Гавҳар ИСТАМОВА – Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази бош илмий ходими, мустақил тадқиқотчи
Аннотация. Мақолада ислом ва аёл, аёл зотининг жамиятдаги ўрни, авлиё аёллардан бири ва машҳури Робиаи Адавия ҳақида, унинг ҳаёт тарзи, фалсафий қарашлари, бу орифа аёл зикр қилинган манбалар ва мазкур манбалардаги Робиаи Адавияга берилган тавсиф ва улардан қилинадиган хулосалар баён этилган.
Калит сўзлар: Басра, агиография, хосиятли туш, гўшанишинлик, зоҳида аёл, “эркаклар тожи”, тақводорлик.
Аннотация. В статье рассматриваются ислам и женщина, место женщины в обществе, одна из известных святых женщин – Рабиа Адавия, её образ жизни, философские взгляды, источники, в которых упоминается эта аскетическая женщина, а также характеристики Рабии Адавии в этих источниках и выводы, сделанные на их основе.
Ключевые слова: Басра, агиография, вещий сон, уединение, женщина-аскет, «корона мужчин», богобоязненность.
Abstract. The article discusses Islam and women, the role of women in society, one of the renowned female saints – Rabi’a al-‘Adawiyya, her way of life, philosophical views, the sources in which this mystic woman is mentioned, as well as the descriptions of Rabi’a al-‘Adawiyya in those sources and the conclusions drawn from them.
Keywords: Basra, hagiography, prophetic dream, seclusion, ascetic woman, “crown of men,” piety.
Кириш (Introduction). Аёл зотининг инсоният тарихида ҳам, жамият тараққиётида ҳам ўрни беқиёсдир. У беғараз меҳр соҳиби – она, у инсоният давомчиси, у инсоният тарбиячиси, у эркак учун – ватан, у ижтимоий, сиёсий ва илмий соҳаларда ҳам ўзига хос ўрнини топган муҳим шахсдир. Яратувчининг нозик хилқати – аёл инсоният олдидаги беминнат хизмати, фидокорона меҳнати таҳсинга лойиқ муқаддас зотдир. Ислом тарихи ва маданияти хазинасида, яъни ижтимоий, сиёсий ва фалсафий соҳаларда улуғ мутафаккир аждодларимиз қаторида шундай буюк аёллар борки, ҳаёти ва фаолияти ибрат мактаби бўлиб, ҳануз фахр билан ўрганилади.
Буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат мин шамойим ул-футувват” асари ўз устози, форс адабиёти намояндаси Абдураҳмон Жомийнинг “Нафаҳот ул-унс мин ҳазарот ил-қудс” тазкирасининг эркин таржимасидир. Мазкур асарда 770 нафар машойихлар зикри қайд қилинади, шулардан 35 нафари аёллар бўлиб улар ҳақида “Эркаклар мартабасига етган ориф аёллар зикри” сарлавҳаси билан асар сўнгида маълумот берган. Мазкур мақолада тасаввуф уламолари орасидан орифа Робиаи Адавия ҳазратлари тўғрисида сўз юритмоқчимиз.
Робиаи Адавия (718-801, Ироқда яшаб ўтган) – араб шоираси, машҳур сўфий, файласуф, авлиё аёл, зоҳидлик даврининг энг машҳур намояндаси. Унинг номи манбаларда турлича, жумладан, Робия ал-Адавия ал-Қайсийя Басрия, Робия ал-Басрий, Ҳазрати Биби Робия Басрий каби номлар билан аталган. Ҳаёти, оиласи, ота-онаси, фаолияти тўғрисида ёки ижоди маҳсули ҳақида хабар берувчи муфассал манба етиб келмаган. У ҳақида маноқибларда, тазкира асарларда турли-туман ривоятлар, нақллар етиб келган.
Мавзуга оид адабиётларнинг таҳлили (Literature review). “Ҳазрати Биби Робия ҳижрий 90-йилда Басра шаҳрида камбағал оилада дунёга келган ва исломнинг яна бир тақводор ва солиҳ мутасаввифи ва авлиёси Ҳазрати Ҳасан Басрий даврида яшаган. Биби Робия Басрий 8-асрнинг энг буюк авлиёларидан бири сифатида шу кунгача эслаб келинади ва унинг иймони, тақвоси ва сабри учун фидойилик ва меҳр билан ёдга олинади [12:108-110].
