Комилжон Раҳимов, Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази бош илмий ходими, тарих фанлари доктори (DSc), профессор
Annotation. The life and teachings of Khoja Mohammed Arif Revgariy (c. 1165–1262), who was the second founder/pir of the Khojagon-Naqshbandiya, has not been studied well, just as the case for the other founders of this doctrine. Whereas, Khoja Mohammed Arif Revgariy, who later took the leadership of the teaching, also played an important role in the improvement of the doctrine of Khojagan-Naqshbandiya, founded by Khoja Abdul-Khaliq Gijduvani (ca. 1103–1179). While he continued to promote Gijduvani doctrine, he also made some changes and additions to this doctrine. In particular, he developed a new system of seyri suluk (spiritual journey in divine path to reach Allah), which he called the Valley of Demand. In addition, Revgariy introduced the notions of enlightenment, devotee and sainthood in the doctrine of Khojagon-Naqshbandiya.
This article attempts to produce more accurate and detailed information on the birth and death of Khoja Mohammed Arif Revgariy, based on historical sources and contemporary studies, and to illustrate its role in the formation of Khojagan-Naqshbandiya.
Keywords: Khoja Mohammed Arif Revgariy, Sufism, Khojagan-Naqshbandiya Teaching, Khojagan-Naqshbandiya Doctrine, Enlightenment, Devotion, Sainthood.
Аннотация. Как в случае и с другими основателями и пирами тариката хваджаган-накшбандийа, жизнь и учение второго пира этого тариката Хваджа Мухаммад ‘Ариф Ривгари (прибл. 1165–1262) до сих пор не были хорошо изучены. Тем не менее, в совершенствовании учения хваджаган-накшбандийа, основы которого были заложены Хваджой ‘Абд ал-Халиком Гиждувани (прибл. 1103–1179), определенное место занимал Хваджа Мухаммад ‘Ариф Ривгари, который взял на себя руководство тарикатом непосредственно после него. Продолжая проповедовать учение Гиждувани, он и сам внес в это учение некоторые новации и дополнения. Например, он сам выработал новую систему ступеней духовного совершенствования под названием “долина поиска” (вади-йи талаб). Кроме того, Ривгари первым ввел в учение хваджаган-накшбандийа такие понятия, как “духовное познание” (ма‘рифа), “мистик” (‘ариф) и “святой” (вали), которые трактовались в качестве производных духовного самосовершенствования (сайр ва сулук).
В настоящей статье на основе сведений из исторических источников и выводов современных исследовательских работ предпринимается попытка представить относительно более точную и полную информацию о датах рождения и смерти Хваджи Мухаммада ‘Арифа Ривгари, его жизни, деятельности и суфийских взглядах, тем самым показав его роль в формировании учения хваджаган-накшбандийа.
Ключевые слова: Хваджа Мухаммад ‘Ариф Ривгари, тасаввуф, суфизм, тарикат хваджаган-накшбандийа, учение хваджаган-накшбандийа, ма‘рифат, ‘ариф, вали.
Аннотация. Хожагон-нақшбандия тариқатининг бошқа асосчилари ва пирлари каби ушбу тариқатнинг иккинчи пири Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарийнинг (тахм. 1165–1262) ҳаёти ва таълимоти ҳам шу пайтгача яхши ўрганилмаган. Ҳолбуки, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний (тахм. 1103–1179) томонидан илк асослари қўйилган хожагон-нақшбандия таълимотининг такомиллашувида бевосита ундан кейин тариқат раҳбарлигини ўз зиммасига олган Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий ҳам муайян ўрин тутган. У Ғиждувоний таълимотини тарғиб этишда давом этиш билан биргаликда ўзи ҳам ушбу таълимотга айрим янгиликлар ва тўлдиришлар киритди. Жумладан, у ўзи талаб водийси деб номлаган сайру сулук босқичларининг янгича тизимини ишлаб чиқди. Бундан ташқари, Ревгарий биринчи бўлиб хожагон-нақшбандия таълимотида сайру сулук ҳосилалари сифатида талқин этиладиган маърифат, орифлик ва валийлик тушунчаларини муомалага киритди.
Қўлингиздаги мақолада тарихий манбалардаги маълумотлар ва ҳозирги замон тадқиқотларидаги хулосаларга таянган ҳолда, Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарийнинг таваллуд ва вафот саналари, ҳаёти, фаолияти ва сўфиёна қарашлари тўғрисида нисбатан аниқроқ ва тўлиқроқ маълумотлар тайёрлашга, шу тариқа унинг хожагон-нақшбандия таълимотининг шаклланишидаги ролини кўрсатиб беришга уриниш амалга оширилган.
Калит сўзлар: Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий, тасаввуф, хожагон-нақшбандия тариқати, хожагон-нақшбандия таълимоти, маърифат, орифлик, валийлик.
Хожагон-нақшбандия тариқати нафақат Марказий Осиё минтақасида фаолият кўрсатган энг йирик ва энг нуфузли сўфийлик тариқати сифатида, балки минтақамиз халқлари маданияти, маънавияти ва дунёқарашига катта таъсир ўтказган таълимот сифатида ҳам аҳамиятлидир. Ушбу тариқатнинг Хожа Абдухолиқ Ғиждувонийдан кейинги иккинчи пири Хожа Муҳаммад Ориф ибн Маъруф Ревгарий (тахм. 1165–1262) хожагон-нақшбандия таълимоти асосларининг қўйилиши ва унинг кенг ёйилишида муҳим ўрин тутди.
