ТАСАВВУФ МАСАЛАСИ | 2-қисм Тасаввуф ҳақиқатан ҳам кейин пайдо бўлган бидъатми?

Фарҳод Қобилов Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Тасаввуф исломнинг аввалги асрларидан бери мавжуд бўлиб у ҳам бошқа исломий илмлар қатори Қуръон ва суннатдан олингандир. Бунга Қуръон, ҳадис ва тобеинларнинг сўзларида далиллар бор. Аввал айтганимиздек тасаввуфнинг асосий вазифаси инсоннинг нафсини тарбиялаш, гуноҳлардан поклаш ва ботиний амалларини тартибга солишдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Анъом сурасининг 120-оятида шундай марҳамат қилган:


​(وَذَرُوا ظَاهِرَ الْإِثْمِ وَبَاطِنَهُ)
​“Гуноҳнинг ошкорасини ҳам, махфийсини ҳам тарк этингиз!”

Аллома Алоуддин Али ибн Муҳаммад Бағдодий раҳимаҳуллоҳ бу ояти каримани тафсир қилиб: “Ошкора гуноҳдан ташқи аъзолар билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган. Махфий гуноҳдан қалб билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган”, деганлар.
​Зоҳирий аъзолар билан қилинадиган гуноҳларни тарк қилишни ва унга бериладиган жазоларни фиқҳ фани ўргатса, қалб касалликларини даволашни айнан тасаввуф ўргатади. Бошқа ояти каримада шундай дейилади:


​قَدْ أَفْلَحَ مَنْ زَكَّاهَا


​“(Мазкурлар билан қасамёд этаманки) ҳақиқатан, уни (нафсни) поклаган киши нажот топур (Шамс сураси 9-оят).
​         Дарҳақиқат инсон охиратда ютуққа эришиши учун, жаҳаннам оловидан омонда бўлиши учун бу дунёда куфрдан, ширкдан, нифоқдан ва турли гуноҳ ва қалб касалликларидан ўзини поклаши керак бўлади.
​         Аллоҳ таоло бу ояти карималарда бандаларини куфр, ширк ва гуноҳлардан ўзларини поклашга буюрмоқда. Мана шу поклашни ўргатадиган фанни “Тасаввуф” деб номлаш инсонлар орасида урф бўлган.
​         Худди шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида тасаввуфни эҳсон деб номланган.» Жаброил ҳадиси» деб номланган машҳур ҳадиси шарифда “эҳсон” айни тасаввуф экани
намоён бўлди.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят кили-
нади:


عَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: بَيْنَمَا نَحْنُ عِنْدَ رَسُولِ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم ذَاتَ يَوْمٍ إِذْ طَلَعَ عَلَيْنَا رَجُلٌ شَدِيدُ بَياضِ الشَّيَابِ ، شَدِيدُ سَوَادِ الشَّعَرِ ، لَا يُرَى عَلَيْهِ أَثرُ السَّفَرِ ، وَلَا يَعْرِفُهُ مِنَّا أَحَدٌ ، حَتَّى جَلَسَ إِلَى النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم ، فَأَسْنَدَ رُكْبَتَيْهِ إِلَى رُكْبَتَيْهِ ، وَوَضَعَ كَفَّيْهِ عَلَى فَخِذَيْهِ ، وَقَالَ: يَا مُحَمَّدُ ، أَخْبِرْنِي عَنِ الْإِسْلَامِ. فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: « الْإِسْلَامُ أَنْ تَشْهَدَ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ وَأَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللَّهِ ، وَتُقِيمَ الصَّلَاةَ ، وَتُؤْتِي الزَّكَاةَ ، وَتَصُومَ رَمَضَانَ ، وَتَحُجَّ الْبَيْتَ إِنِ اسْتَطَعْتَ إِلَيْهِ سَبِيلًا ». قَالَ: صَدَقْتَ. قَالَ: فَعَجِبْنَا لَهُ يَسْأَلُهُ وَيُصَدِّقُهُ ، قَالَ: فَأَحْبِرْنِي عَنِ الْإِيمَانِ. قَالَ: « أَنْ تُؤْمِنَ بِاللَّهِ وَمَلَائِكَتِهِ ، وَكُتُبِهِ ، وَرُسُلِهِ ، وَالْيَوْمِ الْآخِرِ ، وَتُؤْمِنَ بِالْقَدَرِ خَيْرِهِ وَشَرِّهِ ». قَالَ: صَدَقْتَ ، قَالَ: فَأَخْبِرْنِي عَنِ الْإِحْسَانِ. قَالَ: « أَنْ تَعْبُدَ اللهَ كَأَنَّكَ تَرَاهُ ، فَإِنْ لَمْ تَكُنْ تَرَاهُ فَإِنَّهُ يَرَاكَ ». قَالَ: فَأَخْبِرْنِي عَنِ السَّاعَةِ. قَالَ: « مَا الْمَسْئُولُ عَنْهَا بِأَعْلَمَ مِنَ السَّائِلِ ». قَالَ: فَأَخْبِرْنِي عَنْ أَمَارَاتِهَا. قَالَ: « أَنْ تَلِدَ الْأَمَةُ رَبَّتَهَا ، وَأَنْ ترَى الْحُفَاةَ الْعُرَاةَ الْعَالَةَ رِعَاءَ الشَّاءِ يَتَطَاوَلُونَ فِي الْبُنْيَانِ ». قَالَ: ثُمَّ انْطَلَقَ وَلَبِثْتُ مَلِيًّا ، ثُمَّ قَالَ لِي: « يَا عُمَرُ ، أَتَدْرِي مَنِ السَّائِلُ ؟ » قَلْتُ: اللَّهُ وَرَسُولُهُ أَعْلَمُ ، قَالَ: « فَإِنَّهُ جِبْرِيلُ أَتَاكُمْ يُعَلِّمُكُمْ دِينَكُمْ ». رَوَاهُ الخَمْسَةُ.

“Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп- қора одам пайдо бўлди.

Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва:
“Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер”, – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ислом “Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ”, деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлига қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг”, – дедилар.
“Тўғри айтдинг”, – деди у. Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди.
“Менга иймон ҳақида хабар бер”, – деди.
“Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг”, – дедилар.
“Тўғри айтдинг”, – деди.
“Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, – деди у.
“Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, – дедилар.
“Менга Соат(қиёмат)дан хабар бер”, – деди.
“Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас”, – дедилар.
“Унинг аломатларидан хабар бер”, – деди.
“Чўри ўз хожасини туғиши, ялангоёқ, ялангўч, камбағал чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларини кўрмоғинг”, – дедилар.

Сўнгра у (қайтиб) кетди. Бас, бирмунча вақт ўтказдим. Сўнгра у зот менга:
“Эй Умар, сўровчи кимлигини билдингми?” – дедилар.
“Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир”, – дедим.
“Албатта, у Жабровилдир. Сизларга динингизни ўргатгани келибди”, – дедилар”.
​         Ушбу ҳадиси шарифда диннинг асллари иймон, ислом, эҳсон, зоҳирий ва ботиний амалларни ислоҳ қилиш ва охират куни ҳақида ва буларнинг барчаси дин эканлигини хабари берилмоқда.
​         Ҳадиси шарифда зикр қилинган “ислом”ни фиқҳ илми ўргатади. “Иймон” қисмини ақоид илми ўргатади. Бизнинг мавзумизга бевосита боғлиқ бўлган “эҳсон” қисмини эса тасаввуф илми ўргатади ва бу ҳадиси шарифда бунга амалий намуна ҳам бор.
​         Жаброил алайҳиссалом: “Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деганларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, – дедилар.
​         Тасаввуфнинг асосий мақсадларидан бири ҳам банда қилаётган ҳар бир ибодатида, амалида Аллоҳ уни кўриб турганини ва бу амалига қиёмат куни албатта савол жавоб бўлишини қалбан ҳис қилдиришдир.
​         “Тасаввуф” исми исломнинг аввалги асрида ишлатилмаган бўлсада кейинги асрларда “сўфий” сўзи ишлатилганини кузатишимиз мумкин.
​Тобеинларнинг энг катталаридан бўлган, кўплаб саҳобаи киромларни кўрган имом Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади:
“Тавоф қилиш пайтида бир сўфийни кўрдим. Унга бир нарса берган эдим, олмади ва “Менда тўрт чақа бор, менга шу кифоя қилади”, деди”,
​         Уламолар “Мутавотир” ҳадиснинг қандай бўлиши ва шартларини баён қилиб айтадиларки “Мутавотир ҳадис – унинг санадидаги ҳар бир табақада жуда кўп ровий ривоят қилган бўлади. Ана шу ровийларнинг барчаси ривоят қилинган ҳадисни ўзгартиришга келишиб олишлари мумкинлигини ақл инкор этади”.
​         Шундай экан тасаввуф илми ҳам иккинчи асрдан(тобеинлар асридан) то шу кунгача минглаб шариатимиз пешволари орқали ҳам нақлан, ҳам амалан мутавотир ҳолатда бизгача етиб келган. Шунинг ўзи ҳам тасаввуф илмини шаръий илм эканига етарли далил бўлади. Машҳур муҳаддис олим, Шайх Шоҳ Валийюллоҳ Деҳлавий раҳимаҳуллоҳ: “Суҳбатларимиз ва таълим-тарбиямиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳиҳ ва машҳур санад билан етиб борган тариқат одобидир”, деганлар.

“Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими” китобидан олинди.

Scroll to Top