Маргарет Смит берган маълумотга кўра Қайс ибн Ади қабиласининг Ал-Атик (ёки Отикўғли) қавмидан бўлган озод аёл, унинг Адавийя ёки Қайсия, шунингдек, Басрийя дея аталиши қабиласи, туғилган жойи номи билан боғлиқ. У сунний агиографиянинг энг яхши вакилларидан бири бўлган [5].
Робиаи Адавия туғилган пайтда оиласи ночор ҳаёт кечираётганди. Оилада тўртинчи фарзандлиги учун Робиа (тўртинчи) деб исм қўйилган. Манбада келтирилишича [8:145], онасининг илтимоси билан отаси қўшнидан чақалоқни ўрашга мато ва уйни ёритиш учун бироз мой олиб келишга чиқади, бироқ бу ҳаётда бировдан бирор нима сўрамасликка аҳд қилган (ислом одобига кўра эҳтиёжлар бандасидан эмас, фақат Яратувчидан сўралади) ота бориб, қўшнининг эшиги олдидан қайтади, онаси йиғлаб уйқуга кетган. Шу кеча онаси тушида пайғамбар(а.)ни кўрган, пайғамбар(а.) унга ғамгин бўлмаслигини, туғилган қиз умматдан етмиш минг кишини шафоат этадиган даражаларга эришажагини айтади. Оилага эса Басра амири Исо Родон, пайғамбар(а.)га саловот айтишни унутгани эвазига ёрдам беришини, бунинг учун Робианинг отаси амир олдига бориб бу ҳолатни унга эслатишини тайинлаган. Ота эртасига амир олдига бориб, туш ҳақида айтганида амир йиғлайди, ўн баравар ортиғи билан маблағ бериб бу оилага доим ёрдам бериб туришини айтади. Шу воқеанинг ўзиёқ Робиа Аллоҳнинг хос кишиларидан бири эканлигидан далолатдир.
Ота-онаси (шаҳар амири ҳам) вафотидан кейин Басрадаги қаттиқ очарчилик ва касалчилик даврида Робиа қул қилиб сотиб юборилган. Робианинг тақвоси, сабри, ибодатда собитлиги золим хўжайинининг унга бўлган муносабатини ўзгартиради ва уни хўжайини озод қилади. Шундан кейин чўлу саҳрода гўшанишинликда тоату ибодат билан яшай бошлайди. Бир муддатдан кейин Басра шаҳрида уламолар мажлисларида қатнашган ҳолда, ўзи ҳам одамларга ёрдам бериб, Яратганнинг амрларини бекаму кўст, бажариб жуда оддий, сабр-қаноатда, розичиликда ёлғиз ўзи (кўп манбаларда келтирилишича оила қуришни рад этиб) умргузаронлик қилган. Манбаларда унинг, дастлаб, соз чалиб қўшиқ айтганлиги ва шеърлар ёзганлиги қайд қилинган.
Муҳаммад Зиҳний: “У аёл бўлса-да, феъл-атвори билан қалби маърифатли эдики, у инсоний камолот масаласида кўп эркаклардан яққол устун эди ва шунинг учун уни “Эркаклар тожи” деб аташган. Тақво ва зоҳидликда шу қадар машҳур эдики, унинг мақтови ҳамманинг тилида бўлиб, унинг улуғ номи зоҳид эркаклар ва аёллар учун ўзига хос мақол бўлиб қолди” (Машоҳир ан-Нисо) [5]. Дарҳақиқат, саййида бўлиб дунёга келган, кароматли ва кароматларга бой бўлган бу зотнинг ҳаёти вақт ўтгач тилдан-тилга кўчиб, афсонага айланди. Кўряпмизки, Робиаи Адавиядан бирор ёзма манба, бирорилмий, бадиий китоблар ёки рисолалар ва ёки машҳур шогирдлар, солиҳ фарзандлар ёки моддий мерос қолмаган, сақланмаган, бундай нарсалар унда йўқ ҳам, бироқ у машҳур авлиё аёл, ҳатто, баъзи машҳур эркак уламолардан ўз йўналишида авло кўрилган, устун қўйилган. Бинобарин, Робиаи Адавия тасаввуф таълимотига асос солган ва амалда яшаб берган, биринчи зоҳид, биринчи сўфий-ориф, биринчи бўлиб илоҳий ишқ тушунчасини муомалага киритган, ўз даври уламолари эътирофига сазовор бўлган, алломалар масалаларини ҳал қилолган орифа-авлиё аёл. Дарҳақиқат, бу орифа аёл юксак илм-маърифати, сабр-қаноати, амалий тақвоси, тақдирдаги ҳар қандай ҳолатлардан ризоси, қайтариқлардан қаттиқ тарки-парҳези, содиқ таважжуҳи ва энг муҳими Яратувчисига қалби тўла ишқи билан асрлар оша инсониятга ибрат-намуна бўлиб келяпти. Тахминан 80 йиллик ҳаётининг ўзи, турмуш тарзи, одамга, оламга, табиатга, жамиятга самимий ва ҳаққоний муносабати орифанинг инсон умри мазмунини, яратилишидан мақсадини, Олий Ҳақиқатни чуқур англаганининг далили сифатида бебаҳо китобдир, катта хазинадир. Бу китоб бугунги замон кишиси учун ҳам, айниқса, аёллар учун амалий қўлланма, дастуруламал бўла олади.