Хожа Ориф Ревгарий ўзидан форс тилида яратилган «Орифнома» номли бир асар қолдирган бўлиб, ушбу асарда муаллифнинг сайру сулук босқичлари, маърифат, орифлик ва валийлик ҳамда сайру сулук одоблари борасидаги қарашлари акс этган. Бундан ташқари, асарда Хожа Ориф Ревгарийнинг устози Хожа Абдухолиқ Ғиждувонийнинг ҳаёти, кароматлари ва қарашлари билан боғлиқ айрим маълумотлар жой олган. Шунингдек, асарнинг айрим ўринларида тасаввуф тарихининг илк даврларида яшаб ўтган машҳур сўфийлардан Ҳасан Басрий (ваф. 728), Суфён Саврий (ваф. 777), Робиа Адавия (ваф. 801), Фузайл ибн Иёз (725 – 802), Шақиқ Балхий (ваф. 810), Абу Туроб Нахшабий (ваф. 834), Яҳё ибн Муоз Розий (ваф. 871), Боязид Бистомий (ваф. 875) ва бошқаларнинг ҳаёти ва қарашлари тўғрисида қисқа қиссалар ва ривоятлар келтирилган.
Хожагон силсиласининг иккинчи пири, Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний (тахм. 1103–1179) ишининг давомчиси, «Моҳитобон» («Ёғду сочиб турувчи ой») ва «Пешвойи орифон» («Орифлар пешвоси») лақаблари билан машҳур бўлган Хожа Муҳаммад Ориф ибн Маъруф Ревгарий тахминан 1165 йили Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги Ревгар қишлоғида дунёга келган.
Манбаларда Хожа Ориф Ревгарийнинг таваллуди санаси бўйича аниқ маълумот мавжуд эмас. Унинг вафоти санаси бўйича эса турли маълумотлар келтирилган бўлиб, бу борада ҳалигача аниқ бир тўхтамга келингани йўқ. Жумладан, «Хулосат ул-мавоҳиб ас-сармадия» асари муаллифи Нажмиддин ибн Муҳаммад Амин Курдий, манбасини кўрсатмаган ҳолда, Хожа Ориф Ревгарийнинг 1165 йилда туғилганлиги тўғрисидаги маълумотни келтиради1. Унинг вафоти санаси эса турли манбаларда 1219, 1220, 1228, 1236, 1251 ва 1315 йиллар деб кўрсатилган. Масалан, Бадриддин Сирҳиндий (1594– 658) 1219 ёки 12202, Муҳаммад Толиб (1608–1673) 12283, «Орифнома» асари қўлёзмаси котиби Шермуҳаммад Нақшбандий 12374, Камолиддин Ҳаририйзода (1850–1881) 12515 ва Султон Муҳаммад Дорошукуҳ (1615–1659) 13156 йилни Ревгарийнинг вафоти санаси сифатида эслатишади. 1913 йили Нурота ҳокими Мир Йўлдошбий томонидан Хожа Ориф Ревгарий мақбарасидаги деворга ўрнатилган мармар лавҳада ҳам унинг 1315 йили вафот этгани эслатилган. Туркиялик тасаввуфшунос Ҳасан Комил Йилмаз аниқ бир манбага ҳавола қилмаган ҳолда Ревгарийнинг 1165 йили дунёга келганлигини маълум қиларкан, хожагон силсиласи иккинчи пирининг юз йил чамаси яшаганидан келиб чиққан ҳолда, унинг 1262 йили вафот этганини тахмин қилади7.
Ревгарийнинг тўлиқ номи унинг қаламига мансуб «Орифнома» асарида Хожа Муҳаммад Ориф ибн Маъруф Ревгарий кўринишида келтирилган. Бироқ унинг нисбаси турли манбаларда турли кўринишларда эслатилади. Жумладан, унинг нисбаси ушбу сўфий қаламига мансуб «Орифнома», шунингдек, Фазлуллоҳ ибн Рўзбеҳоннинг (1457–1530) «Маноқиби Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний», муаллифи номаълум «Мақомоти Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Хожа Ориф Ревгарий» ва Султон Муҳаммад Дорошукуҳнинг (1615–1659) «Сафинат ул-авлиё» асарларида «Ревгарий» кўринишида эслатилган8 бўлса, Абдураҳмон Жомийнинг (1414–1492) «Нафаҳот ул-унс» асарида «Ревгиравий»9, Алишер Навоийнинг (1441–1501) «Насойим ул-муҳаббат» ва Фахриддин Али Сафийнинг (1463–1533) «Рашаҳот айн ал-ҳаёт» асарларида «Ревгаравий» шаклида келтирилади10. Хожагон-нақшбандия тариқатининг кейинги асрларда яратилган арабча манбаларида бу нисбанинг талаффузи янада ўзгаради. Шунингдек, Хожа Муҳаммад Орифнинг нисбаси Абдулмажид Хоний Нақшбандийнинг (1847–1900) «Ал-Ҳадойиқ ул-вардия» асарида «Ревгирий»11, Муҳаммад Амин Курдий Арбилийнинг (1860–1914) «Мавоҳиб ас-сармадия» асарида эса «Равайгирий»12 кўринишида ҳам учрайди. Ўз тадқиқотларида кўпроқ хожагон-нақшбандия тариқатининг кейинги асрларда яратилган арабча манбаларига таянадиган турк тасаввуфшуноси Ҳасан Комил Йилмаз Хожа Муҳаммад Орифнинг нисбасини «Ривегарий» шаклида келтиради13. Бироқ ҳозирги замон тадқиқотчилари, биринчидан, Хожа Муҳаммад Орифнинг таваллуд топган қишлоғининг номи Ревгар бўлганлиги, иккинчидан, ушбу сўфийнинг ўзи «Орифнома» асарида ўз нисбасини «Ревгарий» кўринишида келтирганидан келиб чиқиб, уни Ревгарий шаклида эслатадилар.

Хожа Ориф Ревгарий болалик даврларидан илм ўрганишга киришган кўринади. Манбаларнинг гувоҳлик беришича, у ёшлик чоғлариданоқ сўфийлик йўлига кириб, Абдухолиқ Ғиждувоний муридлари қаторидан жой олади14.
