Комилжон Раҳимов, Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази бош илмий ходими, тарих фанлари доктори (DSc), профессор
Узоқ тарихга эга бўлган Марказий Осиё тасаввуф мактаби анъаналари давомчиси сифатида маҳаллий илдизларга эга бўлган хожагон-нақшбандия тариқати ва таълимоти Ўрта Осиёга келиб, Бухоро шаҳрида хонақоҳ очган Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг (1048–1140) шогирди Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний (тахм. 1103–1179) томонидан асос солинган. Ғиждувоний хожагон-нақшбандия тариқати асосчиси сифатида ушбу тариқатнинг шариат ва суннатга қаттиқ риоя қилиш, тавба ва иродат билан бошланувчи сайру сулук мақомларини босиб ўтиш, зикри хафий ҳамда саккиз рашҳа (ҳуш дар дам, назар бар қадам, сафар дар ватан, хилват дар анжуман, ёдкард, бозгашт, нигоҳдошт, ёддошт)дан иборат бўлган илк асосларини шакллантириб берди.
Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ўзидан «Мақомоти Юсуф Ҳамадоний», «Аз гуфтори Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний» ва «Васиятнома» номли асарлар қолдирган. Ушбу асарлардан «Мақомоти Юсуф Ҳамадоний» Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг ҳаёти, фаолияти ва ғояларига, «Аз гуфтори Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний» сайру сулук босқичлари ва шартларига, «Васиятнома» эса сўфийлик шартлари ва одобларига бағишланган.
«Рисолайи васоё» («Васиятлар рисоласи»), «Насойиҳ» («Насиҳатлар»), «Васиятнома» («Тариқат одоблари») каби бошқа кўплаб номлар билан ҳам танилган «Васиятнома» асари Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний таълимотида алоҳида ўрин тутади. Ғиждувоний ўзининг Хожа Авлиёйи Кабир номи билан машҳур бўлган халифасига атаб насиҳатнома шаклида ёзган ушбу асарида ўз таълимотининг асосий устунларидан бири бўлган қоида – шариат ва суннатга қаттиқ риоя қилиш қоидасини шакллантириб берган. У ушбу асарда ўз издошларини шариат ва суннатга қаттиқ риоя қилишга, сохта сўфийлардан – шариат ва суннатга асосланмаган сохта сўфийлик оқимларидан узоқ бўлишга чақиради. Бундан ташқари, «Васиятнома»да хожагон-нақшбандия тариқатига кирувчилар учун сўфийлик одоблари белгилаб берилган. Абдулхолиқ Ғиждувоний ўзининг барча издошларини мансаб ва шуҳратпарастликка берилмаслик, бошқаларга нисбатан хушмуомала бўлиш, тариқатда эса машойихлар хизматида бўлиш, сафарларга чиқиш, риёзат чекиш ҳамда самоъ мажлисларида кўп ўтирмасликка чорлайди.
Қўлимизда мавжуд бўлган сўнгги маълумотларга кўра, бугунги кунда жаҳоннинг турли мамлакатларида «Васиятнома»нинг 44 та қўлёзма нусхаси мажуд бўлиб, улар Ўзбекистон, Эрон, Покистон, Туркия ва Миср каби давлатларнинг қўлёзмалар хазиналарида сақланмоқда.
«Васиятнома»нинг Ўзбекистондаги қўлёзма нусхалари
Абдулхолиқ Ғиждувоний қаламига мансуб ушбу асарнинг бугунги кунга қадар етиб келган энг кўп қўлёзма нусхалари муаллифнинг она ватани Ўзбекистонда сақланади – биз шу кунга қадар нашр этилган каталоглар ва тадқиқотлар, шунингдек, ўз изланишларимиз асосида мамлакатимизнинг турли фондларида «Васиятнома» асарининг 22 та қўлёзма нусхаси мавжудлигини аниқладик.
Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, шу кунга қадар «Васиятнома»нинг мамлакатимиз қўлёзмалар хазиналарида мавжуд бўлган қўлёзмаларининг сони аниқланмаган ва тўлиқ рўйхати тузилмаган, ушбу асарнинг юртимиздаги қўлёзмалари тўғрисида айрим каталоглар ва тадқиқотларда берилган маълумотлар эса аниқ ва тўлиқ эмасди. Жумладан, «Васиятнома» асарининг Ўзбекистондаги қўлёзмалари тўғрисида илк бор «Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Шарқ қўлёзмалари тўплами»нинг 1955 йилда нашр этилган учинчи ва 1987 йилда нашр этилган ўн биринчи жилдларида маълумот берилган бўлиб, уларда мазкур асарнинг Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида сақланаётган учта қўлёзма нусхаси қуйидаги асосий маълумотлари билан тавсифланган:
1. «Ибтидоъи жомиъ ул-калим» номи билан №3039/IV инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма, XIX асрнинг биринчи ярмида кўчирилган1.
2. «Ибтидоъи жомиъ ул-калим» номи билан №2572/XVII инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма, XIX асрнинг биринчи ярмида кўчирилган2.
3. «Васиятнома» номи билан №3711/XV инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма, 1294/1877 йили кўчирилган3.
Орадан анча йиллар ўтиб – 2003 йилда ўзбек шарқшунослари Маҳмуд Ҳасаний ва Мавжуда Раззоқовалар «Васиятнома»нинг Ўзбекистонда – ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти Асосий фондида мавжуд бўлган қуйидаги қўшимча 10 қўлёзма нусхаси мавжудлиги тўғрисида маълумот беришди:
1. «Васиятномайи одоби тариқат» номи билан №500/II инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма, 1251/1835 йили Бухорода кўчирилган.
2. «Васоёйи Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний» номи билан №4354/II инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма.
3. «Васиятномайи Абдулхолиқ Ғиждувоний» номи билан №5148/II инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма.
4. «Васоёйи Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний» номи билан №5501/IV инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма.
5. «Одоб ут-тариқат» номи билан №5765/IV инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма.
6. «Насиҳатномайи Абдулхолиқ Ғиждувоний» номи билан №8991/V инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма.
7. «Васияти Абдулхолиқ Ғиждувоний» номи билан №9212/III инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма.
8. «Рисолайи одоби тариқат» номи билан №9351/II инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма.
9. «Васиятномайи Абдулхолиқ Ғиждувоний» номи билан №12284/XV инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма.
10. «Рисолайи васоё» номи билан №12327 инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма4.
Айтиб ўтиш лозимки, мазкур қўлёзмалардан бири – «Васиятномайи одоби тариқат» номи билан №500/II инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма илгари «Ўзбекистон ССР Фанлар Академиясининг Шарқ қўлёзмалари тўплами»нинг 1955 йилда нашр этилган учинчи жилдида Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Асъад Бухорий қаламига мансуб «Маслак ал-орифин» («Орифлар маслаги») асарининг ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланаётган беш қўлёзма нусхасидан бири сифатида тавсифланган эди5. Маҳмуд Ҳасаний ва Мавжуда Раззоқовалар мазкур қўлёзманинг аслида рисолалар мажмуасидан иборат бўлиб, ундан Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг «Васиятнома» асари ҳам жой олганлигини аниқлаш билан биргаликда ушбу асарнинг мазкур институтда сақланаётган қўшимча тўққиз қўлёзма нусхасини ҳам топишган, бироқ уларнинг кўчирилиш санасини аниқлашмаган.
Яна бир ўзбек шарқшуноси Баҳриддин Умурзоқов 2019 йили нашр этилган «Рашаҳот айн ал-ҳаёт» асарининг матншунослик тадқиқотига бағишланган монографиясида «Васиятнома» асарининг ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти Ҳамид Сулаймонов номидаги қўлёзмалар фондида ва Ўзбекистон мусулмонлар идораси кутубхонасида ҳам ўнлаб нусхалари мавжудлигини (улардан бирортаси тўғрисида аниқ маълумот бермаган ҳолда) маълум қилар экан6, ушбу асар қўлёзмалари билан боғлиқ яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратади. У йирик ҳажмли «Рашаҳот айн ал-ҳаёт» асарининг Абдулхолиқ Ғиждувонийга бағишланган қисмида кичик ҳажмли «Васиятнома» асарининг тўлиқ матни ҳам келтирилганлигини эслатаркан, Ўзбекистондаги қўлёзмалар хазиналарида ушбу асарнинг тўқсон бешта қўлёзма нусхаси мавжудлигини маълум қилади7. Яъни, юртимиз фондларида «Васиятнома»нинг (турли рисолалар мажмуалари ичида келган) қўлёзма нусхаларидан ташқари, «Рашаҳот айн ал-ҳаёт»нинг мамлакатимиздаги қўлёзмалари таркибидан ҳам ушбу асар жой олган. Бироқ «Рашаҳот айн ал-ҳаёт» муаллифи «Васиятнома»ни алоҳида рисола сифатида эмас, балки ўз асарининг таркибий қисми сифатида келтирганлиги сабабли, «Рашаҳот айн ал-ҳаёт» асари қўлёзмаларини «Васиятнома» қўлёзмаларига жумласига киритмаймиз.