Абдураҳмон Суламий, Имом Ёфиъий, Абу Бакр Калободий, Ибн Халликон, Муҳаммад Зиҳний, Имом Абдулкарим Қушайрий, Абулҳасан Ҳужвирий, Имом Ғаззолий, Фаридуддин Аттор каби уламолар асарларида орифа Робиаи Адавия умр йўли, ҳаёт тарзи таҳлил қилинди, унинг бир таълимот даражасида эканлиги ёритилди, шарҳланди, бу орифа аёл қарашларига юксак баҳо берилди ҳамда унинг тасаввуф тарихидаги юксак ўрни, аҳамияти эътироф этилди. Робиаи Адавия тўғрисида ёзилган бошқа барча асарлар юқорида келтирилган манбалар асосида яратилган.
Мустамлий Бухорийнинг(ваф.1043) “Шарҳ ат-Таъарруф” асарида VIII-XI асрларда яшаган 134 нафар сўфий тўғрисида агиографик маълумотлар жамланган. Робиа Адавия зоҳидлик даврининг Басра мактаби йирик вакиллари Ҳасан Басрий, Иброҳим Адҳам, Молик ибн Динор, Абдулвоҳид ибн Зайд қаторида тилга олинган. Унинг зуҳдида тоат-ибодат, тақводорлик ва парҳезкорликдан ташқари Аллоҳга таваккул ва муҳаббат, Аллоҳдан қўрқиш ва розилик сингари тушунчалар мавжудлиги таъкидланган. Назарий ва амалий асосларга эга зоҳидлик даврининг иккинчи босқичига мансуб Робиаи Адавия фаолиятида тавба (қайтиш), таваккул (ўзини топшириш), ризо (розилик), муҳаббат (севги), ҳузн(қайғу), хавф(қўрқиш), ражо (умид) етакчилик қилади.Мустамлий Бухорий ўн икки мақом (тавба, зуҳд, таваккул, зикр, унс, қурб, фано, бақо, ризо, иттисол, тажрид, тафрид)ни талқин қилар экан, ризо мақомини шундай шарҳлайди: “Робиа шундай бир мақомда эдики, Худо уни азоблаганда ҳам, азобламаганда ҳам, буларнинг ҳар иккаласини раво деб биларди. Чунки Робиа Ҳақнинг унга нисбатан қилган ишларидан рози эди” [6:160].
Хожа Ориф ар-Ревгарий “Орифнома”да Робиаи Адавия ҳаётига оид бир неча нақлларни келтиради. Жумладан, Робиаи Адавиянинг Ҳасан Басрий билан асрдош эканлигини, бу уламога уч нарса, яъни шам, игна ва соч толаси юборганини ҳамда ҳикмат аҳлининг бу ҳолатга шарҳини баён этади: “мум каби мулойим бўл ва ўзинг ёниб оламни мунаввар айла! Ва игна каби ўзинг яланғоч қолиб бўлса-да, ўзгаларни кийинтир ва бир-бировларига пайванд эт! Ва Аллоҳ таолога олиб борувчи йўл – худди соч толасидек нозик ва ингичкадурким, тойиб йиқилишдан ҳушёр бўл!” [9:8]. Бу нақлдан шундай ибрат олиш керакки, мулойимлик, бу – суҳбатда мулойимлик, муносабатларда мулойимлик, атроф-муҳитга мулойимлик, мулойимлик нимадан пайдо бўлади дейилса, албатта меҳрдан яралади, демак, меҳр-мулойимлик билан оламни ёруғ-мунаввар қилиш мумкин. Игна каби хизмат қилиш деганда беминнат, беғараз яхшилик қилмоқ тушунилса, инсоннинг асосий мақсади Аллоҳга яқинлашиш, Уни англаш бўладиган бўлса, бу йўл жуда нозик, адашмаслик учун ҳушёр бўлиш кераклиги уқтириляпти.