«Рашаҳот айн ал-ҳаёт» асарида Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний халифаларидан бири Хожа Авлиёйи Кабирнинг ўз пири билан илк учрашуви Бухоро бозорида – Хожа Абдухолиқ гўшт харид қилгани чиққан чоғида юз бергани, ушбу учрашувдан сўнг Хожа Авлиёйи Кабир Ғиждувонийга мурид тушиб, унинг издошларидан бирига айлангани ҳикоя қилинади15. Бироқ «Жомиъ ул-каромот ал-авлиё» («Валийлар кароматлари тўплами») асари муаллифи Юсуф ибн Иброҳим ан-Набҳоний (1848–1931) айнан ушбу воқеанинг Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний билан Хожа Авлиёйи Кабирнинг эмас, балки унинг бошқа бир муриди ва халифаси Хожа Ориф Ревгарийнинг илк учрашуви билан боғлиқ равишда эслатади. Яъни, Набҳоний таъкиди бўйича айнан Хожа Ориф Ревгарийнинг ўзининг бўлғуси устози ва пири Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний билан илк учрашуви Хожа Абдухолиқ гўшт харид қилиш учун Бухоро шаҳри бозорига борганида юз беради. «Рашаҳот айн ал-ҳаёт» бўйича Хожа Авлиёйи Кабирнинг, «Жомиъ ул-каромот ал-авлиё» бўйича эса Хожа Ориф Ревгарийнинг Хожа Абдухолиқ Ғиждувонийга мурид тушишига сабаб бўлган ушбу воқеадан кейин Ғиждувонийнинг ушбу янги муридининг аввалги устози уни орқага қайтаришга уринади, кўнмаганида кўпчилик олдида таъна-маломат қилиб, тасаввуф шайхлари ва тариқат соликларини ҳақоратлай бошлайди. Аммо кунлардан бир куни ушбу муридга тушида ўша устозининг кечалари фаҳш ишлар билан шуғулланиши маълум бўлди. Эртаси куни собиқ устоз уни тарк этган шогирдини кўриб, яна таъна-маломат ва ҳақорат қила бошлаганида, ўзингиз кечалари фаҳш ишлар билан шуғулланиб, кундузлари бизни ҳақ йўлдан қайтаргани уялмайсизми, дейди. Устоз унинг кашф орқали билганини англаб, Ғиждувоний ҳузурида тавба қилади ва унинг муридларидан бирига айланади16.
Ревгарий Абдухолиқ Ғиждувонийнинг бошқа шогирдлари орасида тиришқоқлиги билан ажралиб турган. «Мақомоти Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Хожа Ориф Ревгарий»да келтирилган ривоятга кўра, Абдухолиқ Ғиждувоний ҳузурига келган Хизр (а. с.) Хожа Ориф Ревгарийнинг уни кўриш мақсадида ухлаб қолмаслик учун кўзига туз солиб олганлигини кўради-да, унинг келажакда ориф17 бўлиб етишишини Аллоҳдан сўраб дуо қилади18. Ана шу дуонинг баракоти билан, у кейинчалик ориф бир зотга айланади.
Абдухолиқ Ғиждувоний муршидлигида сайру сулук босқичларини босиб ўтишда давом этган Ревгарий бора-бора унинг энг буюк муридларидан ва ўринбосарларидан бирига айланади. Манбаларда унинг кароматлари билан боғлиқ кўплаб ривоятлар келтирилади. Жумладан, «Мақомоти Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Хожа Ориф Ревгарий» муаллифининг ёзишича, бир гуруҳ маст кишилар Абдухолиқ Ғиждувоний ўз муридларига дарс ўтаётган жойнинг яқинида айш-ишрат ва хунук қилиқлар қилиб, бу дарсга халақит бераётган чоғида Ревгарий ушбу безориларга «ҳайбат назари билан» боқиш орқали каромат кўрсатиб, уларни бир-бири билан уриштириб қўяди. Натижада улардан бир неч-
таси бир-бирини пичоқлаб ўлдириб қўяди19. Мазкур асарда келтирилган бошқа бир ривоятга кўра, Хожа Ориф Ревгарий Бухоронинг Ниёзобод маҳалласи аҳолиси учун кароматлар кўрсатади20. Ҳусомиддин Сиғноқийнинг (ваф. 1311 ёки 1314) «Рисолайи Ҳусомиддин Сиғноқий» асарида Хожа Ориф Ревгарийнинг ўз муридлари ҳамроҳлигида ҳажга бориш йўлида Ғиждувонда тўхтаб, Абдухолиқ Ғиждувонийнинг меҳмони бўлган Хожа Аҳмад Яссавий ҳузурида кўрсатган бошқа бир каромати тўғрисидаги ривоят келтирилади. Ушбу ривоятга кўра, меҳмондорчиликнинг эртаси куни тонгда Хожа Аҳмад Яссавий Ғиждувонийга: «[Каромат кўрсатиш орқали жонзотларни] ўлдирувчи муридингиз бор экан, ўшани бизга кўрсатинг, унинг қандай қудратга эга эканлигини кўрайлик», дейди. Ғиждувоний халифаси Ревгарийга ишора қилади. Шунда Ревгарий бир имо қилганида биратўла 400 отнинг бўйнидан қон оқа бошлайди (яъни, 400 отни сўйиш учун биратўла уларнинг барчасининг бўғзига пичоқ торта олади)21. «Матлаб ут-толибин»да ушбу ривоятнинг сал бошқачароқ варианти келтирилган бўлиб, унда Ревгарий бир имо қилганида биратўла 400 отнинг ёли ва думи тўкилиб тушади22.
Хожа Ориф Ревгарий Абдухолиқ Ғиждувонийнинг иршодга23 ижозат олган уч (Хожа Аҳмад Сиддиқ ва Хожа Авлиёйи Кабир билан биргаликда) ёки тўрт (Хожа Аҳмад Сиддиқ, Хожа Авлиёйи Кабир ва Хожа Салмон Карминий билан биргаликда) халифасидан бири бўлиб24, Ғиждувонийдан кейин тариқат раҳбарлигини ўз зиммасига олган Хожа Аҳмад Сиддиқ вафотидан сўнг Хожа Авлиёйи Кабир билан бир замонда ўз муридларини тарбиялашга киришади25.