Шундай қилиб, бизнинг ушбу тадқиқотимизга қадар «Ўзбекистон ССР Фанлар Академиясининг Шарқ қўлёзмалари тўплами» ҳамда Маҳмуд Ҳасаний ва Мавжуда Раззоқоваларнинг «Ғиждувоний ҳақидаги рисола ва мақолалар» номли библиографик рисоласида Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний қаламига мансуб «Васиятнома» асарининг Ўзбекистонда ўн уч қўлёзма нусхаси сақланаётганлиги тўғрисида умумий маълумот берилган, мазкур ўн уч қўлёзмадан ўнтасининг кўчирилиш санаси аниқланмаган эди.
Биз ўз изланишларимиз давомида, биринчидан, «Васиятнома» асарининг ушбу ўн уч қўлёзма нусхаси тўғрисида юқорида эслатилган нашрларда келтирилган маълумотлардаги айрим камчилик ва хатоларни тўғриладик, иккинчидан, ўзимиз ҳам юқоридагиларга қўшимча равишда ушбу асарнинг Ўзбекистондаги қўлёзмалар хазиналарида сақланаётган яна ўнта қўлёзма нусхаси мавжудлигини аниқладик.
Жумладан, «Ўзбекистон ССР Фанлар Академиясининг Шарқ қўлёзмалари тўплами»нинг 1955 йилда нашр этилган учинчи жилдида «Ибтидоъи жомиъ ул-калим» номи билан тавсифланган №3039/IV инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзманинг тўлиқ номи аслида «Ибтидоъи жомиъ ул-калим мин жамъи Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний» («Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний тўплаган оз сўз билан кўп маъно ифода этишни бошлаш») эканлиги, «Ибтидоъи жомиъ ул-калим» номи билан тавсифланган яна бир – №2572/XVII инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзманинг номи эса «Васиятномайи Ҳазрати Хожа Ғиждувоний ба Хожа Авлиёйи Кабир» («Ҳазрат Хожа Ғиждувонийнинг Хожа Авлиёйи Кабирга васиятномаси») эканлигини аниқладик. Бундан ташқари, бизнинг аниқлашимизча, №2572/XVII инвентарь рақамли қўлёзма 1283/1866 йили Бухорода кўчирилган экан.
(1-жадвал)
| «Ўзбекистон Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари тўплами»да | Биз томонимиздан тузатилган ва тўлдирилган варианти |
| 1. «Ибтидоъи жомиъ ул-калим» номи билан №3039/IV инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма, XIX асрнинг биринчи ярмида кўчирилган. | 1. «Ибтидоъи жомиъ ул-калим мин жамъи Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний» номи билан №3039/IV инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма (рисола мажмуанинг 21а-23б-варақларидан жой олган). // XIX асрнинг биринчи ярмида кўчирилган. |
| 2. «Ибтидоъи жомиъ ул-калим» номи билан №2572/XVII инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма, XIX асрнинг биринчи ярмида кўчирилган. | 2. «Васиятномайи Ҳазрати Хожа Ғиждувоний ба Хожа Авлиёйи Кабир» номи билан №2572/XVII инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма (рисола 830 варақдан иборат катта мажмуанинг 747б-варағидан жой олган). // 1283/1866 йили Бухорода кўчирилган. |
| 3. «Васиятнома» номи билан №3711/XV инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма, 1294/1877 йили кўчирилган. | 3. Ўзгаришсиз |
Бундан ташқари, қуйидаги тартибда «Васиятнома»нинг Маҳмуд Ҳасаний ва Мавжуда Раззоқовалар томонидан ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти Асосий фондида мавжудлиги аниқланган, бироқ биттасидан бошқаларининг китобат саналари кўрсатилмаган қўшимча 10 қўлёзма нусхасидан саккизтасининг кўчирилиш саналарини топдик, тўққизтасининг эса номланишларига аниқлик киритдик:
(2-жадвал)
| Маҳмуд Ҳасаний ва Мавжуда Раззоқовалар рўйхатида | Биз томонимиздан тузатилган ва тўлдирилган варианти |
| 1. “Васиятномайи одоби тариқат» номи билан №500/II инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма. // 1251/1835 йили Бухорода кўчирилган. | 1. «Васиятнома дар одоби тариқати Ҳазрати Хожайи Жаҳон» номи билан №500/II инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма (рисола мажмуанинг 18а–19а-варақларидан жой олган). // 1251/1835 йили Бухорода кўчирилган. |
| 2. «Васоёйи Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний» номи билан №4354/II инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма. | 2. «Васоёйи Ҳазрати Хожайи бузург Хожа Абдулхолиқ ал-Ғиждувоний қаддасаллоҳу таоло руҳаҳу ва наввара зариҳаҳу ба нисбати Хожа Авлиёйи Калон қаддасаллоҳу сирраҳу» номи билан №4354/II инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма (рисола мажмуанинг 14а–18а-варақларидан жой олган). // 949/1542 йили Бухорода кўчирилган. |
| 3. «Васиятномайи Абдулхолиқ Ғиждувоний» номи билан №5148/II инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма. | 3. «Васоёйи Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний» номи билан №5148/II инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма (рисола мажмуанинг 161а–170а-варақларидан жой олган). // 956/1550 йили кўчирилган. |
| 4. «Васоёйи Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний» номи билан №5501/IV инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма. | 4. «Васоёйи ҳазрати Хожайи бузург Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний қаддасаллоҳу таоло руҳаҳу ва наввара зариҳаҳу ба нисбати Хожа Авлиёйи Калон қаддасаллоҳу сирраҳу» номи билан №5501/IV инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма (рисола мажмуанинг 69а–70б-варақларидан жой олган). // 1108/1696 йили кўчирилган. |
| 5. «Одоб ут-тариқат» номи билан №5765/IV инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма. | 5. «Одоб ут-тариқи ҳазрати Хожа Абдулхолиқ раҳматуллоҳи алайҳ» номи билан №5765/VI инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма («Талқини зикри Ҳазрати Хожа Абдулхолиқ» (99а–варақ) ва «Мақомоти Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний» (99б–111б-варақлар) каби рисолалар билан бир жилдда, 112а-115а-варақларда). // 1001/1592 йили Бухорода кўчирилган. |
| 6. «Насиҳатномайи Абдулхолиқ Ғиждувоний» номи билан №8991/V инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма. | 6. «Насиҳатномайи Ҳазрати Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний қуддиса сирруҳу» номи билан №8991/VII инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма (рисола мажмуанинг 140а–141а-варақларидан жой олган). // 1243/1827 йили кўчирилган. |
| 7. «Васияти Абдулхолиқ Ғиждувоний» номи билан №9212/III инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма. | 7. «Васиятнома» номи билан №9212/III инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма («Рашаҳот айн ал-ҳаёт» таркибида, 89б-90б-варақларда). // 1175/1761 йили кўчирилган. |
| 8. «Рисолайи одоби тариқат» номи билан №9351/II инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма. | 8. «Рисолайи одоби тариқат» номи билан №9351/II инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма (рисола мажмуанинг 211а–217а-варақларидан жой олган). // Кўчирилиш санаси қайд қилинмаган. |
| 9. «Васиятномайи Абдулхолиқ Ғиждувоний» номи билан №12284/XV инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма. | 9. «Васиятномайи Ҳазрати Хожайи Жаҳон дар одоби тариқат» номи билан №12284/XV инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма (рисола мажмуанинг 329-варағидан жой олган). // 1325/1907 йили Сардари мавзесида кўчирилган. |
| 10. «Рисолайи васоё» номи билан №12327 инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма. | 10. «Васоёйи Хожайи Жаҳон» номи билан №12327/II инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма (рисола мажмуанинг 11б–15б-варақларидан жой олган). // 1275/1858 йили кўчирилган. |
Юқорида Баҳриддин Умурзоқовга таянган ҳолда, «Рашаҳот айн ал-ҳаёт» асарининг Абдулхолиқ Ғиждувонийга бағишланган қисмида кичик ҳажмли «Васиятнома» асарининг тўлиқ матни ҳам келтирилганлиги, Ўзбекистондаги қўлёзмалар хазиналарида эса ушбу асарнинг тўқсон бешта қўлёзма нусхаси мавжудлигини эслатиш асносида «Рашаҳот айн ал-ҳаёт»да «Васиятнома» алоҳида рисола сифатида эмас, балки ушбу асарнинг таркибий қисми сифатида келтирилганлиги сабабли, «Рашаҳот айн ал-ҳаёт» асари қўлёзмаларини «Васиятнома» қўлёзмалари жумласига киритмаслигимизни маълум қилгандик. Шунга кўра, Маҳмуд Ҳасаний ва Мавжуда Раззоқовалар рўйхатидан «Васиятнома»нинг №9212/III инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзмасини, яъни «Рашаҳот айн ал-ҳаёт» таркибида келган нусхасини чиқариб ташлаб, ушбу рўйхатни ўнтадан тўққизтага қисқартирамиз.
