Тасаввуфда ахлоқ ва одоб

Гўзал Нажмиддиновна Баҳоуддин Нақшбанд илмийтадқиқот маркази етакчи илмий ходими

Тасаввуфда ахлоқ ва одоб тушунчалари ушбу маънавий йўлнинг асоси ва мазмунини ташкил этади. Суфийлар таъкидлашича, тасаввуф бошидан охиригача гўзал ахлоқ ва одобдан иборатдир. Яъни, тасаввуф инсон қалбини ёмон хулқлардан поклаб, уни эзгу фазилатлар билан безашга қаратилган амалий-маънавий тарбия тизимидир. Шу боис тасаввуф аҳли уни “ҳар қандай гўзал ахлоққа кириш ва ҳар қандай ёмон ахлоқдан чиқиш” деб таърифлайди. Демак, тасаввуфий йўлда эришилган барча камолот даражалари, руҳий юксалиш ва маърифий етуклик, аввало, гўзал ахлоқ натижаси сифатида намоён бўлади.

Тасаввуфда одоб тушунчаси алоҳида аҳамият касб этади. Одоб — бу ахлоқий гўзалликларнинг инсон ҳаётида, кундалик муомалада ва ибодатда тўғри ва мувофиқ тарзда намоён бўлишидир. Суфийлар назаридa одоб Аллоҳга яқинлик — “курбият” мақомининг калити ҳисобланади. Яъни, инсон қанчалик кўп ибодат қилмасин, агар у одобдан бебаҳра бўлса, ҳақиқий маънавий камолотга эриша олмайди. Тасаввуфда одоб икки асосий қисмга бўлинади: зоҳирий ва ботиний одоб. Зоҳирий одоб шариат амалларини риё ва мунофиқликдан ҳоли тарзда, ихлос билан бажаришни англатади. Ботиний одоб эса қалбни шаҳват, кибр, ҳасад, эътироз ва ирода заифлиги каби иллатлардан поклашни назарда тутади.

Тасаввуф ахлоқининг энг юксак намунаси Муҳаммад (с.а.в.)нинг муборак сийратлари ва ахлоқларида мужассамдир. Қуръони Каримда Пайғамбаримизнинг “улуғ ахлоқ соҳиби” экани таъкидланади. Шу боис тасаввуф аҳлининг асосий мақсади — Расулуллоҳнинг суннатларига тўлиқ амал қилиш, у зотнинг ахлоқи билан хулқланиш ва шу орқали руҳий етукликка эришишдан иборатдир.

Тасаввуфий ахлоқни шакллантирувчи асосий тушунчалар ҳам мавжуд бўлиб, улар инсоннинг ички дунёсини камолга етказишда муҳим ўрин тутади. Жумладан, ихлос — барча амалларни фақат Аллоҳ розилиги учун бажариш; тақво — Аллоҳдан қўрқиш ва гуноҳлардан тийилиш; тавозу — кибрдан йироқ бўлиб, ўзини камтар тутиш; зикр — қалбни ғафлатдан уйғотиб, доимо Аллоҳни ёдда тутиш; ризо — илоҳий тақдирга рози бўлиш; вараъ эса нафақат ҳаромдан, балки шубҳали нарсалардан ҳам тийилишни англатади. Ушбу фазилатлар тасаввуфий ҳаётнинг устунлари бўлиб, инсонни комиллик сари етаклайди.

Хулоса қилиб айтганда, тасаввуфда ахлоқ ва одоб назарий тушунча эмас, балки инсоннинг бутун ҳаёт тарзини белгиловчи амалий тизимдир. У нафсни поклаш, қалбни комиллаштириш ва охир-оқибатда Аллоҳнинг розилигига эришишга хизмат қиладиган мукаммал маънавий йўл сифатида намоён бўлади.

Scroll to Top