Азизхўжа ИНОЯТОВ, Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази директори, исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент
Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази ташкил этилганидан буён ўтган қисқа вақт ичида мутахассисларимиз томонидан турли қўлёзма, тошбосма китоблар табдил ва таржима қилинди. Хусусан, М.Атоев муҳаррирлигида Абдураҳмон Тамкин Бухорийнинг “Мулистон” асари “Ошиқлар макони” номи остида нашр этилди. “Мўлистон” 17 байтдан иборат бўлиб, қитъа жанрида ёзилган. Ўз даврида зиёлилар, тасаввуф ва тасаввуф адабиётига қизиққан кишилар орасида қўлма-қўл ўқилган ушбу асар муаллифнинг ҳаёти ва ижодини ўрганишда муҳим илмий-адабий манба ҳисобланади.
Абдураҳмон Тамкин Бухорий XIX аср охири – XX аср бошларида яшаб, ижод этган забардаст шоир, мударрис, тарихчи, табиб ва замонасининг пешқадам олимларидан бўлган. У форс-тожик, араб ва ўзбек тилларида қалам тебратган. Тамкин дастлаб имомлик, сўнг мадрасада мударрислик қилган. 1898–1901 йилларда Амир Абдулаҳадхон саройида эшикбон бўлади. Бироқ ғаламисларнинг иғвоси туфайли у сарой хизматини тарк этади. Тўғрисўзлиги боис ҳамма жойдан қувилган Тамкин иложсиз узлатни ихтиёр қилади. Шоирнинг тахаллуси сабр, қаноат, оғирлик, вазминлик маъноларини ифодалайди. Тамкинлик, яъни, сокинлик, мискинлик, қаноатлилик каби фазилатлар Абдураҳмон Тамкин Бухорий ҳаёти ва ижодининг туб моҳиятини ташкил этади.
Тасаввуф таълимотининг нодир манбаларидан бўлган шайх Абулҳасан Ҳужвирийнинг “Кашф ул-маҳжуб” асари ҳам Абдураҳим Болтаев таржимасида нашрга тайёрланди. Мазкур асарда сўфийлик таълимотининг илмий-назарий асослари баён этилиши баробарида, тирикликнинг моҳияти, инсон руҳияти, қалб поклиги, маънавий камолот ҳақидаги ҳикматлар жамланган. Асарнинг тўлиқ номи: “Кашфул маҳжуб ли арбобу-л-қулуб” (“Қалб сирларидан хабардорлар ҳижобларининг кашф этилиши”). Муаллиф асарни дўсти Абу Саййид саволларига берган жавоблари тариқасида ёзган бўлиб, унда суфийлик назарияси ва амалиёти баён этилган. Рисоланинг 14-бобида 12 та суфийлик мактаби ҳақида маълумот берилади. Ушбу асарга Абу Наср Саррож (вафоти 377 ҳ.)нинг араб тилида ёзилган “Китобу-л-лумаъ” (“Шуълалар ҳақида китоб”) рисоласи асос қилиб олинган.
Анвар Каримов таржимасида нашрга тайёрланган Абу Али ибн Синонинг “Ахлоқ илми ҳақида” рисоласида инсон нафси ва унинг ҳолатлари, илм турлари, яхши ва ёмон сифатлар, фазилатли хулқларнинг аҳамияти ҳамда уларни риёзат орқали ўзлаштириш усуллари баён этилган. Ушбу асар одамнинг ички оламини англаш, нафсни тарбиялаш ва ҳақиқий инсонлик сари қадам қўйиш йўлида қимматли дастуруламалдир.
Яна бир янгилик, А.Аҳмедов томонидан “Маккорча байти”, “Таркийби Ҳофиз Рўзибой”, “Мажмуат ул-иншо” рисолалари табдил қилинди. Татарчадан ўзбек тилига табдил этилган “Маккорча байти” рисоласида ўтган асрнинг бошларида халқимиз бошига тушган аянчли воқеалар назмий услубда баён қилинган. “Таркийби Ҳофиз Рўзибой” рисоласи кишиларни ҳаётда учрайдиган салбий ҳолатлардан тўғри хулоса чиқаришга, адашмасликка ундаса, “Мажмуат ул-иншо” асари ўтган аср бошларида Туркистон ўлкасидаги ижтимоий-маданий ҳаёт, ахлоқ-одоб меъёрлари, таълим-тарбия тизими ва ўзаро муносабатлар маданиятига оид муҳим ҳужжатлар мажмуасидир.
Бундан ташқари, марказимизда “Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳаёти ва таълимоти”, “Тасаввуф билан танишув” каби илмий-оммабоп китоблар ҳам нашрга тайёрланди. Хулоса сифатида айтсак, маънавий меросимизни акс эттирган нодир манбаларни ўрганиш ва оммалаштириш аждодларимизнинг бой тажрибасидан баҳраманд бўлишга, миллий ўзлигимизни янада чуқурроқ англашга ва бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган юксак ахлоқий қадриятларни асраб-авайлашга хизмат қилади.