Биз ўз изланишларимиз давомида Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний қаламига мансуб «Васиятнома» асарининг шу чоққача Ўзбекистонда аниқланган ўн икки қўлёзма нусхаси тўғрисида «Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Шарқ қўлёзмалари тўплами» ҳамда «Ғиждувоний ҳақидаги рисола ва мақолалар» номли библиографик рисоласида келтирилган маълумотларни тузатиш ва тўлдиришдан ташқари, мазкур асарнинг Ўзбекистонда – ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти Асосий фонди ва Ҳамид Сулаймонов фонди, Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонаси, Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро вилоят ахборот-кутубхона маркази Шарқ қўлёзмалари фонди ва Бухоро давлат музей-қўриқхонаси «Ҳужжатлар» фондида сақланаётган яна ўнта қўлёзма нусхаси мавжудлигини аниқладик.
Юқорида Маҳмуд Ҳасаний ва Мавжуда Раззоқовалар «Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Шарқ қўлёзмалари тўплами»да тавсифланган «Маслак ал-орифин» («Орифлар маслаги») асарининг ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланаётган беш қўлёзма нусхасидан биридан «Васиятнома» асари ҳам жой олганлигини аниқлаганликлари тўғрисида эслатиб ўтгандик. Биз ҳам уларга қўшимча равишда, «Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Шарқ қўлёзмалари тўплами»нинг 1955 йилда нашр этилган учинчи жилдида8 Асъад Бухорий қаламига мансуб «Маслак ал-орифин» асарининг қўлёзма нусхалари сифатида тавсифланган №515 ва №1546/I инвентарь рақамлари остида сақланаётган қўлёзмаларда ушбу асардан ташқари бошқа асарлар, жумладан, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг «Васиятнома» асарининг XIX аср бошларида кўчирилган қўлёзма нусхалари ҳам жойлаштирилганлигини аниқладик. Ушбу икки мажмуадан жой олган «Васиятнома» асари қўлёзмаларига оид асосий маълумотлар қуйидагича:
1. «Васоёйи Шайх уш-шуйух Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний» номи билан №515 инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма (Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Асъад Бухорийнинг «Маслак ул-орифин» (200 варақ) ва Муҳаммад ибн Яҳё ибн Али Жийлоний Лоҳижийнинг «Шарҳи гулшани роз» (19 варақ) асарлари билан бир жилдда, 1а-4б варақларда). // 1221/1806 йили Бухорода кўчирилган.
2. «Васоёйи Шайх уш-шуйух Хожайи Жаҳон Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний» номи билан №1546/I инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма (Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Асъад Бухорийнинг «Маслак ул-орифин» (212 варақ) ва 1245/ 1830 йили ёзилган Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳнинг «Кашф ур-румуз» (34 варақ) асарлари билан бир жилдда, 1б-5а варақларда). // 1249/1833 йили кўчирилган.
Шунингдек, бизнинг аниқлашимизча, ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти Асосий фондида №12260/III ва №12555/VI инвентарь рақамлари остида сақланаётган қўлёзмалардан ҳам «Васиятнома» асарининг XVI ва XVII асрларда кўчирилган икки қўлёзма нусхаси жой олган экан. «Васиятнома»нинг ушбу қўлёзма нусхаларига оид асосий маълумотлар қуйидагича:
1. «Одоби тариқат» номи билан №12260/III инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма (рисола мажмуанинг 71а-72б-варақларидан жой олган). // Рисолада сана қайд қилинмаган, бироқ қўлёзмадаги муҳрларда 1013/1604 йил санаси ёзилган.
2. «Рисолаи Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний» номи билан №12555/VI инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма (рисола мажмуанинг 97а-101б-варақларидан жой олган). // 999/1590 йили Ҳиндистоннинг Аҳмадобод шаҳрида кўчирилган.
Бундан ташқари, бизнинг изланишларимиз давомида ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти Ҳамид Сулаймонов фондида ҳам «Васиятнома» асарининг қуйидаги асосий маълумотларга эга бўлган икки қўлёзма нусхаси мавжудлиги аниқланди:
1. «Васоёйи Шайх уш-шуйух Хожайи Жаҳон Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний» ёки «Маслак ул-орифини Ҳазрати Хожайи Жаҳон Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний» номи билан №5934 инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма (рисола мажмуанинг 1а-3б-варақларидан жой олган). // 1306/1888 йили тахминан Фарғона водийси шаҳарларидан бирида кўчирилган.
2. «Васиятнома» номи билан №1060/XIII инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма (рисола мажмуанинг 127б-130а-варақларидан жой олган). // 1260/1844 йили Бухорода кўчирилган.
Шунинг билан биргаликда, биз Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида ҳам «Васиятнома» қўлёзмаларидан бири сақланаётганлигини аниқладик. мазкур қўлёзма нусхага оид асосий маълумотлар қуйидагича:
1. «Васиятнома» номи билан №1726 инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма (рисола мажмуанинг 3а-7б-варақларидан жой олган). // 1268/1852 йили кўчирилган.
Биз бундан ташқари Бухоро шаҳрида – Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро вилоят ахборот-кутубхона маркази Шарқ қўлёзмалари фондида ва Бухоро давлат музей-қўриқхонаси «Ҳужжатлар» фондида ҳам Ғиждувоний қаламига мансуб ушбу асарнинг XVIII ва XIX асрларда кўчирилган қуйидаги учта қўлёзмаси мавжудлигини аниқладик:
Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро вилоят ахборот-кутубхона маркази Шарқ қўлёзмалари фондида:
1. «Маслак ул-орифин (мин васоёйи Шайх уш-шуйух Абдулхолиқ Ғиждувоний)» номи билан №135 инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма. // 1211/1796 йили кўчирилган.
Бухоро давлат музей-қўриқхонаси «Ҳужжатлар» фондида:
1. «Маслак ул-орифин (мин васоёйи Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ли-л-орифин)» номи билан №26796/II инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма. // 1272/1856 йили кўчирилган.
2. «Васиятномайи Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний» номи билан №25690/II инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма // 1233/1818 йили кўчирилган.
Шундай қилиб, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний қаламига мансуб «Васиятнома» асарининг Ўзбекистон қўлёзмалар хазиналарида сақланаётган қўлёзма нусхаларининг қуйидаги рўйхати шаклланди:
(3-жадвал)
| № | инвентарь рақами | номланиши ва жойлашиши | кўчирилган санаси ва жойи, котиби |
| ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти Асосий фондида | |||
| 1 | №500/II | «Васиятнома дар одоби тариқати Ҳазрати Хожайи Жаҳон» // мажмуанинг 18а–19а-варақларидан жой олган. | 1251/1835 й. Бухоро |
| 2 | №515 | «Васоёйи Шайх уш-шуйух Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний» // Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Асъад Бухорийнинг «Маслак ул-орифин» (200 варақ) ва Муҳаммад ибн Яҳё ибн Али Жийлоний Лоҳижийнинг «Шарҳи гулшани роз» (19 варақ) асарлари билан бир жилдда, 1а-4б варақларда. | 1221/1806 й. Бухоро, Файзуллоҳ ибн Абдуллоҳ Бухорий |
| 3 | №1546/I | «Васоёйи Шайх уш-шуйух Хожайи Жаҳон Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний» // Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Асъад Бухорийнинг «Маслак ул-орифин» (212 варақ) ва Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳнинг «Кашф ур-румуз» (34 варақ) асарлари билан бир жилдда, 1б-5а варақларда. | 1249/1833 й. |
| 4 | №3039/IV | «Ибтидоъи жомиъ ул-калим мин жамъи Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний» // мажмуанинг 21а-23б-варақларидан жой олган. | XIX а. бир. ярми |
| 5 | №3711/XV | «Васиятнома» | 1294/1877 й. |
| 6 | №4354/II | «Васоёйи Ҳазрати Хожайи бузург Хожа Абдулхолиқ ал-Ғиждувоний қаддасаллоҳу таоло руҳаҳу ва наввара зариҳаҳу ба нисбати Хожа Авлиёйи Калон қаддасаллоҳу сирраҳу» // мажмуанинг 14а–18а-варақларидан жой олган. | 949/1542 й. Бухоро |
| 7 | №5148/II | «Васоёйи Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний» // мажмуанинг 161а–170а-варақларидан жой олган. | 956/1550 й. |
| 8 | №5501/IV | «Васоёйи Ҳазрати Хожайи бузург Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний қаддасаллоҳу таоло руҳаҳу ва наввара зариҳаҳу ба нисбати Хожа Авлиёйи Калон қаддасаллоҳу сирраҳу» // мажмуанинг 69а–70б-варақларидан жой олган. | 1108/1696 й. |
| 9 | №5765/VI | «Одоб ут-тариқи ҳазрати Хожа Абдулхолиқ раҳматуллоҳи алайҳ» // «Талқини зикри Ҳазрати Хожа Абдулхолиқ» (99а–варақ) ва «Мақомоти Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний» (99б–111б-варақлар) каби рисолалар билан бир жилдда, 112а-115а-варақларда). | 1001/1592 й. Бухоро, Муҳаммад Саид ал-Ҳорисий |
| 10 | №8991/VII | «Насиҳатномайи Ҳазрати Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний қуддиса сирруҳу» // мажмуанинг 140а–141а-варақларидан жой олган. | 1243/1827 й. |
| 11 | №9351/II | «Рисолайи одоби тариқат» // мажмуанинг 211а–217а-варақларидан жой олган. | …………… |
| 12 | №12260/III | «Одоби тариқат» // мажмуанинг 71а-72б-варақларидан жой олган. | 1013/1604 й. |
| 13 | №12284/XV | «Васиятномайи Ҳазрати Хожайи Жаҳон дар одоби тариқат» // мажмуанинг 329-варағидан жой олган. | 1325/1907 й. Бухоро, Сардари, Қори Абдуллоҳхўжа |
| 14 | №12555/VI | «Рисолаи Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний» // мажмуанинг 97а-101б-варақларидан жой олган. | 999/1590 й. Ҳиндистон, Аҳмадобод |
| 15 | №12327/II | «Васоёйи Хожайи Жаҳон» // мажмуанинг 11б–15б-варақларидан жой олган. | 1275/1858 й. |
| 16 | №2572/47 | «Васиятномайи Ҳазрати Хожа Ғиждувоний ба Хожа Авлиёйи Кабир» // 830 варақдан иборат катта мажмуанинг 747б-варағидан жой олган. | 1283/1866 й. Бухоро |
| ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти Ҳамид Сулаймонов фондида | |||
| 17 | №5934 | «Васоёйи Шайх уш-шуйух Хожайи Жаҳон Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний» ёки «Маслак ул-орифини Ҳазрати Хожайи Жаҳон Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний» // мажмуанинг 1а-3б-варақларидан жой олган. | 1306/1888 й. Фарғона водийси, Абд ибн Ҳожи Тошмуҳаммад Намангоний |
| 18 | №1060/XIII | «Васиятнома» // мажмуанинг 127б-130а-варақларидан жой олган. | 1260/1844 й. Бухоро, Мулло Муҳаммадий ибн Мулло Муҳаммад Шариф |
| Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида | |||
| 19 | №1726 | «Васиятнома» // мажмуанинг 3а-7б-варақларидан жой олган. | 1268/1852 й. |
| Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро вилоят ахборот-кутубхона маркази Шарқ қўлёзмалари фондида | |||
| 20 | №135 | «Маслак ул-орифин (мин васоёйи Шайх уш-шуйух Абдулхолиқ Ғиждувоний)» | 1211/1796 й. |
| Бухоро давлат музей-қўриқхонаси «Ҳужжатлар» фондида | |||
| 21 | №26796/II | «Маслак ул-орифин (мин васоёйи Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ли-л-орифин)» | 1272/1856 й. |
| 22 | №25690/II | «Васиятномайи Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний» | 1233/1818 й. |
Кўриб ўтганимиздек, «Васиятнома»нинг Ўзбекистон қўлёзмалар хазиналарида сақланаётган қўлёзмалари орасида энг қадимийлари XVI асрда китобат қилинган. Жумладан, ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти Асосий фондидаги №4354/II инвентарь рақамли қўлёзма 949/1542 йили, №5148/II инвентарь рақамли қўлёзма 956/1550 йили, №12555/VI инвентарь рақамли қўлёзма 999/1590 йили ва №5765/VI инвентарь рақамли қўлёзма 1001/1592 йили кўчирилган. Бундан ташқари, мазкур фонддаги №12260/III (1013/1604 й.) ва №5501/IV (1108/1696 й.) инвентарь рақамли қўлёзмалар XVII аср, Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро вилоят ахборот-кутубхона маркази Шарқ қўлёзмалари фондидаги №135 (1211/1796 й.) инвентарь рақамли қўлёзма эса XVIII асрга оиддир.
«Васиятнома»нинг Ўзбекистондаги қўлёзмаларининг энг катта қисми – 13 таси XIX асрнинг турли йилларида кўчирилган. Булар жумласига ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти Асосий фондидаги №515 (1221/1806 й.), №8991/VII (1243/1827 й.), №1546/I (1249/1833 й.), №500/II (1251/1835 й.), №3039/IV (XIX а. бир. ярми), №12327/II (1275/1858 й.), №2572/47 (1283/1866 й.) ва №3711/XV (1294/1877 й.), ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти Ҳамид Сулаймонов фондидаги №5934 (1306/1888 й.) ва №1060/XIII (1260/1844 й.), Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасидаги №1726 (1268/1852 й.) ҳамда Бухоро давлат музей-қўриқхонаси «Ҳужжатлар» фондидаги №25690/II (1233/1818 й.) ва №26796/II (1272/1856 й.) инвентарь рақамли қўлёзмалар киради. ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти Асосий фондидаги №12284/XV (1325/1907 й.) инвентарь рақамли қўлёзма эса асарнинг ХХ асрда кўчирилган ягона нусхаси ҳисобланади.
«Васиятнома»нинг юртимиздаги қўлёзмаларининг аксариятида уларнинг кўчирилиш жойи қайд этилмаган. Шундай бўлса-да, мазкур қўлёзмалар орасида кўчирилиш жойи қайд этилган тўққизтасидан еттитасида – ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти Асосий фондидаги №500/II (1251/1835 й.), №515 (1221/1806 й.), №4354/II (949/1542 й.), №5765/VI (1001/1592 й.), №12284/XV (1325/1907 й.) ва №2572/47 (1283/1866 й.) ҳамда ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти Ҳамид Сулаймонов фондидаги №1060/XIII (1260/1844 й.) инвентарь рақамли қўлёзмаларда уларнинг Бухорода китобат қилинганлигининг эслатилганлиги мазкур қўлёзмаларнинг асосий қисми Ўрта Осиёда кўчирилганлигини тахмин қилиш имкониятини беради. «Васиятнома»нинг Ўзбекистондаги қадимий қўлёзмаларидан бўлмиш №12555/VI (999/1590 й.) инвентарь рақамли қўлёзмада унинг Ҳиндистоннинг Аҳмадобод шаҳрида китобат қилинганлиги қайд этилган.
