доиралар томонидан муҳим ва мўътабар манбалардан бири саналиб келганлигини кўрсатади.

3. Қўлёзмаларнинг кўчирилган жойлари. Асарнинг бизгача етиб келган қўлёзма нусхаларининг муайян бир ҳудудда эмас, балки турли ҳудудларда – Эрон, Кичик Осиё, Марказий Осиё ва бошқа жойларда кўчирилганлиги ҳам унинг XI асрдан то ХХ асрга қадар бўлган даврда мусулмон Шарқининг кўпгина мамлакатларида тасаввуф ҳамда бошқа ислом илмларига оид манба сифатида эътиборга сазовор бўлганини кўрсатади.

4. Бухоро амирлари буйруғи билан кўчирилган қўлёзмалар. Асарнинг Ўзбекистонда сақланаётган қўлёзма нусхаларидан 2 таси (№1098, №9467)нинг Бухоро амирлиги ҳукмдорлари – Амир Ҳайдар ва Амир Насруллоҳ буйруғи билан кўчирилганлиги, бир томондан, XVIII аср охирлари – XIX аср бошларида Бухоро амирлигида тасаввуфга ҳукумат даражасида эътибор берилганлиги, иккинчидан, «Шарҳ ат-Таъарруф» асарининг хожагон-нақшбандия тариқати вакиллари учун муҳим қўлланмалардан бири ҳисобланганлигидан далолат беради.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нусхаси, №ПВ-16

«Шарҳ ат-Таъарруф» асари қўлёзмасининг Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси Қўлёзмалар, нодир ва алоҳида қимматга эга нашрлар фондида №ПВ-16 инвентарь рақам остида сақланаётган нусхаси ҳижрий-қамарий 1289 (милодий 1872/73) йили Хивада номаълум котиб томонидан настаълиқ хатида кўчирилган.

Қўлёзма тўлиқ бўлиб, ундан «Шарҳ ат-Таъарруф»нинг ҳар 4 рубъи тўлалигича жой олган. Бунда 1-рубъ 1б – 181б-, 2-рубъ 182б – 352а-, 3-рубъ 352б – 518б- ва 4-рубъ 518б – 676а-варақларда жойлаштирилган.

Қўлёзма муқоваси қалин картон устига қизил рангли қоғоз ёпиштириш орқали тайёрланган. Муқова ҳошияланган бўлиб, унда 3 та ромб шаклидаги медальон мавжуд. Асарнинг дастлабки қисмига қизил рангли чарм қопланган. Муқованинг ички қисмлари абри баҳор билан безатилган. 5 варақ қолдирилиб, сўнгра матн қисми варақнинг юқори қисмида қалам билан рақамланган 1, 2 ва ҳоказолар билан бошланади. Қўлёзма матни 676а-бетда тугайди. Ундан сўнг 6 та бўш варақ мавжуд.  

Қўлёзма – 689 варақдан иборат, саҳифа ўлчами – 30х25 см, матн ўлчами – 14,5х23,5 см, ҳошия ўлчами – 8х3 см бўлиб, ҳар бир саҳифада 21 қатордан иборат бўлган матн жойлаштирилган.

Қўлёзманинг унвони йўқ, аммо колофони бор. Саҳифаларига ҳошия чизилмаган.

Матнда алоҳида ажратиб кўрсатилиши керак бўлган сўзлар қирмизи рангда ёзилган. Аксарият ўринларда боб номлари қирмизи рангда, Калободий матни эса тагига қирмизи рангли чизиқ билан ажратиб кўрсатилган. Саҳифалар ҳошиясига шарҳлар битилган. Саҳифаларда пойгирлар мавжуд.

Қўлёзмадаги варақларнинг сақланиши ёмон эмас, бироқ қўлёзманинг нам тортгани яққол билиниб турибди.

Қўлёзма қуйидаги сўзлар билан бошланади:

. الحمد لله القاهر العلى القادر

Таржимаси:

«Куч ва қудрат соҳиби бўлмиш эгамиз Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин».