“Рисолаи азиза” Сўфи Оллоёрнинг “Саботул ожизийн” асарининг шарҳи бўлиб, “Ҳикояти Робиъа алайҳа роҳмаҳ” сарлавҳаси остида Робиъанинг хотинлар мажлисида кўнглига Аллоҳ таолодан қўрқув тушиб, йиғлагани, етти йилда Каъбага пиёда боргани шарҳланган. Муаллиф, “Айтмишларки, Каъбатуллоҳ Робиъа хотун томон юрди, ўзини тавоф қилдирди” деб ёзади [7:108]. Аллоҳнинг Ердаги уйи – Каъба бир ожиза аёлга пешвоз чиқди, бу замоннинг биз каби ғафлатдаги бандалари бу ҳолатни ҳазм қилолмай, уни афсона дейишимиз аниқ, бироқ Аллоҳнинг муқарраб, яқийн дўсти, пайғамбарлардан кейин тургувчи авлиёуллоҳ зотлари шу мартабага эришолганлар. “Рисолаи азиза”да яна ғофил бандалар ҳамма вақтини тириклик ҳаваслари, ўйин-кулгу билан ўтказиши, тавба қилсалар-да, тавбаларида қатъийлик йўқлигини қоралаб, “Эрта билан тавба қилсак, туш вақтида уни бузиб, аввалги хатоликларимизга қайтармиз. Бизларга Робиъа каби камолот топмоққа йўл бўлсин!?”, деб якунлайди шарҳни. Хатокор инсон боласи шу фоний ҳаёт ҳою-ҳавасларига, чалғитувчи кўнгилхушликларига, алдамчи зеб-зийнатларига овораю-гирифтор бўлиб, асосий йўлидан адашиб, тавба қилса-да, уни яна унутиб ғафлатда кунларини кечираётган маҳалда Робиаи Адавия каби авлиёзот Аллоҳ берган умрни зое қилмай, ўзини топиш сари саъй-ҳаракат қилиб, ҳидоят йўлига тушиб камолотга эришганини, бу зотга етишиш мушкуллигини таъкидламоқчи, муаллиф.
Имом Ғаззолий “Мукошафат-ул қулуб” асарида ёзишича Робиа-и Аъдвиййа, Робиа-и Аъдвиййа- Робиатул-Одавиййа ҳам деб тилга олинган бу орифа аёл то ўзига қадар мутасаввифлар ижодида Аллоҳдан қўрқув мавзуси кенг ўрин эгаллаган бўлса, тасаввуф адабиётида ишқ тимсолига айланган бу орифа аёл ижодида Аллоҳга муҳаббат бош ғояга айланган. Мазкур китобда бу орифа аёлнинг қуйидаги мисраларини келтириб, чиндан ҳам, севгининг аломати – суйганига мослашмоқ ва севгилиси ёқтирмаган хатти-ҳаракатлардан тийилмоқ деб тушунтиради:
“Севаман!” дейсану, этасан исён,
Бу ҳолинг ажойиб, бўламан ҳайрон.
Итоат қилгин-да, севсанг гар албат
Севган суйганига этар итоат [1:20].
Робиа Адавия Ғарбда илк ислом сўфийси сифатида ХIII асрдаёқ танилган ва бемисл шуҳрат қозонган. Немис олимаси Аннамарие Шиммел Робиаи Адавияга “Қирқ сўфий” ва “Жонон менинг жонимда” асарларида юксак баҳо беради: “Робиаи Адавия дунёнинг барча лаззатларидан воз кечишга ундайдиган таркидунёчиликнинг чинакам ишқ, яъни Аллоҳнинг ишқи билан яшашга ундайдиган тасаввуфга айланишида асосий ҳал этувчи рол ўйнайдиган аёлдир” [3:44-45,18].
Александр Дмитриевич Книш – исломшунос, рус тасаввуфшунос олими бу авлиё аёл ҳақида шундай ёзади: Робиа ал-Адавиянинг сўзларига кўра, диний амрларни ва зоҳидликни синчковлик билан бажариш, руҳни барча бегона ташвиш ва эҳтирослардан тозалаш, уни илоҳий севгини идрок этишга, «севгили» ҳақида фикр юритишга ва у билан мулоқот қилишга тайёрлаш керак [4:195-196].
