ТАСАВВУФ МАСАЛАСИ 1-қисм

Тасаввуф масаласи ҳам салафийлар томонидан қаттиқ танқидга олинган ва кўр-кўрона рад этиладиган мавзулардан биридир. Тасаввуф, тариқат, сулук, шайх, мурид ва шу каби атамаларни эшитишлари билан мавзуни инкор қилишга ошиқадилар. Лекин аслида ҳам шундайми? Минг йиллардан бери исломнинг руҳи бўлиб келган ва ислом уммати оғишмай амал қилиб келаётган бу мавзу рад қилинишга ҳақлими?! Келинг қуйида шу мавзуда сўз юритамиз.
​         Тасаввуф – бу Аллоҳни таниш ва нафсни поклашни ўргатадиган ва шу йўлдаги ҳаракатларни ифодалайдиган, уларни англатадиган ва бу ҳолатларга эришиш учун нима қилиш кераклигини тушунтирадиган бир илмдир. Тасаввуф исломий илмларнинг энг шарафлисидир. Бу илмнинг шарафи, мавзусининг шарафи биландир. Модомики, тасаввуфнинг мақсади, мавзуси маърифатуллоҳ – Аллоҳни билмоқ-танимоқ экан, у ўз-ўзидан исломий илмларнинг энг шарафлиси бўлиб қолади. Тасаввуф бизга нима қилсак, Аллоҳ бизни севади? Нима қилсак, қалбимизда бўлишини истаганимиз “Аллоҳ севгиси” ҳосил бўлади, мана шу саволларга жавоб беради ва бу мақомга эришиш йўлларини ўргатади.
​         Тасаввуфга уламолар томонидан кўплаб таърифлар берилган. Шайх Иброҳим ибн Муваллид Роққий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг китобларида бу таърифларни юздан ошиғини жамлаганлар.
​         Шайх Муҳаммад ибн Али ал-Қассаб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф бу – саодат асрида, шарафли қавмнинг энг олийжаноб кишисидан содир бўлган энг гўзал хулқлардир”, деганлар.
​         Шайх Абу Муҳаммад Жаририй раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – ҳар бир гўзал хулқни олиш ва ҳар бир ёмон хулқни тарк қилишдир”, дедилар.
​         Шайх Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – гўзал хулқ билан бир маънода бўлиб, кимнинг хулқи сеникидан гўзал бўлса, тасаввуфи ҳам гўзалдир”, деганлар.
​         Шайх Абу Ҳафс Нишопурий раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – унинг барчаси одобдир. У ҳар бир вақт, ҳар бир ҳол ва ҳар бир мақомнинг одобидир”, деганлар.
​         Тасаввуф баъзи кишилар: “Бу нарса ҳижрий учинчи асрдан кейин пайдо бўлган бидъат, аввалги даврда бўлмаган, Қуръони карим ва ҳадиси шарифда “Тасаввуф” сўзи бирор марта зикр қилинмаган”, деб даъво қилаётганидек, кейин пайдо бўлиб қолган бидъат илм эмас, балки у барча шаръий илмлар қатори исломнинг аввалидан мавжуддир. Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда “Тасаввуф” сўзини бирор марта келмаганлиги уни исломий илм эмаслигига далил бўла олмайди. Чунки бошқа исломий илмларнинг ҳам номлари Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган. Агар Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган нарсалардан инкор қилсак, жуда кўплаб нарсалардан воз кечишимизга тўғри келиб қолади…………….. Давоми бор.

“Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими китобидан олинди.

Scroll to Top