«Васиятнома»нинг хориждаги қўлёзма нусхалари
Қўлимизда мавжуд маълумотларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистондан ташқари Эрон, Покистон, Туркия ва Миср каби хорижий мамлакатларнинг қўлёзмалар хазиналарида ҳам «Васиятнома»нинг 22 та қўлёзма нусхаси мавжуд.
Абдулхолиқ Ғиждувоний қаламига мансуб ушбу асарнинг хориждаги қўлёзма нусхаларидан энг кўпи Эрон кутубхоналарида сақланмоқда – биз ўз изланишларимиз давомида ушбу мамлакатдаги Теҳрон университети кутубхонаси, Теҳрон университети Юридик факультети кутубхонаси, Эрон парламенти кутубхонаси, Эрон миллий кутубхонаси, Малик миллий кутубхонаси, Остони Қудси Разавий, Гавҳаршод масжиди, Оятуллоҳ Гулпоегоний ва Оятуллоҳ Маръаший Нажафий кутубхоналарида «Васиятнома»нинг қуйидаги 13 та қўлёзма нусхаси мавжудлигини аниқладик:
1. Теҳрон университети кутубхонасида «Одоб» номи билан №2464/18 инвентарь рақами остида сақланаётган нусха. // XI/XVII асрда номаълум котиб томонидан настаълиқ хатида кўчирилган. 4 варақ (В. 1-4)9.
2. Теҳрон университети кутубхонасида «Насойиҳ ё одоби тариқат» номи билан №8573/12 инвентарь рақами остида сақланаётган нусха. // 1261/1845 йили Саййид Аҳмад Хирсува номли котиб томонидан кўчирилган. 1 варақ10.
3. Теҳрон университети кутубхонасида «Рисола дар одоби тариқат» номи билан №8632/2 инвентарь рақами остида сақланаётган нусха. // 998/1590 йили Муҳаммад ибн Султон Муҳаммад Шибирғоний номли котиб томонидан настаълиқ хатида кўчирилган. 5 варақ (В. 120-124)11.
4. Теҳрон университети Юридик факультети кутубхонасида «Одоби тариқат» номи билан №251/1 инвентарь рақами остида сақланаётган нусха. // 1259/1843 йили Абдуллоҳ Кашмирий Бухорий номли котиб томонидан Бухорода кўчирилган. 5 варақ (В. 36Б-40Б)12.
5. Эрон парламенти кутубхонасида «Одоб ва тариқи султони машойих Абдулхолиқ Ғиждувоний» номи билан №391/19 инвентарь рақами остида сақланаётган нусха / №391инвентарь рақами остидаги 37 та форсча ва арабча рисолани ўз ичига олувчи тўпламдаги 19-рисола13.
6. Эрон парламенти кутубхонасида «Васиятномайи Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний, ки жиҳати фарзанди маънавийи худ Авлиёйи Кабир фармуда» номи билан №16147/3 инвентарь рақами остида сақланаётган нусха. // 1179/1765 йили Зайнулобидин Шариф Нойиний ибн Абулбақо номли котиб томонидан настаълиқ хатида кўчирилган. 1 варақ14.
7. Эрон парламенти кутубхонасида «Васиятнома» номи билан №17920 инвентарь рақами остида сақланаётган нусха. // XIII/XIX асрда номаълум котиб томонидан настаълиқ хатида кўчирилган. 15 варақ15.
8. Эрон миллий кутубхонасида «Дар зикри васиятномайи Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ба Хожа Авлиёйи Кабир, ки фарзанди маънавийи эшонанд ва баёни сездаҳ калима низ аз каламоти қудсийоёоти эшон аст» номи билан №9338/5 инвентарь рақами остида сақланаётган нусха. // кўчирилган санаси ва котиби номаълум. 13 варақ (93б-105б)16.
9. Теҳрон шаҳридаги Малик миллий кутубхонасида «Насойиҳ» номи билан №4185/11 инвентарь рақами остида сақланаётган нусха. // XI/XVII асрда номаълум котиб томонидан настаълиқ хатида кўчирилган. 2 варақ (ноқис)17.
10. Машҳаддаги Остони Қудси Разавий ташкилоти кутубхонасида «Васоёйи Ғиждувоний» номи билан №10450/6 инвентарь рақами остида сақланаётган нусха. // 999/1591 йили Муҳаммад Табризий номли котиб томонидан насх хатида кўчирилган18.
11. Машҳаддаги Гавҳаршод масжиди кутубхонасида «Одоби тариқат» номи билан №807/3 инвентарь рақами остида сақланаётган нусха. // 1059/1649 йили номаълум котиб томонидан кўчирилган. 4 варақ / Тўпламда учинчи рисола19.
12. Қум шаҳридаги Оятуллоҳ Гулпоегоний кутубхонасида «Васоёйи Ғиждувоний» номи билан №17/92-3312/1 инвентарь рақами остида сақланаётган нусха. // XII/XVIII асрда номаълум котиб томонидан настаълиқ хатида кўчирилган. 7 варақ20.
13. Қум шаҳридаги Оятуллоҳ Маръаший Нажафий кутубхонасида «Одоби тариқат ё Васиятнома ё Рашаҳот» номи билан №12537/2 инвентарь рақами остида сақланаётган нусха. // XIII/XIX асрда номаълум котиб томонидан настаълиқ хатида кўчирилган. 5 варақ (В. 14-18) / №12537 инвентарь рақами остидаги тўпламдаги биринчи рисола21.
Бизнинг аниқлашимизча, «Васиятнома» асарининг қўлёзмалари мавжуд бўлган яна бир хорижий мамлакат – Покистон қўлёзмалар хазиналарида ушбу асарнинг XV ва XIX асрларда кўчирилган қуйидаги 4 та қўлёзма нусхаси сақланмоқда:
1. Покистоннинг Лоҳур шаҳридаги Шероний университети кутубхонасида «Васоёйи Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний» номи билан №4673/2/1623 инвентарь рақами остида сақланаётган нусха. // 847/1443 йили Абдулҳай номли котиб томонидан кўчирилган22.
2. Покистоннинг Лоҳур шаҳридаги Шероний университети кутубхонасида «Васоёйи Ҳазрати Абдулхолиқ Ғиждувоний» номи билан №4673/1623/7 инвентарь рақами остида сақланаётган нусха. // 848/1444 йили Ҳиротда номаълум котиб томонидан кўчирилган23.
3. Покистоннинг Лоҳур шаҳридаги Шероний университети кутубхонасида «Васоёйи Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний» номи билан №4685/2/1608 инвентарь рақами остида сақланаётган нусха. // 865/1460 йили номаълум котиб томонидан кўчирилган24.
4. Покистоннинг Карочи шаҳридаги Покистон миллий музейида «Васиятномайи Ғиждувоний» номи билан №N.M.1958_212/2_1 инвентарь рақами остида сақланаётган нусха. // 1245/1829 йили номаълум котиб томонидан кўчирилган25.
Шунингдек, Туркия кутубхоналарида ҳам «Васиятнома» асарининг қуйидаги 3 қўлёзма нусхаси мавжудлигини аниқладик:
1. Туркиянинг Истамбул шаҳридаги Валиаддин Афанди кутубхонасида «Васиятномайи Абдулхолиқ» номи билан №3229 инвентарь рақами остида сақланаётган нусха – санаси ва котиби номаълум / тўпламдаги иккинчи рисола (В.10-16)26.
2. Туркиянинг Истамбул шаҳридаги Асъ-ад Афанди кутубхонасида «Васоёйи Абдулхолиқ Ғиждувоний» номи билан №5/3702 инвентарь рақами остида сақланаётган нусха – санаси ва котиби номаълум27.
3. Туркиянинг Тире шаҳридаги Нажиб Пошшо кутубхонасида «Одоби тариқат» номи билан №12/333 инвентарь рақами остида сақланаётган нусха – 1061/1651 йили номаълум котиб томонидан кўчирилган28.
