ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА ТАСАВВУФГА МУНОСАБАТ

Азизхўжа  ИноятовБаҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази директори,  исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент

Янги Ўзбекистон тараққиётида миллий-маънавий меросга муносабат янги босқичга кўтарилди. Айниқса, тасаввуф таълимотига бўлган эътибор давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Бундан мақсад ислом маданияти ва илм-фанининг Ўзбекистон тарихидаги ўрнини, буюк алломаларимиз қолдирган бой маънавий меросни ўрганиш, уларнинг жаҳон илм-фани ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини халқимиз, айниқса, ёшларга етказишдир. Сабаби бу миллатнинг маънавияти, маданиятининг пойдевори мустаҳкам бўлиб у  ислом дини, охирги илоҳий калом – Қуръони карим ҳамда ҳадиси шарифга асослангандир. Диний-маърифий йўналишдаги уламолардан ташқари, халқимизнинг маънавий устунлари Беруний, Ибн Сино, Форобий, Навоий, Бобур, Огаҳий, Қодирий, Фитратлар яратган бой меросни ҳам исломий қадриятлардан айро тушунтириш мумкин эмас. Шу сабабдан кейинги йилларда айнан диний-ирфоний меросимизни, уларни яратган алломаларни ўрганиш, тадқиқ қилиш ва халққа етказиш йўлида жуда катта ишлар амалга оширилмоқда.  

Бу жараёнда тасаввуф намояндалари меросини ўрганишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Чунки уларнинг таълимоти ёшларни маънавий тарбиялашда, экстремизм ва мутаассибликка қарши маърифий иммунитетни шакллантиришда муҳим манба ҳисобланади. Шундай манбалардан бири Шайх Сайфиддин Бохарзий яратган маънавият бўлиб, Бохарзий фаолияти туфайли Бухоро ислом оламида янада машҳур бўлган ва “Бухорои шариф” номи билан шуҳрат қозонган. Бугунги кунда Бухородаги Шайх Сайфиддин Бохарзий зиёратгоҳи кенг кўламда ободонлаштирилмоқда. Ушбу қадамжо асрлар давомида тасаввуф аҳли учун маънавий марказ бўлиб келган.

Ҳазрат Сайфиддин Боҳарзий XII асрнинг иккинчи ярмида, яъни 1190 йилда Хуросон вилоятининг Бохарз мавзеида туғилган. Манбаларда таъкидланишича, Бохарзийнинг насаблари Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқга бориб тақалади. Сайфиддин Бохарзий дастлабки билимни ўзи туғилиб ўсган юртда олди. Кейинчалик Миср, Шом, Боғдод, Ироқ мамлакатларига бориб, илм таҳсилини давом эттирди. Бохарзий ёшлигида Макка ва Мадинага ҳаж қилган ва ўн бир ёшида Боғдодга келиб Ибн Жавзий, Суҳравардийдан сабоқ олди. Зоҳирий илмларни, яъни фиқҳ, ҳадис, тафсир, калом илмини Хуросонда машҳур устозлардан ўрганади. Тасаввуф йўналишида эса ўз даврининг таниқли шайхи, олими Нажмиддин Кубродан чуқур илм олиб унинг энг ишончли халифаси, муридига айланади. Дарҳақиқат, Бохарзий ўз даврининг олими, илмига амал қилувчи инсон ва муҳаддиси,  шайхлик мартабасига етган ва Ҳақ йўли ҳамда диннинг қиличи сифатида улуғланган, Шайхул Олам номи билан машҳур бўлган улуғ валий зотдир. Бинобарин, устозига чексиз ҳурмати ва садоқати боис Нажмиддин Кубро унга кўрсатган ҳурматидан мамнун бўлиб, Бохарзийга унинг ортидан султонлар юришини башорат қилган.

Мўғуллар босқини даврида устозининг топшириғи билан Бухорога келиб бу ерда таназзулга учраётган ислом дини, илм-фан, маданият, маърифат, иқтисодни юксалтиришга хизмат қилди. У халқни оғир бир вазиятда ҳам руҳан, ҳам маънан, ҳам молиявий ва ижтимоий ҳимоя қилди. Унинг ташаббуси билан  Фатҳобод мадрасаси ва хонақоҳи қурилади. Халқ орасида обрўси шу даражада юксалдики, мўғул хонлари Сайфиддин Бохарзий билан ҳисоблашишга мажбур бўладилар. Сайфиддин Бохарзийнинг илму маърифати, саъй-ҳаракати ва доно сиёсати туфайли мўғуллар ерлик халқнинг дини бўлган исломни қабул қилдилар. Ҳатто XIII асрнинг 50 йилларида Чингизхонинг невараси Олтин Ўрда хони Беркахон Бухорога махсус келиб, Сайфиддин Бохарзийдан ислом динини қабул қилган ва унга мурид тушган. Беркахон мусулмон бўлгач, ўзига Баракахон исмини олган. Ҳатто у вафот этгандан кейин васиятига асосан Сайфиддин Бохарзийнинг мақбараси ёнида кўмилган.

Ислом динини қабул қилган мўғуллар ўзлари босиб олган шимолий Кавказдан Сибиргача бўлган катта ҳудудларда бу динни тарғиб этганлар ва ўша ҳудудда яшаётган халқ ислом динини қабул этган. Жуда кенг ҳудудда ислом динини ёйилишига сабабчи бўлган табаррук зот Сайфиддин Бохарзийга Шайхул Олам деган фахрий унвон берилган.

Бохарзий фақатгина мутасаввиф зоҳид эмас, балки тасаввуф адабиётида ҳам ўз ўрнига эга ижодкор бўлгани, унинг  қаламига мансуб бир қанча асарлари борлигини тасаввуфшунос олимлар аниқлашга муввафақ бўлганлар.  “Шарҳ ал-асмо ал- ҳусно” (“Аллоҳнинг гўзал исмлари шарҳи”), “Рисола дар Ишқ” (“Ишқ ҳақида рисола”), “Воқеаи хилват” (“Хилватдаги воқеа”), “Рубоиёт”, “Рўзнома”, “Васиятнома” каби асарлар шулар жумласидандир.

Сайфиддин Бохарзий рубоийларида ҳақ йўлига даъват қилинади, илоҳий ишқ улуғланади, инсонийлик, садоқат, меҳр-оқибат, инсонпарварлик,  камолот масалаларидан баҳс юритилади, ошиқ кўнглининг дарду изтироблари, туйғу-кечинмалари тасвирланади:

Мард мардлигини қилмагай асло ошкор,

Мардлик қилар-у, бировга этмас изҳор,

Мард ўқ еса-ю, бўлса вужуди тор-тор,

Дўстидан ўгирмайди юзини зинҳор.

                              ***

Бир дунё гуноҳни мен агар қилганман,

Ҳеч узмай умид, лутф этишинг билганман.

Дединг: чорасиз қолсанг агар, қўллайман,

Қўлла мени – бир чора сўраб келганман. 

Ҳозирги кунда ушбу зиёратгоҳни таъмирлаш, инфратузилмасини яхшилаш, зиёратчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ишлари амалга оширилмоқда. Бу эса Янги Ўзбекистонда муқаддас қадамжоларга, диний-ирфоний меросимизга бўлган эҳтиром ва эътиборнинг яққол намунасидир.

Янги Ўзбекистонда тасаввуфга муносабат – бу фақатгина ўтмиш алломалар билан фахрланиш эмас, балки келажакни маънавий-эътиқодий  жиҳатдан мустаҳкамлашдир. Тасаввуф таълимоти орқали инсон қалбан тарбияланади, жамиятда бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат, тотувлик мустаҳкамланади. Бутун мамлакатимиз бўйлаб  Шайх Сайфиддин Боҳарзий зиёратгоҳи каби қадамжоларнинг ободонлаштирилиши эса миллий моддий ва маънавий меросни асраш, уни келгуси авлодларга етказиш йўлидаги муҳим қадамдир. Бу жараён тасаввуфнинг ҳаётбахш ғоялари бугун ҳам долзарб эканини, улар Янги Ўзбекистон тараққиётида муҳим ўрин тутаётганини яна бир бор тасдиқлайди.

Scroll to Top