Хожа Ориф Ревгарий кўплаб муридлар тарбиялаган бўлса-да, унинг халифаларидан бири Хожа Маҳмуд Анжирфағнавийгагина муршидлик ҳуқуқини олади. Фазлуллоҳ ибн Рўзбеҳоннинг ёзишича, Хожа Ориф вафотидан аввал Хожа Маҳмуд Анжирфағнавийни ўз ўрнига қолдириб, муридлар тарбиялаш ва уларни тариқатда уларга муршидлик қилишга ижозат беради26.
Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий тахминан 1262 йили ўзи туғилиб ўсган Ревгар қиш-
лоғида оламдан ўтади ва ана шу қишлоқнинг ўзида дафн этилади.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, бугунги кунда Бухоро вилояти Шофиркон туманида жойлашган, 1910 йилда Бухоронинг сўнгги амири Сайид Амир Олимхон томонидан қайта таъмирланган Хожа Ориф Ревгарий зиёратгоҳи Ўзбекистон мустақиллигининг илк йилларидан ободонлаштирилган бўлса, бу жой кейинги йилларда нафақат юртдошларимиз, балки бутун дунё мусулмонларининг зиёрат қиладиган севимли масканларидан бирига айланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 16 февраль ва 2019 йил 29 мартдаги Бухоро вилоятига ташрифи чоғида «Етти пир» мажмуаларини реконструкция қилиш ҳамда янги сайёҳлик йўналишларини очиш тўғрисида берган тавсияларига мувофиқ, Хожа Ориф зиёратгоҳида ҳам кенг кўламдаги ободонлаштириш ва қўшимча бинолар барпо этиш ишлари бошлаб юборилди. 2018 – 2020 йиллар мобайнида Хожа Ориф Ревгарий Моҳитобон зиёратгоҳи ҳудудида замонавий янги лойиҳа асосида ҳашар, реконструкция ва қурилиш ишлари олиб борилди. Натижада бу жойдаги масжид замонавий ва шинам бир ҳолатга келтирилиб, асосий кириш дарвозаси, минора, музей, кутубхона, ўқув хонаси ва маъмурий бинолар бино этилди. Зиёратчилар учун сув олиш жойи қайта қурилди. Зиёратгоҳ атрофи девор билан ўраб олинди. Боғнинг марказида фаввора ва унинг атрофида 4 та шийпонча қурилди. Хожа Ориф Ревгарий хонақоҳи таъмирланиб, янги қаб-ртош ўрнатилди, хонақоҳнинг атрофи тўрт томонли айвон билан ўралди. Жоме масжид замон талабларига мос ҳолда қайта таъмирланиб, жиҳозланди. Бундан ташқари зиёратгоҳ атрофида 85 ўринли «Poykent» меҳмонхонаси, «Моҳитобон» чойхонаси ва замонавий автотураргоҳ қурилиб, келаётган меҳмонлар ва зиёратчилар учун қулай шарт-шароитлар яратилди.

«Орифнома» асари ва унинг мазмуни
Хожа Ориф Ревгарий ўзидан форс тилида яратилган «Орифнома» номли бир асар қолдирган. 622/1225 йили Ревгарийнинг муридларидан бири, «соликларнинг сараси» Хожа Наим илтимоси билан Нур қасабасида27 ушбу тариқат аъзоларига мурожаат ва насиҳат тариқасида ёзилган28 ушбу асарда муаллифнинг сайру сулук босқичлари, маърифат, орифлик ва валийлик ҳамда тариқат одоблари борасидаги қарашлари акс этган. Бундан ташқари асарда Хожа Ориф Ревгарийнинг устози Хожа Абдухолиқ Ғиждувонийнинг ҳаёти, кароматлари ва қарашлари билан боғлиқ айрим маълумотлар жой олган. Шунингдек, асарнинг айрим ўринларида тасаввуф тарихининг илк даврларида яшаб ўтган машҳур сўфийлардан Ҳасан Бас-рий (ваф. 110/728), Суфён Саврий (ваф. 161/777), Робиа Адавия (ваф. 185/801), Фузайл ибн Иёз (107/725 – 187/802), Шақиқ Балхий (ваф. 194/810), Абу Туроб Нахшабий (ваф. 245/834), Яҳё ибн Муоз Розий (ваф. 258/871), Боязид Бистомий (ваф. 262/875) ва бошқаларнинг ҳаёти ва қарашлари тўғрисида қисқа қиссалар ва ривоятлар келтирилган.
Хожа Ориф Ревгарий ўз муридларини хожагон-нақшбандия тариқатининг Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний томонидан шакллантирилган асослари ва қоидаларига мувофиқ тарбиялашда ҳамда ўз устози таълимотини тарғиб этишда давом этиш билан биргаликда, ўзи ҳам ушбу таълимотга айрим янгиликлар ва тўлдиришлар киритди. Ревгарий «Орифнома» ҳамда ўз шайхлик амалиётида тасаввуфнинг қуйидаги асосларини айтиб ўтади:
Шариат. Хожа Ориф Ревгарий ўз муридларини барча ҳолларда, биринчи навбатда, Муҳаммад (с. а. в.) шариатига амал қилишга чорлаш29 орқали шариатни тасаввуфнинг илк шарти сифатидаги ўрнини кўрсатиб берар экан, киши сўфийлик йўлига кириб бориши учун қуйидаги қатъий кетма-кетликда келадиган босқичларни босиб ўтиши лозимлигини таъкидлайди: 1) шариатга қаттиқ риоя қилиш; 2) Аллоҳнинг унга нисбатан белгилаган ҳар қандай тақдирига рози бўлиш; 3) ўз ихтиёри ва иродасидан воз кечиб, Худонинг унга нисбатан қиладиган ҳар қандай иродасига рози бўлиш30. Киши шариат билан бошланадиган мазкур йўлни босиб ўтганидан кейин сайру сулук босқичларига қадам қўяди.