Бундан ташқари, изланишларимиз давомида яна бир хорижий мамлакат – Мисрда ҳам «Васиятнома»нинг қуйидаги 2 қўлёзма нусхаси мавжудлигини аниқланди:
1. Қоҳирадаги «Дор ул-кутуб ва-л-васоиқ ал-қавмия» («Дор ул-кутуб ал-мисрия») номли кутубхонада «Васоёйи Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний» номи билан №20 инвентарь рақами остида сақланаётган нусха – санаси ва котиби номаълум / тўпламдаги иккинчи рисола (В.130-135)29.
2. Қоҳирадаги «Дор ул-кутуб ва-л-васоиқ ал-қавмия» («Дор ул-кутуб ал-мисрия») номли кутубхонада «Рисола фий одоб ут-тариқат» номи билан №25 инвентарь рақами остида сақланаётган нусха – санаси ва котиби номаълум / тўпламдаги тўртинчи рисола (В.6б-9б)30.
Кўриб ўтганимиздек, Покистоннинг Лоҳур шаҳридаги Шероний университети кутубхонасида сақланаётган №4673/2/1623 (847/1443 й.), №4673/1623/7 (848/1444 й.) ва №4685/2/1608 (865/1460 й.) инвентарь рақамли қўлёзмалар «Васиятнома» асарининг бизнинг давримизгача етиб келган энг қадимий қўлёзма нусхалари ҳисобланади – мазкур қўлёзмалар XV асрда китобат қилинган. «Васиятнома»нинг Эронда сақланаётган қўлёзмаларидан иккитаси – Теҳрон университети кутубхонасидаги №8632/2 (998/1590 й.) ва Машҳад шаҳридаги Остони Қудси Разавий кутубхонасидаги №10450/6 (999/1591 й.) инвентарь рақамли қўлёзмалар эса XVI асрга оиддир. Асарнинг хорижий мамлакатларда сақланаётган қўлёзмалари орасида Эроннинг Гавҳаршод масжиди кутубхонасидаги №807/3 (1059/1649), Теҳрон университети кутубхонасидаги №2464/18 (XI/XVII а.) ва Малик миллий кутубхонасидаги №4185/11 (XI/XVII а.) ҳамда Туркиянинг Нажиб Пошшо кутубхонасидаги №12/333 (1061/1651 й.) инвентарь рақамли қўлёзмалари XVII асрда кўчирилган. «Васиятнома»нинг XVIII асрда кўчирилган бир қўлёзма нусхаси Эроннинг Қум шаҳридаги Оятуллоҳ Гулпоегоний кутубхонасида №17/92-3312/1 инвентарь рақами остида сақланмоқда. «Васиятнома» асарининг хориждаги қўлёзма нусхаларидан қолган бир қисми XIX асрда кўчирилган бўлса, бошқа бир қисмининг китобат санаси аниқланмаган.
«Васиятнома» асарининг хорижий мамлакатлардаги қўлёзма нусхаларининг аксариятида уларнинг кўчирилиш жойи қайд этилмаган. Мазкур қўлёзмалардан фақатгина иккитасида уларнинг қайси шаҳарда китобат этилганлиги тўғрисида маълумот мавжуд – Теҳрон университети Юридик факультети кутубхонасидаги №251/1 (1259/1843 й.) инвентарь рақами остида сақланаётган нусхасида унинг Бухорода кўчирилганлиги, Покистоннинг Лоҳур шаҳридаги Шероний университети кутубхонасидаги №4673/1623/7 (848/1444 й.) инвентарь рақами остида сақланаётган нусхасида эса унинг Ҳиротда кўчирилганлиги эслатилган. Бундан ташқари, асарнинг Теҳрон университети кутубхонасидаги №8632/2 (998/1590 й.) инвентарь рақамли қўлёзмасининг Муҳаммад ибн Султон Муҳаммад Шибирғоний, Машҳаддаги Остони Қудси Разавий кутубхонасидаги №10450/6 (999/1591 й.) инвентарь рақамли қўлёзмасининг эса Муҳаммад Табризий номли котиб томонидан насх хатида кўчирилганлиги ушбу икки қўлёзманинг тахминан Эрон ва Хуросон шаҳарларидан бирида китобат этилганлиги тўғрисида тахмин қилиш имкониятини беради.
«Васиятнома»нинг нашрлари ва таржималари
Ҳозирча бизда Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг «Васиятнома» асарининг тахминан XIX аср охирлари ва ХХ аср бошларида нашр этилган икки тошбосма нусхаси тўғрисида маълумот мавжуд. Ушбу тошбосма нусхалардан бири – Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод шаҳрида «Маротиб ул-вусул» ва «Рисолайи сулуки тариқайи нақшбандияйи мужаддидия» асарлари билан бир жилдда нашр этилгани бугунги кунда Эроннинг Теҳрон университети кутубхонасида №1051714 инвентарь рақами остида сақланмоқда31. «Васиятнома» асарининг бизга маълум бўлган иккинчи тошбосма нусхаси Эронда нашр этилган бўлиб, у ҳам бугунги кунда ушбу мамлакатда – Эрон миллий кутубхонасида сақланмоқда32. «Васиятнома» асарининг ҳарф териш усулидаги илк нашри ҳам Эронда амалга оширилди – мазкур асар 1982 йили Нажиб Мойил Ҳиравий томонидан нашрга тайёрланиб, Эроннинг Машҳад шаҳридаги «Имом» нашриётида Хожа Насириддин Тусийнинг «Авсоф ул-ашроф» асари билан бир жилдда нашр этилди33.
Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин ўтмишда яшаб ўтган кўплаб алломалар қаторида Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг ҳам ҳаёти ва таълимотини кенг, чуқур ва ҳаққоний ўрганиш, асарларини ўзбек тилига таржима қилиш бошланди. Жумладан, 1993 йили «Васиятнома» асарининг ўзбек тилига қилинган илк таржимаси Тошкентдаги Адабиёт ва санъат нашриётида босилиб чиқди34. Орадан бир йил ўтиб – 1994 йили Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний қаламига мансуб ушбу асарнинг Маҳмуд Ҳасаний ва Гулбаҳор Музаффар қизи томонидан ўзбек тилига қилинган иккинчи таржимаси Тошкентнинг «Наврўз» нашриётида нашр этилди35. Ушбу таржима 2003 йили босмадан чиққан «Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний» тўпламидан ҳам жой олди36. Бундан ташқари Ориф Усмон ҳам ўзининг хожагон-нақшбандия тариқати пирларига бағишланган «Бухорои шарифнинг етти пири» асарининг Ғиждувонийга бағишланган қисмида «Васиятнома» асарининг қисқартирилган таржимасини келтиради37. Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний томонидан ёзилган ушбу асарнинг навбатдаги, нисбатан пишиқ ва мукаммал таржимаси Сайфиддин Сайфуллоҳга тегишлидир – «Васиятнома»нинг ушбу шарқшунос олим томонидан амалга оширилган ўзбекча ўгирмаси 2018 йили Ғиждувоний қаламига мансуб яна бир асар – «Мақомоти Юсуф Ҳамадоний»нинг ўзбек тилига қилинган таржимаси билан бир жилдда нашр этилди38. Орадан бир йил ўтиб ушбу таржиманинг иккинчи нашри амалга оширилди39.
Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний қаламига мансуб «Васиятнома» асарининг камина Комилжон Раҳимов томонидан ўзбек ва рус тилларига амалга оширилган таржималари, биринчидан, асарнинг энг йирик қўлёзма нусхаси асосида, иккинчидан, ҳозирги замон илмий таржима меъёрлари ва талабларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилди ҳамда 2021 йили Тошкентда нашр этилди. Мазкур нашр илмий изоҳли таржима ва факсимилье эканлиги билан ажралиб туради40.
Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг «Васиятнома» асари турк тилига ҳам таржима қилинган. 2009 йили Истанбулда мазкур асарнинг Маҳмуд Асъад Жўшон томонидан турк тилига қилинган ўгирмаси нашр этилди41.
Асарнинг ушбу таржимаси тўғрисида
Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний қаламига мансуб «Васиятнома» асарининг биз томонимиздан ўзбек тилига амалга оширилган навбатдаги таржимаси, биринчидан, асарнинг энг йирик қўлёзма нусхаси асосида, иккинчидан, ҳозирги замон илмий таржима меъёрлари ва талабларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилганлиги билан ажралиб туради.