Қўлёзма қуйидаги сўзлар билан ниҳоя топади:

سخن سماع بر اختصار یاد کردیم و فیما ذكرنا كفاية لمن تدخر و تأمل و تفكر و الحمد لله على ما وفق و استغفره من زلة او تقصير وقع و لا حول و لا قوة الا بالله العلي العظيم و صلى الله على محمد و آله و عترته الطاهرين سنه

Таржимаси:

«Самоъ ҳақида қисқача эслатиб ўтдик. Ушбу эслатиб ўтганларимиз [маънавий озуқа] жамлайдиган, чуқур ўйлайдиганлар ва фикр юритадиган кишилар учун етарли бўлади. Тавфиқ берган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Юз берган бўлган гуноҳ ва камчиликлар учун унга истиғфор айтаман. Куч ва қувват фақатгина олий ва буюк Аллоҳдандир.


1. Ал-Ансоб. 5-ж. Б. 289.; Фасл ул-хитоб. Б. 71.

2. Ҳозирги Туркманистон ҳудудидаги Туркманобод (Чоржўй) шаҳри.

3. Ал-Ансоб. 5-ж. Б. 289.

4. Хайруллаев М. Культурное наследие Центральной Азии в IX – XI веках и государство Саманидов // «Вклад эпохи Саманидов в культурное наследие Центральной Азии». Материалы междун. семинара. – Душанбе: «Адиб», 1999.  С. 79-80.

5. К. Ш. Шониёзов. Бухоро Ғарбий Қорахонийлар ҳукмронлигида (XI – XII асрлар). // Ўзбекистонда ижтимоий фанлар. Общественные науки в Узбекистане. – Тошкент: «Фан», 1997. – № 9-10-11. – Б. 39–45; Торогельдиева Б. М. Мусульманский Ренессанс и культура Караханидского каганата // Manas Universitesi Sosyal bilimler Dergisi, Biškek, 2001, p. 145–155.

6. Ал-Ансоб. 5-ж. Б. 289.

7. Қаранг: Шарҳ ат-Таъарруф. 1-р. Б. 40.;Ўша асар. 3-р. Б. 1020, 1190, 1198, 1236, 1270; Ўша асар. 4-р. Б. 1452, 1470, 1488, 1494.

8 Ал-Ансоб. 5-ж. Б. 289.

9 Фасл ул-хитоб. Б. 71.

10 Ал-Ансоб. 5-ж. Б. 289.

11 Ўша асар. 5-ж. Б. 289.; Фасл ул-хитоб. Б. 71.

12 Қаранг: Аҳмад ибн Умар ибн Али Низомий Арузий Самарқандий. Чаҳор мақола (форс тилида) / Муҳаммад Қазвиний таҳрири остида. – Теҳрон: «Зуввор», 1333/1954. Б. 83.; Нафаҳот ул-унс. Б. 183.

13. Ал-Ансоб. 5-ж. Б. 289.

14. Фасл ул-хитоб. Б. 71.

15. Ўша асар. Б. 71.

16. Таърихи Муллозода. Б. 56–57.

17. Қаранг: Абу Иброҳим Исмоил ибн Муҳаммад ал-Мустамлий ал-Бухорий. Шарҳ ат-Таъарруф ли-мазҳаб ат-тасаввуф (форс тилида). 5 рубълик. Муҳаммад Равшан томонидан нашрга тайёрланган. 1-, 2-, 3-, 4-, 5-рубълар. Теҳрон: «Асотир». 1984 – 1987. 2332 бет. Эслатма: Асар матни 4 рубъда жойлаштирилган бўлиб, 5-рубъ муҳаррир изоҳлари ва иловаларини ўз ичига олган.

18. Қаранг: Абдулҳай Ҳабибий. Сомонийлар даврига тегишли энг қадимги форсча қўлёзма нусхалардан бири. Б. 133–141.; Жалол Матиний. «Шарҳ ат-Таъарруф» асаридан бир қисмининг имло хусусиятлари. Б. 1–18.; Шарҳ ат-Таъарруф. 1-р. Муҳаррир сўзбошиси. Б. 14.; Шарҳ ат-Таъарруф. 3-р. Муҳаррир эслатмаси. Б. 919.; Шарҳ ат-Таъарруф. 5-р. Нусхалар шарҳи. Б. 2127–2224.; Суҳайло Юсефий. «Шарҳ ат-Таъарруф ли мазҳаб ат-тасаввуф». Б. 158–161.