Муҳаммад Сиддиқ Рушдийнинг (XVIII аср) “Тазкират ул-авлиёи туркий” асарида“Хусусан, Робиага ўз вақтида қилур амалда ва маърифатда, яъни худони танимоқда ҳам тенги йўқ эрди. Ва ўз замонидаги авлиёлар ораларида (андин) мўътабари йўқ эрди. Ва анинг илми ўшал замонадақа халойиққа ҳужжати қотеъ (рад этиб бўлмас) эрди, яъни “бу ишни Робиа қилди ва бу сўзни Робиа деди” деса далил лозим эрмас эрди” [10:76].
Тадқиқот методологияси (Research Methodology). Мақола фалсафа тарихининг бир нечта, жумладан, тарихийлик, таққослаш, герменевтик, мантиқийлик каби методлари асосида тайёрланди.
Таҳлил ва натижалар (Analysis аnd results). Робиаи Адавия тасаввуф тарихида ўчмас из қолдирган Иброҳим Адҳам Ҳасан Басрий, Суфён Саврий, Малик бин Динор, Боязид Бистомий каби буюк зотлар билан замондош. У ўзигача ва замонидаги сўфийлардан фарқли равишда мужоҳада йўли билан ўзни таниш, зоҳирий ва ботиний (қалбни ҳасад, риё, ужб, кибр ва шу каби иллатлардан поклаш, шунингдек, тилни ғийбат, ёлғон ва бекорчи сўзлардан тийиш) рўза воситасида покланиш билан Ҳақни танишдан бўлган мақсад-муддаога янгича руҳ, янгича мазмун юклади. У яшашдан, тақводан мақсад ягона – Ёр (Аллоҳ) висоли, деб билди ва ўзининг яшаш тарзи, хатти-ҳаракати, гап-сўзи билан амалда буни исботлади. Аллоҳ ишқи хусусида кенг тўхталган илк сўфий аёл – Робиаи Адавия тасаввуфда илоҳий ишқ тимсолига айланган.
Робиа доим зорилиқ билан бўзлар эди. Айтишар эдики,
– Эй охират аёли! Кўряпмизки, зоҳир бир дард-касалинг йўқ, нечун бундоқ бўзлайсан?
– Зоҳир хасталигим йўқ, аммо ботинимда бир дард бор, табиблар бу дардни ҳеч муолажа қила олмагай. Дардимнинг дармони дўст висолидир!.. – дер эди [8:151-152].
Робиа доим шундай муножот қилар эди:
Ё Худованд-о, Подшоҳ-о, Парвардигоро! Менинг ишим ва орзуйим дунё саройида Сенинг зикрингдир, охиратда лиқоингдир! (учрашиш, кўришиш, восил бўлиш). Мен заиф ҳолимни арз этдим. Бошқасини, не истасанг, Сен қил! [8:154].
Фаридуддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” асарида ўқиймиз:
Ул аёл эрмасди, юз бир мард эди,
Бор вужуди бирла айни дард эди.
Ғарқи нури Ҳақ эди ул доимо,
Поку мустағрақ эди ул доимо [11:26].
Фаридуддин Аттор Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг “Аллоҳ йўлидаги аёл эрдир” деган ҳадисларини келтириб, “Робиа ўз замонида Хақ муомаласи ва маърифати бобида беназир эди”, дейди. Мазкур асарда иккинчи Марям дея Робиаи Адавияга жуда юқори баҳо беради: “Ул махдуми маҳзураи хос, ул мастураи ихлос, ул сўхтаи ишқу иштиёқ, ул шифтаи қурбу иҳтироқ, Марями сонийи мақбули – Робиъат ул-Адавиййа… раҳматуллоҳи алайҳо…” [8:145] (У хос ходим, ихлос билан пардаланган, ишқ-иштиёқда куйган…)
Ўзбек мутафаккири Алишер Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат” тазкирасида Робиаи Адавия ҳақида шундай келтирилган: Суфён андин сўрдики, банда Тенгри таолоға тақарруб тилар нималардин яхшироғи қайсидур? Ул деди, улдурки, билгайки, дунё ва охиратда андин ўзгани севмас [2:479]. Яъни Аллоҳга яқин қиладиган амалларнинг қай бири афзал деб сўралса, Робиа деди: “Бу дунёда ҳам, охиратда ҳам Аллоҳдан ўзгани севмаслик”.