XII асрда яратилган «Васиятнома» асари бизнинг давримизгача нафақат кўплаб қўлёзма нусхаларда, балки турли-туман вариантларда ҳам етиб келган бўлиб, уларнинг катта қисми мазмун ва ҳажм жиҳатидан бир-биридан анчагина фарқ қилади. Асарнинг XIX асрда номаълум котиб томонидан настаълиқ хатида кўчирилган ва бугунги кунда Эрон парламенти кутубхонасида №17920 инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзма нусхаси «Васиятнома»нинг бизгача етиб келган барча нусхалари орасида энг йирик ва нисбатан энг тўлиқ нусхаси бўлиб, асарнинг турли даврларда ва жойларда кўчирилган қўлёзма нусхаларидаги вариантларининг аксарият қисмини ўзида акс эттирган. Шунга кўра «Васиятнома»нинг ўзбек тилига навбатдаги таржимасини асарнинг ушбу қўлёзма нусхаси асосида амалга оширдик.
Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан кейин ўтган даврда миллий ва диний қадриятларимизнинг қайта тикланиши, тарихимиз ҳамда бой тарихий, маданий ва маънавий меросимизнинг ҳаққоний ўргана бошланиши шароитида мазкур меросимизга тегишли бўлган кўплаб қадимий манбаларни ўрганиш ҳамда улардан форс ва араб тилларида ёзилганларини ўзбек тилига таржима қилиш ҳам бошланди. Бироқ юртимизда форс ва араб тилларидаги қадимий манбаларнинг шу пайтга қадар ўзбек тилига қилинган таржималарининг муайян қисмида таржима тили ва услуби ҳамда илмий таржима қоидаларига риоя қилмаслик билан боғлиқ айрим хатолар ва камчиликларнинг учраши, жумладан, бундай таржималарнинг муайян қисмида ўзбекча таржима тили форсча ёки арабча лексика, синтаксис ва стилистикага «қарам» бўлиб қолганлиги, асар матнида учрайдиган махсус атамалар, шунингдек, шахслар, жойлар, асарлар, тарихий воқеалар ва ҳ.к. тўғрисида етарли даражада изоҳлар берилмаганлиги сир эмас. Биз ана шуларни ҳисобга олган ҳолда, жумладан, бундай хатолар ва камчиликларнинг такрорланишини олдини олиш мақсадида «Васиятнома»нинг ушбу ўзбекча таржимасини қуйидагилар асосида амалга оширдик:
1. Асар матни илмий таржима меъёрлари ва талабларига риоя қилинган ҳолда, ҳозирги замон ўзбек тили лексикаси, синтаксиси ва стилистикаси қоидалари асосида бугунги ўзбек ўқувчисига тушунарли бўлган ҳозирги замон ўзбек илмий тилига таржима қилинди.
2. Асар матни қадимий манбаларни ҳозирги ўзбек тилига илмий таржима қилиш қоидалари ва меъёрлари асосида, жумладан, матнда сўз ёки ибора билан ифодаланмаган, бироқ маъноси англашиладиган ўринларни квадрат қавслар ичида берган ҳамда асар аслидан фарқли равишда таржима матнида тиниш белгилари қўйган ҳолда таржима қилинди.
3. Асарнинг ўзбек тилига таржимаси илмий-изоҳли бўлишини таъминлаш мақсадида асарда келтирилган ҳозирги замон ўқувчиси учун тушунилиши қийин бўлган тарихий, диний, тасаввуфий тушунчалар ва атамалар изоҳи ҳамда асарда келтирилган Қуръони карим оятлари сураси ва рақами ҳамда ҳадислар тўғрисида маълумотлар тайёрланиб, саҳифа остидаги 200 дан ортиқ ҳаволаларда берилди.
4. Абдулхолиқ Ғиждувоний ва унинг «Васиятнома» асари тўғрисида тадқиқот материали тайёрланиб, асар таржимаси матнидан олдин жойлаштирилди.
6. Асарда учрайдиган тарихий, диний, тасаввуфий тушунчалар ва атамалар сўзлиги ҳамда киши, жой ва асар номлари кўрсаткичи тайёрланиб, асар таржимаси матнидан кейин жойлаштирилди.
Источники:
1. Собрание восточных рукописей Академии Наук РУз [под редакцией А.А.Семенова]. Том III. – Ташкент: Издательство Академии Наук РУз, 1955. С. 172-173.
2. Собрание восточных рукописей Академии Наук РУз [под редакцией А.А.Семенова]. Том III. – Ташкент: Издательство Академии Наук РУз, 1955. С. 173.
3. Собрание восточных рукописей Академии Наук РУз [под редакцией А.А.Семенова]. Том XI. – Ташкент: Издательство Академии Наук РУз, 1987. С. 328.
4. Маҳмуд Ҳасаний, Мавжуда Раззоқова. Ғиждувоний ҳақидаги рисола ва мақолалар / ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти; Масъул муҳаррир: ЎзР ФА академиги М. М. Хайруллаев. – Тошкент: «Фан», 2003. Б. 10-11.
5. Собрание восточных рукописей Академии наук РУз [под редакцией А.А.Семенова]. Том III. – Ташкент: Издательство Академии наук, 1955. С. 174.
6. Умурзоқов, Баҳриддин. Фахруддин Али Сафийнинг ҳаёти, илмий-адабий мероси ва «Рашаҳот айну-л-ҳаёт» асарининг қиёсий-текстологик тадқиқи / Монография; Масъул муҳаррир: ф.ф.д., проф. С.Р.Ҳасанов. – Тошкент: «Nurafshon business», 2019. Б. 128-129.
7. Умурзоқов, Баҳриддин. Фахруддин Али Сафийнинг ҳаёти, илмий-адабий мероси ва «Рашаҳот айну-л-ҳаёт» асарининг қиёсий-текстологик тадқиқи / Монография; Масъул муҳаррир: ф.ф.д., проф. С.Р.Ҳасанов. – Тошкент: «Nurafshon business», 2019. Б. 126-131, 174-178.
8. Собрание восточных рукописей Академии наук РУз [под редакцией А.А.Семенова]. Том III. – Ташкент: Издательство Академии наук, 1955. С. 174.
9. Донишпажуҳ, Муҳаммадтақий. Теҳрон университети Марказий кутубхонаси каталоги (форс тилида). 9-жилд. – Теҳрон: Теҳрон университети нашриёти, 1340/1961. Б. 1204.
10. Донишпажуҳ, Муҳаммадтақий. Теҳрон университети Марказий кутубхонаси ва арихивидаги қўлёзма китоблар каталоги (форс тилида). 17-жилд. – Теҳрон: Теҳрон университети нашриёти, 1364/1985. Б. 164.
11. Донишпажуҳ, Муҳаммадтақий. Теҳрон университети Марказий кутубхонаси ва арихивидаги қўлёзма китоблар каталоги (форс тилида). 17-жилд. – Теҳрон: Теҳрон университети нашриёти, 1364/1985. Б. 164.
12. Донишпажуҳ, Муҳаммадтақий. Теҳрон университети Ҳуқуқ, сиёсий ва иқтисодий фанлар факультети кутубхонасидаги қўлёзма китоблар каталоги (форс тилида). – Теҳрон: Теҳрон университети нашриёти, 1339/1960. Б. 4-5.
13. Донишпажуҳ, Муҳаммадтақий ва Илмий Анворий, Баҳоуддин. Сенат кутубхонасидаги қўлёзма китоблар каталоги (форс тилида). 1-жилд. – Теҳрон: Эрон Мажлиси нашриёти, 1355/1976. Б. 236.
14. Ҳусайний Ашкурий, Саййидсодиқ ва Юсефбейг Бобопур. Ислом Кенгаши Мажлиси кутубхонасидаги қўлёзма китоблар каталоги (форс тилида). 45-жилд. – Теҳрон: Ислом Кенгаши Мажлиси кутубхонаси, музейи ва архиви нашриёти, 1390/2011. Б. 36.
15. Ҳусайний Ашкурий, Саййиджаъфар. Ислом Кенгаши Мажлиси кутубхонасидаги қўлёзма китоблар каталоги (форс тилида). 49-жилд. – Теҳрон: Ислом Кенгаши Мажлиси кутубхонаси, музейи ва архиви нашриёти, 1391/2012. Б. 119.