19. Қаранг: Тасбиҳий, Муҳаммад Ҳусайн. Ганжбахш кутубхонасида сақланаётган форсча қўлёзмалар каталоги (форс тилида). Эрон-Покистон форсий тадқиқотлар маркази. 2-р. Покистон, Равалпинди, 1971. Б. 271.; Тасбиҳий, Муҳаммад Ҳусайн. «Шарҳи Таъарруф ли-мазҳаб ат-тасаввуф» ёки «Нур ул-муридин ва фазиҳат ул-муддаъин» // «Ваҳид» журнали (форс тилида). 1356 й. обон (1977 й. ноябрь) ойи. 219-220-сон. Б. 92–97.; Мунзавий, Аҳмад. Покистонда сақланаётган форсча қўлёзмалар қўшма каталоги (форс тилида). Эрон-Покистон форсий тадқиқотлар маркази. 3-жилд. Исломобод, 1986. Б. 1354.; Шарҳ ат-Таъарруф. 3-р. Муҳаррир эслатмаси. Б. 919-920.; Шарҳ ат-Таъарруф. 5-р. Нусхалар шарҳи. Б. 2127–2224.

20. Қаранг: Шарҳ ат-Таъарруф. 1-р. Муҳаррир сўзбошиси. Б. 14-15.; Шарҳ ат-Таъарруф. 5-р. Нусхалар шарҳи. Б. 2127–2224.

21. Қаранг: Аҳмад Оташ. Қуниядаги бир неча муҳим форсий қўлёзма китоб. Турк тилидан Абдурасул Хайёмпур таржимаси // Табриз университети Адабиёт факультети журнали (форс тилида). Эрон, Табриз. 1344 (1966) йилнинг қиши. 36-сон. Б. 483–506.; Шарҳ ат-Таъарруф. 1-р. Муҳаррир сўзбошиси. Б. 17-18.; Шарҳ ат-Таъарруф. 5-р. Нусхалар шарҳи. Б. 2127–2224.

22. Қаранг: Шарҳ ат-Таъарруф. 1-р. Муҳаррир сўзбошиси. Б. 16-17.; Шарҳ ат-Таъарруф. 5-р. Нусхалар шарҳи. Б. 2127–2224.

23. Қаранг: Шарҳ ат-Таъарруф. 1-р. Муҳаррир сўзбошиси. Б. 18-19.; Шарҳ ат-Таъарруф. 5-р. Нусхалар шарҳи. Б. 2127–2224.

24. Қаранг: Аҳмад Мунзавий. Минтақавий маданият муассасасида сақланаётган форсча қўлёзмалар каталоги (форс тилида). 2-жилд. Теҳрон, 1968. Б. 1224.; Муҳаммад Тақий Донишпажўҳ. Теҳрон университети марказий кутубхонасида сақланаётган микрофильмлар каталоги (форс тилида). 1-жилд. Теҳрон, 1969. Б. 130.; Шарҳ ат-Таъарруф. 1-р. Муҳаррир сўзбошиси. Б. 20.; Шарҳ ат-Таъарруф. 5-р. Нусхалар шарҳи. Б. 2127–2224.

25. Қаранг: Сайид Абдуллоҳ Анвор. Эрон Миллий кутубхонасида сақланаётган қўлёзмалар каталоги (форс тилида): Форсча китоблар, 1001–1500-рақамлар. 3-жилд. Учинчи нашр. – Теҳрон. Эрон миллий ҳужжатлари ташкилоти. 2015. Б. 504. Шарҳ ат-Таъарруф. 1-р. Муҳаррир сўзбошиси. Б. 19-20.; Шарҳ ат-Таъарруф. 5-р. Нусхалар шарҳи. Б. 2127–2224.