Хулоса ва таклифлар (Conclusion/Recommendations). Хулоса қилиб қуйидагиларни айтиш мумкин:
- Робиаи Адавия VIII асрда Ироқнинг Басра шаҳрида яшаб, умргузаронлик қилган.
- Робиаи Адавия ислом тарихидаги энг машҳур аёл сўфийлардан бири бўлиб, тасаввуф таълимотининг шаклланиши ва ривожига муносиб ҳисса қўшган.
- Бу орифа аёл тасаввуфнинг илк босқичи – зоҳидлик даврининг таниқли намояндасидир.
- Робиаи Адавия тасаввуфда илоҳий ишқ ғоясини илгари сурган илк сўфийлардандир.
- У тасаввуф тарихида илоҳий ишқ тимсолига айланган, Аллоҳга бўлган муҳаббатни энг олий даражада ифода этган орифадир.
- Унинг ҳаёти ва қарашлари Аллоҳга бўлган холис муҳаббатни тарғиб қилади.
- Бу орифа аёл сунний агиографиянинг энг яхши вакилларидан бири бўлган.
- Робиа Ҳақни таниган, Ҳаққа етолган, яъни тасаввуфнинг маърифат, ҳақиқат босқичларига эриша олган авлиё – Аллоҳнинг яқийн дўстидир.
Бинобарин, Яратувчи Зотнинг башариятни, инсониятни ҳидоят йўлига, Ҳақ йўлга, Ўзининг асл йўлига йўлловчи хос бандалари орасида АЁЛларнинг ҳам улуши борлиги буюк шарафдир. Робиаи Адавия ва бошқа авлиё аёлларнинг маънавий меросини чуқур ўрганиш, уларни қалбан англаш, улар илгари сурган инсонпарварлик ғояларни ҳаётимизда тадбиқ этиб, шу ғоялар асосида инсон ҳаёти ва жамиятни янада яхшилашга саъй-ҳаракат қилиш ўзлигимизни англашга, ҳақиқатимизни қарор топтиришга, инсоний моҳиятимизни тушунишга ташланган қадам бўлади.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати (References):
- Абу Ҳомид Ғаззолий. Мукошафат-ул қулуб. Миразиз Аъзам таржимаси. Т.: «Адолат», 2002. 20-б.
- Алишер Навоий. Насойимул-муҳаббат. Мукаммал асарлар тўплами. 20 томлик. 17-том.Т.: «Фан», 2001, 479-б.
- Аннемарие Шиммел. Жонон менинг жонимда. Т.: Шарқ, 1999, 44-45-б.; Хорижда тасаввуф таълимотининг ўрганилиши. Талқин ва таржималар муаллифи Қ.Исмоилов, масъул муҳаррир Ҳ.Болтабоев.Т.: “Mumtoz so’z” 2008. 18-б.
- Ислам: Энциклопедический словарь. – М.; Наука. Главная редакция восточной литературы, 1991.195-196-с.
- Margaret Smith. Rabi’a The Mystic and Her Fellow-Saints in Islam. Cambridge Library Collection – Religion. 2010. – 252 р.
- Раҳимов К. Мовароуннаҳр тасаввуфи тарихи: таълимотнинг шаклланиши ва тизимлаштирилиши (VIII- XI асрлар). Т.: Akademnashr, 2020.160-б.
- Рисолаи азиза – Саботул ожизийн шарҳи//Тузувчи: Б. Ҳасан/. – Т.: А.Қодирий номидаги Халқ мероси нашр., 2000. 108-б.
- Фаридиддин Аттор. Тазкират-ул авлиё. Мирза Кенжабек таржимаси. Т.: «Ўз.МЭ». 1997.
- Хожа Ориф ар-Ревгарий. «Орифнома». Форс-тожик тилидан Садриддин Салим Бухорий, Исроил Субҳоний тарж., Т.: «Наврўз». 1994, 8-б.
- Ҳомидов Ҳ., Остонқулов И. Тазкират-улавлиёи туркий. Мақола. Ёшлик журнали.1990 й., 8-(август) сон. 76-б.
- Шайх Фаридуддин Аттор Нишопурий. Асрорнома. Форсийдан Жамол Камол таржимаси. Мантиқ ут-тайр. Т.: «Тамаддун». 2012, 26-б.
- Hanif N. Biographical encyclopaedia of sufis Central Asia & Middle East. New Delhi, 2002, 108-110-p.