Сайру сулук босқичлари. Хожа Ориф Ревгарий наздида солик йўлининг боши тавба, сайру сулукдаги мақомларга эришишининг шарти эса толибликдир31. Унинг фикрича, толиб ҳиммат (уриниш), таважжуҳ32 (диққат), риёзат (машаққат) ва мужоҳадат (тиришиш) орқали ўзидаги ёмон хислатлардан халос бўлиб, яхши хислатлар касб этади-да, охир-оқибат, висол (Худога етишиш) шарафига муяссар бўлади. Бироқ толиб бунинг учун талаб33 водийсининг қуйидаги кетма-кетликдаги мақомларини босиб ўтиши лозим бўлади: важд (ўзини йўқотиб қўйиш) – кашф (очиш) – маърифат (Худони билиш) – мушоҳадат (ғайбни кўриш). Солик мушоҳадат мақомига етганидан кейингина уни ғайб оламини кўришдан тўсиб турган пардалар кўтарилиб, ушбу оламнинг сирлари унга аён бўлади34. Ревгарий тасаввуридаги висол ана шундан сўнг юз беради.
Сайру сулук ҳосилалари. Хожа Ориф Ревгарий сайру сулук ҳосилаларидан бўлмиш маърифат, орифлик ва валийлик ҳодисаларини таърифлаб ўтади.
Маърифат. Ревгарий наздида маърифатнинг моҳиятини қалбнинг Аллоҳ ягоналигини тасдиқлаши, маърифатнинг асосини эса Худога бўлган сидқ ва эътиқод маърифати ташкил этади. Маърифатнинг самараси эса банданинг тамомила Парвардигорга юз тутишидан иборатдир35.
Орифлик. Ревгарий «ориф» деганда Худодан тилаб олувчи ҳар бир нафасида қалбини Аллоҳ таолога тамомила бағишлайдиган, бу ҳол сўнгги нафасигача давом этадиган, бироқ унинг бу ҳоли одамларга яширин қоладиган кишини тушунади. У орифларнинг зикр туфайли зоҳидлардан устун туришига ишора қилиб, зоҳидлар таоми очлик бўлса, орифлар таоми зикрдир, дейди. Ревгарийнинг таъкидлашича, халқ орифдан таралаётган нур жилосини кўрганида, орифнинг ўзи эса Вужуд нурини кўрганида куяди. Қиёмат куни орифларга уларнинг сидқлари ёр бўлади36.
Валийлик. Ревгарийнинг айтишича, валий Худонинг дўстини дўст, душманини душман билувчи, ихтиёрсиз тарзда ундан каромат содир бўлувчи кишидир. Зеро, ўз ихтиёри билан каромат содир қилган киши валий эмас, балки муддаъий (даъвогар) бўлади. Ревгарий юқори даражаларга эришганда ҳам камтар бўлиш, номаъқул нарсалардан сақланиш ва адолат билан иш тутишни авлиёликнинг уч белгиси сифатида кўрсатади37.
Сайру сулук одоблари. Хожа Ориф Ревгарий соликларнинг ўзларини тутиш одоблари тўғрисида ҳам сўз юритади. Жумладан, у ўз муридларини нафсга қарши курашиш, бойликка ўч бўлмаслик, борига қаноат қилишга чорларкан, бойиб кетганда ҳам ўзларини йўқотиб қўймасликлари лозимлигини таъкидлайди. Кўнгил поклиги, одамларга хизмат қилиш, аммо ҳеч кимга хизмат буюрмаслик каби хислатлар ҳам Ревгарий наздидаги тариқат (сайру сулук) одоблари жумласига киради38.
«Орифнома» асарининг қўлёзма нусхалари ва унинг ўрганилиши
Бизнинг давримизгача «Орифнома» асарининг XIX асрда кўчирилган уч қўлёзма нусхаси етиб келган бўлиб, уларнинг иккитаси Покистон, биттаси эса Грузия қўлёзмалар хазиналарида сақланмоқда. Биз Эронда нашр этилган қўлёзмалар каталогларида келтирилган, аммо тўлиқ ва мукаммал бўлмаган маълумотларга таянган ҳолда «Орифнома» асари қўлёзмалари тўғрисида қуйидаги ўта қисқа ва умумий маълумотларнигина тайёрлай олдик:
1. Покистоннинг Дера Исмоилхон шаҳридаги Мусозаий хонақоҳи кутубхонасида №1/Arif-nama рақами остида сақланаётган қўл-
ёзма нусха XIII/XIX асрнинг йилларидан бирида зулҳижжа ойининг йигирма учинчи куни Халифа номи билан танилган Шермуҳаммад Нақшбандий Мужаддидий Маъсумий исмли котиб томонидан кўчириб тугатилган. Қўл-
ёзма настаълиқ хатида кўчирилган бўлиб, ҳажми 20 саҳифа. Қўлёзмага Мусозаий хонақоҳи кутубхонасининг 1334/1916 йил санасидаги муҳри босилган.
2. Покистоннинг Дера Исмоилхон шаҳридаги Мусозаий хонақоҳи кутубхонасида №2/Arif-nama рақами остида сақланаётган қўлёзма нусха XIII/XIX асрнинг йилларидан бирида зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни Халифа номи билан танилган Шермуҳаммад Нақшбандий Мужаддидий Маъсумий исмли котиб томонидан кўчириб тугатилган. Қўлёзма настаълиқ хатида кўчирилган бўлиб, ҳажми 16 саҳифа. Қўлёзмага Мусозаий хонақоҳи кутубхонасининг 1334/1916 йил санасидаги муҳри босилган39.
3. Грузия Фанлар академияси Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида №560 рақам остида сақланаётган қўлёзма нусха XIII/XIX асрда номаълум котиб томонидан кўчирилган. Еттита кичик қўлёзма асарни ўз ичига олувчи тўпламда тартиб бўйича бешинчи асар. Шабистарийнинг «Гулшани роз», Амир Ҳусайнийнинг «Зод ул-мусофирин», номаълум асарнинг шеър ўқиш ва тинглашга бағишланган еттинчи боби, Амир Яҳё Ҳайдар ва авлодларининг шеърий насабномаси, намоз тўғрисида рисола ва Муҳиббийнинг шеърий девони билан бир жилдда40.
«Орифнома» асари биринчи бор 1993 йили Ғулом Мустафохон таҳрири остида нашрга тайёрланиб, Покистоннинг Карачи шаҳрида нашр этилди.
