Хожа Шамсиддин Кулол

Лобар АсророваЎзбекистон халқаро ислом академияси Манбалар хазинаси, Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази бош илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

Хожа Шамсиддин Кулол XIV аср бошида Қашқадарё воҳасида таваллуд топган ва бир муддат Бухорода яшаб, Амир Саййид Кулол ҳузурида тариқат сабоғини олган. Манбаларда Амир Кулолнинг муридлари сони бир юз ўн тўртта бўлиб, уларнинг барчаси камолга етгани тўғрисида маълумот берилган[1]. Баҳоуддин Нақшбанд, Шамсиддин Кулол (Амир Темурнинг пири), Ориф Деггаронийлар уларнинг энг машҳурлари саналган[2]. Шамсиддин Кулол устози Саййид Амир Кулол сингари кулолчилик билан кун кечиргани боис “Кулол” лақабига эга бўлган. Али Сафийнинг маълумотига кўра, Шамсиддин Қарши тарафдан яёв чўлу биёбонни кезиб ҳаж сафарига борган. Ироқда замона шайхлари билан мулоқотда бўлиб, шомликларнинг муроқаба ўтириш, яъни бош эгиб тангри таолога илтижо-муножот этиш тариқини Мовароуннаҳр тасаввуф аҳлига ўргатган[3].

Юқорида айтилганидек, Шайх Шамсиддин Баҳоуддин Нақшбанд билан бир пайтда Саййид Амир Кулолдан таҳсил олишган. Улар бирга ҳажга бориб, бир-бирининг тарбияси билан шуғулланган. Ҳол масаласида дастлаб Баҳоуддин Нақшбанд билан зиддиятга киришган бўлса ҳам, кейинчалик бу келишмовчилик орадан кўтарилган[4].

Узоқ йиллар Сайид Амир Кулол билан Шамсиддин Кулолни бир шахс деган нотўғри маълумот амалда бўлган. Хусусан, Василий Бартольд Саййид Амир Кулол ва Шамсиддин Кулолни бир шахс деб хато қилган. Вадим Массон ва Галина Пугаченкова каби олимлар ҳам, ҳатто таниқли олим, академик Бўрибой Аҳмедов ҳам “Темур тузуклари”нинг илк нашрида бу хато маълумотни такрорлаган[5].

Хожа Шамсиддин Кулол Амир Темурнинг отаси амир Муҳаммад Тарағайнинг ҳам пири бўлган. Шарафуддин Али Яздий “Зафарнома” асарида Муҳаммад Тарағай Шамсиддин Кулолга сидқидилдан ихлос қилиб, унинг қабрини зиёрат қилиш мақсадида тез-тез бориб турганини ёзади.

Шамсиддин Кулол тахминан, ҳижрий 764/1362-63 йил, айрим манбаларда эса 771/1370 йилда вафот этгани кўрсатилган[6].

Амир Темурнинг шайхга ҳурмат-эҳтироми баланд бўлган бўлган ва унинг кўрсатмаси билан 1373 йили пирнинг Шаҳрисабздаги қабри устига гумбаз барпо этилган. Амир Тарағайнинг хоки ҳам ўша ерга кўчириб ўтказилган[7]. Шайх билан Амир Темурнинг отаси амир Тарағайнинг қабри Шаҳрисабздаги Дорут-тиловат хонақоҳида ёнма-ён жойлашган.

Кейинги даврларда ёзилган маноқиб китобларида шайхнинг қабри зиёратига борган шайхлар ҳақида ёки муаллиф ўзининг зиёрати ҳақида ёдномалар зикр этилади. Бундай асарларнинг аҳамияти шундан иборатки, муаллиф ўзи гувоҳ бўлган сиёсий-тарихий воқеалар, ўша давр ижтимоий ҳаётини ёритишда тарихчиларга бирламчи манба вазифасини ўтайди. Шундай асарлардан бири – Муҳаммад Тоҳир ибн Хоразмийнинг “Ҳужжатус-соликин” асари бўлиб, унда муаллиф икки марта Шаҳрисабзга бориб Шамсиддин Кулолнинг қабрини зиёрат этгани воқеасини киритган. Дастлабки марта борганида муаллиф Убайдуллоҳхон ибн Субхонқулихон(1702-1711)нинг лашкари билан ҳамроҳ бўлганини ёзган. Муаллифнинг ёзишича, Убайдуллоҳхоннинг отаси Субхонқулихон Муқимхон номли кишини Балх ҳокими этиб тайинлаган, уни Маҳмудбек Қатағон деган ўлдиргани, ҳокимнинг интиқомини олиш мақсадида Балхга бориб, Маҳмудбекни жазолагани, муаллиф қўшинга Қарши вилоятида қўшилганини ёзган. Яна сўнгги кун Убайдуллоҳхон Шаҳрисабзга бориб, у ернинг ҳокими Ниёз девонбеги халққа зулм ва ситам ўтказгани, аҳолининг Убайдуллоҳхонга арз қилгани учун уни жазолаб, ўрнига Иброҳимбекни ҳоким этиб тайинлаганини баён этган. Иккинчи марта эса Амон Термизий ҳамроҳлигида Самарқанддан Қафлотун йўли билан тоғ ўртасидан юриб Шаҳрисабзга боргани ёзилган. Муаллиф Шамсиддин Кулолнинг қабри Шаҳрисабз қалъасида жойлашганини зикр этган[8].


[1] Шаҳобиддин ибн Амир Ҳамза ибн Амир Кулол. Мақомоти Амир Кулол. ЎзР ФАШИ. Асосий. Қўлёзма. Р: 96. – В. 138а.

[2] Асророва Л. Тариқатнинг етти пири. – Т.: Тафаккур, 2021. – Б. 85.

[3] Фахруддин Али Сафий. Рашаҳоту айнил-ҳаёт. – Т.: Абу Али ибн Сино, 2004. – Б. 79. 

[4] Донишмандлар туҳфаси: Рубоийлар / таржимон, нашрга тайёрловчи, сўзбоши ва изоҳлар муаллифи Э. Очилов. – Т.: Ўзбекистон, 2009. – Б. 25-26.

[5] Даврон Х. Амир Темур пирлари // Тафаккур. №1. 1994.; http://kh-davron.uz

[6] Даврон Х. Амир Темур пирлари //Тафаккур. №1. 1994.; http://kh-davron.uz

[7] Донишмандлар туҳфаси: Рубоийлар / таржимон, нашрга тайёрловчи, сўзбоши ва изоҳлар муаллифи Э. Очилов. – Т.: Ўзбекистон, 2009. – Б. 25-26.

[8] Муҳаммад Тоҳир ибн Хоразмий. Ҳужжатус-соликин. ЎзР ФАШИ. Асосий. Қўлёзма. Р: 856. – В. 120б.; (Бундан кейин: Ҳужжатус-соликин.) Муҳаммад Тоҳир ибн Муҳаммад Тоййиб Хоразмий. Тазкираи Тоҳир Эшон. ЎзР ФАШИ. Асосий. Қўлёзма. Р: 855. – В. 106а-б. (Бундан кейин: Тазкираи Тоҳир Эшон.)  

Scroll to Top