ҚУРБОН ҲАЙИТИ – ШУКРОНА, МЕҲР-ОҚИБАТ ВА САХООВАТ АЙЁМИ

Азизхўжа Иноятов, Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази директори, исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент

Қурбон ҳайити мусулмон халқимиз маънавий ҳаётида алоҳида ўрин тутадиган улуғ айёмдир. Бу байрам фақат хурсандчилик куни эмас, балки қалб тарбияси, шукрона, меҳр-оқибат, фақир ва муҳтожларга раҳм-шафқат, саховат ва қўли очиқлик мактабидир. Унинг моҳияти инсонни ўз неъматларига назар солишга, яқинлари ва қўшнилар ҳолидан хабар олишга, жамиятда ҳамжиҳатлик ва оқибатни кучайтиришга чақиради.

“Қурбон” сўзи луғатда яқинлик, яқинлашиш маъноларини англатади. Диний маънода эса қурбонлик – Аллоҳ таолога яқин бўлиш, Унинг розилигини топиш ниятида белгиланган кунларда жонлиқ сўйиш ибодатидир. Бу ибодат шунчаки ҳайвон сўйиш ёки байрам дастурхонини безаш эмас, балки банданинг қалбидаги ихлос, итоат, шукрона ва фидойиликни намоён этадиган улуғ амалдир. Қуръони каримда: “Бас, Роббингиз учун намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг” (Кавсар – 108, 3), мазмунидаги оят келади. Бу оятда намоз ва қурбонлик ёнма-ён зикр қилиниши ҳам бежиз эмас: намоз банда билан Робби ўртасидаги руҳий боғлиқликни мустаҳкамласа, қурбонлик ана шу боғлиқликни амалий фидойилик, саховат ва итоат орқали намоён этади. Демак, қурбонликнинг моҳияти ташқи кўринишида эмас, балки уни адо этаётган инсоннинг нияти, қалб поклиги ва Аллоҳга яқинлашиш истагидадир.

Бу ибодат тарихи Иброҳим ва Исмоил алайҳиссалом ҳаётидаги улкан синовларга бориб тақалади. Иброҳим алайҳиссалом узоқ йиллар давомида Аллоҳдан солиҳ фарзанд сўраб дуо қилган, кексалик чоғида эса у зотга Исмоил алайҳиссалом ато этилган эди. Табиийки, узоқ кутилган фарзанд ота қалбида ниҳоятда азиз ва суюкли бўлади. Аммо айнан шу энг азиз неъмат орқали Иброҳим алайҳиссаломнинг Аллоҳга бўлган муҳаббати, таслимияти ва итоати синовдан ўтди. Соффаат сурасида Иброҳим алайҳиссалом: “Эй ўғилчам, мен тушимда сени сўяётганимни кўрмоқдаман”, деганлари, Исмоил алайҳиссалом эса: “Эй отажон, сизга буюрилган ишни қилинг. Иншааллоҳ мени сабр қилгувчилардан топасиз”, дея жавоб берганлари баён қилинади. Ота ҳам, фарзанд ҳам Аллоҳ розилигини ўз истаклари, ҳис-туйғулари ва ҳатто энг азиз меҳр ришталаридан устун қўйдилар. Иброҳим алайҳиссалом амрни бажаришга киришганларида, Аллоҳ таоло у зотнинг садоқати ва итоати мукаммал намоён бўлганини билдирди. Исмоил алайҳиссаломнинг жони сақлаб қолинди ва унинг ўрнига улуғ қурбонлик сифатида қўчқор ато этилди. Бу воқеа шуни кўрсатадики, Аллоҳ таоло бандаларидан қон ёки гўштни эмас, балки тақво, ихлос ва итоатни қабул қилади. Қурбонликнинг асл ҳикмати ҳам мана шундадир: инсон ўзидаги худбинлик, бахиллик, дунёга ҳаддан ортиқ боғланиш каби иллатларни “қурбон” қилиб, қалбини шукрона, саховат ва Аллоҳга яқинлик туйғуси билан поклайди.

Ана шу маънавий покланиш ва Аллоҳга яқинлашиш мазмуни Қурбон ҳайитининг Зулҳижжа ойидаги фазилатли кунлар билан боғланишида янада ёрқин намоён бўлади. Чунки бу ойда мўмин киши нафақат қурбонлик ибодати, балки зикр, шукр, дуо ва солиҳ амаллар орқали ҳам қалбини тарбиялайди. Имом Байҳақий ривоятларида Расулуллоҳ (с.а.в.) айнан Зулҳижжанинг ўн кунида зикрни кўпайтиришга чақирганлари келтирилади. Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда эса Расулуллоҳ (с.а.в.): “Кимки хурсандчилик билан савоб умидида қурбонлик қилса, қурбонлик у учун дўзахдан парда бўлади”, деб марҳамат қилганлари келтирилади. Яна бир ривоятда қурбонлик “отангиз Иброҳим алайҳиссаломнинг суннати” экани айтилади. Демак, қурбонлик оддий сарф-харажат эмас, балки ихлос, тақво ва шукр билан адо этиладиган ибодатдир.