Садриддин Салим Бухорий ва Самад Азимовларнинг маълум қилишларича, мус-
тақиллик даврига қадар Ўзбекистон илмий жамоатчилиги «Орифнома» асари ва унинг қўлёзма нусхалари тўғрисида маълумотга эга бўлмаган. 1993 йили Баҳоуддин Нақшбанд юбилейи тадбирларида иштирок этиш учун Бухорога келган покистонлик олим ва сўфий Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий Покистонда ушбу асарнинг қўлёзма нусхаси мавжудлиги тўғрисида маълум қилиб, кейинчалик унинг нусхасини Ўзбекистонга юборади. Юқоридаги муаллифларнинг «Буюк Ғиждувонийлар» асарида бу тўғрида қуйидагича ҳикоя қилинади:
«…биз то 1993 йилгача Хожа Орифнинг «Орифнома» асарларининг ҳатто номини билмасдик. Чунки қатағон замонасида кўп-
лаб нодир асарлар қатори бу ҳам йўқотилган эди. 1993 йил Ҳазрат Баҳоуддин юбилейларидан сўнг Покистондан Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳазратлари Бухорога келиб, Етти пири комиллар қабрларини зиёрат этдилар. Ҳазрат Хожа Ориф ар-Ревгарий мақбараларида тиловат этгандан сўнг, бир асардан парча ўқидилар. У киши билан ҳамроҳ бўлган бухоролик олимлар: «Бу кимнинг асари, қандай гўзал асар?» деб ҳайратланиб савол бердилар. Ҳазрат Зулфиқор Аҳмад ҳам ҳайратланиб: «Ахир мен боболарингиз Хожа Орифнинг «Орифнома» асарларидан бир парчани ўқиб бердим-ку, наҳотки сизлар уни эшитмаган бўлсангиз?» дедилар. Олимлар ҳақиқий ҳолдан шайхни воқиф этганларидан сўнг, Ҳазрат Зулфиқор Аҳмад зудлик билан Покистонга бориб, «Орифнома» асари нусхасини ҳожи Жонмуҳаммад Гуловга жўнатдилар»41.
«Орифнома»нинг Ўзбекистонга юборилган ушбу нусхаси асосида унинг ўзбек тилига илк таржимаси амалга ошди. Садриддин Салим Бухорий ва Исроил Субҳоний томонидан ўзбек тилига қилинган таржима 1994 йили Тошкент шаҳридаги «Наврўз» нашриётида етмиш беш минг нусхада нашр этилди42. Орадан бир қанча вақт ўтиб, ўзбек тасаввуфшунос олими Сайфиддин Сайфуллоҳ ҳам «Орифнома» асаридан айрим парчаларни ўзбек тилига ўгириб, ўқувчилар эътиборига ҳавола этди43.
Ревгарий қаламига мансуб ушбу асарнинг ўзбек ва рус тилларига иккинчи тўлиқ илмий изоҳли таржимаси шарқшунос-манбашунос, тасаввуфшунос Комилжон Раҳимов томонидан амалга оширилди44.
«Орифнома» ўзбек тилидан кейин нафақат асар қўлёзмаси сақланаётган юрт, бал-
ки хожагон-нақшбандия тариқати издошлари диёри ҳам ҳисобланувчи Покистон мамлакатининг асосий тили бўлмиш урду тилига ҳам ўгирилди. Асарнинг Қадийр Муҳаммад Қурайший Акбарободий томонидан урду тилига қилинган таржимаси 1997 йили Покистоннинг Ҳайдаробод шаҳрида нашр этилди.
«Орифнома» асари яқинда туркиялик машҳур тасаввуфшунос олим, нақшбандия бўйича етук мутахассис, Туркиянинг Мармара университети профессори Наждат Тўсин томонидан турк тилига ҳам таржима қилинганлиги тўғрисида эшитдик. Ушбу олим 2020 йилнинг 4 июни куни Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази томонидан ўтказилган «Ўрта Осиёда ёзилган нақшбандия асарлари ва уларнинг Анадолу (Туркия)даги таржималари» мавзусида ўтказилган онлайн-семинарда иштирок этиб, мазкур таржиманинг яқин келажакда нашр этилишини маълум қилди.
Энди «Орифнома» асарининг бевосита ўрганилиши тўғрисида ҳам сўз юритиб ўтсак. Нарзулла Йўлдошев45, Ориф Усмон46, Садриддин Салим Бухорий47 ва Сайфиддин Сайфуллоҳ48 каби олимлар, шунингдек, муаллифлар гуруҳларининг49, умуман тасаввуф, жумладан, хожагон-нақшбандия тариқатига бағишланган рисолалари ва тўпламларида Хожа Ориф Ревгарий, жумладан, унинг «Орифнома» асари тўғрисида умумий маълумотлар бериб ўтилган. Ўзбек тасаввуфшуносларидан Иброҳим Ҳаққул ўзининг «Хожа Ориф моҳитобон» эссесида50 ҳамда Гулчеҳра Наврўзова «Ориф Ревгарий» рисоласида51 биринчилардан бўлиб ушбу асарни, шу орқали Хожа Ориф Ревгарий таълимотини махсус тадқиқ қилишни бошлаб беришган. Булардан ташқари Сайфиддин Сайфуллоҳнинг хожагон-нақшбандия тариқати пирлари ҳаёти ва фаолиятини тадқиқ этишга бағишланган «Етти пир» асарида ҳам муаллифнинг Хожа Ориф Ревгарийнинг ҳаёти, фаолияти ва қарашлари, шунингдек, унинг «Орифнома» асари тўғрисида амалга оширган тадқиқотлари натижалари баён қилинган52.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарийнинг “Орифнома” асари тасаввуф тарихи ва таълимоти билан қизиқувчилар ҳамда халқимиз маънавияти ва дунёқарашининг шаклланишида муҳим ўрин тутган хожагон-нақшбандия тариқатини илмий асосда ўрганиш ишига муҳим ҳисса бўлиб қўшилади, деб умид қиламиз.
—————
1 Nakşibendî, Necmeddin b. Muhammed. Hülâsatü’l-Mevâhib/Altın Silsile, haz. İbrahim Tozlu, Semerkand Yayınları, İstanbul, 2005. – S. 144–145.
