Бухоро халқаро университетида I Халқаро “Турк дунёси муштарак қадриятларини ёйиш ва тиклаш” симпозиуми юқори савияда ташкил этилди. Мазкур нуфузли анжуман туркий давлатлар ва халқаро илмий доиралар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Симпозиум халқаро мақомга эга бўлиб, унда Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон каби туркий давлатлардан нуфузли олим ва тадқиқотчилар иштирок этдилар. Бу эса анжуманнинг нуфузини янада ошириб, илмий мулоқотлар қамровини кенгайтирди.
Тадбир Кафкас университети (Туркия), Хазар университети (Озарбайжон) ҳамда Бухоро халқаро университети (Ўзбекистон) ҳамкорлигида ташкил этилгани унинг халқаро илмий аҳамиятини янада оширди. Симпозиум доирасида турли йўналишларда — тил ва таълим, маданият ва адабиёт, тарих ва ижтимоий муносабатлар, иқтисодиёт ва интеграция масалалари бўйича секция йиғилишлари ташкил этилди.

Симпозиумда, аввало, ислом дунёсида туркий халқларнинг тутган ўрни ва аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, туркий халқлар асрлар давомида ислом цивилизациясининг ривожига катта ҳисса қўшиб, давлатчилик, илм-фан ва маънавият соҳаларида юксак натижаларга эришган.

Шу билан бирга, турк дунёсида ўзбек халқининг ўрни ва аҳамияти ҳақида ҳам атрофлича фикрлар билдирилди. Бухоро ва Самарқанд каби тарихий шаҳарлар азалдан илм-фан ва маърифат марказлари бўлиб келгани, бу заминдан етишиб чиққан алломалар бутун ислом олами тараққиётига беқиёс ҳисса қўшгани таъкидланди. Бугунги кунда ҳам Ўзбекистон туркий давлатлар ўртасида маданий ва маънавий кўприк вазифасини бажараётгани қайд этилди.
Анжуман доирасида Хожагон нақшбандия тариқатининг кенг ҳудудларга тарқалганлиги, унинг маънавий ҳаётдаги ўрни ва таъсири ҳақида илмий асосланган мулоҳазалар илгари сурилди. Ушбу тариқат инсон камолоти, ихлос ва маънавий поклик ғояларини тарғиб этувчи муҳим мактаб сифатида эътироф этилди.
Симпозиум иштирокчилари тил, дин ва маънавият уйғунлиги масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтдилар. Уларнинг фикрича, айнан шу омиллар туркий халқларнинг бирлиги, ўзаро ҳамжиҳатлиги ва умумий қадриятларини сақлаб қолишда муҳим ўрин тутади. Замонавий глобаллашув шароитида мазкур уйғунликни асраш ва мустаҳкамлаш долзарб вазифа сифатида баҳоланди.
Тадбир давомида туркий халқларнинг бой тарихий ва маданий меросини асраб-авайлаш, уни ёш авлодга етказиш, илмий ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшма тадқиқотларни ривожлантириш бўйича қатор амалий таклифлар илгари сурилди.

Шунингдек симпозиумда Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази ходимлари ҳам ўз маърузалари билан иштирок этиб, туркий дунё маънавий мероси ва унинг аҳамиятига доир илмий фикрларини баён этдилар.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур халқаро симпозиум турк дунёси муштарак қадриятларини ёйиш ва тиклаш, уларни сақлаш ва замонавий тараққиёт билан уйғунлаштиришда муҳим илмий майдон бўлиб хизмат қилди. Анжуман натижалари келгусидаги илмий изланишлар ва халқаро ҳамкорлик учун мустаҳкам асос яратиши шубҳасиз.