Бу ибодатнинг ижтимоий мазмуни ҳам беқиёсдир. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.) қийинчилик даврида қурбонлик гўштини муҳтожларга кўпроқ улашишга ундаганлари баён қилинади. Шу боис ҳайит куни гўшт улашиш аслида меҳр улашишдир. Одатда, қурбонлик гўштининг бир қисми оила учун, бир қисми қариндош ва қўшнилар учун, яна бир қисми фақир ва муҳтожларга берилади. Эҳтиёжмандлар кўп бўлса, уларга кўпроқ улашиш янада афзалдир.

Авлиёлар ҳаётида ҳам байрамлар халқ хизматига тайёрлик, қалб поклиги ва мурувват фурсати сифатида қадрланган. Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг “Дил ба ёру даст ба кор” – қалб Аллоҳ билан, қўл меҳнат ва хизмат билан бўлсин, деган ҳикмати Қурбон ҳайити руҳига ҳамоҳангдир. Бу айёмда қалб Аллоҳни улуғлайди, қўл эса эҳсон, ҳадя ва ёрдамга очилади.
Бугун юртимизда Қурбон ҳайити миллий анъана ва диний қадриятларимизга уйғун ҳолда нишонланмоқда. Чунки бу байрам инсон қадри, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва саховатни кучайтирадиган маънавий манбадир. Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинаётган қарорларда ҳам инсонни эъзозлаш, муҳтожларни қўллаб-қувватлаш, ҳеч кимни меҳр ва эътибордан четда қолдирмаслик ғояси устувор туради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 20 майдаги “Муборак Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорида шундай дейилади: “Бугунги кунда жамиятимиз ҳаётида “Инсон қадри учун, инсон бахти учун”, деган эзгу ғояни чуқур қарор топтиришда барча миллий ва диний қадриятларимиз қатори инсонпарварлик, саховат, шукроналик ва бағрикенглик каби олижаноб фазилатларни ўзида мужассам этган муборак Қурбон ҳайити ҳам ғоят муҳим аҳамият касб этиб бормоқда. Айниқса, мамлакатимизда ижтимоий давлат барпо этиш, юртдошларимиз ўртасида меҳр-оқибатни кучайтириш, ёрдамга муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш, ҳеч кимни меҳр ва эътибордан четда қолдирмаслик борасида бу байрамнинг безавол анъаналари биз учун куч-ғайрат ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилмоқда”. Қарорда 2026 йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 27 май – чоршанба кунига тўғри келиши ва мамлакатимизда шу кун байрам сифатида кенг нишонланиши белгиланган.

Мазкур эътибор байрамнинг ташкилий жиҳати билангина чекланмайди; унда ҳайитнинг асл мазмуни – тинчлик, ҳамжиҳатлик, меҳр-саховат ва ижтимоий масъулиятни кучайтириш мақсади мужассамдир.
Президентнинг 2026 йил 22 майдаги “Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва меҳр-саховат тадбирларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги қарори эса ҳайитнинг ижтимоий мазмунини янада яққол кўрсатади. Унда халқимизга хос меҳр-оқибат, инсонпарварлик, шукроналик, саховат ва бағрикенглик каби эзгу фазилатларни мужассам этган Қурбон ҳайитини муносиб нишонлаш, ушбу қутлуғ айёмда аҳолини давлат томонидан қўшимча қўллаб-қувватлаш мақсади кўрсатиб ўтилган. Қарорга мувофиқ оғир ва ногиронликни келтириб чиқарувчи касалликларга чалинган 10 минг нафар болада жарроҳлик амалиётини ўтказиш, 2,3 минг нафар онкологик, гематологик ва онкогематологик ташхис қўйилган беморларни текширувдан ўтказиш ва даволаш, камида 350 нафар беморда жигар ва буйрак трансплантацияси амалиётини ўтказиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим болалар омонат ҳисобварақларига 200 АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти ўтказиш, 500 та масжидда замонавий таҳоратхоналар қуриш ёки таъмирлаш ҳамда қабристонларни обод қилиш белгиланган.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Қурбон ҳайити бизга Иброҳим алайҳиссаломнинг фидойилигини, Исмоил алайҳиссаломнинг сабрини, Ҳожар онамизнинг таваккулини, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг раҳматга асосланган таълимотларини эслатади. Бу байрамнинг асл фазилати инсонни шукрга, саховатга, меҳр-оқибатга ва жамиятдаги эҳтиёжмандларни унутмасликка чорлайди.

Аллоҳ таоло ушбу муборак айёмни юртимизга тинчлик, хонадонларимизга файзу барака, қалбларимизга шукр ва саховат олиб келадиган байрамлардан қилсин. Ҳар биримиз бир инсоннинг кўнглини кўтарсак, бир оилага қувонч улашсак, Қурбон ҳайитининг энг муҳим сабоғини ҳаётимизда намоён қилган бўламиз.


 

Scroll to Top