26. Қаранг: Алсу Арсланова. Персоязычные рукописи по суфизму в собрании Научной библиотеки им. Н. И. Лобачевского К(П)ФУ // Гасырлар авазы – Эхо веков. 2014. №1/2. – С. 49–55.

27. Ганжбахш нусхаси тўғрисида қаранг: Тасбиҳий, Муҳаммад Ҳусайн. Ганжбахш кутубхонасида сақланаётган форсча қўлёзмалар каталоги. 2-ж. Б. 271.; Тасбиҳий, Муҳаммад Ҳусайн. «Шарҳи Таъарруф ли-мазҳаб ат-тасаввуф» ёки «Нур ул-муридин ва фазиҳат ул-муддаъин». Б. 92–97.; Шарҳ ат-Таъарруф. 3-р. Муҳаррир эслатмаси. Б. 919-920.; Шарҳ ат-Таъарруф. 5-р. Нусхалар шарҳи. Б. 2127–2224.; Хирожчи ўғли нусхаси тўғрисида қаранг: Шарҳ ат-Таъарруф. 1-р. Муҳаррир сўзбошиси. Б. 18-19.; Шарҳ ат-Таъарруф. 5-р. Нусхалар шарҳи. Б. 2127–2224.; Қозон нусхаси тўғрисида қаранг: Алсу Арсланова. Персоязычные рукописи по суфизму в собрании Научной библиотеки им. Н. И. Лобачевского К(П)ФУ. – С. 53.

28. Қаранг: Аҳмад Мунзавий. Минтақавий маданият муассасасида сақланаётган форсча қўлёзмалар каталоги. 2-ж. Б. 1224.; Муҳаммад Тақий Донишпажўҳ. Шарҳ ат-Таъарруф. 5-р. Нусхалар шарҳи. Б. 2127–2224.

29. Қаранг: Шарҳ ат-Таъарруф. 1-р. Муҳаррир сўзбошиси. Б. 14-15.; Шарҳ ат-Таъарруф. 5-р. Нусхалар шарҳи. Б. 2127–2224.

30. Қаранг: Аҳмад Оташ. Қуниядаги бир неча муҳим форсий қўлёзма китоб. Б. 500.; Шарҳ ат-Таъарруф. 5-р. Нусхалар шарҳи. Б. 2127–2224.

31. Қаранг: Сайид Абдуллоҳ Анвор. Эрон Миллий кутубхонасида сақланаётган қўлёзмалар каталоги. 3-ж. Б. 504. Шарҳ ат-Таъарруф. 1-р. Муҳаррир сўзбошиси. Б. 19-20.; Шарҳ ат-Таъарруф. 5-р. Нусхалар шарҳи. Б. 2127–2224.

32. Қаранг: Шарҳ ат-Таъарруф. 5-р. Нусхалар шарҳи. Б. 2127–2224.

33. Қаранг: Жалол Матиний. «Шарҳ ат-Таъарруф» асаридан бир қисмининг имло хусусиятлари. Б. 3.; Шарҳ ат-Таъарруф. 1-р. Муҳаррир сўзбошиси. Б. 14.; Шарҳ ат-Таъарруф. 3-р. Муҳаррир эслатмаси. Б. 919.; Шарҳ ат-Таъарруф. 5-р. Нусхалар шарҳи. Б. 2127–2224.

34. Бу тўғрида қаранг: E. Blochet. Catalogue des manuscrits persans de la bibliotheque nationale. Tome premier. N08 1–720. Paris. Imprimerie Nationale. MDCCCV, 1905. P. 52; Brockelmann C. Geschichte der arabischen Litteratur. Erster Supplementband. Leiden: E. J. Brill, 1937. P. 360; Sez¬gin F. Geschichte des arabischen Schrifttums. Band 1. Leiden: E.J.Brill, 1967.  P. 669.

35. Мужтабо Минувий. «Шарҳи таъарруф» китоби. Б. 406.

36. Тасбиҳий, Муҳаммад Ҳусайн. «Шарҳи Таъарруф ли-мазҳаб ат-тасаввуф» ёки «Нур ул-муридин ва фазиҳат ул-муддаъин». Б. 98.