2 Бадриддин ибн Иброҳим Сирҳиндий. Ҳазарот ул-қудс (форс тилида). 1-жилд. Қўлёзма / ЎзР ФА Шарқшунослик институти, инв. №76. – В. 95b.
3 Муҳаммад Толиб ибн Тожиддин Ҳасанхожа Ҳусайний Сиддиқий. Матлаб ут-толибин (форс тилида) / ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти; нашрга тайёрловчилар: Ғулом Каримий, Эркин Миркомилов; масъул муҳаррир: Ҳалим Тўраев. – Тошкент: «Movarounnahr», 2012. – Б. 58.
4 Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий. Орифнома (форс тилида). Қўлёзма / Покистон, Дера Исмоилхон шаҳри, Мусозаий хонақоҳи кутубхонаси. Инв. №1/Arif-nama. – Б. 19.
5 Камолиддин Муҳаммад Ҳаририйзода. Тибёну васойил ал-ҳақойиқ фи баён салосил ат-таройиқ (форс тилида). Қўлёзма / Туркия, Истамбул, Сулаймония кутубхонаси, инв. №432. – В. 201а.
6 Султон Муҳаммад Дорошукуҳ. Сафинат ул-авлиё (форс тилида) / Тошбосма нашр. – Лакҳнав: Мунший Навал Кишур матбааси, 1862. – Б. 77.
8 Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий. Орифнома. Б. 19; Фазлуллоҳ ибн Рўзбеҳон. Маноқиби Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний / Форс тилидан Маҳмуд Ҳасаний таржимаси // Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний [Сўзбоши, таржима, луғат ва изоҳлар муаллифи: Маҳмуд Ҳасаний]. – Тошкент: «Ўзбекистон», 2003. – Б. 20; Мақомоти Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Хожа Ориф Ревгарий / Форс тилидан Маҳмуд Ҳасаний таржимаси // Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний [Сўзбоши, таржима, луғат ва изоҳлар муаллифи: Маҳмуд Ҳасаний]. – Тошкент: «Ўзбекистон», 2003. – Б. 57; Сафинат ул-авлиё. Б. 77.
9 Жомий, Нуриддин Абдураҳмон ибн Аҳмад. Нафаҳот ул-унс мин ҳазарот ал-қудс (форс тилида) [Таҳрир ва сўзбоши муаллифи Маҳмуд Обидий]. Тўртинчи нашр. – Теҳрон: «Эттелоот», 1382/2003. – Б. 385
10 Навоий, Алишер. Насойим ул-муҳаббат. Мукаммал асарлар тўплами. Йигирма томлик. Ўн еттинчи том /Нашрга тайёровчилар: С. Ғаниева, М. Мирзааҳмедова. Арабча ва форсча матнларни таржима қилиб, нашрга тайёрловчи ва масъул муҳаррир: С. Рафиддинов. – Тошкент: «Фан», 2001. – Б. 255; Мавлоно Фахриддин Али ибн Ҳусайн Воиз Кошифий. Рашаҳот айн ал-ҳаёт (форс тилида) [Муқаддима, таҳрир, изоҳлар ва иловалар муаллифи доктор Али Асғар Маъиниён]. 2 жилдлик.1-жилд. – Теҳрон: «Нуроний» хайрия жамғармаси нашриёти, 2536/1977. – Б. 58.
11 Ал-Хоний, Абдулмажид ибн Муҳаммад. Ал-Ҳадойиқ ал-вардия фи ҳақойиқ ажилла ан-нақшбандия (араб тилида) [Абдураззоқ Абдуллоҳ таҳрири остида]. – Арбил (Ироқ Курдистони): Орос, 2002. – Б. 170.
12 Муҳаммад Амин ал-Курдий ал-Арбилий. Ал-Мавоҳиб ас-сармадия фи маноқиб ан-нақшбандия (араб тилида) / Биринчи нашр. – Қоҳира: «Матбаат ас-саодат», 1329/1911. – Б. 94; Шейх Мухаммад Амин аль-Курди аль-Эрбили. Книга вечных даров: (О достоинствах и похвальных качествах суфийского братства Накшбандийа и его Пути к Богу) [Пер. с араб. Под редакцией с комментариями и примечаниями И. Р. Насырова]. – Уфа, 2000. – С. 67.
13 Хасан Камиль Йылмаз. Золотая Сильсиля. – С. 94–96.
14 Мақомоти Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Хожа Ориф Ревгарий. – Б. 57.
15 Қаранг: Рашаҳот айн ал-ҳаёт. 1-ж. – Б. 51–52.
16 Шайх Юсуф ибн Исмоил ан-Набҳоний. Жомиъ ул-каромот ал-авлиё (араб тилида) / Иброҳим Атва Аваз таҳрири остида / Иккинчи жилд. – Гужарат, Аҳли суннат ва баракоти Ризо маркази, 1422/2001. – Б. 136, 143.
17 ориф [арабча عارف – чуқур ва батафсил билувчи] – Ҳаққа етишиш йўлида Аллоҳни, унинг исмлари ва сифатларини билиш, яъни Худо ва унинг барча хусусиятлари тўғрисида билим ҳосил қилиш босқичига етган киши; Худони билиш учун ирфон йўлига кирган ва унинг босқичларини босиб ўтаётган киши; Аллоҳнинг зоти, исмлари ва сифатларини чуқур билувчи киши.
18 Мақомоти Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Хожа Ориф Ревгарий. – Б. 57.
19 Мақомоти Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Хожа Ориф Ревгарий. – Б. 58–59.
20 Мақомоти Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Хожа Ориф Ревгарий. – Б. 60–61.
21 Ҳусомиддин Ҳусайн ибн Али ас-Сиғноқий. Рисолайи Ҳусомиддин Сиғноқий. Қўлёзма / ЎзР ФА Шарқшунослик институти, инв. №11084. – В. 13а.
22 Матлаб ут-толибин. – Б. 23–24.