16. Марзия Роғибиён, Муҳаммадризо Муваҳҳидий. Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг ирфоний қарашлари (хожагон тариқати асосчиси васиятномасининг матншунослик тадқиқи ва таҳлили) // «Адабиёт тарихи» олти ойлик журнали (форс тилида). Теҳрон шаҳридаги Шаҳид Беҳиштий университети Адабиёт ва гуманитар фанлар факультети журнали. Ўн биринчи йил. – Теҳрон, 1397/2018 йил (куз-қиш), №2. Б. 61.
17. Афшор, Эраж ва Муҳаммадтақий Донишпажуҳ. Остони Қудси Разавий ташкилотига қарашли Малик миллий кутубхонасидаги қўлёзма китоблар каталоги (форс тилида). 7-жилд / Муҳаммадбоқир Ҳужжатий ва Аҳмад Мунзавий билан ҳамкорликда. – Теҳрон: «Нашри ҳунар», 1369/1990. Б. 234.
18. Ҳиравий, Нажиб Мойил. Остони Қудси Разавий кутубхонасидаги қўлёзма китоблар каталоги (форс тилида). 9-жилд. – Машҳад: Остони Қудси Разавий нашриёти, 1361/1982. Б. 231-233.
19. Фозил, Маҳмуд. Машҳаддаги Гавҳаршод жоме масжиди кутубхонасидаги қўлёзма китоблар каталоги (форс тилида). 3-жилд. – Машҳад: Гавҳаршод жоме масжиди кутубхонаси нашриёти, 1367/1988. Б. 1094.
20. Садроий Хубий, Али ва Ҳофизиён Бобулий, Абулфазл. Оятуллоҳ Гулпоегоний умумий кутубхонасидаги қўлёзма китоблар каталоги (форс тилида). 7-жилд / Мустафо Дироятий таҳрири остида. – Теҳрон: Мажлис кутубхонаси нашриёти, 1388/2009. Б. 4933; Садроий Хубий, Али ва Ҳофизиён Бобулий, Абулфазл. Оятуллоҳ Гулпоегоний умумий кутубхонасидаги қўлёзма китоблар каталоги (форс тилида). 8-жилд / Мустафо Дироятий таҳрири остида. – Теҳрон: Мажлис кутубхонаси нашриёти, 1388/2009. Б. 4934.
21. Маръаший Нажафий, Саййидмаҳмуд. Оятуллоҳ ул-узмо Маръаший Нажафий катта кутубхонасидаги қўлёзма китоблар каталоги (форс тилида). 31-жилд. – Қум: Оятуллоҳ ул-узмо Маръаший Нажафий катта кутубхонаси нашриёти, 1382/2003. Б. 589.
22. Мунзавий, Аҳмад. Покистондаги форсча қўлёзмалар қўшма каталоги (форс тилида). 4-жилд. – Исломобод: Эрон-Покистон форсий тадқиқотлар маркази, 1363/1984. Б. 2494.
23. Мунзавий, Аҳмад. Покистондаги форсча қўлёзмалар қўшма каталоги (форс тилида). 3-жилд. – Исломобод: Эрон-Покистон форсий тадқиқотлар маркази, 1363/1984. Б. 1414.
24. Мунзавий, Аҳмад. Покистондаги форсча қўлёзмалар қўшма каталоги. 4-жилд. Б. 2494.
25. Мунзавий, Аҳмад. Покистондаги форсча қўлёзмалар қўшма каталоги. 4-жилд. Б. 2494.
26. Тавфиқ Ҳ. Субҳоний. Туркия кутубхоналаридаги форсча қўлёзмалар каталоги (форс тилида). 1-жилд. – Теҳрон: «Маркази нашри донишгоҳий», 1373/1994. Б. 583.
27. Қорабулут, Алиризо ва Қорабулут, Аҳмад Турон. Дунё кутубхоналаридаги ислом маданиятига тегишли китоблар каталоги / қўлёзма ва босма нусхалар (араб тилида). 2-жилд. – Туркия, Кайсери: «Дор ал-ақба», 1422/2001. Б. 1550.
28. Қорабулут, Алиризо ва Қорабулут, Аҳмад Турон. Дунё кутубхоналаридаги ислом маданиятига тегишли китоблар каталоги. Б. 1550.
29. Форсча қўлёзма китоблар каталоги (араб тилида). 1-жилд. – Қоҳира: «Дор ал-кутуб», 1966. Б. 236.
30. Форсча қўлёзма китоблар каталоги. 1-жилд. Б. 223.
31. Нақшбандия тариқати сулуки рисолалари («Маротиб ул-вусул», «Рисолайи сулуки тариқайи нақшбандияйи мужаддидия», «Васиятномайи Ҳазрати Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний») (форс тилида) / Тошбосма. Аҳмад Соҳиб Мужаддидий ва Ғулом Али Шоҳ. – Ҳайдаробод Декан: «Муфид» босмахонаси, (санасиз). // Теҳрон университети кутубхонаси, инв. №1051714.
32. Марзия Роғибиён, Муҳаммадризо Муваҳҳидий. Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг ирфоний қарашлари (хожагон тариқати асосчиси васиятномасининг матншунослик тадқиқи ва таҳлили) // «Адабиёт тарихи» олти ойлик журнали (форс тилида). Теҳрон шаҳридаги Шаҳид Беҳиштий университети Адабиёт ва гуманитар фанлар факультети журнали. Ўн биринчи йил. – Теҳрон, 1397/2018 йил (куз-қиш), №2. Б. 57, 69, 72.
33. Хожа Насириддин Тусий. Авсоф ул-ашроф (форс тилида) / Ҳалложнинг «Етти банд» ва Ғиждувонийнинг «Васоё» асарлари билан бирга; Нажиб Мойил Ҳиравий таҳрири остида. – Машҳад: «Имом», 1361/1982.
34. Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний. Васиятнома // Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳаёти, таълимоти ва «Васиятнома» асарига бағишланган рисола; Масъул муҳаррир: Хуршид Даврон. – Тошкент: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1993. Б. 14-15.
35. Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний. Васиятнома / Форс тилидан Маҳмуд Ҳасаний ва Гулбаҳор Музаффар қизи таржимаси // Хожаи Жаҳон – Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний [Нашрга тайёрловчи таржимон ва изоҳлар муаллифлари: Маҳмудхон Махдум Ҳасанхон Махдум ўғли, Гулбаҳор Музаффар қизи]. – Тошкент: «Наврўз», 1994. Б. 14-18.
36. Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний. Одоби тариқат / Форс тилидан Маҳмуд Ҳасаний ва Гулбаҳор Музаффар қизи таржимаси // Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний [Сўзбоши, таржима, луғат ва изоҳлар муаллифи: Маҳмуд Ҳасаний]. – Тошкент: «Ўзбекистон», 2003. Б. 97–101.
37. Ориф Усмон. Бухорои шарифнинг етти пири. – Тошкент: ТошДШИ нашриёти, 2003. Б. 34-35.
38. Ғиждувоний, Абдулхолиқ. Мақомоти Юсуф Ҳамадоний (Рисолаи Соҳибия) * Васиятнома [Матн]: рисолалар / А. Ғиждувоний; таржимон ва сўзбоши муаллифлари: С. Сайфуллоҳ, Н. Ҳасан; масъул муҳаррир: Усмонхон Алимов; Ўзбекистон мусулмонлари идораси. – Тошкент: «Movarounnahr», 2018. Б. 45–54.
39. Ғиждувоний, Хожа Абдулхолиқ. Мақомоти Юсуф Ҳамадоний * Васиятнома [Матн]: рисолалар / Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний; таржимон ва сўзбоши муаллифлари: С. Сайфуллоҳ, Н. Ҳасан; масъул муҳаррир: Усмонхон Алимов; Ўзбекистон мусулмонлари идораси. – Тошкент: «O`zbekiston» НМИУ, 2019. Б. 41-48.
40. Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний. Васиятнома / Форс тилидан Комилжон Раҳимов таржимаси. Сўзбоши, таржима, луғат ва изоҳлар муаллифи: Комилжон Раҳимов]. – Тошкент: «Splendid», 2021. – 204 б.
40. Abdülhâlik-i Gücdüvânî Hazretlerinin nasihatleri // Prof. Esad Coşan, Mahmud. Mehmed Zahid Kotku. – Istanbul: «Server İletişim», 2009. S. 47–52.