37. Абу Иброҳим Исмоил ибн Муҳаммад ал-Мустамлий ал-Бухорий. Шарҳ ат-Таъарруф ли-мазҳаб ат-тасаввуф. Қўлёзма / ЎзР ФА Шарқшунослик институти, инв. №583, 641б; инв. №10980, колофон; инв. №11001, колофон; инв. №9467, В. 508а; инв. №2703, колофон.

38. Абу Иброҳим Исмоил ибн Муҳаммад ал-Мустамлий ал-Бухорий. Шарҳ ат-Таъарруф ли-мазҳаб ат-тасаввуф. Қўлёзма / Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси Қўлёзмалар, нодир ва алоҳида қимматга эга нашрлар фонди, инв. №ПВ-16, В. 2а.

39. Шарҳ ат-Таъарруф. Қўлёзма / ЎзР ФА Шарқшунослик институти, инв. №4979, В. 399а.

40. Абу Иброҳим Исмоил ибн Муҳаммад ал-Мустамлий ал-Бухорий. Шарҳ ат-Таъарруф ли-мазҳаб ат-тасаввуф. Қўлёзма / Ўзбекистон халқаро ислом академияси манбалар хазинаси, инв. №189, В. 390б.

41. Қаранг: Ахмад Дониш. История мангитской династии. Перевод И. А. Наджафовой. Душанбе: Дониш. 1967. С. 37; Ахмад Дониш. Путешествие из Бухары Петербург. Душанбе, 1960. С. 42; Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 11-жилд. – Т.: «Ўзбекистон миллий энциклопедияси», 2005. Б. 275-276.

42. Масъудхон Исмоилов. XVIII асрнинг охирларида Бухоро амирлиги маънавий ҳаётида Амир Шоҳмуроднинг ўрни // Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университетининг илмий-таҳлилий ахбороти. Тошкент. 2008 й. 2-сон. Б. 52-53.

43. Анке фон Кюгельген. Расцвет Накшбандийа-Муджаддидийа в Средней Трансоксании с XVIII – до начала XIX вв.: опыт детективного расследования // Суфизм в Центральной Азии (зарубежные исследования): Сб. ст. памяти Фритца Майера (1912–1998) / Сост. и отв. редактор А. А. Хисматулин. – СПб.: Филологический факультет СПбГУ, 2001. С. 277, 279.   

44. Қаранг: Д. Х. Джурабаев. Научные труды светских и религиозных деятелей Бухарского эмирата в конце XVIII – начале XIX века // Вестник Челябинского государственного университета. 2013. № 36 (327). История. Вып. 58. С. 99, 101. 

45. Қаранг: Анке фон Кюгельген. Расцвет Накшбандийа-Муджаддидийа в Средней Трансоксании с XVIII – до начала XIX вв.: опыт детективного расследования. С. 319-320.

46. Шарҳ ат-Таъарруф. Қўлёзма / ЎзР ФА Шарқшунослик институти, инв. №4980, №4979, №9467 ва №583.

47. Шарҳ ат-Таъарруф. Қўлёзма / Ўзбекистон халқаро ислом академияси, инв. №189.

48. Шарҳ ат-Таъарруф. Қўлёзма / Ўзбекистон миллий кутубхонаси, инв. №ПВ-16.

49. Шарҳ ат-Таъарруф. Қўлёзма / ЎзР ФА Шарқшунослик институти, инв. №10980.

50. Шарҳ ат-Таъарруф. Қўлёзма / ЎзР ФА Шарқшунослик институти, инв. №11001.

51. Шарҳ ат-Таъарруф. Қўлёзма / ЎзР ФА Шарқшунослик институти, инв. №4914.

52. Шарҳ ат-Таъарруф. Қўлёзма / ЎзР ФА Шарқшунослик институти, инв. №2703.

53. Шарҳ ат-Таъарруф. Қўлёзма / ЎзР ФА Шарқшунослик институти, инв. №11987.

Scroll to Top