23 иршод [арабча ارشاد – тўғри йўлга бошлаш] – тасаввуфда: муридларнинг (соликларнинг) сайру сулук босқичларини босиб ўтишларида уларга устозлик, раҳнамолик ва йўлбошчилик қилиш, муршидлик.
24 Қаранг: Маноқиби Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний. – Б. 20; Рашаҳот айн ал-ҳаёт. 1-ж. – Б. 50–59. 25 Қаранг: Маноқиби Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний. – Б. 20; Рашаҳот айн ал-ҳаёт. 1-ж. – Б. 50–59.
26 Маноқиби Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний. – Б. 20.
27 Ҳозирги Нурота шаҳри.
28 Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий. Орифнома. – Б. 18.
29 Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий. Орифнома. – Б. 2. 30 Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий. Орифнома. – Б. 10–11.
31 толиб [арабча طالب – изловчи] – тасаввуфда: 1) бутун вужуди билан муштоқларча Ҳақ зот бўлмиш Худони топиш ва унинг висолига эришиш йўлида қаттиқ уринадиган киши, Аллоҳни изловчи; 2) солик.
32 таважжуҳ [арабча توجه – юзланиш, диққат-эътибор қаратиш] – сўфийлик амалиётида солик ёки муриднинг ўз диққат-эътибори ва ўй-хаёлини барча нарсалардан узиб, фақатгина шайх (муршид, пир)га қаратиши, бутун вужуди ва ўй-хаёли билан диққат-эътибор объектига берилиши, сўфий (солик, мурид) билан шайх (муршид, пир) ўртасидаги руҳий алоқа.
33 талаб [арабча طلب – излаш] – тасаввуфда: 1) Ҳақ зот бўлмиш Худони топиш ва унинг висолига эришиш йўлида қаттиқ уриниш, Худони излаш; 2) сайру сулук.
34 Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий. Орифнома. – Б. 4–5.
35 Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий. Орифнома. – Б. 6, 8.
36 Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий. Орифнома. – Б. 5, 6, 7, 8.
37 Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий. Орифнома. – Б. 6, 7.
38 Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий. Орифнома. – Б. 2.
39 Ориф Навшоҳий, Ризоуллоҳ Шоҳ. Покистондаги форсча қўлёзмалар каталоги / Покистондаги давлат ва шахсий кутубхоналарида сақланаётган 8000 дона форсча қўлёзма каталоги (форс тилида) [Ориф Навшоҳий томонидан тузилган. 4 жилдлик]. 2-жилд. – Теҳрон: «Мероси мактуб» («Ёзма мерос») тадқиқотлар маркази, 1396/2017. – Б. 768–770.
40 Марказий кутубхона ва Ҳужжатлар маркази нашрлари. №25. Қўлёзмалар. 8-дафтар (жилд) [Муҳаммадтақий Донишпажуҳ ва Ираж Афшор таҳрири остида]. СССР кутубхоналаридаги қўлёзмалар (форс тилида) [Каталог ва илмий ахборот Муҳаммадтақий Донишпажуҳ томонидан тайёрланган]. – Теҳрон, 1358/1979. – Б. 241–242.
41 Бухорий С. С., Азимов С. Буюк Ғиждувонийлар. – Бухоро: «Бухоро», 2006. – Б. 52.
42 Қаранг: Хожа Ориф ар-Ревгарий. Орифнома // Форс-тожик тилидан Садриддин Салим Бухорий ва Исроил Субҳоний таржимаси; Масъул муҳаррир: Тилак Жўра. – Тошкент: «Наврўз», 1994. – 16 б.
43 Сайфуллоҳ, Сайфиддин. Етти пир: Дунё муршидлари / С. Сайфуллоҳ. – Тошкент: «O`zbekiston» НМИУ, 2019. – Б. 94–97.
44 Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий. Орифнома. Форс тилидан таржима, кириш, тадқиқ, изоҳлар, иловалар муаллифи ва нашрга тайёрловчи: Комилжон Раҳимов. – Тошкент, “Splendid Idea”, 2021. – 144.
Хваджа Мухаммад Ариф Ривгари. Ариф-нама. Автор перевода с персидского, предисловия, научных комментариев, примечаний и приложений, подготовка текста к публикации: Камильджан Рахимов. – Ташкент, “Splendid Idea”, 2021. – 144.
45 Нарзулла Йўлдошев. Бухородаги айрим авлиёлар тарихи. – Бухоро: «Бухоро», 1993. – Б. 49–88; Н. Йўлдошев, Ҳ. Қурбонов. Бухоро шаҳри ва унинг атрофидаги зиёратгоҳлар тарихи. – Бухоро: «Бухоро», 2001. – Б. 71–83.
46 Ориф Усмон. Бухорои шарифнинг етти пири. – Тошкент: ТошДШИ нашриёти, 2003.
47 Бухорий, С.С. Икки юз етмиш етти пир. – Бухоро: «Бухоро», 2006; Ўша муаллиф. Баҳоуддин Нақшбанд ёки етти пир. – Тошкент: «Янги аср авлоди», 2010; Ўша муаллиф. Баҳоуддин Нақшбанд ёки етти пир (тўлдирилган қайта нашр). – Тошкент: «Наврўз», 2017.
48 Сайфуллоҳ, Сайфиддин. Буюклар ҳалқаси: (Олтин силсила валийлари) / Масъул муҳаррир: А. Назар. – Тошкент: «Noshirlik yog`dusi», 2011.
49 Бу тўғрида қаранг: Етти пир ва етти авлиё (адабий-бадиий, маърифий тўплам): мақолалар / Нашрга тўпловчи: Тошпўлат Аҳмад. – Бухоро: Бухоро вилоят босмахонаси, 2019. – 172 б.
50 Иброҳим Ҳаққул. Хожа Ориф Моҳитобон. – Тошкент, 1996.
51 Наврўзова Г. Н. Ориф Ревгарий / Г. Н. Наврўзова, Д. Ж. Акобирова. – Тошкент: Paradigma, 2018. – 56 б.
52 Сайфуллоҳ, Сайфиддин. Етти пир. – Б. 86–98.


