Дилафруз Гуламова Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
2026-йил 7–8-июл кунлари Тошкентда бўлиб ўтган “Ислом цивилизацияси: мерос ва замонавий талқин” мавзусидаги халқаро форумда иштирок этиш мен учун унутилмас таассурот қолдирди. Форум дастури жуда мазмунли ва пухта ташкил этилган бўлиб, унда Ўзбекистон ҳамда дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган олимлар, мутахассислар ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар.
Форумнинг очилиш маросими юксак савияда ўтди. Унда ислом цивилизациясининг илм-фан, маданият ва маърифат ривожидаги ўрни, буюк аждодларимизнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссаси алоҳида таъкидланди. Хорижий ва маҳаллий маърузачиларнинг чиқишлари тарихий меросни асраш, уни илмий жиҳатдан ўрганиш ва ёш авлодга етказишнинг долзарб масала эканини яна бир бор намоён этди.
Форум давомида сунъий интеллект, рақамлаштириш, қўлёзмаларни сақлаш, ислом меросини замонавий технологиялар орқали тарғиб қилиш каби мавзулар муҳокама қилинди. Шунингдек, китоб тақдимотлари, кўргазмалар ва илмий сессиялар форум мазмунини янада бойитди.
Форумнинг эътиборга молик тадбирларидан бири ИРСИКА (Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази) Бош директори, профессор Маҳмуд Эрол Килич қаламига мансуб “Шавкат Мирзиёев – маърифатпарвар йўлбошчи” китоби тақдимоти бўлди.
Тақдимот маросимида китобнинг мазмун-моҳияти, унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг маърифат, илм-фан, маданият ва ислом цивилизацияси меросини асраш ҳамда уни жаҳон миқёсида тарғиб этиш борасидаги ташаббуслари кенг ёритилгани таъкидланди. Асарда мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилган маънавий-маърифий ислоҳотлар, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий номидаги илмий муассасалар фаолияти ҳамда тарихий меросни асрашга қаратилган кенг кўламли ишлар ҳақида сўз юритилади.
Профессор Маҳмуд Эрол Килич китобда Ўзбекистоннинг маърифат ва бағрикенглик тамойилларига таянган тараққиёт йўли, миллий ва умуминсоний қадриятларни уйғунлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларини алоҳида эътироф этади. Нашр ўзбек ва инглиз тилларида тайёрланган бўлиб, халқаро ўқувчилар учун ҳам муҳим манба ҳисобланади.
Тақдимот иштирокчилари китобни нафақат биографик асар, балки Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган маърифий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини очиб берувчи муҳим илмий-оммабоп нашр сифатида баҳоладилар.
Мазкур тақдимот форумнинг энг эсда қоларли тадбирларидан бири бўлиб, иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Китоб маърифат, илм ва маданий меросни асраш йўлидаги саъй-ҳаракатларни халқаро жамоатчиликка етказишга хизмат қиладиган муҳим нашр экани билан аҳамиятлидир.
Форум доирасида яна бир муҳим маънавий-маърифий тадбир — буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” асарига бағишланган ноёб китоб тақдимоти бўлиб ўтди. Нашр Имом Бухорийнинг бой илмий меросини кенг тарғиб этиш, унинг аҳамиятини халқаро илмий жамоатчиликка янада яқинлаштиришга хизмат қилиши билан алоҳида аҳамият касб этади.
Тақдимот давомида мутахассислар мазкур асарнинг ислом илм-фанидаги юксак ўрни, унинг ҳадисшунослик соҳасидаги беқиёс аҳамияти ҳамда инсонни эзгулик, ҳалоллик ва маънавий камолотга чорловчи ғоялари ҳақида фикр билдирдилар. Шунингдек, китобнинг замонавий, юксак полиграфик сифатда нашр этилгани, илмий ва маърифий жиҳатдан кенг китобхонлар оммаси учун мўлжаллангани таъкидланди.
Мазкур тақдимот форум иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотиб, миллий ва диний меросимизни асраш, ўрганиш ҳамда келажак авлодга етказиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири сифатида эътироф этилди. Бу каби нашрлар буюк аждодларимиз қолдирган бебаҳо илмий меросни жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилишга муносиб ҳисса қўшиши шубҳасиз.
Мени энг кўп таассуротлантирган жиҳат – турли мамлакатлардан келган олимларнинг ўзаро фикр алмашуви, илмий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслари ва ислом цивилизатсиясини холис ҳамда илмий асосда ўрганишга бўлган интилишлари бўлди.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур форум билим ва тажриба алмашиш, тарихий меросимизнинг бебаҳо аҳамиятини чуқурроқ англаш ҳамда келгусидаги илмий изланишлар учун янги ғоялар олишга хизмат қилган нуфузли халқаро анжуман бўлди. Ундан олган таассуротларим узоқ вақт ёдимда қолади.
Дилафруз Гуламова
Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими



